Тоғ ва дашт қиссалари

(Таниқли журналист, ёзувчи ва шоир Алишер Айматли ижоди ҳақида мухтасар сўз)

Алишер Айматли (Эсиргап Болиев) қарийб қирқ йил ўзбек матбуотида фаолият кўрсатди. Сирдарё, Жиззах, Навоий вилояти газеталарида турли вазифаларда ишлади. Кейин “Халқ сўзи” газетаси тамал тошини қўйганлар сафида бўлди ва бу даргоҳда ҳам 30 йил самарали ижод қилди. Бугунги кунда тақдир тақозоси билан Америка Қўшма Штатларида яшамоқда. Ижодкор қаерда бўлмасин, қаламига тин бергани йўқ. У ҳозир ўзи яшаб турган океан ортидаги мамлакат ҳақида эмас — Ўзбекистон, ўзбек халқи ҳақида ёзишдан тўхтагани йўқ. Бир қўшиқда айтилганидек: “Юрт ишқида ёнмоқда”.

Ўтган асрнинг 60-йиллари аввалида туркий эл фарзанди, беназир ёзувчи ва файласуф Чингиз Айтматовнинг “Тоғ ва дашт қиссалари” китоби нашрдан чиққан. Ушбу тўплам адабиётга катта истеъдод соҳиби қадам қўйганлигидан дарак берган. Дарвоқе Чингиз оға айнан шу китоби учун собиқ иттифоқнинг энг юксак мукофотини олганди. Бу гаплар ўтган асрга дохил.

Йигирма биринчи асрда эса қалби тоғдек юксак, сўзи дашт гиёҳидек малҳам одамларнинг янги достони яралди. Бу одамлар Нурота тоғларининг улуғвор бахшиёна донишмандлик булоқларидан сув ичган. Буюк дашт ва пурвиқор тоғлар орасида яшаётган жайдари инсонларнинг янги авлоди энг баланд чўққидан ҳам кўринмайдиган шундай манзиллар томон кетишдики — уларнинг энг йўлгирлари Атлантикадек баҳри муҳитнинг нариги қирғоғида бўй чўзган Нью-Йоркнинг осмонўпар биноларини ҳам забт этишди. Шу қаторда қўлида қалам тутган таниқли журналист, ёзувчи ва шоир Алишер Айматли (Эсиргап Болиев) ҳам бор.

Шимолий Американинг бир замонлар ҳиндулар маскан тутган манзилларида бунёд бўлиб, бугун дунёнинг энг машҳур азим бир шаҳари шаббодаларига юз тутиб, хаёлини туғилган ошёни олиб қочган ёзувчи битаётган ҳаётий ҳикоялари ва дилбар шеърларида ўзи саросар кезаётган кентдан тараққиёт даражаси тубдан фарқ қилувчи Нурота тоғлари орасида “яшириниб” ётган қўналғаларга бир-бир бош суқиб чиқади.

Бир пайтлар буюк шоиримиз Абдулла Орипов “шеър излайман бугун Тошкент кўчаларидан” деб ёзганди. Алишер Айматли эса бугун Нью-Йорк кўчаларидан тоғ ва даштлар орасида қўним топган одамларнинг кўнглини, ҳисларини излайди. Ҳар бирининг тақдири алоҳида тарих бўлган ажойиб инсонларнинг бири Она, бири Ака, бири Амаки, бири Тоға, бири Хола, бири Амма, бири Жиян образида битиклар орасидан саф тортиб ўқувчи истиқболига чиқа бошлайди. Ҳикояларнинг номига боқинг: “Болта бова”, “Шодмон момо”, “Янг­лиш амма”, “Саодат Саримсоқ қизи”, “Қуролбой ака”, “Ўроқ бова”, “Бўрибой ака”, “Эсоной чеча”, “Боли ота”, “Яхшигул опа” ва ҳ.к. Сўзимиз бошида Чингиз Айтматов номини бекорга эсламадик. Алишер Айматли ҳикояларини ўқир экансиз, дунёни забт этган Айтматов қаҳрамонлари — Мўмин чол, Бикей, Асал, Дониёр, Жамила, Танабой, Бибижон, Эдигей, Зарифа, Райимали оқин сингари персонажлар беихтиёр эсга тушади. Манзаралар, одатлар, урфлар, ҳаётга қарашлар, дунёни идрок этишда ҳам не бир ўхшашликлар бор.

Тақдирлар ҳақидаги ҳаётий ҳикоялардаги воқелик муаллиф хотиралари маҳсулидир. Тоғ ва даштнинг содда ва самимий одамларининг орзу-истаклари, ҳис-туйғулари ва бирда қувноқ, бирда маҳзун кечинмалари ўқувчини китоб ичига етаклаб кетади.

