Маданий меросга таҳдид

ёки жорий йилнинг дастлабки уч ойида юртимиздаги 21 та тарихий объектга зарар етказилган

Ҳар бир халқ, миллат ўз тарихи — буюк хотираси билан тирик. Тарих – маёқ, у аждодларимизнинг маданияти, маънавияти, ҳаёт кечириш зайли ва амалга оширган ишлари ҳақида сўзловчи манба. Ўтмиш қиёфаси бугун тарихий осори атиқаларда, ўтмиш китобларида, турли ёдгорлик ва буюмларда, ғиштин бинолар деворида қолди. Ўзлигимиз бўлмиш тарих ҳақиқатларини асрашимиз, келажакка уни эсон-омон етказишимиз керак. Аммо айрим жойларда тарихий иншоотларга нисбатан ҳурматсизлик, исталганча тасарруф қилиш, неча йиллардан бери асраб келинган обидани, тарихий ёдгорликни бузиб, ўрнига чойхона ёки ошхона, турли хусусий тадбиркорлик объектлари қуриш учун аҳоли вакилларига сотиб юбориш ҳолатлари камаймаяпти.

Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг бор-йўғи дастлабки уч ойида юртимизда 21 та маданий мерос объектига зарар етказилган. Нима бўляпти ўзи? Тарихий жойлар юртимизнинг чиройини бузиб кўрсатадими? Чиройли қилиб “тузатиш” билан нимага эришамиз? Бир неча юз йиллик иморатни вайрон қилиб янгиланган бинолар бугунги кун учун қай даражада қадрли? Улар яна ўз замонавий “чиройи” билан неча йил шу жойни безайди?

Агар бино эски, таъмирталаб, анчадан бери қаровсиз бўлса, одамлар учун музей, тарихий объектларнинг қизиғи йўқ деб бузилаверса, тарихий қадриятларимиз даражасидаги обидалардан асар ҳам қолмайди-ку.

Ўзбек деган ном бугун ёки кеча майдонга келмаган. Унинг дунё айвонидаги мустаҳкам ўрни, аввало, тарихи билан намоён бўлишини яхши биламиз. Бугун қорин тўйдириш, чўнтак қаппайтириш йўлида ўтмиш меросимизни сотсак, эртага миллат ўзлигининг бўғинига ўз қўлимиз билан зарба берган бўлмаймизми?

Ривожланиш фақат йирик бинолар қуриш, бозор иқтисодиётида етакчи бўлиш билан белгиланмаслигини яхши билган давлатларда тарихий буюмлар ва тарихий иншоотларга алоҳида диққат қаратилади. Зиёлиларимиз таъкидлаганидек, ҳақиқий ривожланиш қалбдан, руҳдан, виждондан бошланади. Жадидчиликнинг фаол намояндаларидан бири Абдурауф Фитрат айтганидек: “Туркистон халқи томоқ ва уйқу ошиқи қилиб, ғафлат асир этган мана шул кўзсузлик”.

Тарихий маълумотларга кўра, ўтган асрларда юртимиз ҳудудида бўлган турли босқинлар, урушлар, шўро тузумида руслаштириш, онгсизлаштириш сиёсати туфайли тарихий обидаларнинг кўп қисми бузиб ташланди, вайрон қилинди, абгор қилинди. Ўша даврда сиёсатнинг мақсади халқ тарихини, яъни ўзлигини топташ, маънавий илдизларидан узиш эди. Орадан бир аср ўтди, ҳақиқатлар қарор топди. Мустақил юртмиз. Аммо энди… энди биз ўзимиз ўзимизга душманлик қиламизми?! Бугун юртимизнинг чекка ҳудудларида “қаровсиз қолган” важи билан тадбиркорларга сотилаётган ҳудудларнинг аксарияти тарихий аҳамиятга эга бўлиб чиқмоқда.

Қардош ёзувчимиз Чингиз Айтматов айтганидек: “Заминдан маҳрум қилиш мумкин, бойликдан маҳрум қилиш мумкин, ҳаётдан ҳам маҳрум қилиш мумкин. Лекин инсон хотирасига тажовуз қилиш… чидаб бўлмас фожиадир”.

Тўғри, қадимий бино қаровсиз қолган бўлиши мумкин, лекин унда катта тарих мавжуд. Қолаверса, тарихий масканларнинг қаровсиз қолганига ҳам, аввало, айнан тегишли ҳудудларнинг мутасаддилари айбдор эмасми?! Уларнинг боқибеғамлиги, эътиборсизлигидан эмасми шунақа бўлиши?!

Айрим ёдгорликлар қатидаги тарих ҳали тўла-тўкис ўрганилмай туриб, топилмалар қайси даврга тегишли эканлиги аниқланмай туриб, ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетиши ачинарлидир.

Яқинда Наманган вилоятининг Чуст туманига қарашли Ғовасой қишлоғида жойлашган, ҳали тўлиқ ўрганилмаган тарихий бир обидага қурилиш сабабли зарар етгани ҳақида хабар келди. Қишлоқда кўп асрлик кўҳна қабристон ва йилнинг тўрт фаслида ҳам қайнаб чиқадиган мўъжаз булоқ мавжуд. Лекин охирги икки-уч йилда бу жойлар ҳам турли қурилишлар сабабли қисқариб бормоқда. Мазкур ҳудудда XIX асрга тегишли бино қолдиқлари мавжуд.  Ҳозирда унга зиён етказган ҳолда қишлоқни сув билан таъминлаш учун иншоот қурилган.

