Сунъий интеллект инсоният учун хавфлими?

Атрофимизга бир назар солсак, сўнгги йигирма-ўн йилликда дунё мутлақо бошқача тус олганига гувоҳ бўламиз. Бунинг сабаби одамзод шундай нарсаларни кашф қилдики, юз йилни қўйинг, 20-30 йил аввал ҳам бугунги нарсалар бир эртакдек туюлган. Айниқса, сунъий интеллект ихтироси яшаш тарзимизни тубдан ўзгартириб юбормоқда. Бу кашфиёт шу даражада ақллики, худди инсонлардек маълумотларни эслаб қолиш ва қарор қабул қилиш хусусиятларига эга бўлиб бормоқда. Бугунги кунда сунъий идрокка ҳар томонлама боғланиб қолганмиз, унга муҳим топшириқларни бериш орқали вақтимиз анчагина тежалмоқда. Авваллари компьютерни ёки телефонни интернетсиз ишлата олмаганимиздек, яқин келажакда сунъий интеллектсиз ҳеч қандай амаллар бажара олмаймиз деган қарашлар бор.

Сўнгги йилларда сунъий интеллект биз учун маълумотлар базаси, устоз ва ҳаттоки шифокорлик вазифаларида хизмат қилмоқда. Албатта, бу бир нечта вазифалар, холос, лекин уларнинг саноғи жуда ҳам кўп ва йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳозирда сунъий идрок ёрдамида яратилаётган одамсимон роботлар ва ўзи юрар машиналар бир қадар оддий ҳолга айланиб бормоқда. Кундан-кунга янгидан-янги ихтиро қилинаётган бундай технологиялар инсонлар яшаш тарзини янада қулай қилишга ўз ҳиссасини қўшаётгани бор гап. Масалан, ҳаммамиз фойдаланаётган “ChatGPT” бизнинг энг ақлли ёрдамчимизга айланган. Ундан ҳар қандай маълумотни сўрасак, бизга турли сайтлар ва манбалардан фойдаланиб, уни таҳлил қилиб, беминнат тақдим қилади. Бу ҳамма учун маълум ва кундалик ҳаётда кенг қўлланилмоқда. Аммо бир савол туғилади: сунъий интеллект барибир сунъий, у инсоният учун хавф туғдирмайдими?

Савол устида мулоҳаза қилишдан олдин, сунъий интеллект тарихига бир оз тўхталсак. Ушбу атама биринчи бўлиб 1956 йили Жон Маккарти томонидан ишлатилган ва мана шу йилдан бошлаб сунъий интеллект такомиллаша бошлаган. Аммо 70-80-йилларга келиб бу кашфиёт ривожланишдан тўхтаган. Сабаби, ўша даврда ҳар бир компьютер дастури алгоритмлар асосида ишлаган, дастурчи ёзган буйруқлар ва алгоритмлар чегараланган бўлиб, бу сунъий идрок учун ўзи ўрганиш имкониятини тақдим этмаган. Бошқа томондан эса технологиялар ҳозиргидек ривожланмаган ва маълумотлар базаси ҳам катта эмас эди. 2000-йилларга келиб, сунъий интеллект яна тараққий эта бошлади, лекин бу сафар янгича ёндашув билан, яъни катта ҳажмдаги маълумотларни тизимга киритиш орқали уни янада кучлироқ даражага кўтаришди. Бу ривожланиш инглиз тилида “машинавий ўрганиш” (“machine learning”) деб аталади. Энди компьютерда ўзи ўрганиш хусусияти пайдо бўлди, яъни маълумотларни эслаб қолиш ва қарор қабул қилиш қобилиятига эга сунъий ақл яратилди. Бу инсоният тарихида буюк бир кашфиёт бўлди. Энди бу ихтиро бизга тенглашадиган даражада ақлга эга бўлиб бормоқда. Қандай дейсизми? Мисол учун, аввалги чегараланган алгоритмлар асосида яратилган сунъий идрок одамларни шахматда енга олмаган. Лекин 2022 йилда “SenseTime” компанияси томонидан ясалган “SenseRobot” номли СИ (сунъий интеллект) роботи икки профессионал хитойлик ўйинчини мағлубиятга учратган. Бу ўйин Шанхайда жонли эфирда бўлиб ўтган, Хитой шахмати (“xiangqi”) бўйича жаҳон чемпиони Ксие Жинг ҳамда ёшлар чемпиони Гу Бовен билан ўйнаган (“China Daily” расмий сайтидан). Бугунга келиб, дунё олимлари сунъий интеллектни енгадиган шахматчи йўқ деб айтишмоқда. Бундан кўриниб турибдики, у инсонлардан ҳам ақлли бўлиб бормоқда. У буни қандай амалга оширади? Биринчи бўлиб, унга барча ўйинларни кўриб чиқиш буйруғи берилади. Бу амални одам каби секин бажармайди, бир неча сонияларда уддалайди. Сўнгра ўзи билан ўзи шахмат ўйнашни бошлайди. Бу ҳам жуда қисқа вақтлар ичида содир бўлади ва бу жараёнда ўзи учун миллионлаб алгоритмларни тузиб олади, шу тариқа барчасини ўрганиб чиқади.

