Беғубор одамнинг ўрни

Аъзам Ўктам — XX аср ўзбек шеъриятининг забардаст вакили. Ҳаёт кези келганда бешафқат.  Бувайданинг фахрли ўғлони, Қодир Деҳқон тамал тоши қўйган туман шеърият мактабининг ёрқин юлдузи — Аъзам Худойбердиевга зўрғагина қирқ икки баҳорни раво кўрди. Қисқа умр кўрса-да, шоир йигитларнинг ўктами, марди мардони ғаразли тошбўронлар остида қуйидаги олти шеърий тўпламига дунё юзини кўрсатишга улгурди:

  1. “Кузда кулган чечаклар” (1989)
  2. “Кузатиш” (1989)
  3. “Зиёрат” (1992)
  4. “Тараддуд” (1992)
  5. “Икки дунё саодати” (1998)
  6. “Қирқинчи баҳор” (1999)

Тўпламларга кирган шеърлар ўхшаши йўқ, ўктамона шеърлардир. Қариш бегона, ҳамиша яшариб турувчи барҳаёт сатрлар жо уларда. Тўғри, ижодкорнинг барча шеърлари маҳобатли эмас, балки моҳиятли-мағзи тўқ назм дурдоналаридир. Боиси, Аъзам Ўктам тўқима эмас, тўкма ижодкорлардан эди. Бирон-бир шеърини мажбуран, зўрма-зўраки тўқиб битмаган. Ҳар бир сатри қалб тўридан қайноқ вулқондек отилиб чиқиб, инжудек қоғозга тўкилган. Зеро, қуйма мисралар ёзилмайди, туғилади. Туғма шеърларнинг умри эса жовидон бўлади.

Шоирлик — топқирлик. Қати бузилмаган топилмалар инкишоф қилиш, оҳори тўкилмаган тафсилотлар қўллаш, яп-янги, бир-биридан чиройли, асосли, ўринли ташбеҳлар тизиш, мазмунга мос шакл танлаш, етакчи фикрга мутаносиб сўзлар қўллашда Аъзамжонга тенг келадигани бўлмаган. У нафақат сўз сайлаш, балки матн ичида сўзни ўйнатишни ҳам ҳадди аълосига етказган. Жумладан, сўзларни Оллоҳ — “ол, лоҳ”, ҳаёт — “ҳа, ёт” каби турли шаклларга солиб, янги-янги маъно қирраларини очишда ҳам ўта маҳоратли эди.

Шеърларига ном қўйишда ҳам синчков, закий бўлган. Сўзлар раққослик қилган бир шеърини “Ўйин” деб номлаган. Мазкур шеър бошдан-оёқ мумтоз адабиётда фаол қўлланган қалб санъати асосига қурилган…

Қалб — арабча сўз бўлиб, луғатда айлантириш, тескарига айлантириш, чаппасига, яъни сўлдан ўнгга ўқиш каби маъноларни ҳам билдиради.

Истилоҳда замирида муносабат ёки таъсир мазмуни бўртиб турган, шеърдаги икки қисм ёки элементлар ўртасидаги алоқадорлик ифода этилган ҳиссиётлар орасидаги боғланишни билдирган мумтоз бадиий тасвирий воситадир.

Қалб санъатининг икки тури бор:

  1. Муносабат қалби
  2. Таъсир қалби.

Муносабат қалби — икки қисм ёки элементни бир-бирига боғлаб туради. Чунончи: кулги-йиғи, офтоб-соя, гул ва тикон каби қарама-қарши муносабатларни ифодалашда қўлланади.

Таъсир қалби — шеърнинг ижодкор томонидан ўқувчига етакчи фикрини образли, лўнда етказишда қўлланадиган йўл-йўриқ, услуб шаклида. Яъни хатти-ҳаракатларни тасвирлаш орқали қаҳрамонларнинг ҳиссиётларини акс эттириш, ўқувчига шеърнинг таъсир кучини орттириб, бўрттириб беришга хизмат қилади.

