Тирик хотиралар

10 апрель — Абдулла Қодирий таваллуд топган кун

 Маълумки, ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилигининг улуғ дарғаси Абдулла Қодирий 1894 йилнинг 10 апрелида Тошкент шаҳридаги “Катта боғ” маҳалласи (ҳозирги “Эшонгузар”)да таваллуд топган эди. Ёзувчининг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари, “Обид кетмон”, “Ғирвонлик Маллабой”, “Хотинбоз”, “Бахтсиз куёв”, “Миллатимга”, “Ёвуз руҳлар исканжасида” ва бошқа кўплаб асарлари, юзлаб фельетон ва ҳажвиялари адабиётимизнинг бебаҳо мулкига айлангани сир эмас. Буюк адиб қатағон қурбонига айланган.

Жирканч ёлғонлар ва ҳасадгўйлик оқибатида 1937 йилнинг 31 декабрида у “халқ душмани” сифатида ҳибсга олинади. 1938 йилнинг 4 октябрь куни ёзувчи бегуноҳ бўлса-да, отиб ташланади. Қаттол сиёсат улуғ адибнинг барча яқинларига-да тинчлик бермаган. Ёзувчининг фарзанди Ҳабибулло Қодирий ҳам туҳматлар билан 1945 йил 28 май куни қамоққа олинади. У Сталин ўлимидан кейин 1955 йилнинг февралида Тошкентга қайтади. Бу аччиқ ҳақиқатларни  халқимиз бугун жуда яхши билади. Лекин Абдулла Қодирий 1956 йил 9 октябрда расман оқланган бўлса-да, унинг отиб ташланганлиги ҳақидаги маълумот (ўлимидан сўнг оқланганлиги ҳақидаги маълумот каби) узоқ йиллар сир сақланган! Фақатгина юртимизда мустақиллик эълон қилингандан кейингина Абдулла Қодирий сиймоси тўлиқ намоён бўлди, барча аччиқ ҳақиқатлар очиб ташланди. Бетакрор ва ҳақиқий миллатпарвар бўлган ёзувчининг асарлари ҳар йили минг-минглаб нусхаларда чоп этилмоқда. Улуғ сиймонинг порлоқ хотираси абадийлаштирилиб, Ватанимизда  ҳайкаллари ўрнатилди, адиб уй-музейи, ижод мактаби ташкил этилди.

Яхши биламизки, Абдулла Қодирийнинг ўғли Ҳабибулло Қодирий ҳам шифокор ҳамда ёзувчи эди. Шу боис уни нафақат улуғ адибнинг фарзанди сифатида, балки “Отам ҳақида”, “Қодирийнинг сўнгги кунлари” каби асарлари орқали юртдошларимиз чексиз қадрлайди.

Ҳабибулло Қодирийнинг “Кундалик хотиралар”и аввал ҳам нашрдан чиққан эди. Унинг фарзанди Шеркон Қодирий зарур изоҳ ва иловалар билан тўлдириб, айрим тарихий маълумотларга аниқлик киритиб, далиллар билан бойитган ҳолда ушбу манбанинг иккинчи нашрини тайёрлади. Куни кеча ушбу китоб “Тирик хотиралар” номи билан “Иқро” нашриётида чоп этилди. Китобдан қодирийшунослик учун муҳим бўлган “Томоша” номли ҳужжатли асар ва тарихчи олим Аброр Хидировнинг тадқиқий мақоласи ҳам ўрин олган.

Буюк адибнинг ўғли Ҳабибулло Қодирий томонидан ёзиб қолдирилган ушбу “Тирик хотиралар” муқаддимаси шундай бошланади. У айрим жузъий қисқартиришлар билан қуйидагича:

“Мен қарийб ўн йилдан буён ишлаб келаётган Тошкент шаҳар 10-сон шаҳар касалхонасида Кошифа Зокировна Аҳмедова деган даволовчи шифокор бор. Ўзи менга тенгдош, татар миллатидан бўлса ҳам жуда ўзбеклашиб кетган…

Кошифа опа менга уч-тўрт йилдан бери: “Сизнинг қўлингизда қаламингиз бор, кундалик дафтар тутинг, кундалик ҳаётимизни ёзиб боринг, сиздан кейин болаларингиз ўқиб улардан хабардор бўладилар ва тегишли хулоса чиқарадилар”, деб келар эди…

Кошифа опанинг таклифига бошида “Ҳа, хўп, ана-мана ёзишни бошладим (гарчи бошламаган бўлсам-да)”, деб келардим. Опа менинг жавобимдан қувониб: “Баракалла, Ҳабибулла Абдуллаевич, бу ишингиздан сира зиён кўрмайсиз…” — дерди.

Ёзмаган кундалигим билан опани қувонтириб юришим, бора-бора мени қўрқувга сола бошлади. У бир куни кундалигимни кўрсатишимни илтимос қилиб қолса-я, деган андиша кўнглимдан тез-тез ўта бошлади. Чор-ночор 1973 йил 20 октябрдан ушбу кундаликни ёза бошладим…”

Газетамизда ушбу китобнинг айрим саҳифаларини эълон қилаётганимиздан бахтиёрмиз. Улуғ адибларимизнинг руҳи шод бўлсин!

