Хиёнат исканжасида

ёки машҳур қизиқчи Муҳиддин Дарвешовни нима учун қамоққа олмоқчи бўлишган эди?

Тарихий манбаларда, илмий-бадиий адабиётларда ўтган асрнинг 30-50-йилларида шўролар ҳукумати томонидан содир этилган хунрезликлар ҳақида кўплаб маълумотлар мавжуд. Алалхусус, халқимизнинг ҳур фикрли кишилари, миллат ойдинлари, ватан озодлиги учун курашган минглаб зиёли ватандошларимизга турли туҳмат ва уйдирмалар орқали “халқ душмани”, “миллатчи”, “аксилинқилобчи” тамғаси босилиб, уларнинг ўлимга, умрбод ёки узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилганлиги аччиқ ҳақиқатдир.

Энг ачинарли ва афсусланарлиси шундаки, аксарият маърифатпарвар инсонларнинг ноҳақ жазога тортилишида миллатимизнинг айрим нобоп вакиллари, чақимчи ва сотқин кимсалар “бош-қош” бўлишган.

Минг таассуфки, орадан 40-50 йил ўтиб ҳам ўша машъум воқеаларнинг мудҳиш унсурлари (лаънати “учлик”нинг думлари) сақланиб қолганлигига гувоҳ бўлган эдим ва қуйида унинг бир мисоли тафсилоти хусусида сўз боради.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошлари. Ўша вақтлари театрда эмакдош бўлиб ишлар эдим. Ҳамза номидаги Қўқон мусиқали драма театри бош режиссёри Содиқжон Ҳалимов эрталабки қисқа мажлис бошланмасдан мени ёнига чорлаб, қулоғимга аста шипшиди: “Тезда “горком” (шаҳар партия комитети)га етиб боринг, кутиб туришибди”. Мен ундан: “Нима масалада?” деб сўрагандим: “Борсангиз биласиз, масала жиддийга ўхшайди”, — дея мени эшиккача кузатиб қўйди.

Театрдан чиқиб, шаҳарнинг “Чорсу” майдонидаги матбуот дўконидан ўша пайтларда оммалашган “Аргументы и факты” ҳамда “Труд” газеталаридан харид қилиб, автобусга чиқдим. Йўл-йўлакай газеталарни варақлаб, “горком”га етиб бордим. Бино ичкарисидаги гардеробнинг ёнбошида машҳур сўз устаси Муҳиддин қизиқ Дарвешов ўтирган экан. У билан саломлашиб: “Ҳа, ака, тинчликми?” дея сўрадим. У маъюс тарзда қўлидаги тугунни бироз юқорига кўтариб: “Шоир Усмон Носир борган жойларни бир “зиёрат” қилиб келасиз, дейишаяпти”, деди.

Шу тобда ёнимга “горком”нинг бир шотири келиб: “Юра қолинг, сизни пойлаб туришибди”, дея мени бир хонага бошлаб кирди. Хонада 5-6 нафар киши жамланган, тўрдаги столда ўша даврда “горком”нинг биринчи котиби бўлган Ҳаким Мусабеков ўтирган эди. Мен салом бериб, бўш жойлардан бирига ўтирдим. Котиб мени таништира бошлади. У исми-шарифимни айтиб, мутахассислигим филолог, театрда адабий эмакдош вазифасида ишлашимни қўшимча қилди. Сўнг кун тартибидаги масалага тўхталиб, бир қарашда чала ўзбекроқ кишига қарата: “Қани, бошланг”, дегандай имо қилди. У обдан партия ва ҳукумат ғамхўрликлари хусусида маддоҳлик қилгач, ниҳоят, қўлидаги қоғозларни силтаганча сўз бошлади:

“Бугунги йиғилишимиздан мақсад нафақат зиёлилар, шоир ва адиблар юрти Қўқонимиз, балки танти деҳқонлари билан донг таратган Фарғона вилоятимиз, жонажон Ўзбекистонимизни бутун Иттифоққа шарманда қилган Муҳиддин Дарвешовнинг сиёсий калтабинлиги, хусусан, доно йўлбошчимиз, партиямиз бош котиби Михаил Горбачевни омма орасида масхара қилганини муҳокама қиламиз. Яъни, Муҳиддин Дарвешов Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида бўлиб ўтган тўй маросимида қатнашиб, ўз ҳангомасида Бош котибни хўрозга ўхшатган. Бу хусусда маҳаллий партия фаоллари Москвага — Марказий комитетга мурожаат қилиб, айбдорни қаттиқ жазога тортишни сўрашган. Мурожаат “Марказком”нинг қаттиқ назоратида турибди”.