Энди юқоридаги саволга тўхталсак: “Сунъий интеллект қандай ишлайди?” Бунинг соддалаштирилган талқинини кўриб чиқамиз. Тасаввур қилинг, бир “қора қути” бор ва унинг ичига миллион-миллион маълумотларни киритгансиз. Шу “қора қути” ичида маълумотлар тўпланади, таҳлил қилинади ва номаълум бўлган амаллар бажарилган ҳолда жавоблар тақдим этилади. Бу жараён асосан “чуқур ўрганиш” (“deep learning”) дастуридаги сунъий интеллектда содир бўлади (масалан, “ChatGPT”). Энг ҳайратланарлиси, “қора қути” ичида нима бўлаётганини ҳеч ким билмайди. Буни бартараф этиш учун шу йили “изоҳлаш” (“reasoning”) қисми киритилди, лекин мутахассисларнинг айтишича, бу ҳам ичкарида тўлиқ бўлаётган жараённи очиб бера олмас экан, демак, бу муаммога ечим бўлмаган. Бунинг нимаси қўрқинчли дейишингиз мумкин. Қўрқинчли тарафи шундаки, агар сунъий интеллект ўз истаги билан қарор қабул қилиш даражасига чиқса, унга боғлиқ барча нарса инсонлар учун хавфли бўлиши мумкин. Масалан, такомиллашиб бораётган сунъий интеллект роботлари ўз хоҳиши билан ҳаракатланишни бошлайди. Албатта, бу бир фантастик кинога ўхшаб туюлади, аммо бу нарса содир бўлиши эҳтимоли мавжуд. Буни тасдиқлаш учун дунё олимларининг фикрини кўриб чиқсак. Жеффри Ҳинтон (Geoffrey Hinton) 1978 йилда Эдинбург университетида сунъий интеллект бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган, 2024 йилда эса физика йўналишида Нобель мукофотини қўлга киритган ҳамда “Google” компаниясининг собиқ ходими бўлган. Умумий қилиб айтганда, сунъий интеллект мутахассиси бўлган бу шахс “CNN”га берган интервьюсида сунъий идрок одамлардан ҳам ақлли бўлиб, келажакда катта хавф туғдириши муқаррарлигини таъкидлаган.

Агар сунъий интеллект хавфли бўлса, уни ривожлантирмаслик керак, шундай эмасми? Афсуски, бунинг иложи йўқ, чунки ҳозирда дунёда сунъий интеллект пойгаси кетмоқда. Кимда энг ақллиси бўлса, ўша кучлироқ деган қарашлар бор. Юқорида, асосан, унинг хавфлари ҳақида сўз юритдик. Албатта, одамзод томонидан яратилган бу ақлли технология зарарли деб бўлмайди, юқорида айтганимиздек, бизга кўп фойда ҳам келтирмоқда. Айниқса, илм-фан, тиббиёт, келажакдаги табиий офатларни аниқлаш ва ижтимоий ҳаётдаги бажарилиши қийин бўлган ишларни бир зумда бажаради. Хўш, нима қилмоқ керак? Кўплаб баҳс-мунозаралардан сўнг, дунё олимларининг кўпчилиги сунъий интеллектни янада чуқурроқ ўрганиб, тадқиқотлар қилиш ҳамда уни яратиш ва ишлатиш бўйича қонунлар жорий қилиниши муаммога ечим бўлади, деган хулосага келишмоқда. Бундан шуни англаш мумкинки, ривожланаётган ҳар қандай технологияга бефарқ бўлмаслик, аксинча, уларни янада чуқурроқ ўрганиш ёрқин келажакни кафолатлайди.

Ҳумоюнбек ҲОШИМЖОНОВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 18 =