Руҳият офтоби

Бузилган уй

Шаҳар маҳаллаларининг биридан ўтаётиб, бузилган уйга кўзимиз тушди. Ҳовли деворлари йўқ, эски иморатнинг олд томони қулаб тушган, хона токчаларида эски гулдон, сарғайиб кетган газета ва китоблар сочилиб ётарди.

— Э-э-э, анави томондаги китобларни қаранг, китобларни! — деди ҳамроҳим қулаб ётган пахса деворлар орасини кўрсатиб. Бировнинг бузилган уйи бўлса ҳам, қулаган пахсалар орасида гўё норасида гўдак сиқилиб қолгандек, ўша томонга югурдик.

Қарасак, пахса уюмлари орасида жуда кўп китоб тахланиб ётган экан. Бир-иккитасининг авайлаб чангини қоқиб, кўз югуртирдим. Ўтган асрнинг 50-60-йилларида чоп қилинган бадиий адабиётлар, таниқли ўзбек, тожик адибларининг асарлари экан.

— Хонадон эгалари нега китобларни бу қадар хор қилиб ташлаб кетишдийкин? — бу жавобсиз саволни ўзим ўзимга бердим.

— Ҳозир ҳеч кимга китоб керак эмас, ҳамма тадбиркор бўлиб кетган, — деди ҳамроҳим. — Бу харобахонада китобларнинг хор бўлиб ётиши увол, хўп десангиз, ҳаммасини йиғиштириб олиб кетайлик…

Мен-ку, китобларни жон деб олиб кетмоқчиман, лекин бировнинг уйи, бировнинг мулки, боз устига, бизни кўрган қўшнилар нима деб ўйлайди?

— Яхшиси, қўни-қўшнидан суриштириб, уйнинг эгасини топайлик, сўрамасдан олсак бўлмас, — дедим истиҳола қилиб.

Шундай хулоса билан ишхонага бордик. Таниқли журналист, ёзувчи Нормурод Каримзода деган ҳамкасбимиз бизни кутиб турган экан. Бузилган уйда эзилиб-босилиб ётган китобларга жоним ачиб, Каримзодага воқеани гапириб бердим. Нормурод ака бузилган уй қаердалигини суриштирди. Мен тушунтирдим.

— Бўлди, эсладим, — деди Каримзода. — У ҳовлида бир таниқли журналист, кўп йиллар давлат идораларида ишлаган киши яшаган. Автоҳалокатга учраб, вафот этган. Унинг номига қўйилган кўча ҳам бор. Ўғли бизнесмен, “дом”да туради.

— Ўғли бор бўлса, китобларни шунчалик хор қилмасдан, уйига олиб келса бўлмасмикан?

— Билмадим, ҳозир бировга ақл ўргатадиган замон эмас, — елкасини қисди Каримзода.

Анча вақтлардан кейин йўлим тушиб, яна ўша кўчадан ўтиб қолдим. Бузилган уй ўрнида икки қаватли муҳташам уй қад ростлабди. Менинг кўз ўнгимда эса пахса уюмлари орасида бир-бирига қалашиб, хор бўлиб ётган китоблар гавдаланди. Янги иморат кўзимга жуда файзсиз, ночор бўлиб кўринди. Чунки унда китобни севган, уни умр бўйи асраб-авайлаб келган отанинг руҳи йўқ эди…

Отам олиб берган китоблар

Отам ўтган асрнинг қаҳатчилик йилларида ота-онадан эрта жудо бўлиб, турмушга чиққан опасининг қўлида қолди. 1937 йилда ҳарбий хизматга сафарбар қилинди. Отлиқ разведка қўшинларида хизмат қилиб, 1941 йилнинг бошларида уйга қайтиб келди. Беш ойдан кейин иккинчи жаҳон уруши бошланиб, яна фронтга кетди.

Ризқли қул ўлмас, деганларидай, 1946 йил урушдан ногирон бўлиб қайтиб келиб, колхозда қўш ҳайдади, деҳқончилик қилди. 60-йилнинг ўрталари. Амир катта деган ғўлабирдан келган миқтигина одам бўларди, ўша кишининг звеносида ишлардик. Ўшанда мен ўн ёшларда эдим, уйда китоб кам, бори ҳам опаларнинг дарсликлари, уларни аллақачон ўқиб бўлганман. Бир куни Амир каттанинг эшаги хуржунида катта китобни кўриб қолдим. Аста олиб, муқовасига кўз югуртирдим. “Шарқ юлдузи” деб ёзилган экан.

— Ҳа, журнал ўқияпсанми? — деди Амир катта тўсатдан тепамда пайдо бўлиб.