Ёзувчи қаҳрамонлари ҳаётини ХХ асрнинг катта сиёсатлари, алдамчи шиквалари, мавҳум мафкуралари билан боғламайди. Турмуш ташвишлари, тўй-маъракаларда бўладиган ҳангомалар, юз кўришганда бир пиёла аччиқ чой устида бўладиган гурунглар, ўзаро маслаҳат-машваратлар баёни орқали Одамийлик дунёсининг суратини чизади, қалбларга “бош суқиб” некбинлик ва бизга таниш ҳисларнинг ўзгача оламини кашф этади. Икки аср воқеаларини инсон кечинмалари орқали боғлайди.

Алишер Айматли шеърияти ҳам насрий асарларининг назмий давоми сифатида ўқувчи қалбига йўл топган. Шоирнинг “Юрак мезонлари”, “Бўри уяси”, “Кўнгил ҳикматлари”, “60”, “Минг бир ҳикмат” — 1001 та тўртлик” номли китоблари нашр этилди. Энг муҳими, бу китоблар ўз ўқувчисини топди, таниқли шоирларимиз эътирофига мушарраф бўлди.

Юнон адиби Диоген Лаэртский (III аср) ўзининг “Машҳур файласуфларнинг ҳаёти, таълимоти ва фикрлари” асарида ёзишича, кунларнинг бирида файласуф Диоген (эрамиздан аввалги 400-325 йиллар) кундузи чироқ ёқиб, Афинада одамлар издиҳоми ичра кеза бошлайди. Файласуфнинг кундузи чироқ ёқиб юрганидан ҳайрон бўлган одамларнинг саволларига “одам излаяпман”, деб жавоб берган. Аҳли дониш бу иборани инсон деган улуғвор номга ҳар томонлама сазовор одамларни топиш қийин деган маънода қўллайди. Бугун ҳам “қўлида чироқ тутган” не-не шоиру ёзувчини, олиму алломани учратиш мумкин. Шоир Алишер Айматли ҳам ўқувчилар кўнглидан жой топиб улгурган тўртликлари ичида инсонни излайди.

Марсдан сув ахтарар, истар яшамоқ,

Шу иш деб одамзод сарфлар миллионлар.

Ё Раббим, сезмайди ёнида шундоқ,

Қовжираб ётганин улкан майдонлар.

Одамзод ўз феъли-хўйи, иш-аъмоли билан сув ва ҳавони, еру осмонни ёндирмоқда, куйдирмоқда. Ўз-ўзини маҳв этишдек бундай телбаликка эса фақат қалби қовжираганлар қодир. Шоир “Қовжираб ётган улкан майдонлар” деганда меҳр ва мурувват, шафқат ва оқибат, ҳамдардлик ва инсонпарварлик тобора инсоннинг инсонлик моҳиятида қовжираб бораётганлигидан огоҳ этади. Яна одамийлик мавзусида шоирнинг шундай тўртлиги бор:

Одамлар йўқ бу дунёда,

Менинг кўнглим тўлмайдиган.

Одамлар бор кўп зиёда,

Яхши кўриб бўлмайдиган.

Муаллифнинг инсонга талаби бўлакча. Лирик қаҳрамон қалбини тафтиш қилаверади, сўроқ-саволга тутаверади. Шоир наздида қалқиб турган “Дунё ҳам, инсонлар қалби ҳам бугун Ёвузликдан зада қўриқхонадир” (Абдулла Орипов сатри). Дарвоқе, шу ўринда Алишер Айматлининг тўртликлари ўз вақтида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг ҳам назарига тушганлигини алоҳида таъкидламоқ зарур.

Шоир ижодида инсон ҳаётининг турли воқеликлар ичидан чўнг бир фалсафа излаш, аниқроғи, оддий турмуш кечмишларига фалсафий маъно юклаш маҳорати чархланган.

Кетар бўлса, ушлама бир он,

Унинг қисмат хуржуни тўлган.

Тушун ахир, у аллақачон

Ҳаётингда роль ўйнаб бўлган.

Алишер Айматли тўрт сатрда инсон фитратидаги фазилату иллатлардан чиқарган хулосавий фикри фавқулодда ўзига хос, шу билан бирга халқона, халқона бўлганда ҳам миллий характеримизга тамоман мос. Тўртликларнинг ҳаётийлиги шундаки, ҳар бир ўқувчи: бу ҳолат менга таниш, бундай воқеанинг гувоҳи бўлганман, мен ҳам ҳаётимда шунга ўхшаш ҳодисотни кўрганман, деб айтиши мумкин.

Сўз — калитдир, агар сен

Уни тўғри тополсанг —

Ҳар қандай дилни очиб,

Ҳар оғизни ёпарсан.

