Барқарор тараққиёт сари қадам

Бухоро давлат техника университетида барқарор ривожланиш талабларига жавоб берадиган “яшил университет” концепциясини амалиётга татбиқ этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди
Бугунги кунда бутун дунё экомуҳит ва иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларга қарши курашиш йўлида фаол ҳаракат қилмоқда. 2025 йилга келиб, глобал ҳамжамият барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга татбиқ этишнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан юртимизда 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилиниши мамлакатимизда экологик масалаларга давлат даражасида эътибор кучайганини яна бир бор кўрсатди. Бундай тарихий қарор — ҳар бир соҳада, жумладан, олий таълим муассасаларида ҳам “яшил” ёндашувни жорий этиш зарурлигини англатади.
Гап шундаки, бугун олий таълим фақат касб эгаларини тайёрлаб берувчи тизим эмас, балки жамиятни ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантирувчи кучли платформага айланиши зарур. Айнан шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг 2025 йил 24 январдаги 22-сонли қарорига мувофиқ, Бухоро давлат техника университети олдида барқарор ривожланиш талабларига жавоб берадиган “яшил университет” концепциясини амалиётга татбиқ этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Яшил университет — бу келажак, бу экологик барқарорлик принципларига амал қиладиган, атроф-муҳитга минимал салбий таъсир кўрсатадиган ва экологик онгли авлодни тарбиялашга интиладиган олий таълим муассасаси ҳисобланади. Унга ҳозирданоқ қадам ташлаш эса бизнинг энг тўғри танловимиздир.
Яшил университет — бу фақатгина “кўкаламзорлаштириш” ёки чиқиндиларни ажратиш билан чекланиб қолмайди. Яшил университет модели — таълим, илм-фан, бошқарув ва инфратузилма тизимларининг экологик барқарорлик мезонлари асосида қайта кўриб чиқилишини назарда тутади. 2025 йил глобал экологик кун тартибида “бурилиш даври” бўлиб хизмат қилмоқда. Иқлим ўзгариши, ҳаво ифлосланиши, сув ресурсларининг танқислиги, биохилма-хилликнинг йўқолиши каби таҳдидлар нафақат табиатга, балки жамиятнинг ҳар бир қатламига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Олий таълим муассасалари бу таҳдидларни таҳлил қилиш, уларга илмий ечимлар таклиф этиш ва экологик онгли ёшларни тарбиялаш марказига айланиши зарур.
Яшил университетга айланиш орқали олий ўқув юртлари қуйидаги жиҳатлар бўйича ўз ролини мустаҳкамлаши лозим:
Барқарор инфратузилма: энергия самарадорлиги юқори бўлган бинолар, қуёш панеллари, ёмғир сувларини йиғиш тизимлари орқали кампуслар экологик жиҳатдан тоза ва тежамкор бўлади.
Атроф-муҳитга масъулиятли бошқарув: ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, карбон изини камайтириш чоралари орқали университет экологик масъулиятини намойиш этади.
Экологик таълим: ҳар бир йўналишда ўқиётган талабалар табиатни асраш, иқлим муаммолари ва барқарор ривожланиш ҳақида чуқур билимга эга бўлишади.
Инновациялар маркази сифатида хизмат қилиш: яшил технологиялар, экологик стартаплар ва илмий тадқиқотлар орқали университет жамият учун реал экологик ечимлар ишлаб чиқади.
Яшил университетларда ўқув дастурларига экологик фанлар, барқарор ривожланиш тамойиллари киритилиши орқали талабалар нафақат касб эгаси, балки атроф-муҳит ҳимоячиси сифатида шаклланади. Бундан ташқари, талабаларни экологик лойиҳаларда иштирок этишга жалб қилиш, “яшил” тадбирлар ташкил қилиш, волонтёрлик ҳаракатлари орқали улар амалий тажрибага эга бўлишади.
Университетлар фақат билим берувчи эмас, балки жамият учун йўл кўрсатувчи етакчи ташкилотдир. Шу сабабли, “Яшил университет модели” орқали ОТМлар ўз жамоаси, шаҳри ва бутун мамлакат миқёсида экологик маданиятни шакллантиришда муҳим роль ўйнаши мумкин. Улар нафақат талабалар ва профессор-ўқитувчилар, балки атрофдаги аҳолининг ҳам экологик онгини оширишга хизмат қилади.
Яшил университет — бу шунчаки замонавий тренд эмас, балки заруратдир. 2025 йил биздан экологик жиҳатдан масъулиятли ва инновацион қарорларни кутмоқда. Ҳар бир олий ўқув юрти ўз инфратузилмасини, таълим тизимини, бошқарувини ва маданиятини экологик мезонлар асосида қайта кўриб чиқиши лозим. Бу эса нафақат бугунги кунни, балки келажак авлодлар учун ҳам соғлом ва барқарор ҳаётни таъминлашга хизмат қилади.
