Ёшлар – юрт тараққиётининг таянчи

“Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз — ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат”.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ушбу чақириғи бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид сиёсатнинг асосий йўналишларини белгилаб бермоқда. Президентимиз ташаббуси билан ёшларга муносиб шароитлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш ва ташаббусларини рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув ва инновациялар даврида ҳар бир давлатнинг келажаги, аввало, унинг билимли, иқтидорли ва фидойи ёшларига боғлиқ. Юртимизда ёшларнинг истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Биз ўз олдимизга қўйган, ҳар томонлама ривожланган Янги Ўзбекистон давлати ва жамиятини барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улкан вазифани бажаришни мақсад қилганмиз. Бу замонавий билим ва кўникмаларни чуқур ўзлаштирган, юқори малакали, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар кадрлар тайёрлашнинг умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосидаги инновацион тизимини шакллантириш борасидаги ишларимизни сифат жиҳатидан янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Андижон давлат университети – бизнинг таълим масканимиз республикамиздаги нуфузли университетлардан бири ҳисобланади. Ҳозирга келиб университетда 8 та факультет, 30 та кафедра, 2 та марказ фаолият олиб бормоқда.

Илмий кенгашлар сони босқичма-босқич ошириб бориляпти. 2025 йил ҳолатига кўра, университетда илмий даражалар берувчи 7 та Илмий кенгаш фаолият юритмоқда.

Университетда 2024-2025 ўқув йилида “Scopus” халқаро илмий-техник маълумотлар базасидаги илмий журналларда чоп этилган мақолалар сони 123 та бўлиб, ҳар бир профессор-ўқитувчиларга нисбатан таҳлил қилинганда, бу кўрсаткич ўртача 19,3 фоизни ташкил этади.

Давлат илмий-техник дастурлари доирасида 2024-2025 ўқув йилида университетда 3 та илмий инновацион ишланмалар ва лойиҳалар бажарилмоқда.

Университетимизда 2 та илмий-тадқиқот маркази мавжуд бўлиб, ўртача 23 дан ортиқ ходим фаолият кўрсатади.

Энг муҳими, университетимизда талаба-ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорларини намоён қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Талабаларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда, таълим ўчоғида интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга мўлжалланган тўгараклар, талабаларнинг қизиқишлари бўйича 10 дан ортиқ клублар ташкил этилган. Жумладан, “Заковат”, “Дебат”, “Медиа” ва “Спорт” клублари, “Талабалар театр студияси”, “ҚВЗ”, “АРТ-терапия”, “Китобхонлар”, “Волонтёрлар”, “Талаба-қизлар” клублари фаолият юритиб келмоқда.

Талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини ривожлантиришга ёрдам бериш, назарий ва амалий билим даражасини ошириш мақсадида 30 дан ортиқ тўгараклар фаолият юритмоқда. Ушбу тўгаракларда талабаларимиз ўз қобилиятларини намоён қилиб, турли лойиҳаларда ижодий ривожланишларига имконият яратилган.

Талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда жисмоний чиниқишлари, уларнинг спорт соҳасидаги қобилиятини намоён қилишга ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга йўналтирилган “АДУ” спорт клуби ташкил этилган бўлиб, ушбу спорт клубида 5 та спорт тури (футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат) бўйича спорт секциялари фаолият юритиб келмоқда.

Шунингдек, ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида “Ёшлар ҳафталиги”, “Ректор кубоги”, “Ёшлар оқшоми” маданий тадбирлари, “Заковат” интеллектуал ўйинлари ҳамда “Student’s party” (Талабалар оқшоми) маданий кўнгилочар тадбирлари, “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Қувноқлар ва зукколар”, “Талабалар театр студиялари” танлови, “Ош чемпионати”, “Shashlik day”, “Мунозара” каби танловлар ташкил этилиб, ғолибликни қўлга киритган талабалар пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирлаб борилмоқда.

Университетда талабаларнинг сифатли таълим олиши ва дарсдан ташқари вақтини мазмунли ўтказиши ва ҳордиқ чиқариши учун замонавий талабларга мос шароитлар муҳайё қилинган. Яратилган шароитлардан мамнун талабаларимиз эса бор куч-ғайрат ва истеъдодларини ишга солиб, чуқур илм олиш билан бирга, илмий анжуманлар, маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб, қувонарли натижаларга эришмоқдалар.

Хусусан, 2024-2025 ўқув йили давомида университет талабалари бир қатор муҳим ютуқларга эришди. 9 нафар талабамиз халқаро фан олимпиадасида муносиб иштирок этиб, 2 та олтин ва 1 та бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, 11 нафар талаба Президент ва бошқа давлат стипендиялари совриндори бўлди.

Спорт соҳасидаги ютуқлар ҳам эътиборга молик. Жорий йилнинг 10-23 май кунлари ўтказилган “Талабалар лигаси” спорт мусобақаларининг республика босқичида университетимиз жамоаси футзал бўйича фахрли 1-ўринни, баскетбол бўйича 2-ўринни ва кураш бўйича яна 1-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, “Универсиада” спорт мусобақаларида волейбол (аёллар ўртасида) бўйича 2-ўрин, стол тенниси ва стритбол (аёллар ўртасида) бўйича мос равишда 2- ва 3-ўринлар қўлга киритилди.

Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда. “Интеллектуал ҳафталик” доирасида ўтказилган республика миқёсидаги “Заковат” мусобақасининг Брейн-ринг йўналишида университет жамоаси 3-ўринга сазовор бўлди.

Бундан ташқари, 2025 йилнинг 21-24 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Мирзо Улуғбек ворислари” танлови ва “Талаба Expo – 2025” кўргазмасида университетимизнинг ахборот технологиялари инжиниринги факультети талабалари — Дилафрўз Расулжонова ҳамда Музаффар Раҳимов ўз лойиҳалари ва ташаббуслари билан фаол иштирок этиб, “Энг фаол қатнашган иштирокчи” номинацияси ғолиблари деб топилдилар.

Фахрлансак арзийди, жаҳон чемпионатида 21 нафар талабамиз юқори натижаларни қўлга киритди, Осиё чемпионатида 2 нафар талабамиз фахрли 3-ўринга сазовор бўлди. Республика миқёсида эса 86 нафар талабамиз спорт ва кўрик-танловларда фаол қатнашиб, совринли ўринларга эришди ҳамда мукофот (диплом)ларга сазовор бўлди.

Юқорида айтганимиздек, юрт тараққиёти, жамият барқарорлиги ва ижтимоий юксалиш — бу, энг аввало, ёш авлоднинг билим, салоҳият ва тарбиясига боғлиқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан туриб билдирган фикрлари нафақат эзгу даъват, балки умуммиллий устувор вазифа сифатида ҳаётга жорий этилмоқда.

Университетда олиб борилаётган ишлар — бу ислоҳотларнинг муҳим ҳалқаси. Ёшларга кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар эса Янги Ўзбекистон пойдеворини мустаҳкамловчи асосий омиллардандир.

Андижон давлат университетида талаба-ёшларнинг илмий, спорт, маданий ва ижодий салоҳиятини янада ошириш, уларнинг имкониятларини рўёбга чиқариш учун қуйидаги йўналишларда истиқболли режалар ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Жумладан:

– халқаро ва республика миқёсидаги фан олимпиадалари, конференциялар, семинарларда иштирок этиш имкониятлари кенгайтирилади;

– ҳар бир факультетда талабалар илмий тўгаракларини замонавий лаборатория ва техник жиҳозлар билан таъминлаш орқали уларнинг илмий тадқиқот фаолияти қўллаб-қувватланади;

– етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда онлайн ва офлайн илмий семинарлар, маҳорат дарслари йўлга қўйилади;

– спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида мунтазам ички мусобақалар, “Ректор кубоги” ва спорт фестиваллари ташкил этилади;

– иқтидорли спортчи-талабаларни халқаро спорт мусобақаларига тайёрлаш бўйича алоҳида машғулотлар тизими жорий қилинади;

– университет спорт базаси янгиланади ва барча спорт турларига мос замонавий иншоотлар барпо этилади;

– малакали мураббийлар ва спорт усталари жалб қилиниб, талабалар ўртасида профессионал спортга йўналтириш кучайтирилади;

– талабалар театр студияси, рақс ва мусиқа ансамблларини қўллаб-қувватлаш орқали университет миқёсида маданий тадбирлар сони кўпайтирилади;

– “Ижодий ҳафталиклар”, “Талабалар театр студиялари”, “Маърифат майдони”, “Юртимиз қадриятлари” ва “Ижодкорлар фестивали” каби танловлар мунтазам ўтказилади;

– халқ ижодиёти, миллий мерос ва замонавий санъат йўналишида ижод қилаётган талабалар учун устоз-шогирд мактаблари ташкил этилади;

– “Заковат”, “Брейн-ринг”, “Китобхонлар беллашуви” каби интеллектуал танловлар мунтазам равишда ўтказилиб, ғолиблар рағбатлантирилади;

– республика ва халқаро кўрик-танловларда университет номидан иштирок этувчи жамоалар учун махсус тайёрлов маркази ташкил этилади;

– танловлар натижалари асосида етакчи талабалар рўйхати шакллантирилиб, уларга индивидуал ривожланиш режалари тузилади;

– ҳар йили “Йил талабаси” кўрик-танловининг “Энг фаол талаба”, “Йил ихтирочиси”, “Йил спортчиси”, “Йил маданият фаоли” каби номинациялар бўйича мукофотлар жорий қилинади;

– иқтидорли ёшлар учун хорижий тажриба алмашув дастурларида иштирок этиш имконияти яратилади;

– талабалар ташаббуси билан амалга оширилган лойиҳаларга университет раҳбарияти томонидан грантлар ажратилиши йўлга қўйилади.

Ҳа, юқоридаги каби кўплаб истиқболли режалар Янги Ўзбекистонда маърифатли, билимли, ватанпарвар ва жаҳон майдонида муносиб ўрин эгаллай оладиган ёшларни тарбиялашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларнинг узвий давомидир.

Бахтиёр АКБАРАЛИЕВ,

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги

Андижон давлат университети ректори,

техника фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 5 =