Устоз меҳри

Бетакрор адиб ва муҳаррир, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминовни эслаб…
Талабалик йилларимиз эди. “Бир қайнови ичида гаплар”дан ёзиб, ҳали сиёҳи қуримасдан “Муштум” журнали таҳририятига югурдим.
Ўша пайтларда, аниқроғи, 1983 йилда журнал ҳар ўн беш кунда — бир, ойда икки марта чоп этиларди. Таҳририят эшигидан мўраладим. Хонада икки-уч кишининг гурунги авжида эди.
— Келинг, укажон, тортинмасдан киравермайсизми, барака топгур? — дея юзида табассум билан мени ичкарига таклиф қилди очиқ чеҳрали киши. Бу кўнгли очиқ, самимий инсон Неъмат Аминов эди. — Бир нима ёзиб келганга ўхшайсиз, қани ўқиб кўрайлик-чи, — деди қўлимда ушлаб турган қоғозга ишора қилиб.
Мен “бетакрор қўлёзмаларим”ни у кишига узатдим. Неъмат ака қоғозга кўз югуртира бошлади, бир вақт шарақлаб кулиб юборди.
— Зоҳиджон ака, қулоқ солинг, — дея ёнидаги Зоҳиджон Обидовга юзланди ва “Бир қайнови ичидаги гаплар”ни овоз чиқариб ўқиб берди. — Барака топинг, укажон, кўпроқ ёзинг. Кейин хандалар, ҳажвиялардан ҳам бўлсин.
Шу тобда қувончим ичимга сиғмасди. “Муштум”да кетма-кет машқларим босилди. Фамилиям Айизов эмас, Азизов бўлиб кетибди.
— Э, укагинам, хафа бўлмайсиз-да энди, фамилиянгиз Аист /Лайлак /ов эмасмиди, ишқилиб? Бу ҳазил, укажон. Кейинги сонда хандаларингизни беряпмиз. Энди фамилиянгиз бехато чиқади. Ёзиб туринг, хўпми?..
Ўшанда мендек оддий талабанинг қораламаларини ўқиш, маслаҳат бериш, қизғин гурунгни тўхтатиб, нотаниш кимсага меҳр кўрсатиш айтишга осон. Бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бу Неъмат Аминовнинг самимийлиги, кўнгли очиқлигидан эди.
1998 йил. Узоқ йиллар Қашқадарёда фаолият юритиб, пойтахтга ишга келдим. Ҳажвий ҳикояларимни тўплам ҳолига келтириш ниятида Неъмат Аминов раҳбарлик қилаётган нуфузли ишхонага йўл олдим.
Менга бошдан-оёқ разм солган котиба:
— Бошлиқнинг вақтлари зиқ, ҳеч кимни қабул қилмайдилар… — деди.
Мен негадир ишонч билан:
— Бир оғиз айтиб қўйсангиз, вақтлари бўлмаса, бошқа кун келаман, — дедим.
Котиба бир зумда ичкарига кириб чиқди:
— Кирар экансиз…
Неъмат Аминов мени ҳар доимгидек яна очиқ чеҳра билан қарши олди. Фикримни айтдим.
— Жуда яхши ўйлабсиз-да, Абдуллажон, ҳажвияларни ўқиб чиққач, маъқул бўлса, фикримни айтаман.
Ёзганларимни ташлаб кетдим. Орадан анча кунлар ўтгач, мен хизмат қилаётган газетанинг бош муҳаррири хонасига чақириб:
— Сизни Неъмат Аминов сўради… — дея саволомуз тикилди. — Учрашар экансиз.
Устоз тағин меҳр билан қаршиладилар:
— Укажон, ўқидим. Ижодингизга барака. Мана, сўзбоши ҳам ёздим. Ғайрат қилинг, — дея самимий истаклар билдирдилар.
Шундай қилиб, “Бир гап бўлар” номли ҳажвий ҳикоялар тўпламим Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов сўзбошиси билан чоп этилди.
Орадан йиллар ўтди. Энди ўйласам, соддалик қурсин, ўшанда тушунмаган эканман. Катта лавозимда ишлаётган, минг бир ташвиш билан машғул бўлган, ҳатто бироз ором олишга ҳам вақти етишмаётган, ҳам раҳбарлик масъулияти, ҳам бадиий ижод фикрини чулғаган, бунинг устига, ёши улуғ адиб — Неъмат Аминов қораламаларимни ўқишга фурсат топибди. Буни чин инсонийлик меҳри деса бўлади.
Устоз шифохонага тушиб қолганларини эшитиб, кўргани бордим. Ўзлари бир аҳволда бўлсалар-да, қўлларида “Афанди” газетаси. Палатадаги стол устида газета ва журналларнинг янги сонлари… Назира келинойи устознинг атрофида парвона. Бухоройи шарифдан сингиллари, куёвлари келиб қолишди. Аҳволлари оғир бўлса-да, кўришга келганларга миннатдорчилик билдирар, ҳазил-ҳузул сўзларни айтишга ҳаракат қилардилар. Орадан бир неча кун ўтди. Нетонгки, бетакрор ижод соҳиби, машҳур ҳажвчи Неъмат Аминовнинг вафоти ҳақидаги совуқ хабар дилларни вайрон қилди.
Устоздан қолган бебаҳо мерос — сара асарлар адабиётимизнинг ютуғи ҳисобланади. Адибнинг умри ўз асарларида давом этаверади. Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон айтганидек: “Иймонли инсон эди Неъмат ака, ҳалолликнинг нодир намунаси эди. Ҳатто салбий қаҳрамонларни ҳам худди унинг кўнглини авайлаётгандек ҳақоратомузликдан йироқлашиб таърифлар эди”.
Неъмат Аминовнинг садоқатли шогирди, таниқли адиб, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев таъкидлаганидек:
“…Кулги Неъмат Аминовни излаб юрарди. Ўз навбатида Неъмат Аминов ҳам яхши кулгини ахтаришдан тўхтамасди.
Устоз адиб Неъмат Аминов кулги билан туғилиб, кулги билан яшаб ўтди. Умрбод кулгига, ҳажвга содиқ қолди. Бухоро ва бухороликларнинг барҳаёт кулгисини адабиётда муҳрлаб кетди. Унинг ҳалоллик билан тутган қалами асло титрамади…”
Ҳажвий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган устоз адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов ўзининг “Икки пуллик обрў” номли илк китоби биланоқ мухлислар эътиборини қозонган эди. Ёзувчининг “Қирқ учинчи почча”, “Лабиҳовуз хандалари”, “Тилло табассумлар” сингари ҳажвий китоблари қўлма-қўл ўқилди ва ўқиляпти. Адибнинг “Ёлғончи фаришталар” ҳажвий романи ўзбек адабиётида воқеа бўлди.
Неъмат Аминовнинг “Қаҳқаҳа” сайланмаси, “Бир аср ҳикояти” асари ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинган.
Сермаҳсул адиб Неъмат Аминов роман, қисса ва ҳажвий ҳикоялар яратиш билан бирга бошқа халқлар адабиётидан бир қанча ҳажвий асарларни ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди. Булар: Мольернинг “Сохта оқсуяк”, Дерфашнинг “Тирқиш”, Сергей Михалковнинг “Думалоқ хат”, Гориннинг “Сен ким-у, мен ким?” каби комедиялари, Чехов, Зошченко, Азиз Несин каби ёзувчиларнинг ҳажвий ҳикояларидир.
Неъмат Аминов узоқ йиллар “Муштум” журналида фаолият юритди. Журнал бош муҳаррири сифатида ижодий жамоага бошчилик қилди. Республика Маънавият ва маърифат марказида раҳбар бўлди. Қаерда, қайси лавозимда фаолият юритмасин, очиқ кўнгил, самимий, беназир инсонлигини асло тарк этмади. Одамлардан, ҳамкасблари ва шогирдларидан, ёш ижодкорлардан ўзининг қимматли маслаҳатларини аямади. Бир сўз билан айтганда, ўзидан яхшиликлар, эзгуликлар қолдирди.
Абдулла АЙИЗОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар ва
Журналистлар уюшмалари аъзоси.