Мазкур санъат талаби бўйича “Ўйин” шеърини ҳамкорликда имкон қадар фикр элагидан ўтказсак:

 

Дарада ҳайқирдим:

“Мен улуғ, улуғ!”

Қайтарилар:

“Ғулу”.

 

“Фол оч, — дедим, —

Келажакдан фол”

Эшитилар:

“Лоф”.

 

Инградим:

“Оҳ-оҳ-оҳ!”

Гумбурлайди:

“Ҳо-ҳо-ҳо”.

 

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, “Улуғ – ғулу”, “Фол – лоф”, “Оҳ-оҳ – ҳо-ҳо” сўзлари фонетик ўзгаришга учраган ҳар икки ҳолатда ҳам лексик маъно ифодалайди. Бу — ижодкорнинг вазиятга мос сўзлар танлашдаги устомонлигининг нишонаси…

Улуғлик ҳар кимга ҳам насиб қилавермайдиган, забт этиш қийин, бироқ қулаш осон бўлган ўта юксак чўққи. Улуғ ва ғулу гўё ер билан осмонча фарқи бўлган қарама-қарши қутб…

Ижодкор тазод — қарши қўйиш усули орқали асосий фикрга мантиқий урғу бериб, тасдиқлаяпти, маънони бўрттириб, таъсирчанликни оширмоқда. Ўқувчини ўзини яққол таниб олишга, ўзлигидан асло чекинмасликка даъват қилмоқда. Улуғлик, буюклик, таниқлилик қатра нуқсон билан, яъни ўзидан кетиш, шуҳратпарастлик, кибру ҳавога берилиш билан ғулуга, ғалаёнга, ағдар-тўнтарга алмашиниб қолиши ҳеч гап эмаслигини алоҳида таъкидлаяпти…

…Аввало, ўтганлар ҳақида гапирганимизда қандайдир сифатни қўшиб айтгимиз келади. Тўғри-да! Энди у банда Тангри ҳузурига кетди. Боқий дунёга йўл олди. Шу боис унинг ибратли жиҳатларини намуна қилиб кўрсатмоқ жоиз. Аммо, шундайлар борки, топганимиз сифат шахсиятга узукка қўшган кўздай ярашади. Аъзам Ўктам — беғубор шахс эди. Яъники, кўнглида кири йўқ эди. Эҳтимол, шунинг учундир юраги нопоклар даврасида гоҳо уринди, гоҳо суринди. Э воҳ, шундоқ шоир қисқа умр кўрди. Буюк Абдулҳамид Чўлпоннинг умридай. Шоир талқинича, банда шукр қилгани маъқул; лекин эзгу нарсаларни кўпроқ истаса — ундан ҳам яхши. Банда ўшанда фариштага яқинлашади:

Қор ёққани – излар босилгани ҳам

Хўроз қичқиргани агар бўлса тонг;

Шунга шукр қилиб яшаса одам,

Бундан бошқасини сиғдирмаса онг –

Кўкдан нур ёғилмас,

Гул фақат сўлар.

 

Бунда табиат ҳамда одам руҳиятидаги турғунликка қарши исён бор. Дейлик, қор ёққани, излар босилгани, хўроз қичқириғи асносида тонг отаверса-ю, онг ўша бир хилликка кўникиб қолса, кўкдан нур ёғилмайди-да, демоқда шоир. “Гул фақат сўлар” – гулнинг қийғос очилиб тургани яхши, бироқ маънавий турғунликда гул барибир сўлади.

Бир хилда мулоҳаза юритиш, онгни чархламаслик, мухтасар шаклда айтсак, тафаккур ялқовлиги жамиятни таназзулга олиб боради. Учинчи бандда нигоҳ топилмага “қоқилиб” ярқираб кетади – “Бўронлар жимлиги саналса одоб” – бўрон сукут сақлаб турса, демак, у бўрон эмас. Буни одоб асносида оқлаб ҳам бўлмайди.

