Инновация ва ташаббуслар маскани

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида талабаларнинг ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади

Сўнгги йилларда юртимизда ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўрлик давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида шаклланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёшларнинг таълим олиши, касбга эга бўлиши, мустақил фикр юритиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тарихий учрашувда давлат раҳбари томонидан илгари сурилган фикрлар ва ташаббуслар бугунги кун ёшларининг келажагини белгилаб берадиган муҳим дастурга айланди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Сизлар — янги тарих яратадиган олтин авлодсиз!” Бу фикр нафақат ифтихор, балки катта масъулият, янги мақсадларга интилиш ҳиссини ҳам уйғотади.

Айни пайтда дунёдаги энг нуфузли университетлар — “ТОП-10”, “ТОП-100” ва “ТОП-300” рўйхатларида 1500 нафардан зиёд юртдошимиз таҳсил олмоқда. Улар орасида 30 нафари дунёдаги энг кучли ўнталикка кирган олий таълим муассасаси талабаси. Бу мамлакатимиздаги таълим ислоҳотларининг самараси ва ёшларга берилган ишончнинг амалий ифодасидир.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳам ушбу улкан жараёнларда фаол иштирок этмоқда. Биз ёшларимизга фақат тил ўргатиш билан чекланмай, уларни замонавий журналистика, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, халқаро алоқалар ва лингвистика каби соҳаларда етук мутахассис этиб тайёрлашга интилмоқдамиз. Университетимизда “El-yurt umidi”, “DAAD”, “Erasmus+”, “KOICA”, “Vengriya” стипендиялари ва бошқа халқаро дастурлар орқали юзлаб талабаларимиз хорижда ўқиш имкониятига эга бўлмоқда.

2024-2025 ўқув йилида иқтидорли ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб этиш борасида 100 дан ортиқ ютуқлар қайд этилди. Жумладан, университетимизнинг 2 нафар (магистр ва бакалавр) талабаси Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиясига, 5 нафар талабамиз Президент грантига, 1 нафар талаба Ислом Каримов ва 11 талабамиз Навоий номидаги давлат стипендиясига муносиб деб топилди. Шунингдек, 41 нафар талабага Ректор стипендияси, 10 нафарга эса Александр Файнберг махсус стипендияси берилди.

Бу каби эътирофлар университетимиздаги ёшлар таълим, фан, ижтимоий фаоллик ва маънавий етуклик жиҳатидан етарли даражада қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Айниқса, 2025 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган 2 нафар талаба — бири маданият ва журналистика, иккинчиси адабиёт-бадиий публицистика йўналиши бўйича юксак эътиборга сазовор бўлди.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган қатор дастурлар — “Бир миллион дастурчи”, “Ёшлар бизнеси”, “Келажакка қадам”, “Рақамли авлод қизлари” каби лойиҳалар ёшларга нафақат билим, балки молиявий ва амалий кўмакни ҳам тақдим этмоқда. Жумладан:

– “ТОП-300” университетларга кираётган ёшларга 20 минг долларгача имтиёзли кредитлар;

– “Ёшлар венчур” жамғармаси орқали 1 миллиард долларлик стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;

– 83 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари билан 500 мингга яқин иш ўрни яратиш;

– “Келажак лидерлари” дастури асосида 100 нафар салоҳиятли ёшни тайёрлаш каби имкониятлар уларнинг келажакда ўз ўрнини топишига хизмат қилмоқда.

ЎзДЖТУда талабаларнинг ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Медиастудия, IT лабораториялар, илмий конференциялар, маҳоратини намоён этувчи танловлар, дебат ва фан тўгараклари орқали ёшлар ўз иқтидорини намоён этиш имконига эга. Талабаларнинг шахсий лойиҳалари ва стартап ғоялари учун университет ички грантлар ва резидентура дастурларини амалга оширмоқда.

Талабаларимиз “TalabaFest-2025” фестивалида 8000 нафарлик жамоа билан фаол иштирок этди. Ёшлар мазкур фестивалда сунъий интеллект, фриланс, стартаплар ҳақидаги маҳорат дарслари ва семинарларда қатнашиб, амалий кўникма ва янги билимларга эга бўлди.

Шунингдек, университетда “ҚВЗ” ва “Заковат” жамоалари шаҳар кубоги финалида иккинчи ўринни, “Талабалар театр студияси” эса республика босқичида учинчи ўринни эгаллади.

“Тўмарис издошлари” спорт мусобақасида 100 нафарга яқин талаба-қизлар иштирок этди ва Тошкент шаҳар босқичида иккинчи ўринга лойиқ топилди.

“Ҳаракатда даромад” электрон тизими орқали таътилдаги 3 миллион ёшнинг иш билан бандлиги таъминланмоқда. Бу шунчаки иш эмас — амалий кўникма, маҳоратни ошириш, турли соҳаларда синовдан ўтиш имкониятидир.

Университетимиз спорт жамоаси 2025 йилда “Универсиада” республика финалида 3-ўринни, Тошкент шаҳри бўйича эса 1-ўринни қўлга киритди. Бу натижалар учун университет 176 миллион 477 минг сўмлик спорт инвентарлари билан тақдирланди.

