Газеталаримиз номлари: “Ҳақиқатлар”дан “Ўзбеккўмир”гача…

Кўп йиллар давомида ишим юзасидан (собиқ Матбуот ва ахборот агентлигида, ҳозирги АОКА) республикамизнинг марказий, вилоятлар, туман газета ва журналларини варақлаб, уларда эълон қилинган мақолаларнинг таҳлили билан шуғулланардим. Рости, болаликдан газетани севганим учун менга бу иш жуда қизиқарли, таъбимга мос машғулот, юмуш эди. Аммо газеталарнинг (журналлар эмас) бир-бирига монанд номлари бироз мени бездирарди. Чунки аксар газеталарнинг номи бир хил, қолаверса, эски тоталитар замоннинг коммунистик мафкураси ифодаси, таъсири эди. Афсуски, ҳамма замонга қараб, собиқ Иттифоқнинг бошқа минтақа, республикаларига ўхшаш, маънодош номларни оммавий ахборот воситаларига қўйиш одат ҳукмига айланган эди.
Қани энди ўша давр зиёлилари ҳам партия қўмондонларига ҳадеб қулоқ солмасдан, қолипдаги (трафарет) номлардан воз кечиб, чиройли номлар қўйишганда эди, унда лоақал тилимизнинг гўзаллиги нашрларимиз номларида ҳам намоён бўларди. Бу борада жадидларимизнинг шижоатлари намунаи ибрат бўла олади. Жадидлар ҳаракатининг етакчилари ХХ аср бошларида мустамлакачилик сиёсатининг энг қонли даврида илк миллий газеталарга ўзларининг мақсад, маслак ва муддаоларидан келиб чиққан ҳолда эътибор қилинг, қандай гўзал номлар қўйишган: “Тараққий”, “Ҳуррият”, “Хуршид”, “Ойина”, “Тирик сўз”, “Нажот”, “Тужжор”, “Турон”, “Улуғ Туркистон”, “Садои Туркистон” ва ҳоказо. “Нажот” газетасининг шиорига эътибор беринг: “Мусовот, ҳуррият, адолат”.
Таассуфки, Шўро замонида биз ҳатто нашрларимизга ном қўйиш борасида ҳам мустақил эмас эдик. Лениннинг “Правда” газетасига тақлид қилиб, барча газеталаримизга “Ҳақиқатлар” ёрлиғини ёпиштириб қўйдик. Натижада бир ўлкада, бир Ватанда қўзиқорин каби ўнлаб, ҳатто юзга яқин “ҳақиқатлар” пайдо бўлди ва уларнинг аксарияти бугунги кунда ҳам яшаб келмоқда. Ҳаттоки Афғонистон давлатида ўтган асрнинг 80-йилларида ҳукмрон Халқ демократик партиясининг нашри москвалик маслаҳатчилар тавсияси билан “Ҳақиқат-э инқилоби Савр” (“Савр инқилоби ҳақиқати”) деб номланган эди. Мазкур партиянинг журнали эса, худди биздаги Компартия нашри “Партия турмуши”га ўхшаб “Зиндагийе ҳизб” номи билан чиқар эди.
2018 йил ҳолатидаги газета ва журналларимиз рўйхатига эътибор берсак, вилоят ва туманлар миқёсида ўнлаб “ҳақиқатлар”ни ўқидик. “Наманган ҳақиқати”, “Риштон ҳақиқати”, “Чуст ҳақиқати”, “Қўрғонтепа ҳақиқати”… Айнан шу тамойилда “садолар”-у “овозлар” қўшимчаси билан республика, вилоят ва туманларда талайгина нашрлар фаолият юритмоқда. Биринчи “садолар” (“Садои Туркистон”, “Садои Фарғона”) пайдо бўлишини тушуниш мумкин. Чунки у даврларда садо (овоз) берадиган радионинг ўзи йўқ эди. Шу боисдан жадид боболаримиз “халқнинг нидоси, садоси (овози) ўлка узра янграсин”, деб газеталарга “садо” қўшимчаси билан ном қўйишган. Замонлар ўзгарди, аммо “ҳақиқатлар”-у “овозлар” ўзгармади. Албатта, ҳамкасбларимдан узр сўрайман. Улар иддао қилишлари мумкин: бу номларнинг нимаси ёмон? Муҳими, материаллардаги мазмун-моҳият-ку? Лекин битта нарсага ҳайронман. Нима, ҳақиқат бир туман миқёсида бошқа-ю, вилоят марказларида бошқами? Хайрият, мамлакатимиз мустақил бўлгач, Ленин ва унинг таълимоти — “ленинизм”, “коммунизм йўли”, “Ленин байроғи” учун жой қолмади. Акс ҳолда, “Ленин йўли”, “Коммунизм йўли” каби номлар партократлар томонидан маҳкам сақланиши аниқ эди.