30 ноябрь

Тошкентда Диний идора ҳузурида “Совет мусулмонлари” журнали чиқади. Мен бу журналга мақолалар ёзиб қатнашиб тураман. Бугун бошқармага бориб, муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон билан тасодифан учрашиб қолдим. Қори ака менга отам билан бўлган икки учрашув ва суҳбат тўғрисида сўзлаб берди.

Учрашувнинг бири 1933–34 йилларда қори ака Ёзувчилар уюшмасининг боғи (Инжиқобод)да боғбонлик қилиб юрган чоғларида, иккинчиси боғ қўшнимиз Ҳидой махсум деган кишининг уйида меҳмондорчиликда бўлган экан. Қори аканинг берган маълумотлари асосли ва қийматли. Мен у кишига шу учрашув ва суҳбат мазмунларини ёзиб беришини илтимос қилдим. У киши ваъда берди.

1 декабрь

Эрта билан аёлим: “Бугун якшанба, бўшсиз. Уйни жуда қоғоз-китоблар босиб кетибди. Шуларни бир тартибга солиб, кераксизларини чиқариб ташласангиз, уй анча бўшар эди”, деди.

Унинг гапи маъқул тушди. Уйга кирдим. Ҳақиқатан ҳам уйни қоғоз-китоб босиб кетган эди. Ишни нимадан бошлашни билмас эдим. Чунки ҳар бир қоғозни кўздан кечириб чиқиш керак. Бунга эса вақт ва юрак керак. Шу ўринда отамнинг замондоши бўлган журналист Нодир Назаров деган дўстимнинг гапи эсимга тушиб кетди.

– Бир кун қарасам, уйим “керак бўлади”, деб йиғиб қўйган папка-папка қоғозларга тўлиб кетибди. Уларни яхши, ёмонга ажратиб, уйни сал бўшатиб, тартибга солмоқчи бўлдим. Бир папкани очиб, қоғозларни керак-кераксизга ажрата бошладим. Ҳар бир қоғозни ўқийвериб, қарийб уч соат вақтим кетибди. “Эҳҳе, ҳали бу ёқда 20–30 папка бор. Ҳаммасини бундай ўқиб ўтирсам, бир йил вақт ва бир қоп юрак керак”, дедим. Кўзимни чирт юмиб, папкаларни очмай, қучоқлаб ҳовлига олиб чиқдим-да, ўтга ташлаб ёқавердим. Ишни тугатиб, неча йиллик ташвишлардан қутулиб, анча енгил тортдим. Чунки папкаларда ниятланиб ёзмоқчи бўлган ҳикоя, қисса, романларимга йиққан материаллар бор эди, – деб ҳикоя қилганди.

Бироқ мен Нодирхон акадек қилолмадим. Чунки мендаги материалларнинг кўпчилиги отам ҳаётини, ижодини, асарларини тўлиқроқ акс эттиришда, тиклашда тарихий аҳамияти бор ҳужжатлардир. Ўз ижодимга тегишлиси жуда оз. Қоғоз жилдларда асосан отамнинг 1914 йилдан то 1937 йилгача матбуот (газета ва журналлар)да чиққан майда асарларининг ўша вақтдаги подшивкаларидан кўчириб олинган қўлёзмалар ва машинкада кўчирилган нусхалари. Ундан ташқари, ўзим ёзган асарларимнинг асл нусхалари. Яна папкаларда турли-туман ҳужжатлар. Мана улардан бири: 1938-1939 йилларда русча ёзилган ҳужжат-ариза. Ойим бунда отамнинг ноҳақ қамалганлигидан арз қилиб Москвага СССР Олий прокуратурасига ёзади ва отамнинг иши қайтадан текширилишини сўрайди… Ойим яна бир аризасида Тошкент шаҳар советига ариза ёзиб, ўзининг Тошкентда қолдирилишини, яна бир аризасида район милиция ташкилотига ёзиб, ўзини ўз уйига қайта рўйхатдан ўтказишини бошлиқдан сўрагани… Бу ҳужжатлар мени бундан қарийб қирқ йил аввал кечган машъум хотиралар дарёсига чўмдирди…

Хотирамда, ўша йиллар шахсга сиғинишнинг энг авжига чиққан йиллари эди. Сталин Кремлда ўтириб, ташқарида нима бўлаётганини эҳтимол билмас ҳам эди. Ежов, кейинроқ Берия деган шахслар Ички ишлар комиссари бўлиб олиб, халқ устидан хоҳлаганича ҳукмронлик қилар, хоҳлаган одамларни қамар, хоҳлаганларини афв этар эди. Марказий Қўмита ҳам (Сталиндан бошқаси) бу икки шахсга ботиниб бир нарса дея олмасди. Ўзбекистондан Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев ва шунингдек, кўпгина сиёсий арбоблар, зиёлилар қамоққа олинган. Сотқин, иродасиз шахслар эса туҳмат ясаб, соф виждонли кишиларни қаматгандан-қаматиб, ўз жонини сақлар эди. Бундай туҳматчи сотқинларга жуда катта ҳуқуқ ва имтиёзлар ҳам берилганди.

Отамнинг ҳамма ёғига яра тошиб кетган, мен ҳам бел оғриғи бўлиб болохонамизда гипсда ётардим. 1937 йил 31 декабрь кечки соат ўн бирларда иккита ҳукумат кишиси маҳалламизнинг раиси… билан келишиб, уйимизни тинтиб, отамни қамоққа олиб кетишди.

Келувчилар бир чемоданга баъзи хат-ҳужжат, газета-журналларни солиб, ов милтиғимизни олиб, отам билан жўнаб кетдилар. Отам бошларига дўппи, устиларига жигарранг гимнастёрка, шим, маҳси-калиш, қизғиш пахталик тўн кийиб, қўлларига бир пар ёстиқ билан битта адёл олибдилар. Отамни шу кетганича бошқа кўрмадик. Олиб кетишга келган ҳукумат одамларининг бирининг миллати татар экан. Унинг фамилияси Триғулов эди, терговчи экан.

Отам олиб кетилгач, ойим бир неча бор ош-таом олиб борса ҳам олмадилар. Бирон-бир хат орқали алоқа ҳам қилмадилар. Отамга қўйилган айб ўша вақтда расм бўлган “халқ душмани”, “аксилинқилобчи”, “миллатчи”, “чет эл жосуси” бўлди. Аммо буларнинг биронтаси ҳам отамнинг шаънига тўғри келмайдиган, мутлақо уйдирма, бўҳтон айблар эди.

Албатта, оила бошлиғи кетгач, уй-рўзғор ишларида бирмунча етишмовчиликларга дуч кела бошладик. Опам – Назифа турмушга чиқиб кетган. Мен 18–19 ёшларда, ҳали бирон ишнинг бошини тутган эмасман, унинг устига касалман. Укам, сингилларим ҳали ёш. Ойим эса умрида кўчага чиқиб ишламаган, касалманд бир аёл. Отамни олиб кетишаётганида унинг бизга ташлаб кетиш учун беш-ўн сўм пули ҳам йўқ эди. Чунки у касал бўлиб анчадан бери ёзмас, ишламас эди.

Бизнинг ишонганимиз фақат боғдан келадиган даромад бўлиб қолди. Бунинг устига, бизга ҳамма “халқ душманининг уйи, оиласи, боласи” деб бармоқ билан кўрсатиб қарашларини айтмайсизми? Уйимизга ёр-дўстлар, ҳатто баъзи қариндош-уруғлар ҳам келмай қўйишди. Бир қўшнимиз қўшничилик қилиб очиб қўйган туйнугини лой-кесак билан уриб, суваб олди…

Ёдимда, ўша йилларда маҳалламиздаги бир киши (бу киши ҳозир чойхоначилик қилади) нимадандир гап чиқиб, менга: “Энди, сенларнинг ёстиққа суяниб пул топадиган вақтларинг ўтиб кетди”, деган эди. (Отамизнинг хотирлашларича, бобомиз гоҳида ёстиқни бағирларига босиб, ётволиб ижод қиларканлар – Ш.Қ.)

Ёнимизда Қодир хумдончи (уни “Қодир ўлик” деб ҳам аташар эди)нинг катта ерига 1930 йиллар бошида ёзлик пионер лагери қурилганди. Отам қамалгач, шу лагерь бошлиқлари бизнинг боғ-уйимизни ўзларига қўшиб олмоқчи бўлдилар. 1938 йилнинг авжи пишиқчилик, иссиқ ойларининг бирида лагерь директори райисполкомнинг қарорини кўтариб келиб, бизнинг жойимиз давлат ихтиёрига олинганлигини, уч кун ичида бўшатиб, кўчиб чиқиб кетишимизни, агар қаршилик қилсак, милиция чақириб кўчириб юборишини маълум қилди. Бу иш ўзимизнинг маҳаллий ташкилотлардан чиққан иғво-найранг эканлигини билар эдик. Ҳатто кўчириб юбориш учун ўнлаб милиция бошлаб келишди. Барибир биз чиқмадик.

Мен Лидия Евгеньевна Соцердотова деган қадрдон таржимон рус танишимизга бориб, воқеани айтдим. У бир ариза ёзиб, мени республика прокуратурасига олиб чиқди. Уй-жойлар бўйича шикоят қабул қилувчи бир кекса рус прокурор аризамни ўқиб кўриб: “Агар уй-жой ўзининг хусусий мулки бўлса, қолдирилсин”, деб имзо чекиб берди. Шундан сўнг “даъвогар”лар бир нарса қилолмай, чулдираб, тинчиб кетишди.

1938 ёки 1939 йили эди, шекилли, ёз ойларида яна бир муаммо чиқиб қолди. “Тошкентни ишончсиз шахслардан тозалаш”, деган шиор остида аҳолини маҳаллалар бўйича қайтадан уй-дафтарига ўтказдилар. Милиция ташкилотидан қўйилган махсус киши ҳар бир кимсани ўз хонасига чақириб тергов қилар, агар у шахс судланган, қамалган ёки бирон ишончсиз кимса бўлса, ўз уй-дафтарига қайд қилинмай, Тошкентдан эллик километр нарига чиқариб юборилар эди. Табиий, биз ҳам “душман” оиласи бўлганимиз учун бутун оила уйимизга қайта рўйхатдан ўта олмадик. Арман миллатидаги милиция вакили мен билан онамга: “Тошкентда яшашга ҳақларингиз йўқ”, деди. Шундан сўнг мен ойим номидан бизга шаҳарда яшашга рухсат беришларини сўраб ариза ёзиб, Тошкент шаҳар советининг раиси Ҳусаиновнинг ҳузурига чиқдик. Ҳусаинов бизнинг Норбувиш хола деган боғ қўшнимизнинг яқин қариндоши эди. У ёшлигида ёз кунларида Норбувиш холаникига келганида уйимизга чиқиб ўйнаб юрарди. Бизни яхши танирди. Бироқ унинг қабулига кирсак, “шайтон”лаб, бизни танимай қолди… Она-бола муродимизга етолмай қайтдик.

Шундан сўнг бу масалада ариза ёзиб, Сталин район милиция бошлиғининг олдига кирдик. У семиз, кўзойнакли бир рус киши экан. Аризамизни ўқиб, қўлимизга қайтариб берди-да, сўради:

– Ҳозир қаерда турибсизлар?

– Ўз уйимизда.

– Уйингизга ҳеч ким “Кўч!” деб келмаяптими?

– Йўқ.

– Бўлмаса, ўтираверинглар! – деди.

Биз шу кунгача ўз уйимизда ўтириб келамиз.

Ойим ўша йилларда отамни оқлаш тўғрисида бир нечта жойларга ариза ёзди. Бироқ бу аризалар оқибатсиз қолди.

Мен 1937 йилда имтиҳон топшириб, Тошкент медицина институтига кирган ва икки-уч ой ўқиб, белимдаги касалим қўзғаб қолгани учун ўқишдан бир йилга рухсат олиб гипс каравотга чалқанчасига ётдим.

1938 йилнииг май ойларида ўрнимдан турдим ва сентябрдан ўқишни қайтадан бошлаб юбордим. Бироқ яна икки-уч ой ўқигач, уни тўхтатишга тўғри келди. Бунинг сабаблари кўп эди: дарсларда узоқ қадалиб ўтирсам, белим оғрир эди. Ундан ташқари, ойим касал, уй-рўзғор ишлари менинг бўйнимда, бунинг устига, оилада бетинчлик… Қулоққа дарс кирмас эди.

1939–1940 йиллар ўқув мавсумида Тошкентдаги “Шелковичная” кўчасидаги ИПКНО (халқ таълими мутахассисларини тайёрлаш институти) деб аталувчи бир йиллик ўқитувчилар тайёрлаш курсининг география бўлимига ўқишга кириб, яхши-аъло баҳолар билан битириб чиқдим. Бундан мақсад, тезроқ бир ихтисосни эгаллаб, оилага ёрдам бериш эди. Бироқ ўқишни тугаллагач, районларга бориб ишлаш менга тўғри келмади. Ундан ташқари, умуман, ўқитувчиликка ўзимда бир ҳавас туғилмади.

1940–1941 ўқув йилида Самарқанд тиббиёт институтига бориб ўқидим. Мақсадим уй-рўзғор ташвишларидан бироз нарироқда тинчроқ ўқиш эди. Дарҳақиқат, унда ўқиш тинч ва яхши борарди. Бироқ 1941 йилда уруш бошланиб қолди. Яна уйга қайтиб келишга ва уруш сабабли бошланган қийинчиликларда оилага кўмаклашишга, касал ойимнинг олдида бўлишга тўғри келди.

Хотирамда, Самарқандда Эски намозгоҳдаги ётоқхонада яшардим. Аммо ўзимни ҳеч кимга таништирмас эдим. Шаҳарда Садриддин Айнийни бир неча бор кўрдим. Бироқ бориб у кишига ўзимни танитишни маъқул кўрмадим. Баҳор кунлари бўш чоғларимда баъзан ёлғиз, баъзан курсдошларим билан бирга Самарқанднинг тарихий обидаларини томоша қилишга чиқар эдим. Кўпинча “Чашма” деб аталувчи чойхонада ўтириб дарс тайёрлар эдим.

Бир куни шу чойхонада ёлғиз ўтириб китоб ўқирдим. Мендан нарироқда беш-олтита қиз-жувон аралаш нотаниш йигитлар ош пиширишар эди. Чамаси, улар ЎзГУнинг тил-адабиёт факультетининг талабалари эди. Мен уларга орқа ўгириб ўтирар эдим. Йигитлардан бири келиб мени ошга таклиф этди. Рад этишга сабаб йўқлигидан, ночор ўрнимдан турдим… Ош ейишиб ўтириб, бириси мендан:

– Янглишмасам, сизнииг исмингиз Ҳабибулло-а? – деб сўради.

