“Палахмон тошлари” таҳлили
Ижод аҳли, хоҳ у шоир бўлсин, хоҳ ёзувчи, Худонинг алоҳида яратиғи ҳисобланади. Ижодкорга сўз билан ишлаш истеъдодини берган қудрат уни ҳамиша назоратида ушлаб туради, ўзи бошқаради, янгидан-янги мавзу ва ғоялар билан ҳам ўзи таъминлаб туради. Ўзбек сўз дунёсида жаҳон адабиёти билан бўйлашишга қодир адиб ва асарлар мана шу таъминотнинг маҳсулидир. Шу маънода устоз адиб Қамчибек Кенжа “Палахмон тошлари” номли романига мавзу қилиб олган масала ҳам, асар ҳам миллий адабиётда алоҳидалиги билан китобхон диққатини тортади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, халқаро Бобур мукофоти совриндори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси мукофоти соҳиби Қамчибек Кенжа ўзининг “Бир кеча — минг кеча”, “Қиёматга қолган кечирим” номли ҳикоялар тўплами, айниқса, улуғ мутафаккир шоир, қомусий олим, истеъдодли саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур, бобурийлар ва буюк тақдир эгалари бўлмиш бошқа аждодлар ҳаёти, ижодий, илмий фаолиятларини чуқур ўрганиш мақсадида Андижонда ташкил топган Бобур номидаги халқаро илмий экспедиция аъзоси сифатида яратган “Буюк тақдирдошлар” номли роман-сафарномалари билан ўзбек китобхонларига яхши таниш.
Қуйида ёзувчининг “Палахмон тошлари” романи хусусида сўз юритмоқчимиз. Мутолаани бошлаган ўқувчининг назари дастлаб бир муҳожирнинг эпиграф қилиб олинган: “Ўлсам, юзимни Ватанимиз тарафга қаратиб кўминглар” тарзидаги васиятига тушади ва бутун вужуди жунжикади. Шу биргина жумла мусофирлик, ватангадолик туйғусининг мазмун-моҳиятини очиб беради. Бу туйғуни ҳис этиш бошқа-ю, уни бошдан кечириш бошқа. Мусофирлик ҳам бир нави. Мусофирнинг маълум вақтдан кейин Ватанга қайтиш имконияти бор. Аммо ватангадолик ҳиссининг оғриқларини фақат ва фақат Ватанга қайтиш имкониятидан мосуво бўлган одамгина билади. Буни тўлалигича ҳис этиш жуда қийин.
Шундай таассуротлар қуршовида асар мутолаасига киришган китобхон биринчи жумлани ўқишданоқ яна ғалати бир исмсиз туйғуга эш бўлади: “Дастлабки кунданоқ Бекназарнинг ичи хотинига илимади”. Даҳшат! Муаллиф шу биргина жумла билан ўқувчисининг руҳий мувозанатини бузади. Китобхон ички бир ҳайрат билан ўқишда давом этаркан, бунинг сабабларини қидира бошлайди. Боиси илк севгининг рад этилгани ва бу туйғунинг кўнгил пучмоқларида қолиб кетганиданмикин? Ёки “…жойнинг нариги четида тескари қараб, кўрпага бурканган ҳолда нафаси қайтиб, пишиллаб ётган келинчак…” ҳолатиданмикин? Бу каби саволларга китобхон асардаги кейинги тасвирларни ўқиш асносида жавоб топади.
Аслида, ўзбекларда миллий таомилга кўра ҳозир ҳам кўп оилалар ота-оналар ташаббус-таклифи билан қурилади. Худо тақдир қилган оилалар яратилиши учун “ёшлар бир-бирининг кўзига иссиқ кўрсатиб қўйилади” деган нақл бор. Бундан ташқари, “худо қўшган тақдир”, “кўз очиб кўрган…” деган тушунчалар ҳам борки, бу билан ҳисоблашмаслик инсоннинг бутун ҳаётини издан чиқариб юбориши мумкин. Китобхон боблар оралаб Бекназарнинг шум тақдири, бошидан ўтган шўришлар, мусофирчилигу ватангадолик азобларини кузатаркан, буларнинг бош сабаби шу эмасмикин, Худо қўшган тақдирга бўйсунмаганидан эмасми, турмушга чиқиб суйиб суйилмаган, оилавий бахт туйғусини англаб улгурмай талоғини олган Рашиданинг уволига қолмадимикин, деган фикр ўқувчининг кўнгил қаърида тураверади. Чинакам бадиий асарнинг қаҳрамони, гарчи уни ёзувчи ўз хаёлидан яратган бўлса-да, ўқувчи учун тирик бир инсон. Китобхон у билан ҳаёт чиғириқларидан ўтади, шодлигидан яйрайди, изтиробларидан оғринади, хатоларидан сабоқ чиқаради. Ўзида унга нисбатан дарддошликни ҳис қилади. Асар охирлагани сари қаҳрамоннинг ҳаёти яхши бўлиб кетишига, орзу-истаклари амалга ошишига умидвор бўлаверади. Бу ёзувчининг Худо юқтирган маҳоратидан бўлса керак.
Асарда Рашида тақдири ўқувчи руҳиятида то Бекназарнинг уникидан-да ошиб тушадиган кечмишларига чалғигунига қадар оғриқли бир нуқта бўлиб тураверади. Бунинг сабаби асардаги: “Эркак оғушининг нақадар ҳузурбахшлигини туйиб, қайлиғига қаттиқ кўнгил боғлаган ҳамда ёшлигига бориб, ҳаётнинг, яшашнинг нашъу намоси, аёллик роҳати, бахти, бахтиёр ёстиқдошликдан иборат экан, деган хулосага келиб улгурган жувон ўша қимматли бойликдан, тақдир ато этган бемисл неъматдан ажралиб қолаётганидан таҳликага тушиб, бирдан ўзини йўқотиб қўйган, ғам ўтида қовуриларди… Бир оздан кейин баралла ҳўнграй бошлади. Бекназар унинг чангак каби маҳкам қисиб олган қўлларидан елкаларини бўшатмоққа уринарди” тарзидаги ифодада бўлса керак. Бу билан муаллиф қаҳрамонини бир инсон, бир аёл сифатида қанчалар нозик англаганини ҳис этиш мумкин.
Профессор Қозоқбой Йўлдош романга ёзилган сўнгсўзида таъкидлаганидек, ёзувчи ҳар бир қаҳрамонини ҳам ижтимоий муносабатлар фонида, ҳам руҳий кечинмалари, ҳис-туйғулари қуршовида тасвирлайди. Унинг қаҳрaмонлари ўқимаган, лекин уққан кишилар. Гап шундаки, одам қаерда, қандай жамиятда, қай шароитда яшашидан қатъи назар, одамлик мезонларига, Аллоҳнинг бандалари олдига қўйган талабларига хиёнат қилмай яшашга интилганлиги билан яратувчи қудратнинг рағбатию марҳаматларига сазовор бўлади. Лекин бандаси томонидан қаердадир йўл қўйилган хато ва шу мезоннинг бузилиши туфайли инсон жазога мустаҳиқлиги ҳам бор гап. Қамчибек домла қаҳрамонлари тақдирини тасвирлашда мана шу ҳақиқатларга асосланган.
Романнинг бош қаҳрамони Бекназар ақлли, мулоҳазали йигит, фикр кишиси. Лекин унинг табиатан тезоблиги, ўзининг жисмоний қудратига ортиқча бино қўйиши, ўрни келганда феълини бошқара олмай, нафақат ўзи, балки атрофидаги унга яхшилик соғинган барча кишиларни ноқулай аҳволга солиши, буни англагани ҳолда кечирган руҳий ва жисмоний изтироблари тасвири ўқувчига ҳаёт деб аталмиш имтиҳоннинг нақадар мураккаб эканини кўрсатади.
Бекназар бошига балолар ёғилишига сабаб бўлган хислати илк бор девор орасидан топилган китоблар хусусида келган “қизил галстук таққан кимса” билан қишлоқ милиционерига кўнгли хижил тортиб, қошлари чимирилиб “товуши ҳам, вужуди ҳам қалтираб” қилган муомаласи ва овозини кўтариб “райком ходимига тик боққани”да кўринади.
Аслида, бу шунча кўргиликларга сабаб бўлишга арзийдиган иш эмас. Лекин совет жамияти, ундаги ҳолат-вазият, амалдор ва оддий фуқаро ўртасидаги муомала-муносабатларнинг нотўғри йўлга қўйилганлиги воқеа-ҳодисалар ривожига ўринли асос қилиб олинган. Бекназар мазкур вазият бутун умрига зомин бўлишини билганида қандай йўл тутган бўларди, деган фикр китобхон руҳиятидан лип этиб ўтади. Асарда муаллиф бу ҳолатни: “Бекназарнинг кўксида… ватанпарварлик, миллий ғурур, халқпарварлик куртаклари бўрта бошлаган эди, деб айтиш қийин”, дея тасвирлайди. Яъни у қаҳрамонига ён босмайди, унинг тутумларини хаспўшламайди. Жамиятдан иллат қидирмайди. Ўқувчисини ўз қолипига солмайди. Китобхоннинг ўзини мушоҳада қилишига, Бекназарнинг ҳолатини ўзи ич-ичидан ҳис этишга қўйиб беради.
Ифода тилининг силлиқлиги, равон ва оғир-босиқлиги, сюжетнинг оригиналлиги билан ўқувчисини маҳкам ушлаб қолган асарда муаллиф Ўш — Эргаштом довонидаги табиат тасвири билан боғлиқ: “…асрлар давомида остки қатламлари тошдай қотиб қолган, аммо юзаси ёғингарчиликда сирпанчиқ лойга айланадиган энсиз йўл гоҳо нариги бошигача кўриниб тургандай тўғри, тик, гоҳида иланг-биланг арғамчини эслатарди”; “…йўл гоҳо пастликка шўнғиб кетар, анча масофадан кейин боз тепага ўрлаб борар, айниқса, қияликлардан чиқилар…”; “йўлнинг икки тарафи яқин туюлса-да, аслида, анча олисдаги тоғларга туташ қуюқ чангалзору жийдазор, тўқайзорлардан иборат эди”; “…дам-бадам узоқ-яқиндан чиябўрилар чийиллаши, бўрилар увиллаши, бойўғлининг хунук, юракни сескантирадиган қичқириғи баралла эшитиларди”; “чангалзорлар орасидан оч бўри ёки тўнғизми чиқиб ҳужум қилиб қолиши” мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар орқали худди ўзи шу довондан пиёда ўтган-у, ўқувчисини Бегмат сор ўрнида йўлбошловчи сифатида орқасидан эргаштириб кетаётгандек тасаввур уйғотади. Боши оппоқ Помир тоғларидан ошиб ўтишдаги қийинчиликлар, нафақат йўловчилар, ҳатто жониворларнинг тортган азоблари тасвири “йўл азоби — гўр азоби” деган иборанинг асл моҳиятини очиб бергандек бўлади ўқувчига. Бу азобларни ўқигани сари одамнинг эти жунжикади.
Шунча қийинчиликлардан кейин Қашқарга эсон-омон ўтиб бориб, беш-тўрт танга пул ишлаб йўлида давом этиб, Истанбул мусофирхонасида ишқ балосига мубтало бўлган Бекназарга бу азоблар ҳолва экан. Гап шундаки, бир кўрганда севиб қолиш ҳиссини ҳамма ҳам тасаввур қила олмайди. Китобда Бекназарнинг ҳолати тасвири, бу туйғунинг ўзига хос жиҳатлари бутун инжаликлари билан очиб берилган. Шундай ҳолат-вазиятга тушиб қолган ошиқнинг Маккага қараб яна йўлга чиқиши асло мумкин эмас эди. Қаҳрамоннинг туйғулари самимий, муҳаббати чин эди.
Банданинг қадари Аллоҳнинг қўлида бўлганидек, қаҳрамоннинг тақдири ҳам муаллифнинг қўлида. Шу маънода муаллиф Бекназарнинг тақдирини унинг феъли билан боғлаган. Феъл ва тақдир. Қайсиниси бирламчи? Инсон ўз феъли, хатти-ҳаракатлари билан белгилаб қўйилган тақдири сари боради. Илло, Бекназарнинг қўлидан ҳам бошқа ҳеч иш келмасди. У ҳам муаллиф белгилаб қўйган тақдири сари борди ва ҳаётидаги иккинчи муҳим қадамга рўбарў бўлди. Ва бу қадам унинг бошига яна бир дунё балоларни ёғдирди. Қолаверса, муҳаббат деган туйғу шунчалар қудратлики, айниқса, у чин бўлса ва инсондаги Аллоҳнинг мулки аталмиш кўнгил деган сарҳадларда ўрнашиб олган бўлса, бандасининг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Севмоқ бу мағлуб келмоқ, ўзликни унутмоқ ва қурбон бўлмоқдир.
Элда бир нақл бор:
Ҳаёт сени ўқитар,
Таёқ билан сўқитар.
Сабоғини олмасанг,
Дўконда бўз тўқитар.
Ҳаётда кимларнингдир умри бир тизимда, изчилликда, ҳаммаси рисоладагидек кечади. Оила. Фарзандлар. Рўзғор ташвишлари. Фарзандлар муаммолари ва ҳоказо. Лекин қай бир кишилар ҳаёти хатолар, гуноҳлар, қоқиниш ва жазоларга эш бўлади. Бекназар ўз тақдири ва ҳаёти билан мана шу иккинчи тоифа кишилар сирасига кирарди. Нега шундай? Хатолар туфайли жазоми бу? Ахир бир хатоси учун жазосини олмадими қаҳрамонимиз? Нега унинг тақдири ва ҳаётида жазолар давом этмоқда? Унинг Фазилат билан учрашуви хатоми ёки жазоми?
Бир тарафдан қараганда, Бекназар учун бу муҳаббат ҳаётнинг унга берган мўъжизаси, неъмати эди. У чинакамига севиш-севилиш бахтига муяссар бўлди. Ҳар ҳолда, унинг назарида шундай эди. У бу муҳаббати учун катта қурбон берди: ҳаёти иккинчи марта остин-устун бўлиб кетди. У бундан ҳеч афсусланмади, оғринмади. Ҳаётидаги биринчи хатоси учун кўп ўкинди. Ота-онаси, жигарлари, ўзининг тақдири ва мусофирликдаги кечмишлари сабаб йўл қўйган хатоси туфайли, агар уни хато деб айтиш мумкин бўлса, албатта, жуда кўп ўкинди, афсус қилди. Шунга қарамай ҳаётнинг “таёғи”дан сабоқ ололмади. Аммо муҳаббати туфайли чеккан азоблари сабаб ҳеч ўкинмади, севгани учун афсусланмади. Ҳатто муҳаббатидан айрилиб қолганида ҳам ундан кечмади. Кечолмади. Бу борада ақл билан иш тутишнинг имкони йўқ эди. Бу муҳаббат аталмиш туйғу билан боғлиқ илоҳий ҳақиқат. Буни муаллиф ҳам ўзгартиролмас эди. Ўзгартирса, асари бунчалик мукаммал бўлмас, ҳаёт қонунларига эш бўлмас эди. Шу боис Бекназар тақдирида борини кўрди.
Асардаги етакчи тимсоллардан иккинчиси Фазилат образи. Фазилатнинг Бекназарга муносабатида муҳаббат билан бирга манфаатдорлик бордек тасаввур пайдо бўлади китобхонда. Бу отасининг орзусини рўёбга чиқариш — Ватанга қайтиш манфаати. Тўғри, Бекназар келишган, ёш, бақувват, ҳар қандай қиз орзу қилса арзийдиган йигит. Қолаверса, ватандош, бунинг устига, қизни қулдек яхши кўрди. Буни қиз билиб турибди. Бекназарга мойиллиги ҳам, ишончи ҳам бор. Лекин қатъий эмас. У ҳамма нарсада иккиланади. Гарчи табиатида шаддодлик, дадиллик бўлса-да, муҳаббат масаласида ақл билан иш тутиш кераклигини устувор қўяди.
Одатда, ошиқ-маъшуқлар хатти-ҳаракатларида кўпинча фидойилик, қурбонлик масаласида қизлар устуворлик қиладилар. Чин муҳаббатга эришиш борасида катта қурбонликлар улар томонидан содир бўлади. Лекин Фазилат бундай қурбонликка қодир эмас эди. Унда ақл, манфаат маълум даражада муҳаббатидан устуворроқ эди. Буни унинг Бекназарга муносабатида, учрашганларидаги тутум-муомаласидан ҳам англаш мумкин. Бир томондан қараганда, унинг вазияти шуни тақозо этар, у онасини ҳам ўйлаши, Бекназарни ҳам асраши керак эди. Вазиятга бу ракурсдан қаралса, уни ҳам тушуниш мумкин.
Фазилатнинг тутумлари борасида Бекназарнинг қамоқдаги хонадоши Суханвор қайсидир маънода ҳақ. Тўғри, Бекназарга унинг ҳақиқатлари ёпишмас эди. Лекин: “Хўш, ўзинг айт-чи, биродар, ўша офатижонингнинг муҳаббатини-ку қўй, сенга заррача ҳурмати, меҳри бўлса, нега садоқат сақламайди, нега кутмайди? Урушдан қайтиб келмаган эрини бир умр кутган хотинлар ҳам бор. Етти йил нима деган гап? Қалпоқни етти марта айлантирсанг, бас. Эҳтимол, Худо ишингни ўнглаб, бир сабаб билан муддатидан аввал бўшатиб юборишар. Шунга чидамайдими? Нимага ҳеч бўлмаса келиб, вафосизлигининг важ-баҳонасини айтмайди, узр сўрамайди? Бунақа аёл кейин сени қандай қадрлайди?..” тарзида қўйган масаласи нафақат Бекназарни, китобхонни ҳам ўйлантиради. Ўқувчининг Фазилатга бўлган муносабатига дарз кетади.
Асарда Фазилат тимсолига монанд яна бир ўзбек қизи Фароғат образи бор. У ҳам гўзалликда, ахлоқ-одоби, кўрган тарбияси борасида, Бекназарга муносабати йўсинида Фазилатдан қолишмайди. Боз устига, унда ҳеч қандай манфаатдорлик ҳисси ҳам йўқ. Буларнинг барчасини Бекназар ҳам билиб туради. У тақдирини Фароғат билан боғласа, мусофирчиликдаги ҳаётида ҳаммаси рисоладагидек изга тушиб кетиши мумкинлигини ақли билан англаб турибди. Лекин инсоннинг инон-ихтиёри қўлида бўлмагани боис у тақдири сари боришга маҳкум. Қолаверса, кўнглида Фазилат бўла туриб, у Фароғат билан яшай олмаслиги ҳам ҳақиқат эди. У бундай ҳолатни бир марта бошидан ўтказган. Ҳаётида Рашида билан юз берган хатони такрорламаслиги аниқ эди.
Романда китобхон диққатини тортадиган етакчи образлардан яна бири Сабоҳиддин Раҳмат тимсолидир. У мусофирлик ва ватангадоликнинг аччиқ таъмини тотган ва бу азобларни кўнгли тушиб қолган ватандоши Бекназарга имкон қадар енгиллатишга ҳаракат қилгани билан китобхонда ўзига нисбатан ижобий муносабат уйғотади. Қашқарда Ҳожи тоға, Истанбулда Сабоҳиддин ва Ҳожи оталарга хос бўлган ватандошлик ҳисси ва тутуми тасвирлари ўқувчи руҳиятида фахр ҳиссини уйғотади.
Сабо Раҳмат (Сабоҳиддин)нинг Бекназарга муносабатларида қайсидир маънода манфаатдорлик ҳам мавжуд, албатта. У Бекназарни ўзига куёв қилиш, қўлида қолган ёлғизгина қизининг тақдирини у билан боғлаш ва тижорат ишларини аста-секин куёвига топшириш нияти, гарчи эътироф этилмаган бўлса-да, йўқ эмас эди. Лекин тилга чиқарилмаган бу манфаатдорлик унинг айрим тутумларида ўзини кўрсатиб турарди. Шунга қарамай, кўнглидаги ўйлари амалга ошмаган бўлса-да, қамоқдан чиққан Бекназарга муносабатини заррача ўзгартирмайди. Ҳатто Бекназар Қашқардан қайтиб келганидан кейин ҳам унга қўлидан келганича кўмаклашадики, бу Сабоҳиддинда одамлик сифатлари устуворлигини кўрсатади. Шу фазилатлари ҳаққи, у мусофирликда бўлса-да, хор-зорликдан юқорида яшаётгандир…
Қамчибек домланинг яратиғида ўқувчи диққати қаратилиши керак бўлган яна иккита тимсол бор. Улар — муҳожирлар Ҳожи ота ва Зайнулбей. Одам деб аталмиш яратиқнинг қанчалар турфалиги ва мураккаблиги шу икки тимсолни қиёслаганда ёрқинроқ намоён бўлади. Ўз даврида тўкис-тугал бой бўлган, қўлида қолган охирги олтинларига Ватан тупроғини сотиб олган Ҳожи ота тимсоли мусофирлик ва ватангадоликнинг нима эканини яққол намоён этади. Буни асарда Ҳожига нисбат бериб айтилган: “…ўша бир сиқим тупроқ катта овунч, кечалари у билан дардлашади, ҳидлаб, кўнгли таскин топади” тарзидаги эътирофдан, ўзи ҳожи бўла туриб, мусулмончиликнинг қонун-қоидаларини яхши билгани ҳолда Сабоҳиддинга васият қилиб ўтингани: “…менинг юзимни Ватанимиз тарафга қаратиб кўминглар”дан ҳам пайқаш мумкин.
Муаллиф Ҳожи ва Сабоҳиддинга қарама-қарши яратган Зайнулбей тимсоли ҳам мусофирларнинг бир кўриниши. Ҳаёт ташвишлари, мусофирчилик, ватангадолик кимга қандай таъсир кўрсатиши ва қийин вазиятлардан кимнинг қандай чиқиши-ю, қайси йўлни танлаши одамнинг ички “мен”ига, руҳиятининг қандай сифатлар билан озиқланганлигига бориб тақалади. Маънавияти соғлом, руҳий дунёси фазилатлар билан тўйинган одам танлаган йўл билан ички дунёси қурум босган инсон қилмишлари унинг хатти-ҳаракатларида ўзлигини намоён қилади.
Порт хизматчилари бўлган бегона йигитлар — Михат, Тавфиқ ва Ҳикматлар гап деб айтишни ҳам ўзларига эп кўрмаган кичик муштлашувдан катта сиёсий муаммо ясашни эплаган ватандош Зайнулбей тутумлари билан ўқувчида ўзига нисбатан салбий муносабат шакллантиради. Иккита заифанинг ҳимоясини дўсти Исмоилбей руҳи олдидаги бурчи деб билиб, мунтазам хабар олиб тургани боис яхшилар қаторига қўшилган бей кейинги тутумлари билан китобхоннинг нафратига сазовор бўлади.
Зайнулбейнинг асл башараси Шарифа опанинг уйидаги Бекназар ва Сабо Раҳмат билан бўлган суҳбатда намоён бўлади. Сабоҳиддиндан мезбонларда Ватанга қайтиш имконияти пайдо бўлиб қолганини эшитган бей вазиятни нозик жойидан тутиб: “Раҳматли дўстимиз қизим қоляпти, деб кўп ташвиш чеккан, мен уни ҳимоямга оламан, деб ваъда берганман. Мусулмон одамнинг, эркак кишиларнинг лафзи — васият” деганлари унинг ниятидан дарак бериб турибди.
У ҳужумни давом эттириб, яна бир муҳим масалани ўртага қўяди: “Йўллар нотинч, узоқ сафарда бўй етган қиз билан юриш янада хатарли, саҳрою даштлардан, ўрмону тоғлардан ўтилади. Қароқчи деган тўдалар бор… Кейин бармоқ тишлаган билан ўрнига келмайди”, дейди ва бу гапларда жон борлигини даврадаги барча суҳбатдошлар билиб туришарди.
Гап қандайдир ҳисоб-китобларга бориб тақалганда, Бекназар ўзининг бу оила учун ҳали ҳеч ким эмаслигини англаган ҳолда ғазабини босишга ҳаракат қилгани, лекин шунга қарамай табиатидаги тезлигини жиловлай олмагани бошига яна минг бир балоларни олиб келишини ҳали билмасди.
Асарда ёзувчи баъзи қаҳрамонларини идеаллаштиришдан, айримларига зўрлаб қора чаплашдан ҳам тийилган. У тимсолларни ўз табиатларидан келиб чиқиб боридек тасвирлашга ҳаракат қилади. Маълумки, ҳаётда идеал даражада яхши одам бўлмагани сингари том маънода ёмон одамнинг ўзи йўқ. Ҳар кимнинг табиатида ўзига яраша “плюс”лари ва ўзига хос “минус”лари мавжуд. Шу маънода, Бекназарнинг бир қатор фазилатлари қаторида вазиятга қараб иш тута билмаслик, шошилмасдан ақл билан иш кўриш керак бўлган жойда туйғулар етовининг устуворлиги сингари қусурлари бор ва у бутун ҳаёти давомида табиатидаги мана шу сифатларнинг жабрини тортиб ўтди. У ўзи қаттиқ ишонгани жисмоний жиҳатидан бақувватлиги ҳам ўрни келганда иш бермай қолганини вазият билан тўқнашгандагина англагани ҳам унинг инсоний қусурларидан бири эди.
Ёки Фазилатни олайлик, исломий ақидалар билан тарбияланган, ориятли қиз ҳали ўзига ҳеч ким бўлмаган йигитнинг кўкрагига бош қўйиб йиғлаши, шунга қарамай йигитга кичкинагина қўллов, руҳий бир мадад керак бўлганда ўзини панага тортиши ва уйдан чиқмаслиги каби тутумлари унинг ҳам оддий бир одам сифатида ақли етовига бўйсунгани табиий тасвирланган.
Зайнулбей эса ўзи билиб-билмай, гарчи ғараз ниятда бўлса-да, икки ожизанинг шаъни, обрўсини қўриқлаб турарди. Хонадонларига унинг ҳомийлигида бўлгани учун бегона эркаклар назар ташлашмади. Уларни очлик ва хорликлардан сақлади. Ожизаларнинг ундан кейинги кўнгилсизликлари, ачинарли кечган тақдири Фазилатнинг Дамашқда яшайдиган бир туркистонлик бойга иккинчи хотин бўлиб турмушга чиқишга мажбур бўлгани билан якунланди. Хуллас, Аллоҳ бандаларининг тақдирини уларнинг фазилатлари ва иллатлари билан бирга қандай чеварлик билан бошқарган бўлса, муаллиф ҳам қаҳрамонларини ўз сифатларига мос тақдир билан тасвирлаган.
Романда охирги ҳодисаларнинг умумлаштирилганлиги, Бекназар тақдирининг очиқ қолдирилганлиги ўқувчи руҳиятида қониқмаслик ҳиссини пайдо қилади. Қани эди, Бекназар мамлакат ўз мустақиллигига эришгунга қадар яшаса, оиласи, фарзандлари билан Ватанга келиб ота юрт ҳавосидан баҳра олиб, тупроғига лаб босиб ташналикларини қондирса, дунёдан беармон кетармиди, деган ўй қолади китобхон кўнглида.
Умуман олганда, ёзувчи Қамчибек Кенжанинг “Палахмон тошлари” романи ўз ўқувчиларини топадиган ва адабиёт оламида салмоқли ўринни эгаллайдиган асарлар сирасига киради.
Қундузхон ҲУСАНБОЕВА,
педагогика фанлари доктори,
профессор.
“Методист” журнали бош муҳаррири.
