Оқсоқол шоирнинг оҳорли оҳанглари…

Саксон ёшнинг эшигини дадил, тетик тақиллатиб турган серқирра адиб, адабиётимизнинг обрўли оқсоқолларидан бири Фарид Усмон ўтган йилнинг ёзида Зомин тоғларида битган шеърий туркумини жўнатиб, “Бир кўз ташлаб қўярсиз!” деган камтарона сўзларни илова қилибди. Муҳтарам муштарий олдида дарҳол тан олиб қўя қоламан: анча йиллар аввал ажойиб шоир, истеъдодли носир, иқтидорли эссенавис Фарид Усмон ҳақида “Муаттар меҳр” номли китобча ёзганман. Фарид аканинг мафтункор матнлари асосида куйланиб келинаётган энг дилбар қўшиқларни доим мириқиб тинглайман.

Яқинда улуғ шоир А.Твардовскийнинг “Новый мир” кундаликлар-эссесини варақладим. Биринчи жилди 656, иккинчи жилди 650 бетдан иборат. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас. Кўп йиллар аввал “Красная Пахра”да бўлганимда, москвалик дўстларим бир-бирига туташ икки дала ҳовлини, яъни Александр Трифонович ва Юрий Трифонов яшаган масканларни кўрсатишган. Юрий Валентинович “Қўшним ҳақида хотиралар” эссесида “Мен Твардовский билан дала ҳовлида қўшнигина эмас, бир даврда ёнма-ён яшадим!” деб ёзган эди. Агар таъбир жоиз бўлса, мен айни кунда Москвадаги Адабиёт институтининг қаттиқ нонини еган қадрли устозларим — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ва Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер, қолаверса, ўша табаррук олий ўқув юртида қанотларига қувват олган атоқли сўз заргари, “Дўстлик” ордени соҳиби Фарид Усмон билан бир даврда Янги Ўзбекистон ҳавосидан нафас оляпман, ўттиз йилдан буён оға-ини бўлиб келяпман.

Фаридиддин аканинг таржимаи ҳолига назар солсангиз, доимий меҳнат ҳамда ижод у киши ҳаётининг безаги бўлганини кўрасиз. Ҳали мактабни тугатиш арафасида Андижондаги “Электродвигатель” заводида ишчи бўлиб ишлади, муаллимлар институтини тугатиб, икки йил шўро армиясида хизмат қилди, сўнгра ҳунар-техника билим юртида тер тўкди. “Шонли меҳнат” газетасида мусаҳҳиҳу мухбир вазифасини бажарди. Андижонда Ҳабибий, Боқир, Улфат домлалардан аруз сирларини ўрганди. Тошкентга бориб, ғазалларини ўзидан 10 ёш катта устози Эркин Воҳидовга кўрсатди. Устоз машқларни маъқуллади. 1983 йили Фарид ака улуғ адиб Сарвар Азимов имзоси билан Ёзувчилар уюшмасининг табаррук гувоҳномасини қўлига олди. Тавсияномаларни атоқли мунаққид, моҳир таржимон Тўхтасин Жалолов, машҳур қўшиқнавис шоир Нормурод Нарзуллаев ва у пайтлари ижод чўққиларини забт этиб келаётган элдоши Муҳаммад Али ёзиб берган эдилар.

Машҳур Маҳмуд мўйловнинг Навоий кўчасидаги чойхонасида шоир дўстлари билан ош еб ўтирганида, суҳбатдошлардан бири: “Эҳ, Фариджон! Сизни алдаб нима қилдик. Ҳозир шоирлардан ким машҳур — Расул Ҳамзатов! Адиблардан ким машҳур — Чингиз Айтматов! Иккиси ҳам Москвадаги Адабиёт институтида ўқишган. Осилсангиз, баланд дорга осилинг: ўша институтда ўқинг!” деди. Шу гап бўлди-ю Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлимида ишлаб юрган шоир 1985-1987 йилларда Максим Горький номидаги Жаҳон адабиёти институтида таҳсил олди. Бунга у пайтлари Ёзувчилар уюшмасида ишлаган, бир пайтлари мазкур олий ўқув юртида ўқиган, Сарвар Азимовдек бағрикенг устоз меҳридан баҳраманд бўлган талантли шоир Шавкат Раҳмон сабабчи бўлди. Олий адабиёт курсининг поэзия семинарида Фарид ака, проза семинарида Тоғай Мурод таълим олади. “Тоғай Мурод жуда камгап эди, — деб эслайди Фарид Усмон. — Ё китоб ўқирди, ё бадиий асар ёзарди. Вақтини бошқа ўткинчи эҳтиёжларга сарфламас эди. Кўп ўй ўйларди. Менимча, “Отамдан қолган далалар”нинг зуваласи ўша Тверь хиёбонида, “ЦДЛ” яъни Марказий Адабиётчилар уйи, Пушкиннинг ўйчан ҳайкали қошида ёинки Переделкино дарахтзорларида қорилган бўлса керак!”

