“Сайроб” ва “Катта вахшивор”да…
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшлар учун муносиб шарт-шароитлар яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Президентимизнинг ташаббуси билан ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳар бир туманда концерт-томоша заллари, кутубхона, кинозал, турли тўгараклар хоналари фаолиятини таъминлаш, аҳолининг маданий эҳтиёжларини қондириш муҳим вазифалар сифатида белгилаб берилган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилоятининг туман ва шаҳарларида маданий-маърифий соҳани ривожлантириш бўйича аниқ дастур асосида ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ҳудуддан 15 та маданият муассасаси танлаб олиниб, “Намунали маданият маркази”га айлантириш ишлари амалга оширилди.
2024 йилда вилоятнинг Бандихон, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ, Қумқўрғон, Музработ, Сариосиё, Термиз, Узун, Шеробод, Шўрчи туманлари ва Термиз шаҳридаги маданият марказлари иш бошлаган бўлса, жорий йилнинг июль ойи бошларида Бойсун туманидаги “Сайроб” ҳамда Олтинсой туманидаги “Катта Вахшивор” маҳаллаларида ҳам замонавий, тўлақонли фаолият юритувчи маданият марказлари фойдаланишга топширилди.
Намунали маданият марказларида кенг томоша зали, маънавият ва машғулот хоналари, рақс, мусиқа, фольклор ва бошқа йўналишлардаги тўгараклар учун алоҳида хоналар барпо этилган. Шунингдек, электрон кутубхона, ахборот-ресурс маркази, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган ёшлар ижодий студиялари ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Яратилган бундай қулайликлар ҳудуд аҳолисига маданий ҳордиқ чиқариш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг иқтидори ва истеъдодини ривожлантириш, шу билан бирга миллий ва маънавий қадриятларни тарғиб этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Марказлар иш бошлаши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирларда ҳудуд фаоллари, фахрийлар, маҳалла вакиллари, ёшлар иштирок этди. Тадбир доирасида янги маданият масканларидаги шарт-шароитлар, тўгараклар фаолияти, техник ва интерактив жиҳозлар билан яқиндан танишув бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилоятида бугунги кунда 117 та маданият муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда 2 300 нафардан ортиқ маданият соҳаси мутахассислари аҳолига кенг қамровли маданий-маърифий хизматлар кўрсатиб келмоқда. Улар, жумладан, миллий ва замонавий санъат тўгараклари ташкил этиш, концерт ва театр намойишларини уюштириш, китобхонликни тарғиб қилиш, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, ёшлар билан тарбиявий ишлар олиб бориш, ҳунармандчилик ва миллий анъаналарни сақлаш каби йўналишларни қамраб олган.
Шубҳа йўқки, “Сайроб” ва “Катта Вахшивор”даги каби намунавий маданият марказлари ҳудудларда маънавий муҳитни янада бойитиш, аҳоли, айниқса, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол шахс этиб тарбиялашда муҳим омил бўлади.
Ҳумоюн НИЗОМИДДИНОВ,
“Hurriyat” мухбири.