Достоевский уй қуриб берган адиб

Кунларнинг бирида қамашилик адиб Темирпўлат Тиллаев дабдурустдан деди:
— Биласизми, мен Достоевскийдан қарздорман, ўша буюк инсон менга катта ёрдам берган.
— Қанақа ёрдам? — қизиқиб сўрадим.
— Фёдор бобо менга уй қуриб берган, — деди укамиз жилмайиб.
Мен ҳайрон бўлдим. Ахир у айтаётган ўрис ёзувчи аллақачон оламдан ўтиб кетган бўлса…
Менинг ҳайрон қолганимни кўрган суҳбатдошим кулди ва оҳиста сўзлай бошлади:
— Аслида, мени адабиёт оламига етаклаган учта одам бўлган. Биринчиси пахта бригадасида ишлайдиган Неъмат ака, иккинчиси Чингиз Айтматов ва учинчиси Фёдор Достоевский.
…Ўшанда еттинчи синфда ўқирдим…
Кунларнинг бирида Неъмат ака уйимизга келиб мендан сўради:
— Хўш, оғайни, ўқишларинг яхшими, айт-чи, қандай китобларни ўқияпсан?
Мен халқ достонларини “битта қолдирмай” ўқиганимни айтиб, “мақтанган” бўлдим.
— Яхши, яхши… Айт-чи, Чингиз Айтматов деган ёзувчини эшитганмисан?
— Йўқ…
— Аттанг, аттанг, — деди Неъмат ака бошини сарак-сарак қилиб, — майли, ҳали ҳам кеч эмас, бўлмаса, мана бу китоб сенга, — дея қўйнидан қора муқовали китобни чиқариб менга узатди. — Ҳеч кимга бермасдан, фақат ўзинг ўқи…
Меҳмон кетгач, китобни ўқишга киришдим…
Бу машҳур қирғиз ёзувчисини дунёга танитган “Жамила” қиссаси эди.
Китобни эртасига ўқиб тугатдим ва ғалати ҳолга тушдим. Асардаги воқеалар худди ўзимизнинг ён-атрофимизда содир бўлгандек туюлди менга. Мен китобни қайта ва қайта яна ўқиб чиқдим ва машҳур француз адиби Луи Арагоннинг: “…Виен, Гюго ва Бодлерлар маскани бўлган Парижда, қироллар ва инқилоблар маскани бўлган Парижда, ҳар бир тоши бирор тарих ёки афсонадан шаҳодат берадиган кўп асрлик рассомлар маскани Парижда, бошидан кўп савдоларни кечирган, кўп нарсаларни кўрган ва билган шу Парижда “Жамила”ни ўқидим-у, ногаҳон “Вертер” ҳам, “Бероника” ҳам, “Антоний ва Клеопатра” ҳам, “Манон Леско” ҳам, “Севги тарбияси” ҳам, “Доминика” ҳам — ҳамма-ҳаммаси кўзимга илинмай қолди. Ромео ва Жульетта ҳам, Паоло ва Франческа ҳам, Эрнани ва Доля Сол ҳам кўзимга илинмай қолди… Чунки мен энг тоза туйғуларни ўзимга сингдира бошладим. Чунки мен машҳур гўзал севги қиссаси — “Жамила”ни ўқиган эдим”, деган таърифини, тўғриси, мен у пайтларда билмасдим.
Лекин кейинчалик улуғ фаранг ёзувчисининг бу ҳаққоний эътирофини ўқиганимда, ҳафта ва ойлар давомида бу қуйма фикрлар таъсирида юрганимни ҳозир ҳам бот-бот эслайман.
* * *
Йиллар ўтиб, Чингиз Айтматовнинг деярли барча китобларини топиб мутолаа қилдим. Ўқиганларим таъсирида алланималарни ёзар, лекин ёзганларимни бировларга кўрсатишга уялардим.
Мактабни тугатиб, Қарши давлат педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетига ўқишга кирдим. Аълочи, жамоатчи талаба бўлдим. Оилада ёлғиз ўғил бўлганим учунми, шовқин-суронни унчалик хушламасдим, гарчи ётоқхонадан жой беришган бўлса ҳам, беш йил Нина деган рус аёлининг уйида ижарада турдим. Ҳеч ким халал бермаганидан бўлса керак, овунчим, ўқиганим китоб бўлди.
Ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романи илк бор Иброҳим Ғафуров томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилди. Мен романни ўқиб, бетакрор истеъдод соҳиби асарларининг ашаддий мухлисига айлангандим ва ўзим учун янги дунёни кашф этдим.
Қишлоқдаги мактабда ишлаб юрган кезларимда Қарши шаҳрида яшовчи адиб Самар Нуровнинг хонадонига ҳажвчи Турсунбой Боймиров билан тез-тез бориб турардик.
Гурунгимиз айланиб, албатта, Достоевскийга келиб қолар, чунки Самар ака ҳам бу ёзувчини айрича бир муҳаббат билан тилга оларди.
