Дарахтни асранг, дўстлар!

ёхуд мўъжазгина боғимизни кўрганмисиз?
Тошкент шаҳрининг ХХ аср 90-йилларидаги қиёфаси акс этган видеолавҳага ижтимоий тармоқларда кўзим тушди. Тошкент яшилликка бурканган. Қатор-қатор дарахтлар шаҳар ҳуснига кўрк бағишлаб турганидан ҳайратландим.
Бугунги кунга келиб, шаҳарнинг айрим кўчаларида нафақат кўчатлар экиш, балки уларни кўкартириш ҳам амримаҳол бўлиб қолган. Ариқларда сув оқмайди. Чунки сув оқадиган ариқларнинг кўпи кўмилиб кетган. Ўрнига кўп қаватли уйлар қурилган.
Журналист кадрларни етиштириб чиқаришга ихтисослашган олий таълим ўчоғида таҳсил оламан. Университетимиз дов-дарахтлари, соя-салқин жойлари кўплиги билан ажралиб туради. Ёшлар очилиб турган гуллар, соя бераётган манзарали дарахтлар ёнида суратга тушишга ошиқишади. Ўрик, олма ҳам бор. Университет боғида ноёб дарахтларни кўриб, кўзимиз қувонади.
Дорилфунунимиз ҳудудига уч томондан кирса бўлади. Ўнг тарафда жойлашган биринчи эшикдан қадам қўйсангиз, таниқли олим Омонулла МАДАЕВ номи билан аталган боғ. Чап тарафингизда қийғос очилган атиргулларга нигоҳингиз тушади. Боғда ўриклар пишай деб қолган.
Сал нарироқда тикка ўсувчи, эҳромсимон шаклга эга “Magnolia grandiflora” дарахтига кўзингиз тушади. Уни “абадий яшил магнолия” деб ҳам аташади. Йирик, силлиқ ва ялтироқ барглари билан кўзни қамаштиради. Япроғининг юқори қисми тўқ яшил, пастки қисми эса қўнғир тусда бўлади. Узунлиги 12–25 сантиметргача етади. Асосан, ёз ойларида гуллайди. Қуёшни севади, лекин ярим сояли жойларда ҳам ҳаёт кечириши мумкин. Мева тугишига қарамасдан, кўпчилик манзарали дарахт деб билади.
Диққатингизни “floribunda” туркумига кирувчи “iceberg” (оқ), “julia child” (сариқ), “hot cocoa” (тўқ қизил) сингари атиргуллар тортиши шубҳасиз. Кўп гул очади, лекин майда кўринишга эга бўлади. Ҳовлига зеб бериб турибди. Ким ўтса ҳам, ҳидидан сармаст бўлади.
Игна баргли ўсимликлардан арчанинг “жуниперус” номли тури учрайди. Арчалар, одатда, тик ҳолда ўсарди. Аммо, “juniperus” ёйилиб ўсади, ер бағрини маҳкам тутиб олган. Шу боисдан ҳам уни бутасимон игна баргли ўсимлик сифатида таърифлашади. Ёзин-қишин бир хил кийимда. Яшил тўнини ечгиси келмайди. Бўйи ҳам ниҳоятда паст бўлади. Игналари, шохлари, баъзан думалоқ шаклдаги меваларидан хушбўй, яллиғланишнинг олдини оладиган, ҳужайралар фаолиятини рағбатлантирадиган эфир мойи чиқади.
Ҳавони тозаловчи хусусиятга эга бўлган “Picea pungens”, яъни “кўкимтир арча” университет ҳудудидаги боғнинг ичкарироқ қисмида жойлашган. Совуққа чидамли, қўл билан ушласангиз, игналари тиладиган даражада ўткирлиги билан ажралиб туради. Барглари мум қатлами таъсирида пайдо бўладиган кумушсимон рангда. Касаллик ва зараркунандалар “кўкимтир арча”нинг йўлига ғов бўлолмайди. Унда “ҳимоя иммунитети” шаклланган.
Хориждан келтирилган, иқлимимизга мослаштирилган дарахт ва ўсимликлар қаторига 150 йилгача умр кўрадиган, талабалар ётоқхонаси яқинига экилган “Каталпа” дарахти ҳам қўшилди. Соябоп бу дарахт асаларилар учун нектар манбаи ҳисобланади.
Мўъжаз боғда ўсиб-унаётган ҳар бир гиёҳ, ўсимлик, дарахт об-ҳавони тозалайди, яшиллик беради. Шаҳар кўчаларида қуриб бораётган кўчатларни кўриб, хафа бўлиб кетасан, киши. Ҳамма гап парваришда, вақтида ишлов беришда бўлса керак.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетидаги жами дов-дарахтлар, гуллар ректоримиз, профессор Шерзодхон Қудратхўжанинг назорати остида парваришланмоқда.
Яқинда икки туп гужум кўчати ниҳоли экилди.
Дарахтлар — инсонлар дўсти. Чанг ютиб, тоза ҳаво — кислородни биз томон тортиқ этади. Биз эса бу дўстларимизни асраб-авайлай оляпмизми?
Улуғбек ШАРОБИДДИНОВ,
ЎзЖОКУ талабаси.