Сурхондарёга келиш учун 10 та сабаб

Азалдан буюк алломалар, бахшилар, полвонлар юрти сифатида ном қозонган Сурхон диёри айни пайтда мамлакатимиз ва хорижлик сайёҳлар кўп келадиган масканлардан бирига айланган. Воҳанинг тарихий археологик ёдгорликлари, меъморий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, хушманзара табиати, бетакрор қадрият ва анъаналари кишини оҳанрабодек ўзига тортади. Сизнинг ҳам Сурхондарёга йўлингиз тушса, бу манзилларни кўрмай қайтманг, деган мақсадда уларнинг айримлари ҳақида сўз юритамиз.
- Тешиктош ғори
Бойсунтоғдаги Зовталашсой дарасида жойлашган ушбу ғор бундан 100-40 минг йил аввал яшаб ўтган палеолит даврига мансуб қадимги одам маконидир. Ғор денгиз сатҳидан 1500-1600 метр баландликда жойлашган бўлиб, бўйи 7, эни 20, узунлиги эса 21 метрни ташкил этади. Ғордан 8-9 ёшли неандертал боланинг тана ва бош суяклари, қадимги ҳайвонларнинг қолдиқлари, яқин-атрофдан тош асрига тегишли меҳнат қуроллари топилган. Бу нодир топилма Осиёда аниқланган неандертал одамнинг илк қолдиқлари, осиёлик неандерталнинг сақланиб қолган ягона бош суяги ҳисобланади. Неандертал боланинг бош суяги асосида тикланган қиёфасини Термиз археология музейида кўриш мумкин.
- Зараутсой қоятош суратлари
Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимги, ибтидоий санъатнинг ноёб ёдгорлиги бўлган ушбу қоятош суратлари Шеробод туманининг Зараутсой дарасидаги Зарауткамар ғорида тошларга ишланган. Мезолит, неолит ва кейинги даврларга мансуб 200 дан ортиқ бу суратларда одамларнинг ўқ-ёй, найза, ўроқсимон қуроллар ва итлар ёрдамида турли ҳайвонларни ов қилиш манзараси жигарранг ва кулранг кўринишда ўзига хос ҳаётий қилиб тасвирланган. Расмларнинг қадимийлари камар шифтини, кейинги даврда чизилган суратлар камар деворининг пастки қисмларини эгаллайди. Бу ердан ўрта асрларга оид арабча “Муҳаммад” деган ёзувлар ҳам топилган.
- Омонхона булоғи ва ғори
Бойсун туманининг табиати сўлим Омонхона қишлоғи замини тоба, яъни йирик ясси тошлар билан қопланган. Ана шу қаттиқ жисмни ёриб кўз очган булоқ суви турли фойдали минерал моддаларга бойлиги билан дунёга машҳур шифобахш маъданли сувлардан афзал эканлиги тан олинган. Сув киши танасидаги ўтни суриш, уни суюлтириш, пешобни ҳайдаш, қабзиятни бўшатиш, қон босимини пасайтириш каби турли хасталикларни даволашга ижобий таъсир этади. Омонхона сувини истеъмол қилган кишида ошқозон-ичак, сариқ ва жигар циррози сингари ўткир юқумли касалликлар учрамайди.
Бу ерда Омонхона ғори ҳам мавжуд бўлиб, унинг баландлиги 3,5 метр, умумий майдони 60 квадрат метрни ташкил этади. Саратоннинг чилласида ғор ичидаги ҳарорат 5-6 даража минус, қишда эса 20-22 даража илиқ бўлиб туради. Омонхона қишлоғида бальнеологик даволаш маскани бунёд этилган.
