Чори авазнинг йўли

Жорий йилнинг 15 майида Шарқий Қозоғистоннинг Усть-Каменогорск шаҳар вилоят кутубхонасида бўлиб ўтиши режалаштирилган ҳассос, атиги 35 йил умр кўрган марҳум шоир Чори Аваз хотирасига бағишланган тадбирга таклиф этилдик.

14 май куни аввал Олмаотага, ундан Усть-Каменогорск шаҳрига учдик. У ерда вилоят кутубхонаси директори ўринбосари Меруерт хоним Кемешева бошчилигидаги бир гуруҳ дўстларимиз пешвоз чиқишди. Эртаси куни биз меҳмонлар — “Фаввора” киностудияси раҳбари Келдиёр Хўжаёров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, шоирнинг қизи, халқаро журналист, шоира Гули Нигор Авазова, шоирнинг набираси Меҳри Нигорни улуғ рус шоири Александр Пушкин номидаги кутубхонанинг мажлислар залида бўлиб ўтадиган тадбирга бошлаб боришди.

“Чори Аваз: сўзи мангу шоир” деб номланган ушбу тадбирни вилоят кутубхонаси директори Назимгул Эрназар қизи олиб борди ва шоирнинг адабий мероси ҳақида қисқача нутқ сўзлади. “Фаввора” киностудияси томонидан ишланган “Чори Авазнинг яшил йўли” номли ҳужжатли қисса намойишидан сўнг шоирнинг қозоғистонлик мухлислари унинг ижодидан шеърлар ўқишди. Бундан ташқари, кечада икки қардош халқ вакиллари шоирнинг шеърларидан парчалар ўқиб, унинг бой ижодий мероси ва ҳаёт йўли ҳақида фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Учрашув якунида шоир, драматург ва Ўскемен шаҳар депутати Аскерхон Ақтай сўзга чиқиб, Чори Авазнинг қозоқ тилига ўзи ўгирган шеърларидан ўқиб берди. Кутубхона жамоаси узоқдан ташриф буюрган меҳмонларга ҳадя ва совғалар топширди. Кеча меҳмонлари ҳам ўзлари билан олиб келган китобларни кутубхона фондига тақдим этишди. Бу кеча икки қўшни миллатни янада бир-бирига яқинлаштирган, қалбларни шеърият орқали боғлаган адабий учрашувга айланди. Тадбирдан сўнг қатнашчилар эсталик учун суратга тушишди, шоир руҳига эҳтиром кўрсатилди.

Сўз — унутилмас, шеър — ўчмас. Шоир Чори Авазнинг абадий сўзи халқлар қалбида яшашда давом этаверади. Ўзаро биродарлик, қон-қардошлик давом этаверар экан, юракларда шеър қуюлиб келаверади:

 

Оскеменлик дўстларимга

Юрак кенгликларда сайр этди

тўрт кун,

Меҳр қанотида кўкларга учдим.

Бовурим бағрида ястаниб бутун,

Осмонга айландим, самони қучдим.

Сиз менинг жонимми, жоним бовурим,

Қонингиз қонимми, қоним бовурим.

Сиз менинг Абайим, ўлмас Ўлжасим,

Назм осмонида порлаган юлдуз.

Сиздан келиб турар оташин насим,

Шу насим қалбимни этади кундуз.

Кўнглингдан бу кўнглим сув ичар,

қардош,

Сен десам, юрагим ёришар, қардош.

 

Оскемен, кетдимми, қолдимми, билмам,

Қалбимни қалбингга боғлаблар кетдим.

Иртиш дарёсининг қирғоқларида

Руҳим дунёсини доғлаб-ла кетдим.

Сиз менинг жонимми, жоним бовурим,

Сиз менинг қонимми, қоним, бовурим!

Зебо ОМОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 2 =