“Синус ва косинус”сиз ҳаёт

Ҳар сафар фарзандларим математикадан дарс тайёрлаётиб, синус ва косинус ҳақида гап очишса, қалбимда бир оғриқ туради. Ҳеч нарса демайман. Юрагим ғижимланади — кўзимга кўринмас, лекин сезиларли оғриқ. Чунки болалигимда “синус ва косинус” тушунчаси мен учун дарс эмас, жазолаш усули бўлган.
Болалигим қишлоқда ўтган. Отам жуда қаттиққўл, шиддатли одам эди. Суяги меҳнатда қотган, ўзи ўқимагани учун мендан ўқишни қаттиқ талаб қиларди. Унингча, “ўқимаган, математикани билмаган бола одам бўлмайди”гандек эди. Мен алгебрадан синус билан косинусни яхши тушунмасдим. “Қарши катет”, “гипотенуза”, “бурчак қаршисидаги катет” — сўзлари мен учун мутлақо бегона — на мантиқий, на маънавий маъноси бор эди.
Бир куни кечқурун ичи формулалар билан эмас, қўрқув билан тўлган қалин математика дафтарим отамнинг қўлига тушиб қолди. Қизил сиёҳ билан қўйилган гажакдор баҳоларимни кўриб:
— Нима, синус билан косинусни билиш шунчалик қийинми? — дея камар билан савалай кетди.
Камарнинг зарбидан нафақат кўкариб кетган баданим, балки қалбим ҳам қаттиқ оғриди. Назаримда, жисмимдан кўра юрагим кўпроқ кўкариб кетганди. Ўша кеча тинмай ёмғир ёғди. Мен ҳовлига чиқиб, ухламай ўтирдим. Қўлларимни учбурчак шаклида қилиб, бурчакларига қарадим. Синус билан косинусни изладим… Тополмадим. Катта бўлсам, фарзандларимни математикани билмагани учун ҳеч қачон урмайман, деб ўз-ўзимга ваъда бердим… Шу тариқа синусни тушунмаганим учун кўп марта калтак едим. Косинусни билмаганим учун кўп йиғладим.
Мактабдаги яна бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳали-ҳануз эслайман. Ҳар доимгидай математика ўқитувчимиз — Зулайҳо опа дарсга кириб келади. Қўлида бор-йўқлигимизни фош қилувчи журнал.
— Болалар, кеча тушунтирган мавзуим бўйича икки нафар бола доскага чиқиб, мисол ечади.
Ўша икки нафардан бири — айнан мен бўлдим. Иккинчиси эса Азизбек деган синфдошим. Доскага синус функциясининг графигини чиздим. Унча ўхшамади. Ўқитувчи жим.
— Синус нима, Абдунаби?
— Синус — у… у шундай қийшиқ тўлқин, инсон ҳаётига ўхшайди. Бир пастга тушади, бир тепага чиқади. Ҳаётдаги қийинчиликлардек…
Синфда гуррос кулги кўтарилади.
— Синус — бу сенинг ҳиссиётинг эмас!
Кейин ўқитувчимиз доскага чизма чизиб, дарс ўта бошлади: “Синус — бурчакнинг қаршисидаги катетнинг гипотенузага бўлган нисбати”, дея жон куйдирарди. Биз эса ўша вақтда энди нонга ёғ суришни ўрганаётган пайтимиз эди…
Мен бир нарсага ҳайрон қолардим. Мактабда математик формулаларни, айланаларни, бурчакни тўғри чизишни ўргатишди. Лекин ҳаётда қачон ва қаерда керак бўлишидан, ҳаётнинг айлана, бурчак йўлларидан қандай чиқишдан сабоқ беришмади.
Йиллар ўтди. Синусни ёд олганлар ҳам, косинусни яхши билмаганлар ҳам катта одам бўлишди. Аммо яхши инсон бўлиш учун формулалар етарли эмаслигини вақт кўрсатди. “Учбурчак ички бурчакларининг йиғиндиси 180°” деб ўргатишганди. Лекин ҳаётда кимнингдир хиёнати туфайли юракда пайдо бўлган бурчак 45°га айланиб қолиши ҳеч гапмас экан.
Илм зарурлигига шубҳа йўқ. Лекин математик билимлар инсон ҳаётига дахлдорми? Синусни яхши билган одам яхши инсон бўлиб кетадими? Косинусни ёд олган бола онани қадрлайдими, ҳалол яшайдими?
Шуларни ўйлар эканман, одамнинг юрагидаги бурчакларни формулага солиб бўлмаслигини, ота-онанинг дуоси “синус ёки косинусга” боғлиқ эмаслигини, яқинларинг озор берганида, бурчак қанчалик қия эканини ўлчашнинг имкони йўқлигини тушуниб етдим.
Ҳаётда бурчаклар кўп — лекин уларнинг тангенси ё котангенси йўқ. Шахс камолоти учун инсонийликнинг ўлчови бўлолмайди.
Бошқаларнинг кўнглига йўл топа олсанг, дилингга озор етказганларни кечира билсанг — бу синуссиз ҳам энг мураккаб амалдир. Яна билганларим шуки, ҳеч бир синус сизни ўз фарзандингизга меҳрибон бўлишни ўргатмайди, ҳеч бир косинус эркакни оиласини асрашга мажбур этолмайди.
— Ҳозир тушунмасанглар, эртага ҳаётда қийналасизлар!
Ҳар гал дарсда шундай деб огоҳлантирарди ўқитувчимиз. Ҳаёт — биз учун ҳали бошланмаган, “эртага” ноаниқ бир манзил эди. Бизнинг эртамиз фақат имтиҳон, ҳеч бўлмаганда 4 баҳо олиш, кейин эса мактабдан чиқиб, сомса олиб ейиш бўлган. Ўша пайтларда ҳаётни график чизиғидек тасаввур қилардик: тепага чиқсанг — яхши ўқийсан, пастга тушсанг — калтак ейсан. Лекин тақдиримнинг бурчаги тангенссиз ҳам шаклланаётгандек эди. Биласизми, мен журналист бўлмоқчи эдим!
Йиллар ўтиб, газетада мухбир бўлдим. Кейин радиода, сўнг телевидениеда чиқишлар қилдим. Сўзларимда самимият, кузатувчанлик ва халқнинг дарди бўларди. Шундай кунларнинг бирида мени мактабга — ўқувчилар билан учрашувга таклиф қилишди. Математикани яхши билмаганимдан хабар топган ўқувчи қиз:
— Сиз синус-косинусни билмасангиз, қандай қилиб катта журналист бўлдингиз? — дея сўради мендан.
— Мен синус билан косинусни яхши англамаганман, рост. Лекин одамларнинг қалб тебранишини, яъни синусини, сўзнинг юракка қандай таъсир қилишини ўргандим.
Ҳар бир инсон юрагидаги бурчакни тўғри ҳисоблай олса, ҳаёти косинусдек барқарор бўлишини тушунганимни айтдим.
Қизиқ, бугун мен ҳаёт билан юзма-юз турибман. Лекин шунча йиллар ичида бирон марта “қарши катет”ни қидирганим йўқ. Бошим оғриганда, шифокор “синусни ўлчайлик” демайди. Ишга кирганимда “гипотенуза нима, катет нима?” деб сўрамаган. Ҳаётдаги бурчаклар мураккаброқ, чамамда: вақти келса ишсизлик, беморлик, оилавий тортишувлар, рўзғор ташвишлари. Гоҳо турмуш бурчаги шунчалик ўткир бўлиб қоладики, сизни қайириб ташлайди. Бу бурчакларнинг синус-косинуслари, формуласи, эгри чизиғи ҳам йўқ. Фақат инсон сабри, бардоши ва тажрибаси бор.
Математика — ақлни ўстиради. Инжиниринг, қурилиш ва фанда кенг қўлланилади. Синус бурчакни ўлчайди, инсон қалбини эса меҳр. Лекин ота-онага муносабатда, дўстликда, муҳаббатда синуснинг графиги тўлқинсимон бўлиб бир текисда кетгани учун инсон ҳаётининг ҳам синусоида каби равон кечишини истардим. Шунда бизга бағрикенглик, адолат, тўғрисўзлик ва ҳимматни ўргатмаган синус билан косинус фақатгина қоғозда қолиб кетмасди. Ахир мен “синус ва косинус”сиз ҳаёт учун беҳуда калтак едимми? Мана шуниси алам қилади…
Саодат МУСАЕВА