- Сангардак шаршараси
Сангардак — Ўзбекистоннинг энг баланд шаршараларидан бири, табиатнинг ноёб дурдонасидир. Сариосиё туманининг Сангардак қишлоғида жойлашган бу шаршара тоғнинг 150 метрдан ортиқ баландликдаги қисмидан отилиб тушади. Шаршара булоқ сувларидан ҳосил бўлиб, булоқлар сувни қоялар ичида жойлашган кўлдан олади. Булоқ сувлари тоғ ёнбағирларидаги турли гиёҳ илдизларини ювиб чиқаётгани боис инсон вужудини тетиклаштирувчи фойдали хусусиятларга эга. Шаршаранинг товуши ўзига хос “шаршара-терапия” — асабни тинчлантириб, юракка қувват беради.
Шаршаранинг ўнг томонида, ундан 200 метр баландликда маҳаллий аҳоли томонидан “Жавзо суви” деб аталадиган ғаройиб булоқ ҳам бор. Қизиғи шундаки, бир йилда бир марта фақат жавзо (май) ойида тоғ бағридаги булоқдан сув оқа бошлайди. Ушбу ой тугаши билан тоғ бағридан оқаётган сув ҳам тўхтайди. Кишиларни ҳайратга соладиган бу ғаройиб жумбоқ ҳалигача илмий асосда ўрганилмаган.
- Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбараси
Термиз туманида, Амударё бўйида жойлашган ушбу мақбара IX асрларда яшаб ўтган ҳакимийлик тариқатининг асосчиси, машҳур муҳаддис ва тасаввуф шайхларидан бири, 400 дан ортиқ диний-фалсафий асарлар муаллифи Ал-Ҳаким ат-Термизий қабри устида қурилган. Ўзида масжид, мақбара, хонақо ва сағанани бирлаштирган мажмуа X-XV асрларга оид бўлиб, у қорахоний ҳукмдор Абу Музаффар Аҳмад Тегин, Амир Темур ҳамда темурий шаҳзодалар Шоҳруҳ Мирзо ва Халил Султон ҳукмронлиги даврида бунёд этилган.
Мақбаранинг чап томонида V-X асрларга оид бир нечта чиллахона мавжуд. Ушбу чиллахоналарнинг чуқурлиги 15 метргача етади. Бу ердан қадимдан касалларни даволаш хонаси сифатида фойдаланиб келинган. Негаки, жанубнинг қайноқ жазирамасида ҳам ушбу ғорсимон уйчаларда ҳаво салқин, қаҳратонда эса илиқ бўлган. Баъзи манбаларга кўра, бундай ғорсимон уйчаларда жазирама кунларда гўшт маҳсулотлари сақланган ва у совиткич вазифасини ўтаб берган.
- Султон Саодат мажмуаси
Термиз туманида жойлашган ушбу мажмуа 20 га яқин мақбарадан иборат. Дастлабки мақбара пайғамбаримиз авлоди, шу атрофдаги ерлар эгаси, Термиз саййидларининг султони Ҳасан ал-Амир қабри устига бунёд этилган. Манбаларда ёзилишича, IX асрда яшаган Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан дастлаб Самарқандга кўчиб келган. Бу ерда ўн бир йил яшаб, Балхга кўчган. Ундан Термизга келиб, яшаб қолган. Вафот этгач, шу ерда дафн этилган. XI-XVII асрлар мобайнида ушбу мўътабар зотнинг авлодлари учун ҳам бу ерда маҳобатли мақбаралар қурилган. Мақбараларнинг энг қадимгиси сомонийлар даврида, асосий қисми Амир Темур томонидан қурилган. Мақбараларда 170 тагача қабр бор.
- Жарқўрғон минораси
Жарқўрғон туманидаги ХII асрга оид ушбу минора Салжуқийлар ҳукмдори Султон Санжарнинг буйруғи билан 1109 йилда меъмор Али ибн Муҳаммад Сарахсий томонидан қурилган. Миноранинг баландлиги ҳозирда 21,6 метр, аммо қурилиш вақтида у 54 метр бўлган. Минорага қараб, унинг безакларидан кўзингизни узолмайсиз. Ғиштларнинг маҳорат билан арча нақшида терилганлиги тўқилганлик эффектини яратади. Миноранинг остида турганингизда, ғиштларнинг терилгани ғишт эмас, балки мато каби кўринади. Минора ичкарисида айланали зинапоялар бўлиб, улар ёрдамида гумбазсимон муаззинхонага кўтарилиш мумкин бўлган. Аммо ҳозирда унинг тепа қисми сақланмаган. 1879 йилда минора яқинида пишиқ ғиштдан қурилган қадимий масжиднинг харобалари топилган.
