80 дақиқа сабоқлари

Нуфузли олий таълим даргоҳининг биринчи босқич талабаларига ўтилган дарсларда кузатилган воқеалардан айрим лавҳалар:

Дарсни бошлаш учун аниқ белгиланган вақтда ўқув хонасига ўқитувчи кириб келди, унга эътибор қаратган айрим талабаларнинг “Ҳурмат, ҳурмат!” деган огоҳлантиришидан кейин жўровозликда “Ассалому алайкум” янгради. Аммо муаллимнинг “Ва алайкум ассалом”и сонияларда бўлиниб, яна аввалги маромда давом этган гап-сўз, кулги, шатир-шутурларига кўмилиб кетди. Ўқитувчи китоб-дафтарларини столга қўйиб, ҳамма талабаларга кўринадиган ўрталиқда туриб яна бир марта “Ассалому алайкум!” деди. Лекин бу салом энди қай бирлари уч-тўртта бўлиб қизғин гаплашаётган, қайсилари устки кийимини шошилмай ечаётган, қай бири ҳалиям жой излаб юрган, бемалол телефонда гаплашаётган ёки шеригига телефондан ниманидир завқ билан кўрсатаётган… талабаларнинг боғча болалариникига қараганда ҳар жиҳатдан анча салмоқли шовқинлари “тўлқинларига чўкди”.

– Дарс бошлаймиз, – деди ўқитувчи, овозини баландроқ қилиб яна такрорлади. – Дарс бошланди!

Унда-бунда устозни ва хонадаги ҳолатни хижолатчилик билан кузатиб турган қизларнинг ён-веридаги ҳамкурсларини туртиб, орқа-олдиларига аланглаб “Жим!” деб имо қилишларини ҳисобга олмаганда, аксарият толиби илмларнинг ҳали-бери дарсга диққатларини жамлаши, бирор янги илм ўрганишга эҳтиёжи уйғонмаслиги шундоқ кўриниб турарди.

– Уйда, ота-оналаринг олдида ҳам шунақа ҳеч кимга эътибор бермай кўп гапирасизларми? – овозини кўтарди муаллим. – Менинг бу гапларимни иззатталаблик деб ўйламанг. Сизлар, бўлғуси ўқитувчилар бундай одоб қоидаларини яхши билишларинг, унга аввало ўзларинг амал қилишларинг керак. Уйларингга катта одам келса ҳам…

Бу гаплардан кимларнинг қарашу ҳолатларида ўзгариш бўлгандай, кимлар оғриниб қаради, яна кимлар парвоям қилмади. Шунга ўхшаш гаплар билан ўқитувчи хонада ўзининг вазифасини бажаришга озгина муҳит яратгандек бўлди. Аммо бошини пасайтириб олишиб шивирлашаётганлар, телефонига очиқ-ойдин ёки кўз қири билан қараб ўтирганлар, оғзини беркитишниям билмай эснаётганлар худди қаршингдаги катта экранда йирик планларда акс этаётган ўта жонли видеотасвирлар каби эди… Дарс учун ажратилган қимматли вақт ўтиб борарди.

– Ҳали анча талаба келмабди, шекилли?..

– Устоз, менинг дугонам йўлда, ҳозир телефон қилди…

– Фалончиева…

– Ҳозир ётоқхонадан чиқяпти экан…

Шу пайт эшикдан қатор талабалар кўринишди:

– Мумкинми?

– Келинг, тез жойингизга ўтиринг. Бундан кейин кеч қолманг!

– Раҳмат, устоз, – деди кечикувчилардан бири, ўрнашиб олгунча йўл-йўлакай кимлар билан қўл бериб, кимлар билан ишора билан кўришди-саломлашди, ҳамманинг диққати уларда.

Муаллим давом этди:

– Бугунги янги дарсимиз жуда қизиқарли, аҳамиятли. Шунинг учун…

Эшикда яна талаба кўринди:

– Мумкинми?

– Нега кечикдингиз?

– Узоқдан келаман, йўллар пробка.

– Бу янгилик эмас, эртароқ чиқиш керак. Киринг, тез-тез жойлашинг… – бу гапи тугар-тугамас ташқаридан яна икки қиз тизилди:

– Мумкинми, устоз?

– Келинглар, келинглар, тезда ўтиринг! – муаллим соатига қараб, эшикни ёпиб қўйди. – Дарс вақтидан қарийб йигирма дақиқа ўтиб бор­япти.

Ўқитувчи дарс мавзуини эълон қилиб, унга оид тайёрлаб келган слайдини доскага туширгач, катта хонанинг тўрт томонига диққат билан разм солди:

– Орқадагилар, гавдангизни кўтаринг… Сақич чайнамаймиз… Нима демоқчисиз?

– Рухсат беринг, ташқарига чиқиб келай!

– Ўзи ҳозир ташқаридан келдик-ку! Нима ишингиз бор?

– Чиқиб келай! Уйдан телефон қилишяпти!

– Ҳозир дарс пайти-ку, уйингиздагилар билишмайдими?

– Чиқиб келай! – талаба ўрнидан туриб юра бошлади.