Ушбу масалага бугун нуқта қўйиш, айбдорга муқаррар жазо тайинлаш мақсадида бу ерга шаҳар прокурори, Давлат хавфсизлиги комитети (ГКБ)нинг махсус вакили, шаҳар маданият бўлими бошлиғи ва мутахассис сифатида мен чақирилганимни билдирди ва сўзни прокурорга берди.

Беўхшов семирганидан бўйни елкасига ёпишиб кетган прокурор ўтирган жойидан гапирдими ёки турибми, рости, унча англамадим. Лекин у Муҳиддин қизиқ ҳурматли Михаил Сергеевич Горбачев устидан мазах қилганини гўёки унинг гапларини тўйда ўз қулоғи билан эшитгандек тарзда сўзлай кетди. “Тасаввур қилинг, тўйда тумонат одам. Муҳиддин Дарвешов одамларни кулдираман деб, нималар деб валдиради, денг. У: “Мана, давлатимиз тепасига раҳбар бўлиб, асл хўроз йигит келди. Туришини, гердайишини қаранг, ўзимизнинг асл дакан хўрозга ўхшайди-ей, азамат”, деди-я! Қизиқчи бу билан Горбачевнинг пешонасидаги қизил доғдан юмор чиқариб, унинг устидан кулмоқчи бўлди.

Бу ҳолат қонунчилигимизда давлат раҳбари шаънини обрўсизлантириш сифатида қаралади ва жиноят кодексларининг фалон-пистон моддаларига кўра 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этишга асос бўлади. Агар ушбу мажлис протоколи бугун тай­ёр бўлса, бугуноқ, бўлмаса, эртага айбдорни қамоққа олиш бўйича ордер бераман”, деди.

Кўзлари уккиникига ўхшаш, афт-ангоридан жоҳил кимса эканлигини бир қарашда англаш мумкин бўлган “КГБ” вакили ҳам домласи ўргатган гапларни гоҳ русча, гоҳида ўзбекча гапириб, ниҳоясида: “Муҳиддин Дарвешовни қамоққа тиқиш керак”, дея хулоса қилди. Энг ошиб тушгани шаҳар маданият бўлими бошлиғи (бу ёғи ўзбекчилик, исми-шарифи рамзий маънода Шоди Узоқов бўла қолсин)нинг билдирган фикрлари бўлди. Унга кўра: “М.Дарвешов сингари сиёсий калтабинларни, ўртоқ прокурор, мажлис якунини кутиб ўтирмасдан ҳозироқ ҳибсга олиш керак. Токи бу бошқаларга ибрат бўлсин. Ўзи шунга ўхшаш масалаларда “горком”га чиқмоқчи бўлиб юрувдим”, деди-да, биринчи котибга зимдан: “Маъқулми, гапларим?” дегандай қараб қўйди. “Ҳа, айтганча, Муҳиддин Дарвешовнинг тушунтириш хатлари, айбига қисман иқрорлиги хусусидаги махсус папка “горком”га берилган”, дея гапини тугатди у.

Бу гумроҳлар бири қўйиб, бири олиб, миллатимизнинг иқтидорли вакилини қамоққа тиқиш мақсадида чираниб гапиряпти-ю, кўз ўнгимда юпун кийинган, дор остида ўз ўлимини кутаётган жадидчи боболаримизнинг маъюс сиймолари гавдаланди ва томоғимга аччиқ бир нарса тиқилгандай бўлди. “Нақадар тубанлик!” дедим ичимда. Ниҳоят, сўзлаш навбати менга берилди. Англадимки, бу тоифадаги кимсаларга гап уқтириш осон кечмайди. Шу боис гапни сал узоқроқдан бошладим:

“Мана, ҳаммамиз ўзбек оиласида туғилиб, ўсиб, таълим ва тарбия олганмиз. Ўйлашимча, миллий анъаналаримиз, урф-одатларимиздан ҳаммамиз етарлича хабардормиз. Яъни, оталаримиз, амакиларимиз қачондир бизни “тойчоқ ўғлим”, “той бола”, “хўроз йигит”, “ўғлимиз қўчқордек бақувват-да”, дея суйиб-эркалашган. Тўғрими? — дея ўтирганлардан гапимни тасдиқлаб ҳам олдим. — Қолаверса, бундай ўхшатишлар “цензурадан ўтган” бадиий адабиётларда ҳам қалашиб ётибди. Демак, Муҳиддин Дарвешов ҳам шу русумдан келиб чиқиб, Михаил Горбачевни хўрозга менгзаган бўлиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан қараганда, унинг гапларида Михаил Горбачев шаънини ерга урадиган белгилар йўқ”, дедим.