— Қизиқарли китоб экан…

— Ҳе, бу китоб эмас, журнал. Нима, колхозчи китоб ўқимайди, деб ўйлаганмидинг? — кулди Амир катта. — Хоҳласанг, ўқишга бериб тураман, кейин ўзимга қайтарасан…

Отам бизнинг суҳбатимизни сал нарироқда эшитиб турган экан, индамай кетмонини елкалаб кетди. Кунларнинг бирида мени шаҳардаги китоб дўконига олиб борди. “Бизга энг яхши ёзувчиларнинг китобларидан танлаб беринг”, — деди у сотувчига. Хуллас, отам ўша куни колхоздан олган ойлигининг ҳаммасига китоб олиб берди. Опаларим билан талашиб-тортишиб китобларни битта қолдирмай ўқиб чиқдим. Мактаб кутубхонасидаги китобларни аллақачон ўқиб чиққанман, шунинг учун колхозда помидор терилса ёки узум узилса, бир челагини шаҳарга олиб бориб сотиб, пулига дўкондан китоб олардим. Онам: “Кўп ўқийверма, миянг суюлиб қолади”, деб қўлимдан китобни тортиб олиб, яшириб қўярдилар. Ҳозиргача ўшанда отам олиб берган китобларни авайлаб сақлайман.

Тафаккур уммони

700 минг папирус ўрамларидан иборат қўлёзмалар мавжуд бўлган Александрия кутубхонаси дунёдаги энг бой маърифат маскани ҳисобланган. Миср подшоси Птолемей 500 килограмм кумуш эвазига афиналикларнинг барча қадимий қўлёзмаларини ана шу кутубхона фондига сотиб олган. Александрияга келган денгизчи ва сайёҳлар ўзлари билан олиб келган барча китобларни кутубхонага сотишга ёки нусхасини беришга мажбур бўлишган.

Милоддан олдинги 336 йилда Македония ҳукмдори Филипп II Эронга қарши курашда ҳалок бўлади ва унинг ўғли — 20 ёшли Александр тахтга ўтириб, урушни давом эттиради. У сонсиз лашкари билан Эрон шоҳи Доро III ни асирга олади. У душман келишидан олдин Тахти Жамшиддаги бузоқ териларига оромий тилда ёзилиб, олтин суви юритилган “Авесто”ни Александрия кутубхонасига жўнатади ва жўнатиб улгурмаганини куйдириб ташлайди. Кичик Осиёдаги Пергам шаҳрида эрамиздан олдинги II асрда мол терисидан ёзув қоғози тайёрлаш йўлга қўйилган ва у пергамент деб аталган. Александрия кутубхонасига пергаментга битилган қўлёзмалар жуда кўп миқдорда йиғилган.

Китоб — фазилат, китоб — тафаккур уммони, китоб — кўнгил қувончидир. Дунёда илм аҳли, қалам аҳли борлиги илм устуворлигидан, китобат дунёси беқиёслигидан далолат беради.

Маълумотларга қараганда Маҳмуд Кошғарий туркий халқларнинг олтин китоби бўлмиш “Девони луғотит турк”ни ёзишдан аввал 14 йил мобайнида Юқори Чиндан бошлаб бутун Мовароуннаҳр, Хоразм, Фарғона, Бухоро, ҳозирги Шимолий Афғонистонга қадар чўзилган туркий ўлкаларни кезиб чиқиб, турли шева ва лаҳжа хусусиятларини ўрганади, уларни адабий тил билан чоғиштирди. 1072 йилда, 64 ёшида давр тили, адабиёти, тиббиёти, тарихи, географияси, этнографияси, ҳунармандчилиги ва астрономияси ҳақидаги билимларни қамраб олган, халқ тақдири, инсон, маданият, ижтимоий адолат тўғрисидаги мушоҳадаларга йўғрилган асарни ёзишга киришади ва 1074 йилда якунлайди. Маҳмуд Кошғарий жамиятда юртни улуғлаш, туркий халқларни бирлаштириш, ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтириш муҳимлигини таъкидлайди. Орадан минг йиллик тарих ўтган бўлса-да, бу бебаҳо мерос ўз оҳорини, долзарблигини йўқотган эмас. Шунинг учун ҳам ЮНЕСКОнинг фан ва маданият бўйича халқаро ташкилоти Маҳмуд Кошғарийнинг 1000 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида қарор қабул қилган эди.

ХI аср ўрталарида йирик тасаввуфшунос олим Юсуф Хос Ҳожиб замон алломалари томонидан “Туркий шоҳнома” деб таъриф қилинган “Қутадғу билиг” (“Саодатга элтувчи билим”) — фалсафий-дидактик достонини яратди. Унда инсон камолоти, унинг жамият ва ҳаётда тутган ўрни, бурч ва вазифалари ҳақидаги муаммолар ўзига хос тарзда баён этилади.