Шоир Москвадаги таҳлилдан олдин ғазалларини “Ёшлик баёзи”да, ўзининг “Водий ғазаллари”, “Ёшлик ғазаллари” тўпламларида эълон қилган эди. 1981 йили болаларга аталган “Бойчечак” китобчаси босилди. Олий адабиёт курсини тугатгач, “Гулхан” журналида Ёзувчилар уюшмасининг бадиий адабиётни тарғиб қилиш шўъбасида ишлади. Бирин-кетин “Учқур тойчоғим” (1985), “Умид гулзори” (1991), “Ул қаро кўз бўлмаса” (1991), “Қадр кечаси” (1992), “Навосиз наво” (1994), “Мен кичикмас, каттаман” (1996), “Оқ олтинга кўк чироқ” (1998), “Қуёш расми” (2000), “Наврўзда ўйна, куйла!” (2003), “Жон қуши” (2005), “Ҳусн девони” (2006), “Муҳаббат, о муҳаббат!” (2007), “Руҳ булбули” (2008), “Қайларга қочай, Лайло?” (2010), “Мени сев” (2011), “Янги ой” (2011), “Шаклар қўшиғи” (2011), “Санашни биладиган мушук” (2012), “Шоҳ Бобур юлдузи” (2013), “Сўзинг булбул эса бўстонсиз қолмас” (2013), “Ўшал дамлар” (2014), “Шаршара” (2014), “Ғилдиракли уй” (2015), “Ҳар кимнинг ўз хотираси бўлур” (2016), “Вақтичоғлик гуллари” (2017), “Қайтиш” (2017), “Парвозга шайланган қалб” (2018), “Ҳаёт ва ҳаё” (2018), “Андижон юртида тўлган ой” (2019), “Топганларим” (2019), “Бобур подшоҳ” (2020), “Бобур салтанати” (2020), “Сени севганим рост” (2021), “Тунда чопган оқ тулпор” (2021), “Ноёб истеъдод эгаси” (2021), “Қуридим қудуғи афсонаси” (2021), “Хонлар тарихи” (2022), “Иблиснинг қайтиши” (2022), “Коронавирус қичқириғи” (2023), “Арузни ўрганиш иштиёқи” (2023), “Манзара” (2023), “Руҳ булбули” (2023), “Чингизхон авлодлари” (2024), “Тарихий эсселар” (2025) “Навоий туғилган жой” (2025), “Бобур туғилган уй” (2025) сингари 50 дан зиёд шеърий, насрий, публицистик китоблари чоп этилди. 2023 йили “Қоши камонлар” номли ғазаллар тўплами қорақалпоқ, 2024 йили “Хонлар тарихи” эссеси қирғиз тилида нашр қилинди. “Туркий халқлар адабиёти дурдоналари” 100 жилдлигига таржималари киритилди. Устоз асарлари асосида яратилган кўплаб болалар пьесалари, мультфильмлар ҳақида тўхталмадик.

Кўп йиллар аввал Ўзбекистон радиосида Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳамроқулов ижросида қуйидаги самимий сатрлар янгради:

Мубтало этмиш мени ширинлигинг,

шаккарлигинг,

Маҳлиё этмиш мени ширинлигинг,

шаккарлигинг.