Бу каби ҳолатлар охирги даврга келиб бирмунча кўпаймоқда. Кунора ижтимоий тармоқларда қайсидир маданий объектга зарар етказилгани ёхуд бузилгани ҳақида хабарлар кўпайиб бормоқда.

Хусусан, куни кеча Самарқандда XIX асрга тегишли учта масжид бузиб ташлангани хусусида ташвишли хабар тарқалди. Бу ва шу каби қонунбузарликларга олиб келувчи ҳолатларнинг олдини олиш, аҳолига тарихий обидалар аҳамиятини тушунтириш мақсадида жорий йилнинг март ойида Маданий мерос агентлиги томонидан матбуот анжумани ташкил этилган эди. Унда Ўзбекистонда миллий рўйхатга киритилган тарихий объектлар сони қарийб 8,5 мингтага етгани таъкидланди. Маданий мерос агентлиги директори ўринбосари Турсунали Кузиевнинг айтишича, ёдгорликларга таҳдид солиш ҳалигача мавжуд. “Жамиятнинг муносабати ўзгармас экан, бу объектларни тўлиқ муҳофаза қилиб бўлмайди”, — деди у.

Ўзбекистонда маданий мерос объектлари сони 8 минг 366 тага етган.  Шундан 4 минг 796 таси археологик, 2 минг 268 таси архитектура ва 772 таси монументал санъат ёдгорликлари ҳисобланади. Диққатга сазовор жойлар 530 та бўлса, мозаика ва композициялар 157 тани ташкил этади.

“Агентлик мутахассислари мунтазам равишда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ҳар битта обида ва ёдгорликни таҳдидлардан ҳимоя қилиш чораларини кўрмоқда. Чунки (аҳоли орасида) қонунчиликни билиб ё билмаган ҳолда маданий мерос объектларига зарар етказиш ҳолатлари (ҳалигача) учрамоқда. Айниқса, Ватанимиз тарихи учун жуда катта бойлик ҳисобланган осори атиқаларни жамлаган археологик ёдгорликларимизга таҳдид барибир сақланиб қолмоқда. Афсуски, бундай таҳдидларнинг олдини олиш учун ёдгорликлар атрофи панжара билан ўралиб, у ҳақда маълумотлар ва давлат томонидан муҳофаза қилиниши ҳақида ёзиб қўйилмоқда. Лекин шунга қарамай, таҳдид қилиш ва зиён етказиш ҳолатлари учраб турибди”, — деди агентлик директори биринчи ўринбосари Турсунали Кузиев.

“Аммо қонуний чораларни қанчалик кучайтирмайлик, жамиятнинг муносабати ўзгармас экан, одамлар маданий меросимизнинг келажак авлод учун қадр-қийматини англаб етмас экан, ёдгорликларни тўлиқ муҳофаза қилиб бўлмайди”, — деди Кузиев. (Манба: gazeta.uz)

Таассуфлар бўлсинки, 2024 йилда 117 та маданий мерос объектига зарар етказилгани, натижада 30 та жиноий, 87 та маъмурий иш қўзғатилгани ҳамда дастлабки ҳисоб-китобга кўра, зарар миқдори қарийб 346 млрд сўмни ташкил этгани ҳақида турли нашрларда маълумотлар эълон қилинди.

Айтайлик, бундан уч-тўрт йил аввал Сурхондарёда юз берган маънавий тажовуз ҳақида ҳам эшитган эдик. Кўп асрлик тарихий, археологик ёдгорлик ҳисобланган Варроқ Термизий хоки ётган тепалик тўлалигича суриб ташланган. Варроқ Термизий — “авлиёлар мураббийси” деган мақомга эга бўлган тарихий шахс. Улуғлар макони бўлган бундай жойлар, биринчидан, зиёратгоҳ, иккинчидан, қадим ўтмишимиз кўмилган синоатлар сандиғи эди-ку!

Энг ачинарли жиҳати шундаки, баъзида минг йиллик тарихга эга обидалар, иншоотлар, осори атиқалар эътиборсизлик ва бепарволик сабабли зарар кўрмоқда. Йўқотилган ёки маълум қисмига етказилган моддий зарарларни эса асл ҳолатига келтириш имконсиз. Бу каби ҳолатларга сабаб бўлган шахслар қонунчилигимизга кўра, жиноят кодексининг  тегишли моддасида кўзда тутилган жиноятни содир этган ҳисобланади ва жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилади.

Шундай экан, республикамизнинг ҳар бир ҳудудида ер-жой тизимини ислоҳ қилиш, маданий объектларга зарар етказмаслик бўйича янада қатъий чора-тадбирлар кўриш бугуннинг долзарб масалаларидан. Юртдошларимиз маданий меросни асраш, уни келажак авлодга етказиш нақадар муҳим эканлигини тушуниб етишсагина тарихий ёдгорликларни сақлаб қолиш, муҳофаза қилиш мумкин. Зеро, тарихимиз топталишига йўл қўйсак, келажакни бой берган бўламиз.

Гулнора ШЕРМАТОВА,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 11 =