Жамиятни ўзгартирувчи куч

Наманган давлат педагогика институти маданий-маърифий фаолиятини тарбия кластери тизими асосида амалга оширмоқда
Мамлакатимизда ўқитувчи-педагогларга бўлган эътибор давлат сиёсатининг устувор соҳасига айланди. Эндиликда ўқитувчига одамларнинг тафаккурини, жамиятни ўзгартирувчи куч ҳамда янги берунийларни, хоразмий ва фарғонийларни камолга етказувчи, том маънодаги тарихий миссияни адо этишга қодир бўлган инсон сифатида оқилона муносабат ривожланмоқда. Айниқса, педагогнинг мақоми тан олиниши, педагогларнинг ўз касбий фаолиятини юритиши учун барча шароитлар яратилиши, ижтимоий ҳимояси таъминланиши ва ҳуқуқлари амалга оширилиши 2024 йил 1 февралда қабул қилинган “Педагогнинг мақоми тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан кафолатланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан ташкил этилган Наманган давлат педагогика институтида фан — таълим — тарбия интеграциясини таъминлашда бир қатор ишлар амалга оширилди.
Институт ташкил этилганидан буён ҳар бир ўқув йили ўзига хос тарзда номланиб келинади. Жумладан, “Тикланиш” йилида — малакали педагог кадрларни саралаш ва ўқув жараёнини самарали ташкил этиш, “Ривожланиш” йилида — маънавий-маърифий ва тарбиявий фаолият устуворлигини таъминлаш, “Тараққиёт” йилида — илмий тадқиқот ишлари ва илмий салоҳиятни ошириш, “Юксалиш” йилида — халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилди. Бунинг натижасида институтда илм-фан, таълим-тарбия йўналишида самарали натижага эришилди.
Ҳозирги кунда институтда 3 та факультет, 10 та кафедра ҳамда фан-таълим-маданият-тарбия уйғунлигини таъминлашга қаратилган “Келажак ўқитувчиси маркази”, “Халқаро баҳолаш дастурлари билан ишлаш лабораторияси”, “Маънавият секторлари”, “Ифтихорлар маскани”, “Талабалар академияси”, шунингдек, Наманган вилоятининг ҳар бир туманида институтнинг илмий-ўқув методик маркази фаолият олиб бормоқда.
Институтда илмий-амалий, илмий-назарий тадқиқотларни тизимли, манзилли ва мақсадли амалга ошириш “илм орқали билим бериш” тамойилига асосланади. Педагогик таълимга бундай ёндашув, биринчидан, мукаммал назарий билим олиш орқали амалий фаолиятга яқинлашиш имкониятини берди; иккинчидан, замонавий билимлар воситасида таълим йўналишининг касбий тайёргарлигини ошириш учун қўшимча таълим объектларини яратди. Шунингдек, бу тамойил таълимни рақамлаштириш ва трансформация қилиш, ўқув жараёнига ахборот технологияларини изчил қўллаш, айниқса, таълим маконида сунъий интеллект ва моделлаштириш воситаларидан самарали фойдаланиш имкониятини берди. Натижада педагогика соҳасидаги энг глобал муаммоларни ўрганиш, тадқиқ этиш ва амалиётга жорий этишга қаратилган “мавзулар банки” яратилди. Ҳозирги пайтда институтда “Илм орқали билим бериш” тамойилининг “Интернет ресурслари” босқичини амалга ошириш жараёни кетмоқда. Унда ўқув жараёнини ташкил этишнинг амалдаги механизмларини соддалаштириш (осонлаштириш) ҳамда таълим олиш ва таълим беришни янада интерактив ва мослашувчан қилиш назарда тутилган. Шунингдек, ушбу босқичда талабаларга виртуал лабораториялар ва симуляциялар, рақамли ўқув платформалари ва таълим хизматларидан ҳамда мультимедиа контентларидан фойдаланиш кўникмалари ўргатилади. Бунинг натижасида талабаларга ишончли илмий манбаларни аниқлаш ва мунтазам қўшимча билим олиш имконияти яратилади. Бу жараён ўз навбатида, таълимнинг интерактив ва илмга мослашувчан бўлишига хизмат қилди. Натижада педагогика соҳасида: а) талабаларнинг “Startap”, “Innoweek” лойиҳалари ва халқаро конференциялардаги иштирокининг салмоғи ошди; б) Ҳиндистон, Япония, Англия, Хитой, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Беларуснинг нуфузли олий таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорлик ва академик мобиллик алоқалари мустаҳкамланди; в) талабаларнинг илмий тадқиқот ишланмаларини яратиш, оммалаштириш, тарғиб қилиш имкониятини берадиган мотивацион муҳит пайдо бўлди; г) таълим траекториясида талабанинг кўп векторли иштироки кенгайди. Яъни талаба нафақат ўқув жараёни билан, балки илмий тадқиқот ва маданий-маърифий соҳада ҳам фаоллашди.