Дўст бўлиб қолдим сенга,

танҳо қадрдоним ўзинг,

Ошино этмиш мени ширинлигинг,

шаккарлигинг…

Эртасига ҳофиз Андижонга, дўсти Фарид акага қўнғироқ қилиб: “Мени кечиринг. “Ширинлигинг, шаккарлигинг”ни фонотекага бошқа бир шоир шеъри деб ёздиришга мажбур бўлдим. Худо хоҳласа, кўп шеърларингизни қўшиқ қилиб “Фарид Усмон сўзи” деб ёздираман!” деди. Ҳофиз ўз сўзида турди: шоир шеърлари билан “Сендадур”, “Сочларингда тун уйқуси”, “Кумушим дейму сени” қўшиқларини яратди. Кўп ўтмасдан радио ва ойнаи жаҳонда “Оққуш” қўшиғи жаранглади:

Оққуш, Оққуш! Қанотингни ёз!

Оғушингга ол мени, этайлик парвоз!

Оққуш, Оққуш!

Бир-биримизни этайлик эъзоз…

Фарид Усмон — машҳур қўшиқнавис шоир. Айни кунда миллионлаб мухлислар унинг қуйидаги гўзал сатрларини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳёхон Мўминов ижроси (шу ном билан телевидениеда махсус кўрсатув берилмоқда)да тингламоқда:

Қани ул сен билан ўтган ўшал дамлар,

ўшал дамлар,

Фақат қолганга ўхшайди у дамлардан

алам, ғамлар…

…Ҳамиша қайтса тайёрман,

Фарид, жонимни бермоққа,

Агар бир лаҳза,

бир фурсат ўшал дамлар, ўшал дамлар.

Янги Ўзбекистон нафақат китобни, китобхонларни, балки китоб ёзувчиларни ҳам қўллаб-қувватламоқда. Кўп йиллик ижодий фаолияти учун устоз Фарид Усмон муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йили имзолаган Фармонга биноан “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Табаррук ёш арафасида устоз шоир янада илҳом билан тўлиб-тошиб ижод қилмоқда. Қуйидаги шеърлар туркуми фикримизнинг ёрқин далили бўла олади.

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими.

 

Фарид УСМОН

Шамолга пешвоз юрдим…

(туркум)

“ЗОМИН” СИҲАТГОҲИДА

Қуёш тоғ бағридан ўзгача чиқар,

Офтобдан чўққига тўшалади зар.

Мамнун илиқликка қучоғин очар,

Тоғлар оғушида ўсган арчалар.

Тераклар чўққидан ўзиб кетсам деб,

Гўёки шошилиб бўй чўзар кўкка.

Бунақа назокат, бундай нурли зеб,

Чирой бахш этади ҳар тонгда кўкка.

Салқин хуш ҳавонинг сеҳри лол этар,

Нурли чўққиларга боқарканман жим.

Ойбек домла ёзган нодир бу сўзлар,

Идрокимда бир зум бўлади ҳоким:

“Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,

Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор…”

2024 йил 10 август.

Зомин.

* * *

Хазон япроғидан ким куй эшитмас? Аслида ҳеч ким…

Хазон япроғига термилганимча ўйлагайман жим…

Хазон япроғи янглиғ чеҳралар сарғайди деб Бобур,

“Ўзимни яхши-ю ҳамда ёмондин, деди, ўткардим”.

Дедим ўзимга ўзим: мен ёмон ҳам яхши кўрдимму,

Ҳаётимда кўринган ҳар ёмон яхшини ўйлардим.

Ҳаётимда кезиб сарсону саргардон демиш Бобур,

“Хазон япроғи янглиғ гул юзининг ҳажрида сарғардим”.

Фикр этсам, одам умри хазон япроғига эрмиш,

Шу ҳолатдан хазон япроқлари сўзлар эди билдим:

Фарид тонгги саболарда шитирлаб япроқ айтгандай,

“Хазон япроғидан ким куй эшитмас?! Аслида ҳеч ким…”.

2024 йил 12 август.

Зомин.

* * *

Тоғлар бағрида ором,

Тоғлар бағрида роҳат.

Шаҳарлик тоғ бағрида

Доим топар фароғат.