- Сайроб чинорлари
Бойсун туманининг Сайроб қишлоғидаги қарийб минг йиллик бу икки туп чинорнинг бўйи 26 метр, диаметри 21 метр, танасининг баландлиги бўйича ўлчами 9,7 метрни ташкил этади. Ковагининг баландлиги етти метрга тенг. Тўғри учбурчак шаклидаги ковак оғзи меҳробли эшикни эслатади.
Тарихнинг турли талатўпларини бошдан ўтказган чинор коваги ўтган аср бошларида эски мактаб сифатида хизмат қилиб, шу ерликларнинг саводини чиқарган. Октябрь тўнтаришидан сўнг қишлоқ кенгаши идорасига айлантирилган. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида биринчи отлиқ аскарлар полкининг лагерь кутубхонаси, савдо дўкони сифатида фаолият юритган. Айни пайтда ноёб тарихий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олинган чинорлар коваклари мўъжазгина музейга айлантирилган. Чинорлар ёнидаги қора тусли балиқлар сузиб юрадиган шифобахш булоқ суви қандли диабет хасталигини даволаш хусусиятига эга.
- “Хўжаикон” туз ғори
Шеробод туманида жойлашган туз ғорининг узунлиги 200 метрни ташкил этади. Ғор деворлари 1-3 сантиметргача туз қатлами билан қопланган. Бу ерда ҳарорати, намлиги, босими ва микроиқлими бир-биридан фарқ қиладиган кенг ва шинам хона-камералар мавжуд. Ғорнинг ички узун йўлакчасида туз эритмали шифобахш сув бор. Ғордаги муҳит нафас йўлларининг аллергик касалликлари, зоб-бўқоқ, ўткир ва сурункали бронхит, астма, сурункали ларингит, ринит, поллиноз, зотилжам, пневмония асоратлари, ўпканинг шамоллаши, асаб системаси ва тери касалликларини самарали даволайди.
“Хўжаикон” туз ғоридан ташқари бу ҳудудда маҳаллий аҳоли “Буйраксув” деб атайдиган иккита ер ости суви ҳам бор. Кенг адирликда сизиб чиқадиган бу шифобахш сув буйракдаги тошларни майдалаб, беозор тушириб юбориш хусусиятига эга.
- Термиз археология музейи
Термиз археология музейи Ўрта Осиёдаги ягона археологияга ихтисослаштирилган музей ҳисобланади. Музей 27 мингдан ортиқ экспонат билан фаолият бошлаган. Айни пайтда бу ерда Ватанимизнинг милоддан аввалги юз минг йиллик ўтмишидан бошлаб бугунги кунга қадар бўлган ҳаёти кенг ёритилган қарийб 116 мингга яқин ноёб топилма ва осори-атиқалар сақланмоқда. Уларнинг 84 мингдан ортиғи археологияга, 32 мингга яқини нумизматикага оид экспонатлардир. Музей кутубхонасида 3700 дан ортиқ қўлёзмалар, тарихий адабиётлар ва бадиий китоблар мавжуд. Музей фонди йилдан-йилга турли даврларга оид янги топилмалар билан бойиб бормоқда.
Хуллас, минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши, деб бежиз айтишмаган. Агар табиат инъом этган мўъжизалардан ҳайратланишни, мозий ва бугун билан юзлашишни истасангиз, Сурхондарёга келинг, кўринг, завқ олинг. Бундан оладиган таассуротларингиз арзирли ва кўнгилга хуш ёқувчи бўлишига шубҳа йўқ!
Ҳумоюн НИЗОМИДДИНОВ,
“Hurriyat”нинг Сурхондарё вилояти бўйича мухбири.