Таваллуд санасига туҳфа китоб

Ҳар бир ижодкор таваллуд санасига биринчи навбатда ўзи туҳфа тайёрлаши керак. Таниқли ижодкор Маҳмудхон Тоировнинг 70 йиллик қутлуғ ёши муносабати билан тайёрлаган матбаа нуқтаи назаридан чиройли муқоваланган “Ҳикматга йўғрилган ҳаёт” китобини варақласангиз, ажойиб тарзда саҳифалангани, мақолаларнинг керакли ўринларига дид билан суратлар жойлаштирилгани ва муаллифнинг умр йўли акс эттирилган рангли расмли қўшимча варақлар қўйилганини кўрганингизда кўзингиз қувнайди. Китобдаги муаллифнинг публицистик мақолаларини, шеърларини, фикрат дурдоналарини, замондошларимизнинг дил изҳорларини ўқиганингизда дилингиз ёришади. Чиндан ҳам бундай китоб таваллуд санасига муносиб туҳфа.

Китобга маҳлиё бўлиб турганингизда, муаллифнинг қуйидаги сўзлари сизни сергак торттиради: “Барча актёрлар Шукур Бурҳоновдек истеъдодга эга бўла олмаганидек, ҳамма ижодкорлардан “Хамса” даражасидаги асарни кутиш тўғри эмас”. Шундан кейин китобни бошидан диққат билан ўқишга киришасиз. Маҳмудхон Тоиров публицистикасининг муваффақияти нимада? Унинг мақолалари ўзи билган кишилар, кўрган воқеалари ҳақида оддий ва самимий тарзда ёзилганида. Бу ўзбек халқининг асл фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли ёзувчи ва шоир, оташин публицист ва нотиқ, чорак аср Ўзбекистонга раҳбарлик қилган Шароф Рашидовга бағишланган хотираларида яққол кўринади. Сиз беихтиёр бу эсдаликларни фақат Маҳмудхон ака ёзиши мумкин эди, деган хулосага келасиз.

Умуман олганда, унинг публицистикасини “Улуғлар даврасидаги унутилмас лаҳзалар” деган сарлавҳа остига бирлаштирса бўлади. Чунки мақолаларида халқимизга кўп йиллик меҳнати сингган таниқли кишилар ҳақида ёзган. Сиз уларнинг номларини ўқишингиз билан дарҳол танийсиз: Оқил Салимов, Мирзамаҳмуд Мусахонов, Абдулҳамид Саидхўжаев, Пўлат Абдураҳмонов, Темур Алимов, Туроб Холтоев, Абдухолиқ Айдарқулов, Неъматулла Худойберганов. Маҳмудхон ака уларнинг кўпчилик биладиган хизматларини эслаб ўтиши баробарида ҳар бирининг ўзи гувоҳ бўлган фазилатларига тўхталади. Бу мақолаларнинг қимматини оширган.

У қаламга олган машҳур олимларнинг номларига кўзингиз тушиши билан Маҳмудхон акага ҳавасингиз келади: Ҳамид Сулаймон, Маҳмуд Мирзаев, Шавкат Акмалхонов, Эркин Шайхов, Сайёра Рашидова, Шавкат Воҳидов, Шодмон Намозов. Ҳар бири ўз соҳасининг билимдонлари. Маҳмудхон аканинг бахти шундаки, улар билан юзма-юз учрашган, суҳбатлашган. Мақолаларида уларнинг илмий ва жамоат ишлари ҳақида ёзиши билан бир қаторда ҳаммамизга ибрат бўладиган инсоний хислатлари тўғрисида ҳам фикр юритган.

Ижод кишисининг қалам аҳли ҳақида ёзмаслиги мумкин эмас. Унинг Шуҳрат, Эркин Воҳидов, Ориф Одилхонов каби адибларимиз, таниқли журналистларимиз Анвар Жўрабоев, Сафар Остонов, Фармон Тошев тўғрисидаги эсдаликлари ўзига хослиги билан эътиборингизни қозонади.

Маҳмудхон ака меҳнат кишилари ҳақида яйраб ёзади. Бу “Юсупов” номли помидор навини яратган халқ селекционери Карим акага, томорқачилик кони фойда эканини амалда исботлаган Абдумўмин акага бағишланган мақолаларида кўзга ташланади. Нега шундай дерсиз? Чунки унинг отаси Абдулҳақ Тоиров, онаси Тоҳирахон Мўминхўжа қизи ҳам меҳнатсевар инсонлар эди. Абдулҳақ ота меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлади, кейин бир неча жамоа хўжалигини сидқидилдан бошқарди, ҳалол хизматлари инобатга олиниб, юртимизда биринчи марта ташкил этилган “Қўйлиқ иссиқхона комбинати”га биринчи директор этиб тайинланди.

Уй бошлиғи юрак хуружидан бевақт вафот этгач, оиланинг катта юкини Тоҳирахон она зиммаларига олди. “Қизил тонг” фабрикасида ишлаб, икки қизини узатди, тўрт нафар ўғлини эл-юрт хизматини елкасига оладиган зиёли кишилар қилиб тарбиялади. У фарзандларининг уйли-жойли, ували-жували бўлганини, ҳалол хизматлари билан элда обрў топганларини кўриб, табаррук тўқсон ёшда оламдан ўтдилар.

Шу ўринда Маҳмудхон акани ҳам, Тоҳирахон онани ҳам яқиндан билган қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Дилором Ёрматованинг фикрларини келтирсак: “Оддий оилада туғилган инсонда шунчалар камтарлик қаерда шаклланди экан, деб ўйга толаман. Ўйлаб-ўйлаб, охири муҳтарама оналари Тоҳирахон Мўминхўжа қизини ёдга олдим. Маҳмуд аканинг бундай тарбияли, камтар, хокисор, беозор, ўта одобли инсон бўлиб вояга етишида, албатта, меҳрибон оналарининг роли катта бўлган. Чунки оилада фарзанднинг шаклланишида онанинг роли беқиёсдир. Шундай ҳар томонлама мукаммал, тарбияли ва билимдон инсонни, Маҳмуд акадай ўғилни туғиб, тарбиялаб жамиятимизга берганлари учун бугун у онажонимизнинг жойлари жаннатда бўлсин, деб дуога қўл очаман”.

Севимли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг устози болқор шоири Қайсин Қулиев шеъриятига бағишланган мақоласини таржима қилиш жараёнида ибратли бир хусусиятни ўзимга дастур сифатида қабул қилдим. Чингиз оға мақоласида адабиётшуносларга ўхшаб устоз шеърларидан иқтибос келтирмайди, керакли ўринда Қайсин оғанинг шеърларини тўлиғича эътиборингизга ҳавола этади. Ахир шеърдан олинган бир парча шеър ҳақида тўлиқ тушунча бермайди. Мен ҳам Маҳмудхон аканинг шеърлари тўғрисида фикр юритишдан олдин унинг “Ватан учун” шеърини тўлиғича келтираман.

 

Ватан бу дилларнинг ҳароратидир,

Шодумон кунларнинг шарофатидир,

Эрк деган қалбларнинг саодатидир,

Юлдуз бўл, осмон бўл бу Ватан учун,

Ўғлон бўл, посбон бўл бу Ватан учун.

 

Юрт бағри рағбату ижод уммони,

Идроку ирода ғалаба они,

Энг кўҳна алёрлар тутмиш самони,

Наво бўл, қўшиқ бўл бу Ватан учун,

Ўлгунча ошиқ бўл бу Ватан учун.

 

Мени мафтун этган бу кўҳли очун,

Тоғларга отади гулли қулочин,

Баским, таърифини куйламай нечун,

Денгиз бўл, тўлқин бўл бу Ватан учун,

Шиддат бўл, жўшқин бўл бу Ватан учун.

 

Чўққили, қўл етмас тоғлари бордир,

Ризқу рўз бўлгувчи боғлари бордир,

Жаннатда топилмас чоғлари бордир,

Бағрида юлдуз бўл бу Ватан учун,

Теран бўл, илдиз бўл бу Ватан учун.

