“Табиат ва ёш журналист” медиа-тури

у тўртинчи бор ўтказилди ва самарали бўлди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Халқ сўзи” газетасининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Аҳмадали Шерназаров маҳорат мактабининг анъанага айланган “Табиат ва ёш журналист” медиа-тури тўртинчи бор бўлиб ўтди.
Унда устоз журналистнинг марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган, журналистика олий таълимида таҳсил олаётган ва келажакда шу соҳа бўйича ўқиб-ўрганиб, етук журналист бўлишни мақсад қилган шогирдлари иштирок этди.
Эътиборлиси, бу йил тўртинчи бор ташкил этилган саёҳат доирасида ҳам бир неча ижодий лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, кимдир Хўжамушкент қишлоғининг ўзига хос табиий гўзаллиги, кимдир “Хўжамушкент ота” зиёратгоҳи тарихи, яна бир ёш журналист эса табиат бағрида дам олиш жараёнида экологик маданиятга риоя қилиш хусусида медиаматериаллар тайёрлади. Шунингдек, ёш ижодкорлар мавзули фотоэтюд ва видеолавҳалар ҳам тасвирга олдилар.
— Мазкур медиа-турни ҳар йили бир манзил — Жиззах вилояти Янгиобод туманининг Хўжамушкент қишлоғида ўтказамиз, — деди Аҳмадали Шерназаров. — Боиси, ушбу қишлоқда табиийлик тўлиқ сақланган. Шу билан бирга ўзбек қишлоғи қиёфаси ҳам. Булоқлари кўп ва бетакрор. Баланддан оқиб тушадиган чашмалари бор. Уларга “Сувпопукли булоқлар” деб ном қўйганмиз. Ҳар галги медиа-туримиз асносида табиат томошаси билан бирга ўзаро ижодий мулоқотлар ҳам жуда самарали ўтмоқда. Хусусан, унда ОАВда фаолият юритаётган ёш журналистлар ўзларининг илк касб кўникмалари ва таҳририятлардаги иш жараёнлари ҳақида талаба ҳамда ўқувчи шогирдларимга гапириб берадилар. Шунингдек, мазкур суҳбатларда сўз санъатидан, таҳрирдан сабоқ олган ва, умуман, ёзиш маҳоратига эга журналист борки, ОАВнинг қайси йўналишида бўлмасин, ҳар бирида профессионал даражага етиши таъкидланади.
Якунда келгуси йилги, яъни бешинчи маротаба ўтказиладиган “Табиат ва ёш журналист” медиа-тури бўйича ижодий-ташкилий режалар келишиб олинди. Жумладан, устоз журналист Аҳмадали Шерназаров маҳорат мактаби аъзоларининг мақолаларидан иборат китоб нашр этиш ва унинг тақдимотини айни медиа-тур жараёнида ўтказиш белгиланди.
Занжилой АБДУСАЛОМОВА,
ЎзДЖТУ талабаси.