Бундан ташқари, 2025 йилда университетимизнинг талабаси Халдурдиева Огулжерен “Ёш китобхон” танлови республика босқичида 340,3 балл билан ғолиб бўлиб, Президент совғаси — “BYD Chazor” электромобилига эга бўлди.

Бугунги Ўзбекистонда ёшларга қаратилган давлат сиёсати фақат сўзда эмас, аниқ механизм ва самарали амалий қадамлар орқали ўз ифодасини топмоқда. Ёшларнинг иқтидори, ташаббуси, инновацион ғоялари ва билимга чанқоқлиги — мамлакат тараққиётининг муҳим стратегик омили сифатида қаралмоқда.

Мана шундай кенг қамровли дастурлардан бири — “Келажакка қадам”. Мазкур ташаббус доирасида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетидаги талабаларнинг ташаббуслари жиддий қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, битирувчи курс талабаларидан 48 нафари ўз бизнес ғоялари билан лойиҳалар тақдим этиш ташаббусини билдирган бўлса, 33 нафар талабанинг аниқ бизнес-режалари шакллантирилди. Ушбу лойиҳалардан 18 таси банк мутахассислари томонидан ижобий баҳоланиб, улардан 13 нафарига 233 миллион сўм миқдорида имтиёзли маблағлар ажратилди.

Бу эса нафақат ёшларнинг тадбиркорлик салоҳиятини намоён этиш, балки уларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шахсий бизнесини йўлга қўйишга ундашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

“Келажакка қадам” дастури доирасида ёшларнинг ўз ғояларини амалга оширишга қулай муҳит яратиш мақсадида университетда махсус марказ ташкил этилди. Бу ерда талабалар учун 2 та компьютер, 4 та стол ва 12 та ўриндиқ, 1 та телевизор, ёрқин рангдаги “Kelajakka qadam” ёзуви билан жиҳозланган инфо-майдон ва зарур иш юритиш воситалари жойлаштирилган.

Бундай инфратузилма ташаббусларнинг рўёбга чиқишига пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Ёшларнинг фақат тадбиркорлик соҳасида эмас, балки илмий ва таълимий йўналишдаги ютуқлари ҳам етарлича. Масалан, 3-босқич талабаси М.Неъматуллаева томонидан яратилган “Topic Based Vocabulary Handbook” луғати университетнинг ўқув-услубий кенгаши томонидан нашрга тавсия қилинди. Бу каби амалий ишлар талабаларнинг лингвистик ва услубий билимларини фаол татбиқ этаётганини кўрсатади.

Шунингдек, талабаларга ўқув-методик қўлланмалар ва луғатлар тайёрлаш учун қуйидаги шарт-шароитлар яратилган: ушбу жараённи қадам-бақадам тартибга солувчи йўриқнома ишлаб чиқилган, “Discussion room”лар, “British Council” билан ҳамкорликда 4150 та китобдан иборат кутубхона, “Korea Corner” доирасида 532 та корейс адабиёти китоблари жойлашган, Ахборот-ресурс маркази иш вақти талабалар эҳтиёжидан келиб чиқиб, ҳафтасига 6 кун, кечки соат 22:00 гача фаолият кўрсатади.

Бугун талабаларнинг рақобатбардошлигида тил билиши шубҳасиз муҳим ўрин тутади. Университетимизда бу борада ҳам жиддий ишлар олиб борилмоқда: битирувчи талабаларнинг 61 фоизи “C1” ёки “B2” даражадаги миллий ва халқаро тил сертификатига эга. Бу кўрсаткич талабаларнинг халқаро меҳнат бозорида ўз ўрнига эга бўлиши учун муҳим пойдевордир.

Сертификат олиш кўникмасини кучайтириш мақсадида танлов фанлари орқали тайёргарлик тизими шакллантирилган, тайёрлов курслари ташкил этилган.

Талабаларни муваффақиятли ишга жойлаштириш мақсадида 2025 йил 17 апрелда “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ташкил этилди. Унда етакчи компания ва корхоналар иштирок этгани — талабаларни бозор талабига мувофиқ йўналтиришга қаратилган жиддий қадам бўлди.

Бугунги кунда университетлар фақат таълим берувчи эмас, балки ёшларнинг иқтидорини намоён этиш, уларни тадбиркор, мутахассис, олим ва етакчи сифатида тарбиялашга қаратилган мукаммал тизимни шакллантирмоқда. Ёшлар учун яратилаётган имкониятлар экотизими бу — келажак тараққиётининг асосий кафолатидир.

Интеллектуал авлод — Янги Ўзбекистоннинг юраги. Шу боис, ҳар бир ёшга ишонч, эътибор ва имконият бериш — қабул қилинган энг тўғри стратегик қарорлардан бири.

Янги Ўзбекистон ёшлари — бу нафақат мустақиллик фарзандлари, балки глобал дунёда миллий юксалишни таъминлайдиган интеллектуал авлоддир. Биз уларга ишонамиз, улар билан фахрланамиз ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Шу сабабли, таълим муассасалари, оила, жамият, оммавий ахборот воситалари ва давлат органлари якдилликда иш юритиб, ёшларга ғамхўрлик муҳитини яратиши зарур. Чунки бугун эътибор берилган ҳар бир ёш эртага Ўзбекистон номини юксалтирувчи етакчи, олим, ихтирочи, спортчи ёки дипломат бўлиб вояга етади.

Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари

университети ректори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 17 =