Институтда талабаларнинг илмий фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган тизимли ишлар жорий ўқув йилида ўзининг самарали натижасини берди. Жумладан, “Мирзо Улуғбек ворислари”, “Мунозара” интеллектуал турнири, “Йил талабаси — 2024”, “Techno Spark” республика инновацион лойиҳалар танлови ҳамда “StudEXPO-2025” халқаро инновацион лойиҳаларида институт талабалари муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллашди.
Шунингдек, институтда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган. 2025 йилдан 7 та ихтисослик бўйича диссертациялар ҳимоясини амалга оширувчи Илмий кенгаш фаолият юритиб келмоқда. Жорий йилдан институтнинг “Таълим ва тараққиёт” номли илмий-услубий журнали педагогика фанлари бўйича илмий натижаларни чоп этиш тавсия этилган миллий илмий нашрлар рўйхатига киритилди. Ҳозирги кунга қадар институтнинг 33 нафар профессор-ўқитувчиси Финляндия, Жанубий Корея, Англия, Хитой, Малайзия, Туркия, Россия, Беларусь давлатларининг етакчи университетлари ва илмий марказларида малака оширди ва стажировкада бўлди.
Институтда иқтидорли талабаларни саралаш, уларнинг истеъдодидан кенг фойдаланиш, илмий лойиҳаларини оммалаштириш ва илмий ишланмаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Талабалар академияси” ташкил этилган. “Талабалар академияси” тузилмасида турли кўринишдаги инновацион фаолият учун мавжуд хавфлар юзасидан профилактика ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида “Profreading”, “Таржима ва таҳрир”, нуфузли халқаро базаларда мақола чоп этиш бўйича “Маслаҳат Маркази” хизматлари йўлга қўйилган.
Педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштиришдаги яна бир муҳим жиҳат бўлажак педагогнинг маънавий қиёфаси, билими, дунёқараши ва албатта, халқаро миқёсда тафаккур қилиш кўникмасига эга эканлиги билан боғлиқ. Бу эса педагогнинг нафақат мутахассислигини мукаммал эгаллашини, балки ахлоқий жиҳатдан юқори савияда бўлишини талаб этади. Зеро, педагог нафақат билим беради, балки тарбиялайди ҳам.
Шу жиҳатдан олганда, Наманган давлат педагогика институтининг маданий-маърифий фаолияти тарбия кластери тизими асосида амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад — таълимнинг ахлоқий-эстетик, маънавий-маърифий ҳамда ижтимоий-маданий мазмунини бойитиш, қизиқарлилигини ошириш ҳамда таълим олувчиларда эстетик бой дунёқарашни ривожлантириш асосида шахс (малакали мутахассис)ни тайёрлашдан иборат. Бундан ташқари, ўқитувчи ўқувчи (талаба)ни тарбия орқали педагогик фаолиятга тайёрлаши тарбия кластерининг зарурий шарти ҳисобланади. Чунки талабанинг педагогик фаолиятга тайёр бўлиши учун талаба шу муҳитнинг ҳавосидан нафас олиши, жамоа билан бирга курашиши, ўқитувчи билан бирга ишлаши, шунингдек, педагогик фаолиятда юзага келадиган зиддиятлар қаршисида довдираб қолмаслиги ва бундай муаммони ўзи мустақил ҳал этиши учун таълим амалиёти тарбия назарияси билан мустаҳкамланиши зарур.
Шуни таъкидлаш зарурки, “намунавийлик” ҳар доим “устоз-шогирд” анъанаси учун муҳим ахлоқий тамойил бўлиб келган ва у “Талаба — талабага устоз, талаба — талабага шогирд” тамойили учун ҳам тарбиявий асос бўлиб хизмат қилади. Бунинг учун ўқитувчи каби талаба ҳам мақсадга эришишни исташи, хоҳлаши, қизиқиши, реал ва амалий натижага эришиши мумкинлигини англаши зарур. Агар талаба ва ўқитувчи хоҳлаб ишласа, ўз фаолиятидан қониқиш ҳосил қилса, биргаликдаги натижасини кўрса, тарбия кластери самара беради. Акс ҳолда, ташаббус ким томонидан чиқса, ташкил этувчиси, ижрочиси, иштирокчиси ва жавобгари ҳам ўзи бўлиб қолаверади. Натижада ишдан зерикиш, безиш, кўнгли совиш, қизиқмаслик ҳолати юзага келади. Тарбия жараёнига нисбатан бу каби эскича ёндашиш хато ва нотўғри эканлигини таълим муассасасидаги айрим маданий-маърифий тадбирларга нисбатан ўқитувчи ва талабаларнинг муносабатида кузатиш мумкин.