– Ўтиринг, танаффус пайтида гаплашасиз! Диққатни жамлаймиз, мана, кўриб турганингиздек, янги дарсимиз…

Эшик тақиллади, лаҳза ўтмай яна тақиллади, очилди:

– Мумкинми?

– Йўқ, мумкин эмас. Ярим соат кеч келдингиз. Қолаверса, бу учинчи марта кечикишингиз…

– Дарсни эшитишимга рухсат беринг, домла!

Тўғриси, устоз ва талабаларнинг бугунги мулоқот жараёнидаги энг мардона, муаллимнинг қиёфаси бирдан ўзгариб, жилмайишига сабаб бўлган гап  – буйруқ оҳангида айтилган мана шу талаб эди.

– Ўтиринг…

Хуллас, қолган қисмида ҳам муаллим кимларнидир сўзсиз тикилиш билан огоҳлантириб, талаба қўлидаги телефонни четга олиб қўйиб, “ухламаймиз”, деб мудраганга танбеҳ бериб ўтган саксон дақиқалик дарс муқаддимасининг қисқа баёни  – юқоридагилар.

Азиз ўқувчи, айни тафсилотларни ўқиш ҳам кўпчилигингизнинг тоқатингизни тоқ қилган бўлиши тайин. Энди… холис айтадиган бўлсак, шу соҳа ичида юрганлардан жуда кўпчилиги билан яқиндан, кўнгилдан гаплашганимда маълум бўлдики, вақти ғанимат одамларга тафсилотини ўқиш ҳам бирмунча малоллик келтирадиган юқоридаги каби воқеалар олий таълим даргоҳларининг жуда кўп профессор-домлалари, ўқитувчилари учун янгилик эмас, баъзиларининг ўқув хоналаридаги фаолияти шундай жараёнларда кечмоқда.

ЎзЖОКУ ректори, сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор Шерзодхон Қудратхўжанинг тарбияси издан чиққан, адашган ёшларнинг бундай ҳолатга тушиб қолиши, жамиятимизда ва ҳатто юртимиздан ташқарида халқимиз, Ўзбекистонимиз шаънига номуносиб хатти-ҳаракатлар, ножўя ишлар қилгани учун уларнинг ота-онаси ҳам жавоб бериши кераклиги ҳақидаги ижтимоий тармоқлар орқали билдирган фикрини маъқуллаганлар оз эмас. Шу билан бирга, “ота-оналарга тил теккизмаслик” тўғрисида қатъий писанда қилганлар ҳам топилади.

Назаримизда, Шерзодхон Қудратхўжа ҳақ. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган гап бежиз айтилмаган. Биринчи навбатда тарбия, одоб-ахлоқ, имон, эътиқод сингари фазилатлар оилада шаклланади. Боғча ҳам, мактаб ҳам, олий таълим маскани ҳам оилада Худо урган бўлса, ҳеч нарса қила олмайди.

Энди юқоридаги ҳолатларга қайтамиз. Олий таълим даргоҳининг биринчи курс талабалари, асосан, мактабни янги битирганлар ва ўқишга икки-уч йил ҳаракат билан кирган ёшлар бўлади. Демак, улар 18–20 ёшлардаги камолга етган(!) ва яна эътиборли томони, юзлаб рақобатчини билими билан енгиб талаба бўлган йигит ва қизлар. Улар ўзи ва ўзгаларни ҳурмат қилишни, вақт ва билимнинг қадрини, жамоат орасида ўзини қандай тутишни билиши шарт! Зеро, ҳамма замонларда аксарият талабалар айни мана шу ҳаётий моҳияту аҳамиятларни теран англаганлар қатламидан саналганлар. Бундай англаш даражасига кўтарилиш жараёни, аввало, оилада ота-она тарбиясидан: уларнинг тушунтиришлари, ибратлари, жиддий шуғулланишлари, такрорлашлари, талаб қилишлари, рағбатлантиришлари, зарур ўринларда огоҳлантиришу танбеҳ беришларидан бошланади, такомиллашиб боради. Чунки оиладагина шу ишларни амалга ошириш учун вақт, макон, маънавий  муҳит етарли бўлиши мумкин. Қолаверса, айни тарбиянинг ширин мевалари биринчи навбатда оилада “етилади”, биринчи навбатда оила аъзоларини баҳраманд этади. “Бахт оиладан бошланади”, оилаларнинг томчи-томчи бахтлари йиғилиб халқ бахту саодати даражасини белгилайди.

Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, мақола аввалида баён этилган ҳолатларнинг сабабларию оқибатлари ҳақида жамиятимизнинг барча аъзолари жиддий ўйлаб кўришимиз, фарзандларимиз феълу атвори, хатти-ҳаракати, атрофдагиларга муносабати, вақтдан нималарни “кесиб” олаётгани призмасида ота-оналик масъулиятига қандай ёндашаётганимизни таҳлил этиб хулосалар чиқаришимиз энг долзарб масалалардан бири эмасми? Шахсий мулоҳазалар шахсий-да! Келинг, биргалашиб ўйлаб, холис фикрларимизни ўртага ташлаб, кейинги қадамларимиз ҳақида ўйлаб кўрайлик.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + 5 =