Ғоя билан қуролланган аскар мағлуб бўлмайди

Бугунги глобал майдонда кузатилаётган ҳарбий-сиёсий беқарорлик, турли шаклдаги таҳдидлар ва хавф-хатарлар нафақат давлатлар, балки жамиятлар учун ҳам жиддий синовга айланиб бормоқда. Бу, энг аввало, ҳар биримизни Қуролли Кучларимизга ҳам маънан, ҳам жисмонан кўмакчи бўлишга ундайди. Президентимиз таъбири билан айтганда, юртимиз хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашда ҳарбий-жанговар салоҳият ва юксак маънавий салоҳият Қуролли Кучларимизнинг икки асосий таянчига айланиши зарур.
Бугунги кунни мудофаа тизимида ўзига хос байрам, маънавий шодиёна куни деб атаган бўлар эдим. Чунки мард ва жасур аскарларимизга қалам аҳли – ижодкорлар томонидан юксак руҳ ва ватанпарварлик ғоялари билан бойитилган бебаҳо совғалар тақдим этилди. Бу ижод аҳли ҳамда Ватан ҳимоячилари ўртасида шаклланаётган чуқур ҳамкорлик самарасидир. Бунинг натижаси ўлароқ ҳарбий хизматчилар, курсантлар ва ҳарбий таълим муассасалари тарбияланувчилари учун юксак маънавий-маърифий аҳамиятга эга бўлган “Мард аскарга совға” тўпламлари дунё юзини кўрмоқда. Бу китоблар нафақат ҳарбий хизматчилар, балки кенг жамоатчилик учун ҳам маънавий хазинага айланиб бораётгани ҳарбий соҳа ва адабиёт олами ўртасидаги уйғунликнинг юксак намунасидир.
Хабарингиз бор, куни кеча Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясида маънавий-маърифий ҳаётда муҳим воқеа – “Мард аскарга совға” туркумидан чоп этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, бу галги тўплам 7 номдаги асарни ўз ичига олиб, ҳарбий хизматчилар ва курсантлар учун юксак маънавий озуқа бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари, Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, таниқли шоир ва адиблар, ҳарбий хизматчилар ва курсантлар жам бўлишди. “Мард аскарга совға” туркумида чоп этилаётган митти китобчаларда Ватанга садоқат, миллий қадриятларга эҳтиром, мардлик ва фидойилик ғоялари мужассам. Ҳикоя ва шеърлар, достонлардан парчалар, шу мавзудаги қўшиқ матнлари орқали юракларга кириб борадиган бу китоблар ҳарбийлар руҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу китоблар нимага хизмат қилади, деган савол туғилиши табиий. Жавоб аниқ: ватанпарварлик сўз билан эмас, амал билан исботланади. Бу туйғу аниқ мақсад ва бағрикенг ғоялар билан тўйинсагина ҳар қандай таҳдидлар қаршисида мағрур тура олади. Бу китоблар ўзбек аскарининг қаддини кўтарувчи маънавий қалқон сифатида чоп этилмоқда.
Бугун дунёда урушнинг шакл-шамойили ўзгарган. Энди ғалаба аскарнинг сони ёки қурол-аслаҳа кучи билангина эмас, балки ғоявий зеҳн, руҳий бардош ва аниқ стратегик мақсад билан ҳам белгиланади. Замонавий урушда душманни фақат қурол билан эмас, ватанга чексиз муҳаббат, уйғоқ фикр, мустаҳкам маънавият билан енгиш мумкин.
Шунинг учун ҳам “Мард аскарга совға” туркумидаги китоблар шунчаки адабий тўплам эмас, балки руҳий қалқондир. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Темур тиғи етмаган жойни қалам билан олди Алишер”, деган сатрларини эсланг. Бунда илму маърифат, тафаккур ва ғоянинг беқиёс қудрати, ҳаётий ва тарихий ҳақиқати мужассам. Чиндан ҳам, қилич ета олмаган нуқтага қалам етади. Қўшин босиб ўта олмаган қалъани ғоя забт этади. Устоз шоир сатрларида англашилганидек, қалб ва онг учун кураш авж олган замонда энг катта ютуқ – маънавий устунликдир.
Шундай экан, ҳар биримиз ватанимизнинг чин аскари, хавфсизлигимизнинг ҳимоячиси бўлишга масъулмиз. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ёзганидек:
Токи хавфу хатар бор, шудир темир тарбия:
Ҳар биримиз – посбонмиз, ҳар биримиз – армия.
Халқу Ватан ташвиши – барчанинг тенг ишидир,
Бугун ҳар безовта қалб – хавфсизлик кенгашидир.
Дарвоқе, “Мард аскарга совға” туркумида “Бобомерос туйғу” (ҳикоялар), “Аскар онаси” (ҳикоялар), “Олимпиада илҳомлари” (шеърлар), “Ота макон” (шеърлар), “Ватанни ҳар кимга ишониб бўлмас” (шеърлар), “Меҳринг билан яшаймиз, Ватан!” (шеърлар), “Эр йигит юртидан кечмайди” (шеърлар) каби тўпламлар ўрин олган.
Олимжон ЎСАРОВ,
Мудофаа вазири маслаҳатчиси