 

Фикримизни мухтасар айтадиган бўлсак, унинг шеърлари Ватанни севган, табиатни, инсонни, аёлни, қадриятларни, ҳаётни, адабиётни севган самимий қалбининг илҳомларидир.

Ривоятларда ёзилишича, самодан бир фикр, ғоя бирданига олтмиш кишига йўналтирилади, лекин улардан биттасигина шу фикр, ғояни қабул қилар экан. Маҳмудхон ака қандай масъул лавозимларда ишламасин, ўзи томон йўналтирилган ана шундай фикр, ғояларни дафтарига ёзиб борди ва уларни “Фикрат дурдоналари” сарлавҳали туркумига тўплади:

“Сиринг ошкор бўлмасин десанг, унинг сиртмоғини қаттиқроқ боғла”, “Жумлалари жумбоқ, қарашлари топишмоқ эди”, “Ҳовлингдаги дарахтнинг сояси ҳам қўшнингга халал бермасин”, “Аёлнинг дардини мўъжазгина дастрўмолдан бошқа нарса кўтара олмаса керак”, “Ўзбек аёлининг алласи бор экан, Алпомишлар туғилаверади”, “Бойлигингга эмас, борлигингга шукур қил”, “Билимга ташна, донога ошна бўл”, “Таълим олаётганда таслим бўлма”, “Ҳақиқат — аёвсиз жангларнинг натижасидир”, “Ёш боланинг қалби оппоқ қоғозга ўхшайди, нимани ёзсанг, шуни ўқийсан”, “Ҳар бир даврнинг ўз давраси, ҳар бир давранинг ўз даври бўлади”, “Кимдир тарихни ўрганади, кимдир тарихда қолади, яна кимдир тарихни яратади”, “Халқингга оид тариқдек тарихнинг қиймати ҳам баланд”, “Эшак минганнинг ҳаммаси Хўжа Насриддин, от минганнинг барчаси чавандоз эмас”, “Одамзод илм-фан ривожланиши орқали янги юлдузларни қанчалик кўп кашф этмасин, Мирзо Улуғбек ягоналигича қолаверади”, “Онанг тайёрлаган таомнинг қирмочи ҳам мазали”, “Ўзингнинг ҳам, бошқанинг ҳам вақтини қадрла”. Биз ҳам охирги нақлга амал қилган ҳолда иқтибос келтиришни тўхтатамиз.

Китобнинг “Замондошлар дил изҳорлари” бўлимида ижодкор дўстларининг мақолаларида Маҳмудхон аканинг бирор янги фазилати баён қилинади ёки унинг умрига оид ибратли маълумотлар берилади. Биз юқорида шундай хотираларнинг биридан иқтибос келтирдик. Фикримизни тўлдириш мақсадида чинозлик дўсти Файзулла Тожиқулов мақоласидан бир нурли лавҳани ҳавола этамиз: “Маҳмуджон билан танишганимизга қарийб ўттиз беш йил бўлган бўлса, ҳозирги кунгача менинг яхши-ёмон кунларда ёнимда турганини алоҳида таъкидлайман”. Ишончим комил, дўстликни, дўстларни қадрлайдиган Маҳмудхон ака ҳақидаги бу фикрларни шу бўлим учун дил сўзларини ёзган барча муаллифлар мамнуният билан маъқуллашади.

Сўзимизни Шароф Рашидов ҳақидаги хотиралар билан бошлагандик. Хулоса ўрнида Шароф Рашидовнинг бир ҳикматини ёдингизга солмоқчимиз: “Йўлнинг интиҳосини кўрай деганлар уни босиб ўтишлари лозимдир”. Дарҳақиқат, Маҳмудхон Тоировнинг “Ҳикматга йўғрилган ҳаёт” китобидан завқ-шавқ туйишингиз учун уни ўзингиз мутолаа қилишингиз керак.

Асрор МЎМИН,

шоир ва таржимон,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 18 =