Ҳаёт мактабида тобланганлар

Ҳасанбой Қосимов билан журналистик касбим шарофати билан танишганман. Бир неча йил аввал газетага мақола тайёрлаш жараёнида Ҳасанбой Қосимовнинг ижодкорга ҳурмат билан эътибор қилгани унга нисбатан меҳримни оширди. Йиллар давомида шу нарсани англаб етдимки, у фақатгина ижод аҳлига эмас, барчага бирдек самимият кўрсатадиган, табиати беғубор киши экан. Имоним комил бўлдики, мабодо одамлар дардини тинглаш бўйича танлов ўтказилса, албатта, у ғолибларга сардор бўлгулик иқтидорга эга. Яратганга шукр, бахт-камол топганим — журналистлик касбим туфайли Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда инсон қадр-қимматини биладиган, ижодкор аҳлига хайрихоҳ дўстларим кўп. Улар газетачига қараса кўзи ёнади, газета ўқиб роҳатланади. Маърифат кўчасини ихтиёр этган фазилатли кишиларнинг бори яхши…
Яна Ҳасанбой Қосимов ҳузуридаман. У ҳуқуқ илмини ҳам, инсон руҳиятини ҳам яхши биладиган, оқ-қорани илғаб оладиган тажрибали раҳбарлардан. Кенг мушоҳада қилса-да, қисқа сўзлашга одатланган. Кўп марта одамлар билан суҳбатларини кузатиб, шу фикрга келганман. Наманган — Ибрату Машраблар, маърифатли олимлар, ислом уламолари, уста ҳунармандлар, саховатли тадбиркорлар, барокатли чорвадорлар, қўли енгил шифокорлар, дунёкезар савдогарлар ва гулзорлари бисёр боғбонлар юрти. Ва яна энг муҳими, бу гўшада бобо-момоларининг, ота-оналарининг иззат-икром билан хизматларини қилиш зурриётларнинг қон-қонига сингиб кетган. Катталарнинг дилларини оғритиб қўймаслик учун жон-жаҳди билан қўллари кўксида ҳаракат қилишаётган, болалигидан устага шогирд тушиб, ҳунар ўрганаётган ёшлар кўп. Уларга ҳавас қиламан.
Ҳасанбой Қосимов шундай ибратли ҳаёт мактабида ота-онаси, устозлари сабоғини олиб, камол топган бўлса, ажаб эмас.
У билан бошдан кечирганларимизни эслашиб ўтирдик. Фидоий инсон жийдакапалик Ҳабибулло ота Ҳайдаровнинг айтганлари эсимга тушиб қолди. Ҳабибулло ҳожи илтимос қилиб: “Ҳамкасб маҳалладошим, таниқли ўқитувчи бўлган раҳматли Қўчқорали Қосимов ҳақида ҳам ёзсангиз, кўпчиликнинг дуосини олган бўлардингиз”, деганди.
— Сиз ҳам муаллим отангизнинг ҳаёт мактабида тобланган экансиз-да, — деб сўрадим Ҳасанбойдан.
— Дадам раҳматлининг мактаб таълими, маърифат йўлидаги хизматлари, инсонийлик фазилатлари ҳақида ёзсангиз, бошимиз осмонга етарди, — деди Ҳасанбой. — Агар ҳаёт бўлганларида, бу йил тўқсонга кирарди. Синглим Ақида дадамнинг изидан бориб, ўқитувчилик касбини танлаган.
Уйчидаги 14-сонли мактабдамиз. Биноси у қадар замонавий бўлмаса-да, ташқарисида ҳам, ичкарисида ҳам гуллар кўп экан.
— Ўқитувчилар гулни қанчалик яхши кўрса, болаларга ҳам меҳри баланд бўлади-да, — дейман мактаб раҳбари Ақида Қосимовага юзланиб. — Ўқувчиларнинг болалигидан гулларга, табиатга муҳаббатини ошириш муҳитини яратиш, айниқса, мактабда муҳим аҳамиятга эга. Гул кўп жойда файз бор, гул кўп жойда гўзаллик бор.
Ақида Қосимовани феъли ҳалимлиги, камтаринлиги ва мулоҳазакорлиги акасига ўхшар экан.
— Худойим дадам раҳматлига ҳақиқий ўқитувчи бўлишдек бахтни насиб этган экан, — деди Ақида. — Ёшлигимда ҳамма домла дегани учун дадамнинг ҳам оти бормикан деган ўйга борардим. Менинг исмимни ҳам кўпчилик билмайди, “Қосимов домланинг қизи” дейишади. Билимли, қатъиятли, касбига фидойи, лафзи ҳалол отанинг қизи бўлиб дунёга келганим учун Яратганга шукур деб юраман. Дадам мактабларда ўқитувчи, кейинчалик узоқ йиллар директор бўлиб ишлаган. У киши уйимиздаги ҳаёт мактабимизнинг ҳам директори эди. Оиламизнинг ҳақиқий султони бўлган. Онам “даданг келяпти”, деса бўлди эди. Биримиз кўчага сув сепиб, эшик супураётган, яна биримиз чой қўйиб, жой тайёрлаётган бўлардик. Бир косада совуқ чой тайёр турарди. Қани эди, ўша бахтиёр кунларнинг ҳеч бўлмаса бир куни қайтиб қолсайди…
Ақиданинг ҳаяжонли сўзларини, соғинч тўла ҳикоясини ён дафтарга қоралаяпман-у, кўз ўнгимда Қўчқорали домла сиймоси гавдаланди.
— Раҳматли Фаридахон онам гўё хонадонимиз фариштасидек эди, — дейди ҳамсуҳбатимиз. — Доимо ҳаётдан рози бўлиб яшаш, шукур қилиш бизга она сути билан кирган, десам бўлаверади. Эзгу ният қиладиган, ҳар ишдан ҳикмат қидирадиган, ёмонлик қилганларни Аллоҳнинг ҳукмига қолдирадиган муниса аёл эди. Тиббиёт соҳасининг ҳақиқий фидойиси бўлган. Уйчилик минглаб аёллар чақалоқларини соғ-саломат қўлларига олишида онамнинг ҳиссаси бор. Маҳаллаларда, тўй-томошаларда уни билганлар “Фаридахон опанинг қизимисиз? Илоҳо, жойлари жаннатда бўлсин, ажойиб аёл эди”, дейишганида, қалбим ёришиб кетади.
— Бир пайтлар катта оиламиз бор эди, — дея Ақида сўзини давом эттирди. — Беш ўғил, икки қиз ниҳоятда бир-биримизга меҳрибон, аҳил эдик. Кўз тегдими, тақдирми, билмадим, фалокат бир келди, қўша-қўша келди. Бир жигаримиздан айрилиб қон йиғлаб турганимизда, яна биридан айрилдик. Инсон бардошини емириб ташлайдиган айрилиқлар бўлар экан. Бирин-кетин беш жигаримдан жудо бўлдим. Латифахондан учта ўғил, Акмалжондан икки қиз, Адҳамжондан уч қиз, бир ўғил, Акрамжондан бир ўғил, бир қиз, Аъзамжондан уч ўғил, бир қиз бевақт етим қолди. Бир парча жигарим беш жойидан дарз кетди. Айрилиқ дардларини бошдан кечиравериб, ўзим ҳам дардманд бўлдим. Бахтимизга, отамиз ўрнида отадек Ҳасанбой акам бор бўлсин. У жигарларимиздан қолган норасида гўдакларни ўз фарзандлари каби бошини силади. Ҳаётда ўз ўринларини топишларида уларга ғамхўр бўлди.
Ақида Қосимова хизмат хонаси тўридаги атрофида гуллар билан безатилган стул устидаги матони очди.
— Мен туғилган 1972 йили дадам раҳматли мактабимиздаги ўқитувчилик даврида шу стулда ўтирган экан, — деди у бошқача меҳр билан. — Уни асраб-авайлаб сақлаб келаман.
Муаллим фарзандининг отасига бўлган ихлосини кузатиб, Наманганнинг Янгиқўрғонида эшитган яна бир воқеа ёдимга тушди. Наманганнинг фидойи фарзанди Тожимирзо Абдуллаев ҳақида хотира мақоласини тайёрлаш жараёнида ўғли Бахтиёр билан ота-онаси абадий қўним топган қабристонга зиёратга боргандик. Қабристондаги ободончиликка, қўйилган ёдгорликларга ҳавасим келганини яширмадим.
— Ака, беш қўл баравар эмас, — деб бўлган воқеани айтиб берганди.
Намангандан Тошкентга кетиб, катта бир идорада раҳбар бўлиб ишлайдиган номдор таниши телефон қилиб, қишлоғидаги қабристонга келишини илтимос қилибди. Отасининг қабри қаердалигини топа олмаётганини айтиб, ёрдам сўраган экан. Мана сизга икки хил табиатли инсонлар. Бир фарзанд етмиш йил аввал отаси ўтирган стулни табаррук билиб, хонасининг тўрида сақласа-ю, яна бошқаси отасининг қабри қаердалигини билмаса…
Нима ҳам дейсиз, буни ҳаёт дейдилар. Ҳаёт шундай, ҳикматларга, синовларга тўла дунё экан-да.
Қўчқорали Қосимов 1990 йилдан 2000 йилгача директор бўлиб ишлаган тумандаги 24-сонли ўрта мактабдамиз. Мактаб раҳбари Солижон Нуриддиновнинг айтишича, 440 ўринли 2 қаватли ушбу мактаб устозининг саъй-ҳаракатлари билан қисқа бир йилда қуриб битказилади. Мактабга ажратилган замонавий мебеллар, ўқув жиҳозларини асраб-авайлаб сақлашда домланинг талабчанлиги қўл келган. Қосимов домла раҳбарликка келгунча мактаб вилоятда энг қолоқ бўлган. Мактабга ёш ва иқтидорли ўқитувчилар ишга таклиф этилиши фанларни ўзлаштиришда самарасини беради. Ўқувчилар туман, вилоят олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллай бошлайди. Туман миқёсида энг обод мактабга айланади. Домла қатъий интизомли, маърифатли, тўғрисўз, талабчан раҳбар бўлган.
Қўчқорали Қосимов ҳақида устознинг яна бир шогирди Бахтиёр Ёқуббоевнинг ушбу сўзларини келтирсак: “Устоз Худо берган туғма иқтидорли муаллим эди. Мактаб жамоасида ижро интизомини таъминлаш, таълим-тарбия учун фидойи бўлиш, камтаринлик борасида Қосимовдек фазилатли одамлар ўша пайтларда ҳам кам эди. Устози комилнинг охиратлари обод бўлсин!”
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.