Халқ дилининг кўзгуси

Ҳар чоршанба эрта тонгдан кўнглимда ажиб туйғу ҳукмрон бўлади. Ҳа, бугун биз севиб ўқийдиган “Hurriyat”ни мутолаа қиламиз. Бугун бизга қандай қизиқарли мақолалар туҳфа қилинар экан? Дангал айтиб қўя қоламан: агар сизда кўпчиликни ўйлантирадиган, фикрингизни янги мавзулар билан ошно қиладиган мақола, эссе, шеър ўқиш истаги бўлса, маслаҳатим — “Hurriyat”га обуна бўлинг!

Газетада эълон қилинадиган публицистик чиқишлар, очерк ва репортажлар ҳаётий, самимий ва газетхон қалбига етиб борадиган тилда ифодаланган бўлади. Бугунги кунда зиёлилар қандай ўй билан банд, ҳаётимизда қандай долзарб муаммолар бор, уларнинг ечими қай тахлит ҳал этилиши кераклиги ҳақида ҳикоя қилади. Мен Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад ҳақида кўп нарсани биламан деб юрардим. Лекин “Hurriyat”нинг 3 июль сонида Дилмурод Қирғизбоевнинг устоз ҳақидаги “Ҳазрати инсон ибрати” мақоласини ўқиганимда, адибимизнинг яна кўп қирраларини кашф этдим.

Жамоатчилик орасида Ватанимиз тарихи ҳақида жуда кўп саволлар, муаммолар мавжуд. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихимиздаги оқ доғлар ҳақида қуйидаги фикрига назар ташланг: “Соҳибқирон Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши жанги ҳақида ўқиб чиқдим. Амир Темур бу жангда еттита усулни қўллаган экан. Жасорати, ўз аскарларини мардонавор тарбиялаши билан бирга, жангларни ҳам ўзи бошқарган. Ўзим учун бу янгилик бўлди. Кейин кимдир шу жанг усулини ўргангани билан қизиқдим. Ҳеч ким ўрганмаган экан. Энг аввало, боболаримизнинг усулларини ўрганмоғимиз керак”. “Hurriyat” газетаси ана шу маънавий эҳтиёжни ҳисобга олиб, шу йил 1 ва 9 октябрь сонларида ҳамкасбимиз Тўлқин Ҳайитнинг “Амир Темур ва Тўхтамишхон” сарлавҳали эссесини эълон қилди. Мақоланинг биринчи қисми газетхон эътиборига ҳавола қилинганда, жуда кўплаб муштарийлар эссенинг давомини қачон ўқирканмиз, деб сўраб-суриштирганларига гувоҳ бўлдим. Унда муаллиф Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қилган рўшноликлари, бағрикенглиги ҳақида ишончли манбаларга таяниб ҳикоя қилади. Кейинчалик бу олийҳимматликни тўғри баҳоламай хиёнат қилган Тўхтамишхон Соҳибқирон томонидан қандай жавоб олганини ҳаммамиз қизиқиб ўқидик.

Газетанинг аксарият сонларида сўнгги саҳифасида диққатга сазовор карикатуралар бериб борилади. Бу саккиз саҳифани қолдирмасдан ўқиган газетхоннинг озроқ ҳордиқ олишига, кайфиятини кўтаришга имкон беради.

Айниқса, устоз адиб ва журналист Аҳмаджон Мелибоевнинг “Hurriyat” саҳифаларида фаоллиги ҳамма ижодкорлар учун ўзига хос ибратдир. У кишининг 16 октябрь сонидаги “Тил — тирик организм” мақоласи ўзбек тилининг ҳаётимиздаги алоҳида мавқеи ҳақида ажойиб мақола бўлган. Уни ўқиганда ўзимиз ҳам тилга эътиборимиз давр талабидами, деб ўйланиб қоламиз.

Шунингдек, севимли газетамизда Муҳтарама Улуғованинг “Алласини йўқотаётган авлод”, Ҳумоюн Акбарнинг “Авесто: зардушт қўшиқлари”, Зулфия Юнусованинг “Маънавият негизида ватанпарварлик мужассам”, Ашурали Жўраевнинг “Асрни ҳайратга солган инсон” сарлавҳали мақолаларида бугунги кунимиз қаҳрамонлари, халқ ичидан чиққан замондошларимиз тафаккури хусусида жуда мароқли ҳикояларни ўқидик.

Дарвоқе, “Hurriyat” номининг ўзи ижодкорларда сўз эркинлиги учун майдон очади. Барчамиз учун кўнгил кўзгуси бўлган газетамиз ҳамиша муштарийлар эътиборида бўлсин.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 20 =