Ўзимиз айбдор…

Дунёда тараққий этган давлатларда фан-техника ривожи, ижтимоий тартиб-қоидалар, аҳоли саломатлиги ва фаровонлиги такомиллашиб бориши билан бир қаторда миллий тилнинг мамлакат ҳудудидаги амал қилиш даражасига катта эътибор қаратилган. Бизда ҳам айни мана шундай йўл тутишимизга эҳтиёж бор. Афсуски, биз тилимизни, имломизни на сўзлашувда, на ёзишда ҳурмат қилишни жойига қўя олаяпмиз. Ҳатто боғчалардан тортиб, мактаблар, олий таълим муассасаларида сўзлашувдаги “кўча сўзлари” ҳеч бир монеликсиз ишлатилади. Юртимизга келган сайёҳлар кўчаларимиздаги пешлавҳалардаги ажнабий ёзувлардан, пала-партиш ва хато ёзилган матнлардан ҳайратда бўлсалар, ажаб эмас!

Шундай экан, она тилимизга ҳурмат билан қараш, уни эъзозлаш, аввало, ўзимиздан бошланиши керак. Ана шундагина бошқалар ҳам ўзбек тилига, давлат тилига муносабатларини ўзгартиришган  бўлишармиди?

Тунов куни  “Юксалиш” ҳаракати қабулхонасига қўнғироқ қилдик. Ассалому алайкум, деган саломимизга у ерда гўшакни кўтарган қиз:

— Алло, здравствуйте, — деб жавоб берди.

— Кечирасиз, ўзбекча сўзлаша оласизми? – дедик. У:

— Ҳа, бемалол, — деб жавоб қайтарди.

Қаранг, ўзбек қизи экан. Лекин ҳатто саломлашишда ҳам хорижий тилда мулоқотга киришишга ўрганиб қолишган.

“Юксалиш” ҳаракатининг қабулхонасида тилга, давлат тилига муносабат шундай бўлгач, биз на қилайлик?!

Сўнгра: “Она тилимизга муносабат бошқа жойларда қандай экан?” деб яна бир қанча идораларга қўнғироқ қилиб кўрдик.

Фуқаролар энг кўп мурожаат қиладиган, ҳамма ҳам боғланиб сўзлашиши мумкин бўлган соҳа сифатида банк соҳасини танладик. Миллий банк матбуот хизмати билан боғлансак, у ерда ҳам бизнинг ўзбекча саломимизга:

— Здравствуйте, — деб жавоб қайтаришди…

Бу бир банк, эҳтимол, гўшакни ҳали ўзбек тилини билмайдиган бирор янги ходим кўтаргандир дея яхши гумонда бўлдик. Лекин банк номида “Миллий” атамаси борлигини ўйласак…

Шундан кейин Давлат хизматлари маркази, Марказий банк каби бир қанча идораларга ҳам сим қоқиб кўрдик. Уларда ҳам  шу аҳвол: салом-алик рус тилида бошланди…

Аҳволимиз… Аслида бу нарсаларга ўзимиз айбдормиз.

Юртимизда давлат тили ўзбек тили эканлиги қонун йўли билан белгилаб қўйилган. Аммо биз кўп миллатли ва бағрикенг халқмиз. Шу боис бошқа тилларда, жумладан, “рус тилида гапириш, сўзлашиш, саломлашиш мумкин эмас” деган фикрни илгари сурмоқчи эмасмиз. Лекин давлат идораларида ҳеч бўлмаганда оддий саломлашиш маданиятини, аввало, ўзбек тилида, давлат тилида кенгроқ қўллай билишимиз жоиз демоқчимиз, холос. Ахир юртимиз ­Ўзбекистон дея аталур!

Қўйингки, “Ассалому алайкум, эшитаман сизни”, дегандан сўнг, мурожаатга қараб, бошқа тилда ҳам салом берилса, ҳар томонлама тўғри бўлмайдими?

Ўйлаб кўринг, нима учун одамлар қайси юртга боришса, аввало, ўша ернинг 4-5 та энг муҳим сўзларини ўрганиб олишади? Жумладан, саломлашишни. Бизда эса 40-50 йилдан буён шу юртнинг нони-тузини еб, ҳавосидан баҳраманд бўлиб яшаётганларнинг баъзилари ҳатто биргина “Ассалому алайкум” дейилса, “Ва алайкум ассалом” деб алик олишга оғринади. Шу ҳам инсофданми?!

“Hurriyat” давлат тилига оид қонун, қарор ва бошқа ҳужжатлар ижроси ҳолати юзасидан шу каби ижтимоий ўрганишларни келгусида яна давом эттиради.

Гулнора ШЕРМАТОВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + fifteen =