Ал-Хоразмий, ал-Замахшарий, ал-Фарғоний, Беруний, ибн Сино, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб сингари улуғ бобокалонларимиз ёзиб қолдирган асарлар, китоблар нафақат халқимизни, балки дунё халқларини тафаккур зиёсидан баҳраманд этиб, жамият тараққиётига хизмат қилди, ҳамон яна хизмат қилмоқда. Ахир бундай яхши китоблар тафаккурни чархлайди, гўзалликка даъват қилади, кўнгилни кўтаради, инсонни маърифатли қилади.

Китобнинг даври ўтдими?

Яхши китобнинг даври ҳеч қачон ўтмайди. Ёмон китоб унутилади. Бугун китобнинг ўрнини электрон китоблар эгаллаяпти, деймиз. Ёмон китоб электрон шаклда бўлса ҳам уни ҳеч ким ўқимайди. Жамиятда китобнинг аҳамияти пасайган, деган гап қулоққа чалиниб қолади. Асло. Жамият маънавиятида китобнинг аҳамияти ҳеч қачон пасаймайди, у “Девони луғотит турк” каби фақат билимларнигина эмас, балки ахлоқий, маданий қадриятларни ўзида мужассам қилади ва авлодларни тарбиялайди. Фан-техника шиддат билан ривожланаётган даврда инсон тарбияси, билим ва салоҳиятини ўстириш яна китобга бориб тақалади. Тўғри, интернет олами кенгайиб бормоқда, лекин китоб мутолаа қилиш — бу бошқа нарса. Унинг ўрнини ҳатто интернет ҳам босолмайди.

Китобга меҳр болаликдан, эртаклардан бошланади. Бунда ота-оналарнинг, мактабгача таълим муассасаларининг ўрни беқиёсдир. Улар болалар онгига китоб ва мутолаа маданиятини меҳр билан сингдириб боришлари лозим. Ўқитувчининг доимий меҳнат қуроли китоб-дафтардан иборат, деб ўйлайдиганлар хато қилади. Унинг ўтириш-туришидан тортиб ўзини қаерда, қандай тутиши ҳам атрофдагилари учун ўзига хос тарбиядир. Ўқитувчининг ўз касбига қай даражада меҳрли экани ўқувчиларнинг дарсни ўзлаштиришида, китобга, дарсликка муносабатида намоён бўлади. Тўғри, ҳозир мактабларда дарслар компьютер технологиялари асосида ташкил қилинаяпти, улардан фойдаланиш замон талаби, лекин китобга меҳр ўқитувчидан ўтади.

Ёшларнинг маданияти, интеллектуал салоҳияти, ижтимоий қарашлари ва ҳаёт ҳақидаги ўйлари ўтган аср ёшларига қараганда жуда баланд, улар кундалик ҳаётда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан хулоса чиқариб, тарихий жараёнлар иштирокчиси сифатида ўсиб-улғаймоқда. Ақл-идрокли бундай ёшлар китобнинг қадрини билишади.

Ёшлар халқаро ўргимчак — интернетга маҳлиёлик иллатини ва китобнинг беқиёс ҳикматини, улар ўртасидаги фарқни англаб етсагина, китобнинг қадри ошади, китобга муносабат ўзгаради.

Интернет текин ва сийқа ахборотлар, ёлғон-яшиқ ва беҳаё рекламалар билан тўйинтирилган дунё чиқиндихонасига айланиб бўлди. Мия тафаккур қилишдан кўра кўпроқ текинхўрликка ўрганди. Мағзава олди-қочдилар, фикрлашга ўрин қолдирмайдиган дунёқарашлар ҳаммаёқни ишғол қилди. Китоб ўқимай қўйган оломон интернет тили билан гапира бошлади. Бу оломон ҳамма жойда ўз дунёқарашини маъқуллашни хуш кўради, ўзидан бошқа ҳеч кимни тан олмайди.

Интернет тараққиёти барибир китобга бўлган муносабатни, унинг қадрини туширолмайди. Чунки ҳар қандай ахборот, ижод маҳсули, адабиёт босма манбалар асосида юзага келади. Яқин ва узоқ келажакда ҳам китоб руҳият офтоби, бизнинг энг яқин дўстимиз, маслаҳатдошимиз, кўмакчимиз бўлиб қолаверади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған таклифига кўра Анқара шаҳрида очилган, 4 миллион босма нашр ва 120 миллиондан зиёд электрон файлга эга бўлган маҳобатли халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этганида: “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса, аввало, инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти — китоб ва кутубхоналарда”, — деган эди.

Нуруллоҳ ОСТОН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =