АҚШ Президентининг баёноти

АҚШ президенти Дональд Трамп куни кеча Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатидан сўнг баёнотларини эълон қилди:

  • Ўйлашимча, тез орада нимадир содир бўлади. Бу урушга катта эго эгалари аралашган. Агар ҳеч нарса юз бермаса, биз ортга чекинамиз.
  • Украина масаласида жиддий силжиш кузатилмаса, АҚШ мувофиқлаштирувчи ролини Европага топширади.
  • Украинадаги уруш Европанинг муаммоси эди, АҚШ бекор аралашди.
  • Менимча, Путиннинг жонига тегди. Путин тўхташни истайди, деб ўйлайман.
  • Миямда Россия-Украинага босим қилишдан тўхташимни кўрсатувчи қизил чизиқ бор. Аммо у қанақа қизил чизиқлигини айтмайман.
  • Украинани қурол билан таъминлаш режамиз йўқ эмас, бироқ уруш тўхташига ишонамиз.
  • Тинчликка эришиш учун имконият бор, шу сабабли Россияга қарши санкцияларни кучайтирмаяпмиз.
  • Америка аскари Украинага бормайди.
  • Зеленский билан “мулоқот қилиш унча осон эмас”.
  • АҚШ Украинага “хорижий давлат учун рекорд миқдордаги маблағ”ни берди.
  • Украинанинг низони бас қилиш ва тинчликка эришиш учун хатти-ҳаракатлари етарличами, 2-4 ҳафтадан сўнг бир нима дейиш мумкин.

Учувчисиз самолёт парвози

Хитой келаси ойнинг бошида 100 тагача кичик дрон-камикадзеларни ташишга қодир бўлган “Jiutian SS-UAV” учувчисиз самолётининг илк парвозини амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, қурилма 8 та ташқи осма блок билан жиҳозланган бўлиб, улар ёрдамида 1000 килограммгача бўлган бошқариладиган авиабомбалар, шунингдек, “ҳаво-ҳаво” ва “ҳаво-ер” ракеталари, кемага қарши ракеталар ва камикадзе-дронларни ўрнатиш мумкин.

Хитой марказий телевидениеси берган маълумотга кўра, учувчисиз самолётнинг юқорига кўтарилиши 15 минг км баландликкача эриша олади. Қанотлари кенглиги 25 метр, парвоз масофаси 7 минг км ва максимал учиш оғирлиги 16 тоннани ташкил қилади. Ҳавода 12 соат қолиш имкониятига эга.

“Jiutian” учувчисиз учиш аппарати бортини йиғиш якунланди. Ҳозирда қурилмага тизимни ўрнатиш ва тест режимида ишлатиб кўриш ишлари олиб борилмоқда. Биринчи парвоз жорий йилнинг июнь ойи охирига режалаштирилган”, – дейилади хабарда.

Янги папа ишга киришди

Рим католик черкови янги раҳбари Папа Лео XIV ҳокимият рамзлари – “балиқчи узуги” ва паллий – кашта тикилган хочли жун тасмани қабул қилиб олди. Ушбу қадимий маросим понтификат 267-Папа фаолияти расман бошланганини билдиради.

Папа ваъзи, “Осмон маликаси”ни  дуо қилиш билан якунланадиган очилиш маросими Лео XIV раислигида кечади. Майдонда кўплаб диндорлар, шунингдек, хорижий мамлакатлардан келган 150 дан зиёд делегация аъзолари, қироллик хонадонлари ва диний конфессия вакиллари, насронийлардан ташқари мусулмонлар, яҳудийлар, ҳиндулар ва бутчилар ҳам бор. Муқаддас тахт матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда 150 мингга яқин одам тўпланган.

Лео XIV ўз ваъзида диндошларини черковда бирлашишга чақириб, бу тинч-тотув яшаш учун асос эканини таъкидлаган.

Ғазога ҳужум кучайди

Сўнгги 24 соат ичида Ғазонинг турли ҳудудларига уюштирилган ҳужум натижасида 30 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, дея хабар берган “Анадолу” агентлиги.

Исроил ҳаво кучлари сектор жанубидаги Хон Юнусга, бегуноҳ аҳоли жойлашган уй ва чодирларга 14 марта ҳаводан зарба берган. Жабалия қочқинлар қўналғаси ғарбий қисмида, Ал-Фалужа бозори яқинидаги аҳоли манзилида ҳам одамлар қурбон бўлган. Ал-Ёрмуқ ҳудудига ҳам ҳужум қилинган. Анклав марказий қисмидаги Дайр Ал-Бало ва Нусайрат қочқинлар лагерига йўлланган тўрт ҳаво ҳужуми оқибатида саккиз киши, жумладан, уч бола ва бир аёл ҳаётдан кўз юмган.

Хон Юнус шимоли-шарқидаги Ал-Қарара шаҳри ҳам ўққа тутилди. Бундан ташқари Носир касалхонаси яқинидаги қўриқланадиган объектга зарба берилди. Бу жойларда қурбонлар қайд этилмаган. Гувоҳлар хабар беришича, артиллериядан Ғазо шимолидаги Байт Лоҳия шаҳри ҳам тўпга тутилган.

Пойтахт мэрининг ғалабаси

Руминия Президенти сайловининг иккинчи босқичи натижаси 100 фоиз ҳисоблаб чиқилганда, Бухарест шаҳри мэри Никушор Дан ғалаба қозонгани маълум бўлди. Бу ҳақда “РИА Новости” ёзган.

Ушбу сиёсатчини сайловчиларнинг 53,6 фоизи қўллаб-қувватлаган. Асосий рақиб, 46,40 фоиз овоз тўплаган “Руминларни бирлаштириш иттифоқи” мухолифат партияси раҳбари Жорж Симион аллақачон мағлубиятини тан олди ва рақибини табриклаган.

Ғолиб ҳақида нима маълум? Никушор Дан Руминиянинг Европа Иттифоқи ва НАТО билан янада фаол ҳамкорлик қилиши, шунингдек, Қўшма Штатлар билан стратегик шерикликни мустаҳкамлаши тарафдори. У Шимолий Атлантика альянсининг Россия Европага таҳдид солаётгани ҳақидаги расмий фикрига қўшилади. Ғарбдаги ҳамкорлар билан бирга Украинани қўллаб-қувватлашда давом этмоқчи. Мамлакат мудофаа харажатини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан 3,5 фоизга кўтариш зарур, деб ҳисоблайди. Аввал эълон қилган режаларига кўра, “гибрид таҳдид, жумладан, киберҳужум ва дезинформацияга қарши курашиш учун тезкор кучлар яратиш”ни мақсад қилган.

ЎзЖОКУ 1-курс талабаси Нигина Искандарова тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − 6 =