Сиз қайси рангга тегишлисиз?

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега баъзи инсонлар билан бир деганда апоқ-чапоқ бўлиб кетасиз-у, баъзиларини жинингиз суймайди? Жавоб эса оддий! Бу сизнинг руҳиятингизга боғлиқ. Психологияда инсон тоифалари бир неча назариялар орасида турлича таърифланади. Булар қуйидагилар: холерик, сангвиник, флагматик, меланхолик. Ҳар бир назария инсоннинг хулқ-атвори, темпераменти, руҳий хусусияти ёки шахсиятига қараб ажратади. Бу илмий назариялар оддий инсонлар учун тушунилиши қийин бўлиши мумкин, аммо сиз ўз темпераментингизни рангларда тасаввур қилиб кўрганмисиз? Ҳаётимизда ҳар куни учрайдиган, биз билган оддий рангларда…

Томас Эриксоннинг “Атроф тўла аҳмоқлар” китоби айнан юқорида кўтарилган мавзу бўйича ҳикоя қилади. Асар тили содда ва ҳаётга яқин услубда ёзилган бўлиб, инсонлар ўртасида мулоқотда кечадиган муаммоларни тушунишга ёрдам беради. Худди шундай инсон темпераментлари ҳам рангларда ифодаланади.

Қизил (доминант) — раҳбарликка интилувчи, қатъиятли ва натижани хоҳлайдиган киши. Психологияда бу тип холерик деб аталади.

Сариқ (таъсирчан) — ижтимоий, ижодий, қувноқ, кўпроқ фикр алмашишни яхши кўрадиган инсонлар тоифаси. Бу тип сангвиникка қиёсланади.

Яшил (барқарор) — тинчликсевар, сокин, дўстона, ўзгаришлардан чўчийдиган ва бир маромдаги ҳаётни афзал кўрувчи одам. Бу темпераментга флагматик типдаги инсонлар киради.

Кўк (аналитик) — фактларга асосланадиган, мукаммалликни ёқтирувчи ва эҳтиёткор кишилар. Фан тилида бу типдаги инсонлар меланхолик деб аталади.

Томас Эриксон бу типларни таниб олиш ва уларга қандай муносабатда бўлиш ва зиддиятларнинг олдини олиш ҳақида фойдали маслаҳатлар беради. Китоб номи ҳам бекорга бундай танланмаган. Кўпчилик инсонлар бир-бирини тушунмайди. Тушунмагани учун тортишиб қолишади, тортишганларидан сўнг бир-бирини аҳмоққа чиқаришади. Ҳар бир инсон ўзга бир олам ва уларни тушуниш учун унинг психологик темпераментини англаб етиш керак. Томас Эриксон ҳар биримиз ҳаётда тўқнашадиган ҳолат — бошқаларни тушунмаслик, уларнинг ҳаракатини нотўғри талқин қилиш муаммосига чуқур эътибор қаратган. Кўплаб мулоқотларда юз берадиган тушунмовчиликлар аслида инсонларнинг турли психологик типлари туфайли содир бўлиши — бу оддий ғоя бўлиши мумкин. Лекин ҳаётий ҳақиқат ҳам…

Китобнинг энг ёққан жиҳати — муаллиф инсонларни тўртта ранг тоифасига ажратиб, ҳар бирининг ўзига хос хатти-ҳаракатларини, фикрлаш тарзини, кучли ва заиф томонларини жуда содда ва тушунарли тилда баён қилганидир. Айниқса, ранглар орқали одамларни таснифлаш (қизил, сариқ, яшил, кўк) — бу мантиқан ҳам, эстетик жиҳатдан ҳам осон эсда қолади.

Мен ўзимни китобдаги сариқ ва қизил ранглар оралиғида топдим — бу эса хатти-ҳаракатларимга танқидий ва тушунувчан назар билан қарашимга сабаб бўлди. Бундан ташқари, оила аъзоларим, дўстларим ва атрофимдаги бошқа инсонларимнинг шахсиятини ҳам рангларда кўра бошладим. Бу эса муносабатларда илиқликни кучайтиришда менга анчагина ёрдам берди.

Албатта, китобнинг айрим ўринларида ғарб менталитетига хос мисоллар кўп учрайди. Бироқ бу китобнинг умумий қийматини асло пасайтирмайди. Аксинча, кишини ўйга толдиради: “Мен бу вазиятда қандай рангман?”, “Мен бошқаларга қандай таъсир қиламан?”, “Нега мен баъзиларни дарров ёқтириб қоламан, бошқалар эса менинг асабимга тегади?”. Бу саволларни инсон ўзига бериши ўз устида ишлашнинг ва ички ўсишнинг белгиси, назаримда.

“Атроф тўла аҳмоқлар” — бу аслида одамларни аҳмоқликда айбламайди, балки ҳар кимни ўз ҳолича қабул қилиш, тушуниш кераклигини эслатади. Ҳар бир инсоннинг ўз тили, ўзича фикрлаш дунёси борлигини тан олиш — бу ҳақиқий оқиллик белгиси. Шу маънода, ушбу китоб атрофдаги “аҳмоқлар”ни эмас, балки ўзингизни кашф қилишга ундайди. Ишонмайсизми, ўқиб кўринг.

Дилдора ДЎСМАТОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 15 =