Чин дўстлик ҳақидаги сатрлар
Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг “Соҳибжонни соғиниб” шеърини ўқиб…
Ажал деди:
— Кўп куйинма, бас,
Битта дўст деб мунча дод
солдинг?!
Фарёд урдим:
— Сен битта эмас,
Биттагина дўстимни олдинг!..
Аслида бармоқ билан санаса бўладиган олти қаторгина шеър. Ўйлаб қаралса, жуда кўп қаторли шеър. Аммо жуда катта юки бор, залворли шеър. Ҳақиқий шеър. Юракка етиб борадиган шеър! Шоир эмас, шоирнинг юраги ёзган шеър! Чин шеър учун бирор нарсани буюриб бўлмайди, дейдилар. Юрак қурғур гапиради, шоир тинглаб сатрларга кўчиради бундай шеърни.
Иқболжоннинг бу мўъжазгина шеърини бир бутун катта мукаммал асар деса бўлади. Фақат уни уқмоқ ва тушунмоқ учун шу асарнинг ичига кирмоқ керак.
— Ҳа, бу шеър дўст ва дўстлик ҳақида.
— Қанақа, қандай дўстлик тўғрисида?
— Чин дўстлик ҳақидаги шеър.
— Сон эмас, сифатли дўст ҳақидаги шеър.
— Дўстингман, деб олдингда ялтоқланганлар ҳақидаги шеър.
— Амалга минганингда ёнингдан жилмай, кўпайиб кетадиганлар ҳақидаги шеър.
— Ишинг сал орқага кетса, топилмаслар, йўқолиб қоладиганлар ҳақидаги шеър.
— Ишинг юришса, яна пайдо бўлиб қоладиган кимсалар тўғрисидаги шеър.
— Ғанимларинг кўпайса, улар сафига тезда қўшиладиганлар тўғрисидаги шеър.
— Давраларда сен ҳақингда ёмон гаплар, иғволар тарқатилганда жим туриб, ер чизадиганлар ҳақидаги шеър.
— Амал, манфаатлар бор жойда кеча дўстингман, деб турган, бугун эса биқинингдан пичоқ санчишга ҳам тайёр нусхалар ҳақидаги шеър.
— Дўст деб ишониб юрганинг, оғир кунингда ортингдан куладиганлар тўғрисидаги шеър.
— Ким дўст, ким душман эканлигини узоқ вақт билмай юрганлар фожиаси ҳақидаги шеър.
Бу асар бош қаҳрамони Соҳибжон ҳақиқий дўст эди. Дўст бўлгандаям, чин дўст эди. У буни қисқагина ҳаётида исботлаб кетди.
Соҳибжондаги самимият, унинг ўзига хос кулгилари… Одам боласи ҳам шунчалар яхши бўладими? У ўтирган даврада турмушнинг муштлари ҳам унутиларди.
Бу ҳаётнинг бевафолигидан ҳайрон қолмай иложинг йўқ. Қанча ёмонлар юрибди одамларни куйдириб, не-не инсонларнинг умрини эговлаб…
Қани, Соҳибжондай чин дўстлар кўп, жуда кўп бўлса эди…
Баъзан тоза қалб, ўта тоза юрак бу ҳаётнинг ғуборларига, ифлосликларига чидай олмадимикан, деб ўйланиб қоласан.
Олти қаторлик асарда мен англаб етмаган яна анча катта ва кўп гаплар бордек.
“Иқбол Мирзонинг шеърияти жуда баланд”, деб кўп такрорлайди бир ношир укам. Баланд шеъриятни олти қаторли шеър каби қайта-қайта ўқимоқ, уқмоқ ва англамоқ лозим. Бунинг учун раҳматли Соҳибжоннинг кўзидай чақнаб турадиган кўз, кулги ила жаранглайдиган сўз керак. Алам қиладигани, “энди топиб бўпсан, акам” деб ўзига ярашган мийиғида кулиб турган, “дод” дейишга арзийдиган Соҳибжон кўз олдимдан ўтаверади…
Дўсти йўқ одамдан қўрқмоқ керак. Узоқроқ юриш керак ундайлардан. Соҳибжондай биттагина дўсти борлар асло қўрқмай яшаши мумкин. Иқбол укамнинг ҳажман кичик, асли катта шеърида бир ҳайқириқни туйдим. Бу ҳақиқий шоир ҳайқириғи, юракдан чиққан нидоси… Унга қулоқ солмоқ қанчалар оғир…
Анвар АБДУВАЛИЕВ