Бир куни Самар ака Достоевский ижодидаги психоанализ услубининг мураккаблиги ҳақида гапирар экан, ёзувчини: “У дунё адабиётининг Эйнштейни!” — деди.
Мен устознинг гапини давом эттирдим:
— Устоз, Достоевский беназир сўз санъаткори ҳам. Мана бир мисол: Мармеладов билан Раскольниковнинг биринчи учрашувини шундай тасвирлаганки, мен шу саҳифаларни ўқиётганимда насронийларнинг “Инжил”даги оҳангларини эшитгандай бўламан!
Самар ака менга беихтиёр ажабланиб боқди ва дилидаги иштибоҳ тилига кўчди:
— Йўғаай?!
Устознинг бу ажабланишидан ҳаволаниб, романнинг шу саҳнасини ёддан ўқий бошладим:
— “Қайғу, қайғу изладим мен унинг тагидан, ҳасрат ва кўз ёшлари изладим, тотиндим ва топдим; бизни эса барчани раҳмдил назари билан кузатувчи ва барчани ва ҳамда барча нарсани англагувчи Раҳмон ўз раҳматидан баҳраманд этажакдир; ёлғиз унинг Ўзи ҳакам ва ҳукм қилгувчидир”.
Самар ака узоқ ўйга толди. Орага гўзал бир жимлик чўкди. Ҳаммамиз улуғ ёзувчининг эмас, Сўзнинг улуғвор қудратидан ҳаяжонда эдик…
— Ҳа, дунё Сўздан яралгани рост! — деди Самар ака сокинликни бузиб.
Орадан олти ойлар ўтиб, Турсунбой ака билан яна Самар аканикига бордик.
Ўшанда Самар аканинг менга айтган бир гапи ҳеч ёдимдан чиқмайди.
— Темирпўлат, сизлар кетгач, Иброҳимжон таржима қилган “Жиноят ва жазо”ни топтириб, қайта ўқиб чиқдим. Ўўўў, Достоевскийни қайта кашф этдим… У ёзувчи эмас, авлиё, сеҳргар, мутафаккир, буюк башоратгўй экан!
Мен унинг йигирма томлигини рус тилида ўқиганман. Ўқиганман-у, дунё адабиётининг ҳайбатли бир ёзувчиси сифатида англаганман.
Лекин Иброҳим Ғафуров уни шунчалар маҳорат ва ҳарорат билан ўгирганки, буни ҳасратларга тўла мунгли қўшиқ дейсан. Бундай асарларни ўз она тилингда албатта ўқиш керак экан, деган хулосага келдим. Она тилининг жозибаси, гўзаллиги, кучи, қудрати — она сути, она меҳри билан танга ўрнашар экан-да!..
Устоз Самар аканинг бу эътирофи ҳақида ҳали-ҳамон кўп ўйлайман…
* * *
Бир куни танишларимдан бири ғалати гапни айтди. Шу Достоевскийнинг асарлари номлари ҳам одамни титроққа солиб, қўрқув, ваҳима уйғотади. Ишонмайсизми, мана қаранг: “Ўлик хонадондан мактублар”, “Телба”, “Жинлар”, “Жиноят ва жазо”, “Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар”, “Қиморбоз”. Ёзувчининг китобларини ўқиш жуда оғир, одамни эзиб, эзғилаб ташлайди. Менимча, бунинг сабаби бундай даҳшатли воқеаларни ёзувчи ўзининг бошидан кечирган ва юракдан ҳис қилгани бўлса кераг-ов… Ҳар қалай, бу гап ҳам буюк ёзувчининг муаззам адабий олами остонасидаги эътирофга лойиқ ҳадик ва хавотир. Лекин ана шу ҳадик ва хавотир адиб асарларини ўқиб, таҳлил қилиб, мулоҳаза ва мунозара этиб англанса, тугал ва мукаммал билимга айланади. Бу билим қизиқувчиларни сизнинг рўпарангизда тўплайди.
Ўқишни имтиёзли диплом билан битириб, ўзим ўқиган мактабга ишга кирдим. Ёш эдим, ўзимча катта даъволар билан юрардим. Кўнглимдаги ҳовурни босиш учун мактабда “Замонавий суҳбат” номли адабиёт тўгараги очдим. Билганим, ўқиганим ва ҳатто ўзимча ҳис қилганларимни ҳам ўқувчиларга айтар ва улардан ҳам қаттиққўллик билан кўп нарсаларни талаб қилардим.
Ўқувчиларимга Айтматов, Достоевский, Маркес, Камю, Ницше, Борхес, Кафка, Картасар, Акутагава, Абэ асарлари ҳақида гапирганимда, болаларнинг кўзлари ёниб, ўзгача ҳайрат оғушида мени тинглашарди.
Тўгарагимнинг овози тезда бутун қишлоққа тарқалди. Қўшни мактаблардан ҳам болалар кела бошлади.
