Ўзбекистон Президенти: Марказий Осиё энди тарихнинг четида эмас, балки ўз стратегик кун тартибини шакллантираётган, жадал ривожланаётган минтақага айланмоқда

Ўзбекистон Президентининг “Euronews”га берган интервьюси кўплаб нуфузли хорижий ОАВ томонидан ҳам эълон қилинди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрель куни Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити олдидан  “Euronews”га 1 апрель куни берган эксклюзив интервьюси етакчи халқаро оммавий ахборот воситаларида кенг резонансга сабаб бўлди.

Кўплаб хорижий босма ва электрон нашрлар ўз саҳифаларида Ўзбекистон раҳбарининг “Euronews” саволларига берган жавобларининг тўлиқ матнини турли тилларда эълон қилди ва бу билан Янги Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро кун тартибининг асосий масалалари бўйича позициясига катта қизиқиш борлигини тасдиқлади.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг  интервьюси, Жанубий Кореянинг етакчи нашрларидан бири – “Diplomacy Journal” журнали, Покистоннинг “Diplomatic News Agency – DNA” ахборот агентлиги, “Daily Islamabad Post” ва “The Daily Big Digit” газеталари томонидан эълон қилинди. Бундан ташқари,  мазкур  интервью “Инфозакон” ва “Курсив” (Қозоғистон), “Q8 Press” (Кувайт),  “Индустрия Евразии” ва Коммерсантъ” (Россия) каби  электрон нашрлар, шунингдек, “Theasiatoday”, “Еkoavrasya”, “Аnkasam” (Туркия) онлайн платформалари томонидан тарқатилди. Шунингдек, мамлакатимиз етакчисининг интервьюси билан Туркманистоннинг “News Central Asia” янгиликлар порталида, Украинанинг “Kyiv Diplomatic” журналида инглиз ва украин тилларида, Саудия Арабистонининг  “Wrkaa News”, Бельгиянинг етакчи “EU Reporter” нашрларида танишиш мумкин. Ўзбекистон Президентининг интервьюсига бўлган қизиқишни, шунингдек, Британиянинг “London Post” янгиликлар портали, Хитойнинг “Китай” журнали, Мисрнинг “Сада ал-Балад” ахборот агентлиги ва бошқа нашрлар ҳам тасдиқлайди.

Жаҳон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлардаги ижобий динамика ҳақидаги сўзларини алоҳида таъкидлаган. Қайд этилганидек, сўнгги етти йилда Марказий Осиё мамлакатлари билан Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми тўрт баробар ошиб, 54 миллиард еврога етди. Бу ҳолат минтақанинг Европа мамлакатлари учун истиқболли ҳамкор сифатидаги роли ошиб бораётганидан далолат беради.

Машҳур нашрлар, шунингдек, Президентимизнинг Самарқанднинг савдо, илм-фан ва дипломатиянинг тарихий маркази сифатидаги ўрни ҳақидаги  фикрларига эътибор қаратган. “Унинг улуғворлиги турли маданиятлар, халқлар ва ғояларни бирлаштира олганида, – дея Президент Шавкат Мирзиёев сўзларидан иқтибос келтирилган. – Бугун у яна Европа ва Марказий Осиё замонамизнинг асосий муаммоларини муҳокама қилиши мумкин бўлган мулоқот майдонига айланмоқда”.

Сўнгги йилларда Марказий Осиёда амалга оширилган ўзгаришлар ҳам юқори баҳоланди. Нашрлар Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё минтақаси ҳақидаги саволга берган жавобдан мисол келтирган: “Сўнгги йилларда Марказий Осиё тубдан ўзгарди, янги қиёфа касб этди — конструктив мулоқот, ишонч ва ҳар томонлама ҳамкорлик майдонига айланди. Бу эса мамлакатларимиз етакчиларининг умумий сиёсий иродаси туфайли амалга ошди. Бугун биз бу жараённинг ортга қайтмаслиги ҳақида ишонч билан айта оламиз”.

Ўзбекистон Президентининг афғон масаласи бўйича позициясига  алоҳида урғу берилган. Хорижий оммавий ахборот воситалари давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан ёндашуви ҳар доим прагматик ва узоқ муддатли стратегик тамойилларга асосланиб келгани ҳақидаги баёнотига  эътибор қаратди.  Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев қўшни Афғонистондаги вазият ҳақидаги саволга жавоб берар экан, қуйидагиларни таъкидлади: “Ҳозирги раҳбарият Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга, ўз ресурсларини аэропортлар, ички темир йўл тармоқлари, сув-энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга ва кўкнор майдонларини қисқартиришга йўналтиришга муваффақ бўлди. БМТ маълумотларига кўра, “Толибон” 2023 йилда гиёҳванд моддалар савдосини тақиқлаганидан сўнг, Афғонистонда кўкнор етиштириладиган ерлар 95 фоизга камайган. Афғонистонда кўкнордан холи келажак барпо этиш мақсадида қишлоқ аҳолисига ёрдам кўрсатилмоқда, қишлоқ хўжалигининг муқобил йўналишлари ривожлантириляпти”.

Нашрларда таъкидланганидек, бўлажак “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитининг муҳим натижаларидан бири томонларнинг стратегик шериклик муносабатларини ўрнатишга бўлган муштарак истагини акс эттирувчи Самарқанд декларациясининг имзоланиши бўлади. “Декларация нафaқат эришилган келишувларни мустаҳкамлайди, балки минтақаларимиз ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш учун асос яратади, – деди Ўзбекистон Президенти. – Биз инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, инновациялар ва рақамли ечимларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ келишувларга эришишдан умидвормиз”.

Нуфузли хорижий ОАВ, шунингдек, Ўзбекистоннинг конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига содиқлигини таъкидлаб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги фикрларини иқтибос ўрнида келтирган: “Биз барқарор ривожланиш ва халқларимизнинг фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган, ўзаро манфаат ва ишончга асосланган конструктив ҳамкорлик тарафдоримиз”.

“Дунё” АА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 14 =