 

Бунда ҳаво мусаффо,

Бунда ёз пайти сўлим.

Бунда дардга бор даво,

Баҳрасиз қолмас ҳеч ким.

 

Бунда дам олиш маскан,

Бунда талай сиҳатгоҳ.

Бандамга деб тоғларни

Яратиб қўйган Аллоҳ!

Тоғлар бағрида ором…

2024 йил 10 август.

Зомин.

* * *

Во ажабо, негадир,

— Чўққига чиқ, — дер юрак.

Жисм дер:

— Чўққида не қиласан?

Ахир мен пастга керак.

Пастда бари одам,

Пастда бари оломон.

Чўққи учирвориши мумкин,

Паст сақлар омон.

Одам эрсанг, одамлар

Ичида тинч юравер,

Худо берган хуш дамлар,

Ҳаёт завқин суравер!

2024 йил 10 август.

Зомин.

* * *

Майдончада ёш бола,

У ён, бу ён шўх чопар.

Шу чопқиллаш ичидан

У ниманидир топар.

Нима у, биз билмаймиз,

Бизга бу ҳол ноаён.

Билар фақат болакай —

Билар фақат чопағон.

Муштдеккина бу жоннинг

Чопмоғида кашфиёт

Сезилиб турганини

Англагаймиз биз фақат.

Унда кўп ихтиролар,

Янгиликлар мужассам.

Чунки юриб-югуриб,

Дунёни билган Одам.

Майдончада шўх бола,

У ён, бу ён шўх чопар…

2024 йил 11 август.

Зомин.

 ЗОМИН ТОНГИ

Шаббода пастга оқар,

Қуёш чўққидан боқар.

Одамларга шу ёқар,

Зоминда тонг хуш отар.

 

Эсар шифобахш шамол,

Борлиққа бермай малол.

Тонг шундан соҳибжамол,

Зоминда тонг хуш отар.

 

Арчалар тонг безаги,

Тиниқ тонгнинг жаранги.

Ҳар тонг шу тоғ оҳанги,

Зоминда тонг хуш отар.

 

Шамол қадрини билдим,

Шамолга пешвоз юрдим.

Одамларга илиндим…

Зоминда тонг хуш отар.

2024 йил 13 август.

Зомин.

* * *

Зомин деган манзилда,

Тоғларда ҳаво тоза.

Атрофларга бу тоғлар,

Тозаликда андоза.

 

Чўққига чиққан сайин,

Майинлашар ҳаволар.

Поёнсиз арчазорлар,

Дилга ёқар маъволар.

 

Олис ёнбағирларда,

Оппоқ қорлар ётади.

Қуёш қорли чўққилар

Орқасига ботади.

 

На иссиқ, на совуқ бор,

Тоғ бағри жон роҳати.

Ортар одам боласин

Тоғларга муҳаббати.

 

Зомин деган манзилда,

Тоғларда ҳаво тоза.

2024 йил 14 август.

Зомин.

* * *

Тоғдан оқар сувларни

Шаршара деб атаймиз.

Шаршарани кўргани

Борган эдик атай биз.

 

Чўққиларга сакраган

Сув оқарди қоядан.

Қилдик уни томоша,

Ўтирганча сояда.

 

Арчаларнинг сояси

Жонга ҳузурбахш эди.

Шаршара тоғ бағрига

Муҳрланган нақш эди.

2024 йил 16 август.

Зомин.

* * *

Хуш ҳаво Зомин, гўзалдир тоғларинг,

Арчазорлар остида ўтлоқларинг.

Қоялардан қояга сакраб чопар,

Тип-тиниқ шўх сувларинг-қувноқларинг.

Тип-тиниқ сутни симиргандек бўлар,

Бор экан тоза ҳавонг — қаймоқларинг.

Неча кундир кўнглимни хуш айлади,

Чўққидан ирғиб чопар ирмоқларинг.

Хуш ҳаво жар устида кўприк, ажиб,

Менга ҳам этди насиб кўрмоқларим.

Эл-улус яйрар, Фарид ҳам яйради,

Бўлмасин кам, Зомин-о, ардоқларинг.

2024 йил 17 август.

Зомин.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − 4 =