Шу тобда “КГБ” вакили гапимни бўлиб нимадир демоқчи бўлувди, табиатан чўрткесар биринчи котиб унга қарата: “Оғзингизни кўрак қилиб туринг, вақти келганда очасиз”, деди. Шунда мен Ҳаким Мусабековдан: “Муҳиддин Дарвешов партия аъзосими?” деб сўрадим. У ялт этиб шаҳар партия комитети йўриқчисига қаради. У эса: “Муҳиддин Дарвешов партия аъзолигига ҳали қабул қилинмаган. Уни “Ёғ-мой комбинати” партия ячейкаси партияга номзод қилиб кўрсатган”, деди.

Шунда мен йиғилганларга қарата: “Халқимизнинг асл анъанасидан ғофил бир-икки кимсанинг мурожаати деб, иқтидорли бир одам ноҳақ жазога тортилса, инсофдан бўлмайди. Қолаверса, аския, кулги ва ҳазилга мойил халқмиз. Муҳиддин Дарвешов ғараз аралашмаган гапи учун қамалиб кетса, муқаррар таъна-дашномга қоламиз. Мақсад — Муҳиддин Дарвешовга жазо бериш керак бўлса, у партия сафида бўлишга нолойиқ, дея хулоса қилайлик ва номзодлик мақомидан маҳрум қилинсин. Осони шу, сих ҳам, кабоб ҳам куймайди”, дедим.

Бу гапларимдан кейин “КГБ” вакили ва прокурор бирваракайига менга ўдағайлаб қолди. Улар вайсай-вайсай бироз тингач, қўлим остида турган газеталардан бирини “КГБ” вакилига, иккинчисини прокурор томонга стол устидан сирпантириб юбордим. Сўнг уларга қарата: “Агар кимнидир қамоққа тиқиш зарур бўлса, аввал миллион-миллион нусхада чоп этиладиган қўлингиздаги манави газеталарнинг биринчи саҳифасида Михаил Горбачёвни “коллаж” қилган рассом ва муаллифларни қамаш керак”, дедим.

“Аргументы ва факты” газетасининг ўша сонида Михаил Горбачевнинг сурати коллаж қилиниб, унинг боши ўзиники, гавдаси эса ҳайвон шаклида акс эттирилиб, унинг яғир елинидаги сон-саноқсиз “тугмачалар”ни пашша ва чивинлар талаб ётарди. “Труд” газетасида эса бундан баттари коллаж қилинган эди. Иккаласининг дами ичига тушиб кетди. Уларнинг газета тутган қўллари қалтираётганини кўрган биринчи котиб мийиғида кулганча жим турарди.

Сўнг “КГБ” вакили: “Бу ёлғон, тузум душманлари газетани яширин цехда босиб чиқарган. Бу ишнинг тагига етамиз”, деди. Мен эса унга қарата: “Бу сизларнинг бирламчи вазифангиз, лекин даврий матбуотдан, шунингдек, жамиятдаги ошкораликдан бироз хабардор бўлиб турсангиз, бир инсон тақдири ҳал бўлаётган масалаларда асқатиб қолади”, дедим. Шундан сўнг вазият юмшаб, йиғилиш қарорига кўра Муҳиддин қизиқ Дарвешов партия сафига қабул қилинмайдиган бўлди. Жайдарича айтганда, қизиқчи партия билетини бир умр тушида ҳам кўрмайдиган бўлди.

Йиғилиш тугаб, ҳамма тарқаётган маҳал биринчи котиб бироз кутиб туришимни сўради. Унинг чеҳраси ёришиб, такрор ва такрор: “Яхши иш бўлди-да, акси бўлганида виждонимиз олдида бир умр азобда қолар эдик-а!” каби сўзлар билан ўз-ўзига таскин берар эди. У мен билан самимий хайрлашаётиб: “Вақт топиб, албатта, театр жамоаси билан учрашиб келаман, ҳозирча сизга катта раҳмат!”, дея қўлимни сиқиб қўйди.

