Суратларни сўзлатиб…

таниқли суратчи Абдувоҳид ТЎРАЕВ ҳақида мухтасар сўз
Суратларни оддийгина хотира, эсдалик сифатида кўришга одатланганмиз. Агар сураткаш ўз касбининг устаси бўлса-чи? Бунда у олаётган фотосуратда ҳаётнинг оддий бир лаҳзаси эмас, балки тарихга муҳрланадиган сониялар акс этаётганини ҳис этади. Шу сабаб қўлига фотоаппаратини олади. Фотонигоҳ биргина инсоннинг ўзига эмас, қалбига қаратилади. Табиатнигина эмас, тирикликнинг бир бўлаги, жамиятнинг оддий бир кунини эмас, унинг ютуқ ва муаммоларини ҳам кўради. Илғаганларини бошқаларга кўрсата олади. Фотография санъатга даъвогарлик қилаётганининг боиси ҳам шунда. Қолаверса, оммавий ахборот воситаларини суратларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу ўринда журналистлар ичида урфга айланган бир гап бехосдан ёдга тушади: “Сурат — ярим мақола”.
“Шуҳрат” медали соҳиби, “Huquq” газетаси фотомухбири Абдувоҳид Тўраев ҳам ана шундай синчков, бадиий тафаккури ва диди юксак ижодкор. Шу кунларда 60 ёшни қаршилаётган сураткашнинг ҳаёт йўли, эришган ютуқлари ибратлидир.
Абдувоҳид Тўраев “Фан” нашриётида мусаҳҳиҳлик қилгани унинг ижод оламига дастлабки қадам бўлди. Айниқса, фотожурналистикага қизиқиши ортиб, табиат манзаралари, одамлар қиёфаси, қайноқ ҳаёт лаҳзалари, кундалик жараёнлар муҳрланган суратлар ола бошлади, улар шунчаки фотосуратлар эмас, ўзига хос маъно ифодалайдиган, таъбир жоиз бўлса, гапирадиган расмлар ҳисобланади. Буни уддалаш учун эса ижодкор бир пайтнинг ўзида ҳам юксак билим эгаси, ҳам чуқур фалсафий қарашлар соҳиби бўлиши керак. Ижодкорда буларнинг барчаси мужассам.
Матбуотчилар тан оладиган ҳақиқат бор: яхши фотосурат яхши бир очеркка тенг. Фотосуратчида эса бундай суратлар беҳисоб. Шунинг учун унинг истеъдоди тез орада тилга тушди ва марказий нашрларга таклиф қила бошлашди. “Тошкент ҳақиқати” газетаси таҳририятида, “Мовароуннаҳр” нашриётида, “Ўзбекистон овози” газетасида фотомухбирлик қилганида мазкур нашрларни мамлакат ҳаётига оид долзарб ва қизиқарли фотоматериаллар билан бойитиб борди. У олган суратларни мамлакатимизда юбилейлар муносабати билан чоп этилган кўплаб фотоальбомларда кўришингиз мумкин.
Изланувчанлик ва ўзидаги иқтидорни уйғунлаштира олган сураткашни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАга ишга олишганида унинг фаолиятида янги саҳифалар очилди. Энди унинг расмлари бутун республика бўйлаб ёйилиб, нафақат марказий, балки ҳудудлардаги даврий нашрлар юзини ёрита бошлади. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Фотоахборот таҳририяти бош муҳаррири бўлди. Давлат миқёсидаги бўладиган расмий тадбирлар, юқори доирадаги учрашувлар, хорижий давлат раҳбарларининг юртимиздаги ташрифлари, байрам ва халқаро мулоқотларни такрорланмас кадрларга муҳрлаб борди. Олий даражадаги мулоқотлар жонли суратлар орқали мамлакатимиз аҳолиси ва дунё ҳамжамияти эътиборига ҳавола қилиб турилди.
Абдувоҳид Тўраев ўн беш йилдирки, Ўзбекистон Бош прокуратурасининг “Ҳуқуқ” газетаси таҳририятида фотомухбир бўлиб ишлаб келмоқда. Прокуратура органлари фаолиятини ҳар томонлама ёритиш, Республика прокуратурасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларни, тизимдаги янгиликларни холислик ва синчковлик билан фотосуратларга муҳрлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини халққа шаффоф кўрсатишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
У кўплаб танловлар ғолиби бўлди. Жумладан, Тошкент фотосуратлар уйида ташкил этилган халқаро фототанловда гран-при соҳиби бўлди. Хизматлари давлатимиз томонидан ҳам эътиборсиз қолдирилган эмас. Тажрибали фотожурналист Президент Фармонига кўра 1999 йили “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
— Абдувоҳид Тўраев илҳоми нигоҳида юрадиган истеъдод соҳибларидан бири, — деди у ҳақда таниқли журналист Дилмурод Қирғизбоев. — Авлодлар довонидан ошиб, ота касбидан бахт-иқбол топган ижодкорлардан бири ҳам Абдувоҳид Тўраевдир. Ундаги камтарлик, ундаги самимият, ундаги маданиятга қараб хурсанд бўламан. Таҳририятлар котибиятларида масъул вазифаларда ишлаганимда яқиндан ижодий ҳамкорлик қилганмиз.
Дарҳақиқат, касбидан саодат топган ҳамкасбимиз ижоди янада баракали бўлаверсин!
Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ,
журналист.