– Ҳа. Қаёқдан билдингиз? – дедим.

– Нега билмайлик? Сиз севимли ёзувчимизнинг… ўғилларисиз, – деди.

Ошга таклиф этишганларидаёқ улар мени таниганликларини сезгандим. Лекин “фалончининг ўғли” деган гап тарқалишини истамас эдим. Шунинг учун ёлғонладим:

– Сиз айтаётган ёзувчи менинг амаким бўлади.

– У кишининг ўғиллари ТошМИда ўқийди-а? – деб сўради у.

– Ҳа. Ўғилларининг исми Ҳабибулла эмас, Ҳамидулла, – деб жавоб бердим…

Шундай қилиб, оғир уруш йиллари бошланди. Яроқли кишиларнинг ҳаммаси урушда. Қолганлари жангга қурол-яроғ, озиқ-овқат, кийим-кечак етказиб бериш учун завод-фабрикаларда, колхоз-совхозларда, конларда ишлашарди.

Немис босқинчилари урушнинг биринчи даврларида ғолиб келиб, Совет тупроғига чуқур кириб келдилар. Босқинчи немисларнинг ваҳшийлиги шундай бўлганки, улар қайси шаҳар-қишлоққа бостириб кирмасинлар, биринчи галда яҳудий миллатини қирганлар. Шунинг учун инсонпарвар бизнинг давлат қайси шаҳар-қишлоқни ташлаб орқага чекинаркан, аввал яҳудий халқини асраш учун орқага, айниқса, Ўрта Осиё ўлкаларига кўчирарди.

Тошкентга кун сайин вагон-вагон яҳудийлар бола-чақалари билан келтирилар эди. Ҳукуматимиз уларга раҳм-шафқат қилиб, қарши олар, одамларнинг бўш уйларига, ҳатто чойхоналарни бўшатиб жойлаштирар, иш билан таъминларди.

Шундай қилиб, миллионлаб яҳудийлар ўлимдан сақлаб қолинди. Мен ҳайронман! Энди Исроил давлати шундай олийжаноблик кўрган Совет давлатига раҳмат айтиш ўрнига, негадир адоват сақлаб келади. “Яхшилик қилган кишингдан ёмонлик кўрурсан”, деган қадимгилар гапи балки ҳақмикин?!

Уруш йилларида, айниқса, озиқ-овқат танқислиги сезиларли эди. Ҳамма нарса ўлчовли, заборная карточка билан бериларди. Мен бел оғриғи касаллигим туфайли ҳарбий хизматга олинмадим. Оғир ишга ярамайман. 1943 йилнинг 3 мартида Раҳбарбону онам ўпка сили касаллигидан вафот этдилар.

Ойим вафотидан сўнг бирор йилдан кўпроқ вақт (1943-1944 йиллар миёнасида) Тошкент темир йўлида кузатувчи (проводник) бўлиб ишладим.

Бироқ шифокор бўлиш орзуйим ҳеч қаерда ишлашга рағбат бермасди. 1944 йил сентябрдан яна ўқишга қайтдим. Шу йили САГУ (Ўрта Осиё давлат университети) қошида Шарқ факультети очилди. Ўқиш у ерда кечки эди. Мен форсчадан бир оз хабардор бўлганим учун, бу тилни мукаммалроқ ўрганиш мақсадида ҳафтада икки-уч марта эркин тингловчи сифатида ўқишга бориб юрдим.

Ўқишларим яхши борарди. 1945 йил 9 май куни машъум уруш ғалаба билан тугади. Ўша кун байрамга айланди. Ҳамма хурсанд. Халқ Қизил майдонга тўпланган, бир-бири билан қучоқлашиб: “Ғалаба!” деб қичқирарди. Бироқ ғалаба бўлган бўлса ҳам, уруш оқибатларини тугатишдек ҳаддан ташқари буюк меҳнат вазифаси халқимиз олдида турарди. Лекин бу вазифа, ҳар ҳолда, уруш эмас эди…

1945 йилнинг 28 май куни эди. Кечки пайт ўқишдан қайтиб уйга келсам, эшик олдида мени бир ҳарбий киши кутиб олди. Мен у билан кўришиб, ҳайрон бўлиб уйга таклиф қилдим. У мен билан бирга ҳовлига кирди. Уйимизда ҳам бир ҳарбий киши укаларимни бир уйга қамаб, ҳеч қаёққа чиқармай ўтирган экан. Улар мени қамоққа олгани келишганди…

Тинтув чоғида уйимиздан қуйидаги адабиётларни олдилар:

  1. “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Обид кетмон” асарларининг қўлёзмалари (қарийб уч минг қоғоз).
  2. “Муштум” журналининг 1924–1925 йиллардаги тўлиқ тўпланган нусхалари.
  3. Араб имлосида босилган жуда кўп эски газета ва журналлар (буларда отамнинг мақола ва асарлари босилганди).
  4. “Бахтсиз куёв”, “Жувонбоз” асарларининг биринчи босмасидан бир неча нусхалар.
  5. Отам асарларининг араб ва лотин алифбосида ва бошқа тилларда (масалан, тожикча ва русча) босилган ва қайта нашр этилган нусхаларидан намуналар.
  6. “Амир Умархоннинг канизи” тарихий романига тўпланган маълумот-материаллар.
  7. Суратли альбомлар.
  8. Ов милтиғи ва “Атлас командир” номли географик карта китоби (нархи 100 рубль), Саъдий, Хондамир (“Равзат ус-сафо”), “Эргашхон тарихи”, “Бобурнома”, Жалолиддин Румий (“Маснавий”), “Баёз” (бир нечта баёзлар), “Калила ва Димна”, “Умар Хайём” (рубоийлари), “Ғиёсиллуғат”( бир неча жилдлик), “Қомус” (туркча бир жилдлик), “Ленин” (рус тилида бир жилдлик катта китоб бўлиб, 1924 йилда босилган, Лениннинг вафотига бағишланган, жуда кўп расмлар берилган), Абу Али ибн Сино фалсафаси (қўлёзма бир жилдлик), Фаридиддин Аттор “Чор китоб”, “Юсуф хўжа Сарёмий” (шеърлар тўплами 1-китоб), Қуръон китоблари; турли даврларда турли хаттотлар тарафидан олтин ҳарфлар билан ёзилган, 8 дона (буларнинг ёзилишининг ўзи бир ажойиб санъат эди), Деҳлавий “Чор дарвеш”, Хўжа Ҳофиз, Ибн Халдун (тарих), “Қомус ул-луғат” (туркча 4 жилдлик), Саҳиҳи Бухорий (2 жилдлик) ва Навоий, Низомий, Фирдавсий, Бедил, Жомий каби шоирларнинг жуда кўп асарлари (жами икки юздан зиёд китоблар). Шунингдек, менга тегишли турли ёзишма хатлар олиб кетилди.

Мени ички турмага қамаб, сўроқ бошладилар. Кейинчалик билишимча, қонунга биноан, айбдор (асли, гумондор шахс – Ш.Қ.) қамоққа олингандан сўнг етти ёки ўн тўрт кун ичида унга айбнома эшиттиришлари керак экан. Бироқ менга “Гуноҳингни сўзлаб бер”, деб баъзан-баъзан чақириб сўроқ қилсалар ҳам, айбномани ўқиб эшиттирмас эдилар. Тўғриси, менинг қандай гуноҳим борлигини ўзим билмасдим. Улар ҳам билишмас, мени нима билан айблашга ўзлари ҳам ҳайрон эдилар. Ниҳоят ўн бир ойдан сўнг менга айбнома ўқиб эшиттирилди. Айбим шулар экан:

  1. Мен айбдор кишининг ўғли эмишман.
  2. Ўқиш тақиқланган отамнинг асарларини уйимда сақлаган эмишман.
  3. Ҳукуматга қарши ташвиқот юргизган эмишман.

Мен биринчи ва иккинчи айбимни бўйнимга олдим. Аммо учинчиси туҳматлигини айтдим ва гувоҳ-исбот талаб қилдим. Бир ярим йил қидириб гувоҳ топа олмадилар. Ниҳоят, ишимизни тамомлаб (Биз етти талаба “бирга шерик” қилиб қамоққа олинган эдик) судга оширдилар.

Бироқ суд ишимизни кўриб чиқиб, жазолашга етарли далил йўқлиги сабабли қайтарди. Шундан сўнг тергов ташкилоти судсиз, ўша пайтда ташкил қилинган “уч”ликнинг қарори билан менга ўн йил муддатга қамоқ жазоси берилди. Шундай қилиб, мен ички турмада ўн тўққиз ярим ой ўтирдим, сўнг қамоқ лагерларига жўнатилдим.

Россиянинг Свердлов вилояти, Серова тумани, Сосьва қишлоғи (Шимолий Урал)да маҳкумликни бошимдан ўтказдим. Ўрмонда қарағай кесдим, фельдшерлик қилдим. Тўғрисини айтсам, гарчи тутқунликда бўлсам-да, Русиянинг ажойиб табиати менга жуда ёқиб қолди. Унинг ёзи ҳам, қиши ҳам бир-биридан гўзал. Оппоқ қорли қиши, баҳор чоғидаги бепоён хушбўй ўрмон манзаралари, брусник, черешник, земляника сингари ер мевалари бир умр ёдимдан чиқмайди. Ҳамон ўша ерларга бориб бир кўздан кечиргим, ўрмонларини кезгим келади.