Ушбу шеър шоирнинг 1993 йилда чоп этилган “Тараддуд” шеърий тўпламидан олинган. Санасига қарасак, 1987 йилда ёзилган экан. Хулоса ҳам ажабтовур:

 

Бош турса кўкракда, елкада эмас,

Эзилиб, димиқиб ўлса ҳамият;

Ҳеч ким йўл топмаса, чиқармаса сас,

Баҳона қилинса муҳит, жамият –

Узрлар гуноҳдан

Ёмонроқ бўлар.

 

Масалан, ҳозирги ёшлар Аъзам Ўктамни биладими? У қандай жамиятнинг меваси? Шеърларининг тагқатламига астойдил разм ташласангиз, Истиқлол арафасида тебранишлар ифодасини илғаймиз. Зотан, Аъзам Ўктамга тенгдош авлод вакиллари – Равшан Файз, Чори Аваз дохил бошқа шоирлар жамиятдаги турғунлик тўғрисида рўй-рост ёздилар. Бу жараёнда ўзини тафтиш қилиш, воқеликдан қониқиш ҳиссини туймаслик туйғуси устуворлик касб этади. “Тараддуд” китобида тўрт қаторлик шеъри бор. Сарлавҳаси – “Баъзан”. Шу миттигина шеърда катта фалсафа акс эттирилган:

 

Кўнгил ҳеч нарсадан тўлмайди сира,

Тинчроқ яшармидим девона бўлсам.

Тепамда осиғлиқ болта – хотира,

Кошкийди, ўзимга бегона бўлсам.

 

Қанийди, девона бўлиб, хотирамни унутсам бахтиёр яшармидим, дейди лирик қаҳрамон. Ўздан бегона бўлиш – хотирани унутиш демак. Бироқ, шоирнинг виждони бунга асло кўнмайди:

 

Неча йил тишлаб тилимни,

Сўз демай юрдим-да жим.

Сўнг таниб қолдим элимни,

Бирдан ўзимни англадим.

 

Шоирни тушуниш қийин. Хусусан, шовқин-суронга тўлган замонда. Хусусан, кишанлар бўшашган, узилаётган замонда. Негаки, жамиятдаги инқилоблар кўпчиликнинг онг-шуурига оҳиста-оҳиста етиб боради. Йигирманчи аср ниҳоясида Чўлпон ғояларини тараннум айлаган Аъзам Ўктам мазкур миссияни идрокида жамлаган ва шуни ижро этган эди. Истиқлол йилида – балки Истиқлолдан олдин, балки кейин – оташин шоир ёзган эдики:

 

Тошинг ёғдир, кўзу бағрим

Зиёсин сочганим, эй халқ.

Тамаю, таънаю суҳбат…

Борингдан қочганим, эй халқ.

 

Фақат зоҳирдаги ишни

Сенинг ҳукмингга қўймишман,

Англаёлмассан –

Кўнгулни –

Кима мен очганим, эй халқ.

 

Шоир кўнглини оппоқ қоғозларга очади-да! Унинг нидосини фақат оқликлар эшитади. Аммо орзу қилган шоир шунчаки хаёлпараст эмас. Орзу қилсанг, ўша орзуни юксак оҳангларда баралла айта билсанг, шунинг ўзи мардлик-ку! Эҳтимол, бу амал инсонни фаришталарга яқинлаштирар? Мавлоно Жалолиддин Румий демиш: “Баъзан бизнинг маъсумлигимизга фаришталар ҳавас қилади, баъзан эса жоҳиллигимиздан шайтон қочарга жой тополмай қолади…”. Бизнингча, Аъзам Ўктамнинг маъсумлиги – фаришталар ҳавас қиладиган маъсумлик. Жамиятдаги беғубор одамнинг ўрни айнан шу билан ўлчанса керак.

Ғанижон ЭРМАТОВ,

Халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти

соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 7 =