Оиладаги зўравонликлар

“Эр-хотиннинг уруши — дока рўмолнинг қуриши”. Ҳа, шундай. Ҳар қандай оилада ҳам баъзан турли гап, баҳс, аразлашиш каби ҳолатлар бўлиб туриши мумкин. Лекин эр-хотинлар тезда бир-бирини кечириб, яхши ҳаёт кечириб кетади. Аммо ҳамиша ва ҳамма оилаларда ҳам ана шундай бўлганида эди…

Минг афсуски, шундай оилалар борки, у ерда оила бошлиғи бўлган эр томонидан аёлига доимий жисмоний куч ишлатиш, уни аёвсиз калтаклаш, хўрлаш оқибатида фожиалар юзага келаётган мисоллар ортиб бормоқда. Энг ёмони, ота-онанинг нотинч яшаши оиладаги муҳитнинг ҳаддан ташқари ёмонлашувига, фарзандлар тарбиясига салбий таъсир қилмасдан қолмайди. Бундай аҳвол айрим ҳолларда ўнглаб бўлмас ҳолатларни келтириб чиқармоқда, нафақат оилавий ажримлар, балки келишмовчиликлар ҳатто ўлим билан якунланаётганига мисоллар ҳам йўқ эмас.

Аввало, ҳар бир ёш бахтли бўлиш ниятида оила қуради. Эр ҳам, хотин ҳам сабр-қаноатли, аҳил бўлса, оила мустаҳкам бўлади. Йўқса, майда-чуйда гап-сўзлар, турли келишмовчиликлар муносабатларни емириб, ҳаётни боши берк кўчага киритиб қўяди.

Баъзи бир эр-хотинлар ўртасида содир бўлаётган жанжаллар хавотирли ва ташвишли. Айниқса, ижтимоий тармоқларда дилни хира қиладиган ана шундай ҳодисалар тўлиб-тошиб кетди. Аёлларни таҳқирлаш билан боғлиқ зўравонликлар эса кишини чуқур ўйга толдиради. Бундай шафқатсизликлар содир бўлаётганлиги сабабларидан бири менталитетимизга хос белги – “уйдаги гап кўчага чиқмасин” деган истиҳола. Афсуски, андиша оқибатида ҳақорат ва зулм авж олмоқда.

Мамлакатимизда жабрдийда аёлларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Эридан жабр кўрган аёлнинг арз қилмаслиги зўравонликнинг жазосиз қолишига олиб келади. Жабрланувчилар айбдор билан бир уйда яшашини ҳисобга олсак, масаланинг нақадар оғирлигини англаш қийин эмас. Таҳлиллар ҳуқуқбузарликларни, асосан, эркаклар содир этаётганини кўрсатмоқда. Маҳаллаларда ва иш жойларида оилавий зўравонликларнинг олдини олиш бўйича доимий суҳбатлар ва назорат олиб боришни тақозо этмоқда, албатта.

Масалан, Яккасарой тумани Миробод кўчасида яшовчи Василий Ч. ўзаро оилавий келишмовчилик оқибатида келиб чиққан тортишув натижасида турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб, уни уриб, жиддий тан жароҳати етказган. Муштумзўр эр судда айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди.

Суд маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилган, деб топди ва Василий Ч.га 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.

Юқоридаги мисолни “бу — оддий ҳолат экан-ку”, деб ўйлашингиз мумкин. Лекин аслида ҳаммаси оддий ана шундай жанжаллардан бошланади.

Демак, оила мустаҳкам, бахтли бўлиши учун у тинч бўлиши лозим. Бунинг учун эса янги қурилаётган оилалар бир-бирларига мос, маънавий етук бўлиши жуда муҳимдир.

Зоҳиддин НУРИДДИНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман суди тергов судьяси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − nine =