Дарҳақиқат, сўзнинг буюк қудрати ҳақида не-не улуғвор фикрлар айтилмаган. Дарвоқе, энг аввало Сўз бўлган, деган илоҳий ҳикмат ҳар биримизга таниш. Юқоридаги тўртликда шоир сўз донишлари изидан бориб, сўз ҳақида ўз Сўзини айта олган. Шоирнинг сўз ҳақидаги қуйидаги яна бир тўртлигига эътибор қилинг-а:

Сўз — фарзанд, гоҳ оқил, гоҳида тажанг,

Ўрин талашади сатрлар аро.

Бири сизга шуҳрат келтирар, қаранг,

Бири юзларингни этмишдир қаро!

Биз умримиз давомида турфа хил одамларга дуч келамиз. Ўзининг ношудлигини турфа ғояларга ўраб яширмоқчи бўлган “бўш калла”лар ёки инсон дардига ҳамдардликдан йироқ, қалби қилт этмайдиган “бўш юрак”ларга “ошно” бўлиб яшаймиз. Улар ўз ҳолича бошқаларни тинч қўйсаки, бундай каслар билан бировнинг иши йўқ, аммо бу тоифа тинч турмайди — ғараз, кўролмаслик, ичи қораликдан бошқа нарсага ярамай, мудом “сенинг йўлларингга… тўсиқ” бўлади.

Бўш чўнтак халақит бермас ҳеч қачон,

Орзуинг йўлида айтавер қўшиқ.

Сенинг йўлларингга, дўстгинам, ишон,

Бўш калла, бўш юрак бўлгайдир тўсиқ.

Юқоридаги шеърий сатрларни ўқиб, шоир шахсияти ҳақида ҳам икки оғиз гап айтиш жоиз. Шоир феълига тавозе, хушомад деган нарсалар бутунлай ёт. Катта-кичик давраларда ўз қадрини билиб юради, доимо мағрур. Мен бу гапларни нега ёзяпман? Чунки, истаймизми-йўқми, ижодкорнинг феъл-атвори, характери у ёзган асарларда акс этади. Шу боис камина ҳар бир тўртлик ортида Алишер аканинг мағрур қадди-бастини, мустаҳкам иродасини, чўрткесарлигини ҳис этиб тураман.

Алишер ака тўртликларида Вақт, Бахт, Ҳаёт тушунчалари ипга тизилган маржондек ўтади. Келинг, бу тушунчалар ҳақида шоир нима дейди — бир қур назар солайлик: “Бахтнинг ўзи келар, дўст, насиб қилса”, “Ҳаёт курашида асло толмадик”, “Бахт дегани тутқич бермас капалак”, “Бахтни барбод этиш осон”, “Асли бахт иборат тўртта унсурдан”, “Вақт йўқотиб, умри ўтса”, “Ҳаётимнинг ярмин яратдим”, “Эсда қолар дамларинг — ҳаёт!”, “Ҳаёт текис эмас, йиқиларсан бот”, “Вақт йўқ”, деган нолишлар”, “Вақт — ҳакимдир, дегани ёлғон!”, “Ҳаёт оддий нарса, йўқ ҳеч муаммо”, “Улар бахтлими ё бахтсизми, эвоҳ”, “Бахт ҳам ҳадя этмас абадий”. Албатта, бу фикрлар контекстдан кесиб олинган. Уларнинг давомида ҳар бирининг ўткир хулосаси бор. Ўқувчини бошқа бир нарса ўйлантириши табиий: муаллиф бахт, вақт ва ҳаёт деган бебаҳо неъматларга нега бу қадар кўп эътибор қаратади? Аслида, ҳаётда вақт ва бахтчалик қадрли қадриятнинг ўзи йўқ. Бу барчага аён ҳақиқат. Аммо шоир бу ҳақиқатлардан жуда халқона, содда, самимий ва ҳатто айтиш мумкинки, мақолларга ўхшаб кетган хулосалар ясайдики, қуйида мисол тариқасида келтирилаётган тўртликни ўқиб, бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз:

Тақа омад келтирмайди ҳеч қачон,

Бахт ҳам ҳадя этмас абадий.

Уни товонингга қоқиб, беармон —

Ишламагунингча токи от каби.

Ҳаёт ҳақиқатини бир ўринда лирик қаҳрамон, бошқа бир ўринда эса ўз ботинидан излаётган, изоҳлаётган шоир ҳаёт ва бахт ҳақида кўп ва хўп ёзади, дедик. Аслида, қадрдонимиз изланувчан ижодкор оғамиз ҳаётда мақсад билан яшашдек дилбар бахт топган шахсдир. Шахс бўлганда ҳам хислатлари, сўзи ва ўзи бетакрор шахсдир.

Жалолиддин САФОЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 10 =