Яшил университет модели бу — энергия самарадорлиги, чиқиндиларни қайта ишлаш, табиат ресурсларини тежаш ҳамда экологик онгли ёшларни тарбиялашга йўналтирилган олий таълим модели ҳисобланади. Бундай университетларда нафақат дарс ўқитилади, балки ҳар бир биноси, ёндашуви ва бошқаруви орқали экологик масъулият ва барқарор ривожланишга хизмат қилади. Мамлакатимизда “яшил” иқтисодиёт тамойиллари босқичма-босқич жорий этилмоқда, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кенгаймоқда, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси орқали миллионлаб дарахтлар экилмоқда. Бу жараёнда университетлар олдида икки томонлама вазифа турибди: бир томондан — ўзларининг экологик зарарини камайтириш, иккинчи томондан — экологик маданиятли, онгли ва масъулиятли авлодни тарбиялаш.
Халқаро ҳамкорлик — яшил тараққиётга йўл. Халқаро даражада тан олинган “UI GreenMetric World University Rankings” мезонларига кўра, яшил университет 6 асосий йўналиш, яъни инфратузилма ва атроф-муҳитни бошқариш, энергия ва иқлим ўзгаришига қарши чора-тадбирлар, чиқиндиларни бошқариш, сувдан фойдаланиш, транспорт тизими, таълим ва тадқиқот фаолияти бўйича баҳоланади. Бу кўрсаткичларни сифатли жорий этиш учун эса халқаро тажрибани ўрганиш, илғор университетлар билан ҳамкорлик қилиш зарур бўлади. Турли мамлакатларнинг илғор университетлари ўзида тўплаган муваффақиятли “яшил” амалиётлар, технологик ечимлар ва бошқарув тизимлари орқали бошқа университетларга таянч бўла олади. Масалан, Малайзия, Нидерландия, Жанубий Корея, АҚШ ва бошқа давлатларнинг университетлари бу борада сезиларли натижаларга эришган.
Бухоро давлат техника университети бугунги кунда ўзининг илмий салоҳияти, инновацион ёндашуви ва кенг қамровли халқаро ҳамкорликлари билан мамлакатимизда “яшил университет” сифатида эътироф этилмоқда. “Яшил университет” кўрсаткичларини жорий этиш бўйича Бухоро давлат техника университетига Малайзиянинг Султан Идрис университети профессори, “Яшил университет” рейтинги (“GreenMetric”) бўйича халқаро эксперт Залина Зулкифли бошчилигидаги экспертлар жалб этилди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — қисқа муддат ичида университетда яшил технологияларни татбиқ этиш бўйича аниқ таклиф ва лойиҳаларни ишлаб чиқишдан иборат. Профессор Зулкифли университет раҳбарияти ва тегишли бўлим вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан биргаликда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган ечимлар ишлаб чиқиш, “GreenMetric” кўрсаткичлари бўйича университет рейтингини ошириш йўналишларида фаолият олиб бормоқда. Университетда “Яшил тадқиқотлар” илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергия тежамкорлигини таъминлаш ва экологик хавфсизлик бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди. Ушбу марказ орқали университет нафақат назарий-илмий фаолият билан, балки амалий лойиҳалар асосида реал муаммоларга ечимлар ишлаб чиқишга интилмоқда.
Университетда олиб борилаётган ишлар ёш авлодда экологик тафаккур ва барқарорлик қадриятларини шакллантириш, “яшил” технологияларни илмий асосда ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш орқали ўз самарасини бермоқда. Бу нафақат университет имижини оширади, балки экологик масъулиятли кадрлар тайёрлаш орқали бутун мамлакатнинг келажак экологик хавфсизлигига хизмат қилади.
Келажакда Бухоро давлат техника университети “Яшил университет” тамойилларини янада чуқурлаштириб, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни кенгайтириши, экологик онгли ва масъулиятли мутахассисларни тайёрлашда етакчи марказга айланиши шубҳасиздир. Чунки ҳар бир ёш авлод ўз юртига севги ва ҳурмат билан қараши, ватанпарварлик руҳини юрагидан туйиши лозим. Ватанпарварлик — бу фақат байроғимизга садоқатли бўлиш ёки давлатимизнинг тарихини ўрганиш эмас, балки табиатни асраб-авайлаш ҳамдир. Табиат — бу бизнинг ҳаёт муҳитимиз, келажак авлодларга қолдиришимиз керак бўлган энг қадрли ва катта бойликдир. Ёшлар табиатни асрашга масъулият билан ёндашганида, улар ватанпарварликни ҳақиқий маънода ифода этган бўладилар. Ҳар бир сабза дарахт, тоза сув манбалари ва ҳаво бизга фақат ҳозирги вақтда эмас, келажакда ҳам соғлом ва фаровон ҳаёт қуришда ёрдам беради.
Бухоро давлат техника университетининг ушбу экологик ташаббуслари нафақат университетнинг ўзига, балки бутун мамлакатимизга, ҳатто бутун дунёга глобал экологик муаммоларни ечишда муҳим ҳисса қўшиш учун доимий изланишдадир. Бу йўлда университетнинг фаол иштироки Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти ва экологик соғлом келажаги учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Садоқат СИДДИҚОВА,
Бухоро давлат техника
университети ректори.