Ташқарига чиқсам, боягина Муҳиддин Дарвешовни қамоққа тиқиш борасида жонбозлик кўрсатиб турган Шоди Узоқов “салкам маҳкум”ни авраб турган экан. У мен бораётган томонга тескари тургани учун уларга яқин борганимни сезмай, гапида давом этарди: “Мана, Муҳиддин ака, сизни нақ “Тоштурма”нинг эшигидан қайтариб келдим. Бу ёғига ҳушёр бўлинг, кейинги сафар отиб ташлашса ҳам ўртангизга тушмайман”, дея гапираётган эди. Унинг бу гапидан ўта хунобим ошиб: “Нималар деб валдираяпсиз? Жайдари қилиб айтганда, ғирт “иккиюзламачи” экансиз-ку, уялмай-нетмай ёлғон гапираяпсиз-а”, деганимни биламан, у шитоб билан ўзини оломон орасига урди.

Кейин Муҳиддин акага воқеа тафсилотларини қисқача айтиб бердим ва унга Шоди Узоқов кабилардан эҳтиёт бўлишини тавсия қилдим. Қизиқчи ўзига хос табассум ва шевасида: “Қаранг, мен бўсам, хотин, бола-чақалар билан хайрлашиб, “шу кетганча камида беш йилда қайтаман”, дея уйдан манави тугун-бўғчалар билан чиққан эдим. Аслида, бу шум хабарни менга етказган ҳам Шодининг ўзи бўлади. Номард! Дунёда яхши одамлар кўп-а?! Сизга раҳмат! Юринг, энди катта боғнинг бурчагидаги “Аноргул” кафесига бориб, чойлашамиз”, дея таклиф қилди. “Раҳмат, ака, элнинг хизматини қилиб, асло чарчаманг. Сиз, яхшиси, бир таксига ўтириб, тез уйингизга боринг, яқинларингиз ҳам хавотир олиб ўтиришгандир”, деб у билан хайрлашдим.

Айтганларимга яхши бир қўшимча: ушбу воқеа содир бўлгунга қадар: “Бутун шаҳар маданияти соҳасига бошдан-оёқ мен масъулман”, дея театрнинг репертуаридан тортиб, артистларнинг, таъбир жоиз бўлса, кийим-кечагигача бурнини суқадиган шаҳар маданият бўлими бошлиғи шу бўйи театр билан алоқасини батамом узди. Халқ қизиқчиси, раҳматли Муҳиддин қизиқ Дарвешов эса мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида ҳам ҳормай-толмай юртдошларимизга кулги ва табассум улашиб, баракали ижод қилди.

Суҳбатларнинг бирида Ўзбекистон халқ артисти Эргаш Каримов: “Раҳматли Муҳиддин қизиқ халқимизга узоқ йиллар сидқидилдан хизмат қилди. Унинг ичакузди ҳангомаларидан тоза танамиз яйраб, руҳимиз қувват олган. Ҳажвчилигимиз пири комили, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ҳам Муҳиддин қизиқнинг иқтидорига тан бериб: “Башарти у ҳажвчи-ёзувчи бўлиб қолганида, биз кабиларга умуман нон қолмасди”, деганди.

Ҳа, чиндан ҳам Муҳиддин Дарвешов халқ қизиқчиси эди. Аммо унинг меҳнатлари шўролар даврида ҳам, кейинчалик ҳам қадрланмади. Ҳатто бирор “кўкрак нишони”га муносиб кўрилмади. Аксинча, унинг ичакузди ҳангомаларидан кир қидирган баъзи бир шўртумшуқлар халқ қизиқчисини ер билан битта қилишмоқчи бўлишди. Аммо Аллоҳ асрайман деса, бандаси ҳеч нарса қила олмас экан.

Машҳур санъаткор 1938 йилда Бувайда туманида туғилиб, 1995 йилда вафот этди. Гарчи узоқ умр кўрмаган бўлса-да, у ўзбек қизиқчилик мактабини яратган инсонлардан бири эди.

Саидолим ҲАЙДАРОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + eleven =