Бир куни туманимиз ижодкорлари билан мактабимизда учрашув ўтказдик. Шунда денг, Насиба Каримова деган ўқувчим уларни ҳайратлантириб, шундай савол берди:
— Франц Кафканинг “Эврилиш” асарида инсон нима учун ҳашаротга айланиб қолади?
Меҳмонлар ҳайрон бўлиб қолишди. Чекка қишлоқ мактабидаги кичкинагина ўқувчи қиз, кимсан, Кафкадан гапириб ётибди, дейишган бўлса керак-да…
Даврада туйқус содир бўлган бу ноқулайликни қаламкашлардан бири юмор билан юмшатмоқчи бўлди:
— Бизлар Кафканиям, шапканиям билмаймиз, ўқиганимизам йўқ, буни устозларинг Темирпўлатдан сўрайсизлар! — деди.
Шунда Насиба дадил ўрнидан туриб, ўзининг саволига ўзи жавоб бера қолди:
— Чунки тирикчиликнинг, тузумнинг бемаъни ташвишлари Грегор Замзани ҳашаротга айлантиради!
* * *
Меҳнатларим ўзининг самарасини берди. Мактабда дунё адабиётининг ҳақиқий мухлислари пайдо бўлди. Улар Бахтиёр Ҳазратқулов, Тошбуви Эргашева, Замира Чориева, Насиба Жонузоқова, Наргис Очилова, Фазилат Нормуродова, Юлдуз Ҳакимова, Жўра Тиллаев, Акбар Жонузоқов, Фароғат Худойқулова, Юнус Бўронов ва бошқалар эди. Буни қаранг, йиллар ўтиб, бу шогирдларимнинг кўпчилиги адабиёт фани муаллими, баъзилари эса таниқли ижодкорлар бўлиб етишди.
Кунларнинг бирида эски уйимизни бузиб, янги иморат қилишга аҳд қилдим ва ёзда уйни буздим. Деворларни ағдариб бўлгач, мени ваҳима босди. Чунки иморат тиклашдек машаққатли ишни бажариб кўрмаган эдим-да… Шунда, адабиёт тўгарагидаги Достоевский ижодининг ашаддий мухлисларига айланган шогирдларим, мен чақирмаган бўлсам ҳам, ёнимда туришди. Ҳашар давомида мен уларнинг сонсиз-саноқсиз саволларига жавоб берар, улар эса қўлларига кетмонни олиб лой қоришар, пахса девор уришарди. Ёшлар учун Достоевскийнинг ҳар бир асари ҳали очилмаган қутб эди. Мен эса барча билганларимни уларга беришга интилардим. Қолаверса, шу баҳона ўзим ҳам қайта-қайта улуғ даҳонинг китобларини ўқидим. Буни қаранг, тўрт ҳафта деганда иморатнинг девори тикланди. Мардикор-усталарга бериладиган ҳақ эса чўнтагимда қолди. Агар Фёдор бобо бўлмаганида, уйим бунчалик тез битмас эди. Камина эса тежалган пулга ўша замонда урф бўлган “Москвич” машинасини олгандим… Айтинг, бунинг учун кимдан миннатдор бўлиши керак эди? Албатта, улуғ адиб Достоевскийдан-да…
Келинг, энди сизни суҳбатдошим бўлган адиб Темирпўлат Тиллаев ва унинг ижоди билан озгина таништирайин. Унинг шу кунгача ёзган асарлари ҳув ўша мактабда ўқитувчилик қилган, тўгарак очган йилларда, яъни 1980-90 йиллар оралиғида ёзилган. Кейинги ўттиз беш йил давомида Темирпўлат Тиллаев пешонаси терлаб бирор нарса ёзмади. Аслида, бунинг ўзи алоҳида бир мавзу…
Хуллас, достоевскийшунос адибимиз қишлоғида ўқитувчилик қилган ўн йил ичида бешта қисса ва иккита роман ёзди.
Ана шу бешта қиссаси “Ворис”, “Паймона”, “Турналар оҳи”, “Басират туни” ва “Ўлим ўпқони” мамлакатимизнинг таниқли “Академнашр” нашриётида “Ўлим ўпқони” номи билан икки марта чоп этилган бўлса, “Адабиёт” нашриётида эса “Турналар оҳи” номи билан нашр этилди.
Шунингдек, ёзилганига ўттиз олти йил бўлган “Қуёш сояси” романи нашр этилиш арафасида. Бугун ижодкор битмай қолган “Дарвоза” номли романи устида ишламоқда.
Дарвоқе, бир пайтлар машҳур адиб Одил Ёқубов назарига тушиб, йигирма саккиз ёшида собиқ Иттифоқ Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабул қилинган ва асарлари ҳақида Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг “Шафқатсиз реализм билан ёзилган омонсиз воқеаларга дуч келдим” деган эътирофини олган адиб, бу йил баҳорда олтмиш беш ёшни қаршилайди.
Биз ижодкорга, аввало, узоқ умр ва жўшқин илҳом дақиқалари доимо ҳамроҳ бўлишини тилаймиз.
Ўролбой ҚОБИЛ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси.