“Кечиккан” суҳбатлар

Анча-мунча китобни ўқиб қўйган ўнинчи синф ўқувчиси бу сафар мутолаадан бошқача, жуда бошқача таъсирланди: Дадахон Нурийнинг “Оқшом қўшиқлари” лирик қиссасида баён этилган воқеа ва фожиали қисмат тасвири унга шу пайтга довур ўқиб чиққан китобларидан бутунлай фарқли туюлди. Хотимаси ҳам кутилмаган, ногаҳон рўй берган. Китобхон қаҳрамон тақдири мавҳумлигидан ҳаприқди, нимадир йўқотгандек ёки шу йўқотишда нимадир топгандек туйди ўзини. Ечим тушуниксиз, хафа бўлиш керакми ё хурсанд — буни-да билмасди. Аммо шуниси аниқки, қиссадаги тоғ қизининг суврати уни бутунлай мафтун этган, фикру ёди унинг билан банд эди. Мактабга кетар чоғи, дарс маҳали, суҳбатларда ёки уй юмушларини бажараётиб — қаерда бўлмасин, унинг кўз ўнгида ўша тоғ манзараси, турфа чечаклар барқ урган боғ узра узоқ-узоқларга тикилаётган лўппи юз гўзал қиз. Хуллас, бу хаёлнинг ҳали тугамаган хаёлий ишқи эди…
Орадан анча кун, ҳафта, ойлар ўтди. Ўқувчи ҳар гал кутубхонага кирганда ўзи билмаган ҳолда ўша ҳис-туйғуни изларди. Бу гал “Ўзбек шеърияти антологияси” томларидан бирини олиб варақлай бошлади. Ненидир изларди, лекин аниқ нима эканини ўзи-да билмасди. Навбатдаги саҳифани очаркан, беихтиёр “Воҳ!” деб юборди. Гўё бутун олам чақмоқ чаққандек ёришиб кетди! Чунки антология саҳифасида ўзбек шоираси, жарқўрғонлик Раъно Узоқова ҳақида маълумот бор эди!
Раъно Узоқова. Бу ном танишдек туюлди, уни олдиндан биладигандек. “Жарқўрғондан ҳам шоир-ёзувчилар чиққан экан!” деб кўзларига ишонмай, қувончдан тўлқинланди. Шу учунми, Раъно Узоқова номи қалбининг тўр-тўрига ўрнашиб қолди ва Дадахон Нурий яратган тоғ қизи образи хаёлидан секин-аста чекина бошлади.
Бирдан айтиб қўямиз: шоирани жарқўрғонлик дейилган бирор маълумот кейинчалик учрамади. Аммо барибир қалб қўрида гўзал ва париваш бир сиймо сақланиб қолдики, бу унинг ўз Раъноси, ўзининг жарқўрғонлик Раъноси эди.
Орадан тағин йиллар ўтди. Йигит Самарқанд дорилфунунида ўзбек филологияси бўйича таҳсил ола бошлади. Шундай кунларнинг бирида Самарқанд вилоят газетаси катта байрам муносабати билан таниқли шоира Раъно Узоқовага бағишланган бир саҳифалик материалларни чоп этди. Кейинроқ эса шоирага атаб “Зарварақ” махсус нашри чиқди, унда ҳам шоиранинг шеър-ғазаллари босилди.
Булар йигит учун қиёссиз бахтли, қуёшдек порлоқ дамлар эди. Қўлида анча-мунча материал тўпланди, хуллас.
Ўқиши тугаб, йигит халқ маорифи соҳасида эмас, Жарқўрғон газетасида ишлай бошлади. Таҳририят ишларидан ортгани ҳамоноқ шоира ҳақида сўраб-суриштирар, афсуски, ҳеч ким, ҳатто оққўрғонликлар ҳам у ҳақда айтарли маълумотга эга эмасди.
Ҳар не ўз вақти-соати билан, албатта. Тасодифни қаранг, тақдир йигитни Болта Бойғучев деган бобо билан рўпара қилди. Болта бобо Иккинчи жаҳон урушига яқин йилларда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаган, энг муҳими, шоиранинг болалик дамларига гувоҳ, у билан бирга ўйнаганларини аниқ эслайди, аммо бўлак нарса билмайди.
Шу билан тамом дейсизми? Йўқ!
Тағин тасодифга раҳмат.
Хўшлашар чоғимиз мотоциклнинг ўт олиб тариллаши шовқинида бобонинг баландлашган овози келади.
— Бобо биз билан хайрлашяпти, — деди мотоциклчи газни қайта-қайта бураб, жўнашга чоғланаркан. Менинг эса юрагим безовта, нимадир сезгандек жидду жаҳд билан “Бобо бир нима демоқчи, тўхтанг!” деб қўлимни мушт қилиб, унинг биқинига кучли ниқтайман. Таққа тўхтайди. Мотоцикль овози тиниб, бобонинг нима деяётганини англадик: “Бадирга учрашдиларингми?” Воҳ, мана калаванинг учи! Бадир бова. Бу ўзи оддий гап-у, аммо маъниси осмон қадар.
— Ёзинг! — деди касбдошим Холмўмин Худойқулов. — Сизнинг бу ишингиз Тўхтасин Жалолов, Ираклий Андрониковларнинг ишидек улуғ ҳодиса. Арзимас иш қилдим деб ҳисобламанг ўзингизни! Ёзинг ва газета-журналга беринг. Ҳамма жойга кетади материалингиз: вилоятда ҳам, республикада ҳам чиқсин, қўлма-қўл ўқилади, кўрасиз.
Ҳақиқатан, ишлар силжиб, материалларимиз матбуотда ёритилди. Самарқанд билан алоқа боғланиб, мавзу бўйича ўзаро хатлар ёзишдик, Раҳимахон (шоиранинг қизи) билан унинг Самарқанддаги хонадонида кўп бора суҳбат қурдик. Бу орада адабиётшунос Абдуғафур Расуловнинг билдирувига суяниб, шоира Раъно Узоқова юбилейини 1976 йил 16 март куни Жарқўрғонда ўтказиш ишларига киришиб кетдик. Худди шу пайтлар эди, обком партиядаги суҳбат чоғи изланишу топганларим ҳақида хабардор қилинган ва ўша куни кечга яқин уйимга етиб келган деновлик адабиётшунос олим Тоштемир Турдиевга тўпланган барча қимматли материалларимни, сафимиз кенгаймоқда, дея қўшқўллаб тутқазибман.
Республика “Ўзбекистон маданияти” (кейинчалик “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газетида юртнинг энг номдор ёзувчиси тўпланган материалларни қўшқўллаб тақдим этганим — Акага “кажавали мотоциклда, юк машинасида шоира дарагини излаб далаю даштлар кезди”, дея маълумлаб турса, одам бир бошқача бўларкан. Атрофимда буни англаган фақат бир киши бўлди: шогирдим, журналист Маҳкамтош Чориева.
Ўша йилнинг декабрь ойи. Ёзувчилар уюшмаси қарори билан Термиз олий билимгоҳида шоиранинг юбилейи ўтказилди. Мен, обком партиянинг адоғи йўқ турли юмушларига боғлаб ташланган одам, тадбирга иложини қилиб бордим ва мавзу бўйича сўз олдим. Ўшанда кўпларга кўп гап англашилгандай бўлди, чамамда.
Шу пайт телефонга чақирилдим. Уйдан экан. Кутилмаганда масала яна шу ҳолича қолди ва бу ёғига ишларни ўз равишига қўйвордим.
Булдуриқ қуш учганича учаверсин қани!
Булдуриқ қуш зўр учаверди лекин!
Менинг хаёлимда бўлса софдан-соф ниятлар ила Раъно Узоқова. Жарқўрғонлик шоиранинг шеърлари, ғазаллари, достонлари, ҳикояларини “булдуриқ қуш” бирин-кетин китоб ҳолича чиқараверди, эътирофу эътибордан тушмади. Бизнинг ҳисса-хизматлар “ўтин ёрган болта ташида қолар” бўлди.
Тегишли мавзуда мақола олиб боргач, аслида, воқеа қандай содир бўлгани журналист Исроил Шомировга аёнлашди ва дастлаб каминага ғалати муносабат билдирди. Ишига пухта бу одам масала моҳиятини англамагунча қўярда-қўймай сўради-суриштирди ва бинобарин, унинг фикри тадрижий равишда ижобий томонга ўзгарганини кўрдим. Кейинроқ билсам, бойсунтоғлик бу дангалчи ижодкор Аканинг ўзига: “Ҳеч йўқ ҳаммуаллифликда чиқарсангиз ҳам бўларди-ку”, деган экан гапни чўзиб ўтирмай. Шуйтиб “Сурхон ёшлари” газетаси “Фарзандини унутмаган эл”, “Шоира ўқиган даргоҳда” каби ва бошқа номлардаги бир нечта материалларни чоп этди.
“Миллий тикланиш” партиясида ишлаётган кезларим Денов бўлинмамиз раҳбари Хуррам Райимов идорамизга шоша-пиша кириб келаркан: “Нега шоирамизга бағишланган тадбирда йўқсиз? Ахир уни сиз кашф этмаганмисиз? Ҳозироқ ўша жойга боринг, ака”, деб қолди. Одамга чақмоқ чаққан каби таъсир қилувчи бир ҳолат. Сапчиб ўрнимдан туриб кетаман ва сонияларда ўз шаштимни ўзим қайтариб, “Таклиф этилмаган бўлсам, қандай бораман?” дейман.
— Эҳ, сиз! — дейди қўлини асабий силтаб Хуррамбой. Бироқ бошқа ҳеч нима демади.
2023 йилнинг тўртинчи май куни. Денов темир йўл вокзалида мени Қўлдош ака Пирнаев кутиб олди. Педколлеж директори муовинлигидан нафақага чиққан бу инсон шоирамиз хотирасини эъзозлашда хизматлари сингган. Хабарим борки, Самарқандгача борган, Раъно Узоқованинг қабрини зиёрат қилган, яқинлари билан ҳам учрашган.
Келишувга кўра, тўғри Аканинг уйига йўл олдик. Сокин Денов кўчаларидан ўтиб, катта ғиштин кўҳна уйнинг маҳобатли дарвозасини тақиллатамиз ва ҳовлидан Аканинг овози келади. Ичкарилаймиз. Ўриндиқда жойлашгач, бирмунча муддат илгари қайтиш қилган ўғлининг хотирасига Қуръон тиловат қилдик. Шундан кейингина мақсадга кўчамиз. Бир вақтлар унга берилган ҳужжатларни йўқолиб кетмасин учун музейга топшириш ниятимиз борлигини айтдик. Ака: “Булар менда эмас, барчаси коллежда турибди. Бемалол олиб кетаверинглар!” дейди. Гапининг исботи сифатида коллежга телефон ҳам қилди. Хушвақт бўлдик.
Сўнг у ён-бу ёндан суҳбатлашиб, анча дадиллашиб қолгач, ёшлари саксондан ошган киши хафа бўлмасин, деган кўнгилда авайлаб сўрадим: “Ака, бир пайтлар шоира ҳақидаги барча материалларимни сизга берганим борасида бирон марта эълон қилмадингиз, тилга ҳам олмадингиз-а!”
— Йўқ, эълон қилганман.
— Қани, қаерда?
— Кўриб айтаман…
Жойимиздан қўзғалдик.
Қўлдош ака “Қандай юрак ютиб айтолдингиз? Қойил сизга”, деди катта таажжуб билан.
Шу ора телефон келади, кўрсамки, Аканинг ўзи. “Топдим!” дедилар. “Қўлимда турибди. Мана, “Муҳаббат қўшиғи” китоби. Батафсил ёзилган. Жарқўрғонда сўзга чиққансиз, изланишларингизни батафсил баён этгансиз! Китобни сизнинг сўзингиз, қилган ишларингиз билан бошлаганман, Абдуллажон!”
— Гап сизга тақдим этганим ёзма далил, маълумот ва материаллар ҳақида кетяпти.
Ака тараддудланмайди, иккиланмайди ҳам.
— Унисини энди ўзингиз ёзинг!
Тақдир тақозосига кўра таниқли шоира Раъно Узоқова Сурхон юртида яшади. Аввал Жарқўрғонда, сўнг Термизда. У шу ерда ўзининг энг гўзал шеърларини ёзди. Сўнг Самарқандга кетади, у ердаги вилоят газетасида ишлайди. Таниқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидов билан бирга ишлаш насиб этади. Бу борада сурхондарёлик маънавият фидойиси Тоштемир Турдиев ҳам кўп изланишлар олиб борган. Ҳатто ўша вақтларда республикамизнинг биринчи раҳбари бўлиб ишлаган Шароф Рашидовнинг қабулига ҳам кирган. Раъно Узоқованинг ижодига эътибор қаратилиб, унинг юбилейи ўтказилиб, шоиранинг “Субҳидам қалдирғочи” деб номланган сайланма шеърлар китоби чоп этилган.
Юқоридаги воқеаларни эслашдан мурод шуки, Сурхон эли Раъно Узоқовадек гўзал шоираси, фарзанди бор эканлигини ҳеч қачон унутмайди. Уни доимо ардоқлайди. Шоира номини қалбларига жо қилган инсонлар ҳамон шу юртда яшаётганини изҳор қилишни истайди.
Абдулла ХОЛМИРЗАЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
“Зараутсой” жамоатчилик маркази раҳбари.