Пахта яккаҳукмронлиги халқимиз бошига не балоларни келтиргани ҳалиям ёдимизда. Масковдаги катта оғанинг “оқ олтинни олтин қўллар яратади” деган мақтов сўзларига роса алданганимиз ҳам рост. Бугунги глобал экологик фожиалар ҳам айнан ўша сиёсатнинг мероси, оғир оқибатидир. Қарангки, шу сиёсатнинг асорати туманлар топонимикаси ва туман газеталарининг номланишига ҳам таъсирини кўрсатган. Масалан, Самарқанд вилояти Пахтачи туманининг “Пахтачи” газетаси, ёки Жиззах вилояти Пахтакор туман ҳокимлиги нашри ҳисобланмиш “Пахтакор ҳаёти” газетаси бунга мисол бўла олади.
1989 йил Марҳамат туманига ижодий сафарга борган эдим. Туман табиати ажойиб, ҳавоси мусаффо, айниқса, тонги фараҳбахш. Туман ютуқлари ва муаммолари ҳақида мақола ёзиб, шу аснода маҳаллий нашр — “Оқ олтин” газетасининг номини “Марҳамат тонги”га алмаштириш таклифини айтиб ўтгандим. Лекин, афсуски, бу таклиф ўтмади ва газета (агар чиқаётган бўлса) номини ўзгартиргани йўқ.
Тўғри, истиқлол йилларида кўп маҳаллий нашрларда “ҳақиқат” ўрнини “тонг”-у “садо”лар босди. Масалан, “Бешариқ тонги”, “Тошлоқ тонги”, “Хива тонги”, “Қоровулбозор тонги”, “Паркент тонги”, “Сурхон тонги”, “Қибрай садоси”, “Хонобод садоси”, “Наманган садоси” ва яна бир неча нашрлар.
Албатта, ҳар бир нашр туғилишидан давр нафаси, замон ойинаси бўлади. Янги Ўзбекистон даврида замонга мос равишда янги нашрлар вужудга келди. Улар орасида, энг аввало, “Янги Ўзбекистон” газетасини алоҳида тилга олиш мумкин. Кейин “Янги Сирдарё”, “Янги Фарғона” юзага келди. Албатта, бундай номланиш жазавасига тушиш ҳам эски кампаниябозликнинг такрорига ўхшамаслиги керак.
“Vatan” журнали ҳам ўз номи билан ҳар бир муштарийнинг эътиборини тортади. Ҳам муқаддас, ҳам биргина сўздан иборат жозибали, бир олам маънога эга ном!
Яна бир гўзал номлардан “Нуроний”ни қайд этиш жоиз. Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси муассислигидаги “Imkoniyat” газетаси ҳам шулар жумласидандир. Бу ном газета муассисининг мақсадларига тўлиқ мос қўйилган. Аммо газеталар номлари орасида мени таажжубга солган, 2020 йил рўйхатга олинган “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти нашри ҳисобланмиш “Oʻzbekkoʻmir” газетасининг номи. Наҳотки шу соҳа ишчи-мутахассислари нашри учун бошқа ном топилмаса? Масалан, “Кончилар” ёки “Меҳнат” ва ҳоказо.
Ўзбек тили дунёдаги энг бой тиллардан биридир. Шу ғани ва бой тилимиздан нашрларимизга (нафақат нашрлар, сайтларимиз, телеграм тармоқлари, нашриётларимизга ҳам) гўзал ном топиб қўйсак, нур устига нур бўларди.
Шоқаҳҳор САЛИМОВ,
Ўзбекистон ва Тожикистон
журналистлари уюшмалари
аъзоси.