Мен у ерда бир-биридан 10–12 километр йироқликда бўлган: Тесьма, Воробина, Ёрва, Шабурова, Агаповка, Гарина деган қишлоқларда бўлдим. Улар шундай ўрмон ичида, бир-биридан гўзал, хушҳаво, тинч. Одамлари содда, бақувват, ҳусндор. Бу қишлоқларнинг ҳаммаси катта, секин оқувчи, мусаффо сувли дарё ёки дарёчалар ёнида қурилган. Уралнинг қиши совуқ. Мен 57 даражага чиққан совуқни ҳам кўрдим…

Маҳкумлик давримнинг беш йилини Қарағандада ўтказдим. Унда фельдшерлик қилдим, шахтада кўмир қазидим. Албатта, Қарағанда ҳавосини Урал ҳавоси билан қиёслаб бўлмайди. Қарағанда дарахтсиз дашт ерда янги қурилган шаҳар. Ҳавосида кўмир чанглари кўплигидан оқ кўйлак кийсанг тез қораяди. Қарағанда мамлакатнинг кўмир конларига бой ерлардан биридир.

1954 йилнинг 30 декабрида беш ойи кам ўн йилдан сўнг, (яхши хизмат қилганим учун қамоқ муддатини беш ойга камайтирдилар) озодликка чиқдим. Мени Қарағандада сургунда яшашга қолдириб, алоҳида уй бердилар. Шахтинский районидаги бир шахтада фельдшер бўлиб ишлай бошладим. 1955 йилнинг 20 февралида уйимга қайтишимга рухсат бердилар.

Мени тўсатдан чақириб рухсат беришларининг сабаби, Сталин 1953 йилда вафот этади. Ички Ишлар Вазири – Берия ишдан олиниб, халққа қилган зулми, Ватанга қилган хоинлиги учун қамоққа олинади. У суд қилиниб, отиб ташланади. Шундан сўнг ноҳақ қамалган кўп кишиларннг иши қайта текширилиб, қамоқдан озод этила бошланди.

Қамоқдаги ҳаётим тўғрисида шуларни айта оламанки, қамоқ – бу ўзига хос бир ҳаёт мактаби экан. Университет экан… Мен қамоққача бўлган давримда гўё ҳеч нарсани билмайдиган, ҳаётнинг қадрига етмайдиган гўдак эканман. Қамоқда мен турли-туман миллат вакиллари билан яшадим, энг олийжаноб кишилар, олимлар билан суҳбатда бўлдим. Энг пастарин-жўн шахслар билан муомалада бўлдим. Турмушнинг аччиқ-чучугини тотдим. Кўп мутолаа қилдим, рус тилини чуқур ўргандим. Форсча-тожикча сўзлашишни ўргандим. Тиббиётга оид китобларни кўп ўқидим. Давлатимизнинг туб сиёсати мағзига тушундим. Ҳаммадан ҳам кишилар билан қандай муносабатда бўлишни бир қадар ўргандим.

Февраль ойининг охирида Тошкентга қайтдим. Бироқ бу ерда ҳамон Сталин, Берия сиёсати ҳукм сурар, Хавфсизлик ва Ички ишлар ташкилотларининг “аксилинқилобчи”,“халқ душмани”, “хоин”, “миллатчи” деган васвасалари зўр эди. Бу васвасалардан халқ қўрқиб қолган. Айниқса, бизнингдек қамоқдан чиқиб келганларга кун йўқ. Айғоқчиларга Худо берган. Ахир эҳтиёт бўлинмаса, биздақа беш-ўнта “душман”лар, немис фашизмидек зўр бир душман тор-мор қилолмаган Совет давлатини “бармоқ учида” ағдариб ташлаши мумкин эди-да…

Уйга қайтганимнинг учинчи куни эди. Ярим кечада ухлаб ётсам, кўча эшигимиз қаттиқ тақиллади. Чиқсам, тўртта киши турибди. Уларнинг биттаси маҳалламизнинг машҳур айғоқчиларидан бўлиб (бу киши яқинда итдек хор бўлиб, халқ назаридан қолиб ўлди), қолган учтаси хавфсизлик ташкилоти ходимлари экан. Улар ҳужжатларимни текшириб, йигирма тўрт соат ичида Тошкентдан чиқиб кетишимни буюрдилар.

Мен Чиноз қишлоғига бориб, олти ой яшадим. Бу вақтлар ичида ҳукумат Сталин ва Бериянинг “шалтоқлари”ни анча тозалаган, хавфсизлик ва ички ишлар ходимлари анча жиловланиб, юмуқ кўзлари очилганди.

1955 йилнинг 1 сентябридан Охунбобоев номидаги тиббиёт техникумида ўқий бошладим. Чунки менинг фельдшерлик ҳужжатим йўқ эди. Тиббиёт институтига бориб ўқишни давом эттириш хаёлимга ҳам келмади. Чунки ёшим анча катта бўлиб қолганди.

1956 йили 5 августда 38 ёшда уйландим. Аёлим қўшнимизнинг қизи, тиббиёт техникумида ўқир эди.