Институтда ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий соҳада тарбия кластерининг самарали омилларидан кенг фойдаланилмоқда. Бу ўз навбатида, “талабаларни маънавий тарбия жараёнига тайёрлаш”, “талабаларнинг ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларини қўллаб-қувватлаш”, “талабаларнинг истеъдодларини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш”, “илмий-ижодий меҳнати самарасидан манфаатдорлик ҳиссини пайдо қилиш” ҳамда “ёшларга қаратилган таҳдидларга қарши курашиш орқали ғайримаънавий одатлардан ҳимояланиш кўникмаларини ривожлантириш” йўналишида самарали натижаларга эришиш имконини берди. Жумладан, 2024-2025 ўқув йили давомида институтнинг “Дийдор” театри республика олий таълим муассасалари ўртасида ўтказиладиган “Талабалар театр студиялари” фестивалининг ҳудудий саралаш босқичларида 1-ўринни, республика босқичида 4-ўринни, “Зиё” жамоаси 2025 йил апрель-июнь ойларида “Маърифат майдони” республика танловининг вилоят ва ҳудудий босқичларида 1-ўрин ва республика босқичида 4-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, “Маҳмудхўжа Беҳбудий сабоқлари” мавзусида ўтказилган иншолар танлови, “Талаба, югур!” кўнгиллилар югуриш спорт мусобақаларининг 2024 йил “Кузги” ва 2025 йил “Баҳорги” мавсумларида фахрли 1-ўринни, “Жадидлар жасорати — миллатимиз фахри”, “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзуларидаги иншолар танловининг республика босқичи ғолиби, “Талабалар лигаси” спорт мусобақаларида спортнинг 4 та тури бўйича минтақавий босқич ғолиби, “Ижодкор ёшлар”, “Ёш спортчилар”, “Ёш дастурчилар”, “Ёш китобхонлар” клублари ҳамда “Чевар қизлар” тўгаракларида талабалар томонидан тайёрланган ишланмаларнинг республика кўргазма-тақдимотида институт талабалари ўз кўргазмалари билан иштирок этиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг махсус ташаккурномалари билан тақдирланди.
Маълумки, педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш барча илғор давлатларнинг ижтимоий ривожланиши ва глобал рақобатбардошлигининг муҳим омили ҳисобланади. Айниқса, педагог кадрлар тайёрлаш тизимини ягона ёндашув асосида такомиллаштириш таълимнинг барқарор тараққиётини таъминлайди. Чунки педагог кадрлар тайёрлаш тизимини ягона ёндашув асосида такомиллаштириш халқаролашиш орқали педагогик таълим сифатини юксалтиришнинг истиқболли мақсадларини амалга оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, мамлакатимизда педагог кадрларни тайёрлашдаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 апрелдаги “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони стратегик аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур.
Бу ўз навбатида, ўқув дастурларни халқаро тажриба асосида трансформация қилиш, таълим соҳасида узвийлик ва узлуксизликни таъминлаш, илм-фан ва амалиёт уйғунлигига эришишнинг илмий, таълимий ва методологик асосларини мустаҳкамлайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, ягона концептуал ёндашув асосида олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш сиёсатини юритиш орқали педагогик таълим соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Шунингдек, педагогик таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини ҳамда таълим-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологиялари жорий этилишини таъминлашнинг халқаролашуви учун шароит яратилади. Бундан ташқари, педагогика соҳасида илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг устувор вазифалари — келажак ўқитувчисини тайёрлаш ҳам педагог кадрлар тайёрлашни ягона ёндашув асосида такомиллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Педагогик таълим тизимини ислоҳ этиш ва миллий педагогикани илғор хорижий тажрибалар билан интеграция қилиш орқали ҳозирги кунда ўқув жараёнини мақсадли ташкил этиш, ўтказиш ва амалга ошириш, бўлажак педагогларнинг замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш даражасини юксалтириш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни амалдаги таълим тизимига жорий этиш йўналишидаги мавжуд муаммолар манзилли ўз ечимини топади.
Баҳодир ҲУСАНОВ,
Наманган давлат педагогика
институти ректори,
фалсафа фанлари доктори,
доцент.