Мен 1955 йил май ойида Ҳарбий прокуратурага “Отамни оқлаш”ларини сўраб ариза ёзиб бордим. Отамнинг ишини текшириш жараёнида мени бир неча бор чақириб тегишли ҳужжатлар олишди. 1956 йилнинг куз ойида текшириш ишлари тамом бўлди. Отамнинг гуноҳи йўқлиги аниқланиб, иш Москва Ҳарбий Олий судига юборилди. Ўша кезларда Тошкентда Ўзбекистон зиёлиларининг иккинчи қурултойи очилди. Қурултойда мен қатнашмадим, аммо қатнашганлар билан сўзлашдим.

Айтишларича, Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби Нуриддин Акромович Муҳиддинов қурултойда катта нутқ сўзлаб, шахсга сиғиниш иллатлари устида тўхталиб, отам тўғрисида: “Абдулла Қодирийдек улуғ бир ёзувчининг халқ душмани бўлиши ҳеч мумкин эмас”, дебди.

Қурултойда иштирок этган қўшним, шифокор Тоҳир Олимжоновнинг айтишича, Муҳиддинов юқоридаги сўзини айтганида қувониб кетган халқ қарсак чалиб юборади ва баъзилар ўкириб йиғлаган экан. Муҳиддиновнинг бу катта нутқи ўша вақтда газеталарда босилиб чиққан ва алоҳида китоб бўлиб ҳам чоп этилганди.  Ўша куни кечки пайт “Абдулла акамнинг оиласини биринчи бўлиб ўзим бориб табриклаб келаман”, деб Ғафур Ғулом уйимизга келган экан. Афсуски, ўшанда мен уйда йўқ эканман…

Эртаси куни “Қизил Ўзбекистон”, “Правда Востока” газеталарида Абдулла Қодирийнинг оқланганлиги тўғрисида махсус эълонлар босилиб чиқди. Мени махсус идорага чақириб, отамнинг оқланганлиги тўғрисидаги оқлов қоғозини топширишди. Қоғознинг тагига: “Абдулла Қодирий ўлимидан сўнг оқланди”, деб ёзиб қўйилган эди.

Шундан сўнг орадан кўп вақт ўтмай, Ҳарбий прокуратурада менинг “жиноий ишим” ҳам қайта кўрилиб, оқландим. Уйимизда хурсандчилик устига хурсандчилик, тўй устига тўй эди…

Мен бу вақтда тиббиёт техникумининг охирги курсида ўқирдим (ўқиш икки йиллик эди). Бир куни кўчада тасодифан эски танишим ва домламиз Аброр Содиқовни кўриб қолдим. У киши Тиббиёт институтида физиология кафедрасининг профессори эди. Кўришдик. Сўнг у киши:

– Учрашиб қолганимиз яхши бўлди. Кеча сизни ректоримиз Абдумалик Ғуломов йўқлатган эдилар. Тезда бориб учрашинг, – деди.

Эртасига ректорнинг олдига бордим. Абдумалик Ғуломов муқаддимасиз менга:

– Сиз туҳмат билан ноҳақ қамалгансиз. Энди оқландингиз. Сизга фельдшерлик ярашмайди, бизга келиб ўқишингизни қайтадан бошланг. Менимча, сиз энди иқтисодий жиҳатдан жуда ҳам қийналмасангиз керак, – деб маслаҳат берди.

Рози бўлдим ва у кишининг эътибори учун раҳмат айтдим. Ҳозир ҳам раҳмат айтаман ва унутмайман. Агар у киши менга меҳрибончилик қилмаганида, балки ўқимай қолиб кетармидим… (Онамизнинг хотирлашларича, ўша йиллари отамиз ўттиз саккиз сўм стипендиялари билан бизларни боққан эканлар Ш.Қ.)

Ўқишни 1962 йилда тугатиб, даволовчи-шифокор дипломини олдим. Аввалига Глиэр номли мусиқа мактаб-интернатида икки йил шифокор бўлиб ишладим. Сўнг 10-шаҳар касалхонасига ишга ўтиб, то шу кунгача шу ерда ишлаб келаман. Тўрт фарзандли бўлдим: каттаси Хондамир (1957 йилда туғилган), кейингиси Шеркон (1958 йилда туғилган), Манзума қизим (1961 йилда туғилган), Ирфон (1970 йилда туғилган). Фарзандларимнинг ҳаммаси ҳам ҳозирча қобил, мактабда ўқишади. Кенжа ўғлим боғчада.

Бу орада ёшликда ҳавас қилиб келган ёзувчилик ниятим ҳам аста амалга ошиб, ижод қила бошладим. Менинг биринчи ҳикоям 1958 йилда “Қизил Ўзбекистон” газетасида босилди. Шу йўсин аста-секин ёзган ҳикоя, мақола, лавҳа ва хотира асарларим шу кунгача газета, журнал, тўпламларда ва алоҳида китоб ҳолида тез-тез босилиб туради. Адабиёт мухлисларининг ёзганларимга берган ижобий баҳолари мени адабиётга бўлган рағбатимни кун сайин оширади.

Шундай қилиб, анави кўнгилсиз даврлар ҳам тушдек ўтиб кетди. Ҳозирги дориломон кунларда тинч умргузаронлик қилмоқдамиз.

Ҳабибулло ҚОДИРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =