Ватан ишқи қилар элни муштарак

Тўлқин ЭШБЕК

Муаллиф ҳақида:

Тўлқин ЭШБЕК — 1963 йили Иштихон туманида туғилган. 1985 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Айни пайтда у ана шу даргоҳда фаолият кўрсатмоқда.

Муаллифнинг “Жигарбандлар”, “Шабада эсган кун”, “Қишлоқлик бола қиссаси”, “Жайдари ҳангомалар”, “Адашган қиз қисмати”, “Ҳаёт карвонлари”, “Самарқанд фарзанди”, “Олимнинг беқиёс олами”, “Ўзбекнинг ёмони бўлмайди”, “Икки аср одами”, “Коррупциясиз ҳаёт завқи”, “Генералнинг мангу юлдузи”, “Бобурнинг гавҳарлари”, “Бухорои шариф зиёси”, “Аёл ва Ой”, “Жадидлар жавҳари” деб номланган насрий ҳамда шеърий тўпламлари нашр этилган.

Тўлқин Эшбек Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси. Адабиёт соҳасидаги Усмон Носир мукофоти лауреати (1993), журналистика соҳасида “Олтин қалам” Миллий мукофоти совриндори (2008) бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига биноан 2019 йили “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Қасида

 

Ватан учун, миллат учун, халқ учун,

Боболар ҳам курашганлар азалдан.

 

Она диёр, элу ботирлар мадҳи

Жой олгандир ўлан, шеъру ғазалдан.

 

Ўғлонлар мард бўлса юртим тупроғи,

Эзилмагай ёв этиги, нағалдан.

 

Ватаннинг бир парчасидир уйимиз,

Иборатмас фақат бисот-бағалдан.

 

Оқтовдайин осмон яйлов адирлар,

Қизғалдоқлар ундиради шағалдан.

 

Ипакдайин меҳр чиқар товланиб,

Кетмон тутган қадоқ қўли дағалдан.

 

Кўкка бўйламоқда Ўзбекистоним

Мустақиллик деган метин тамалдан.

 

Баҳорнинг бир куни йилни боқар деб,

Меҳнат аҳли қимирлайди Ҳамалдан.

 

Ўз лафзига содиқлар – юрт бойлиги,

Фарқи йўқдир сўзларининг амалдан.

 

Қалбимиз бой онажонлар алласи,

Момолардан мерос мақол, маталдан.

 

Ватан ишқи қилар элни муштарак,

Кўтарилар эл биргина йўталдан.

 

Юртим мадҳин битган Абдулла Ориф,

Мусиқанинг зўри чиққан Муталдан.

 

Жўровоз халқимнинг қудратли саси,

Атрофга таралар азал-азалдан!

 

Сурхон қовунидан баҳраманд дунё,

Ҳайратда Чортоқда битган асалдан.

 

Эркин Воҳид битган “Руҳлар исёни”

Асло қолишмайди “Зарбулмасал”дан.

Таърифи дунёча юртга қасидам,

Дафтар осмон бўлса, битсам зарҳалдан!

 

МАФТУНКОР ЎЗБЕКИСТОН

 

Нью-Йорк шаҳрининг машҳур “Таймс-сквер” майдонида Ўзбекистон ҳақида видеоролик намойиши йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини халқаро майдонда тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Дунёнинг энг кўп ташриф буюрадиган жойларидан бири – “Таймс-сквер”даги иккита йирик экранда Ўзбекистондаги қадимий обидалар, тарихий шаҳарларимиз, мамлакатимиз табиатининг гўзаллиги ва маданий ранг-баранглигини ўзида акс эттирган видеолавҳалар намойиш этилмоқда.

Интернет хабарларидан.

 

“Таймс-сквер” бор – “Вақт хиёбони”,

Нью-Йорк аталган дунё томида.

Кунда миллион одам кезиб юргувчи

Ажойиб чорраҳа “Замон” номида.

Ўзбегим замони келгани шудир –

Байроғимиз чорлар жами оламни!

Дунё деганиким доим бири кам:

Ярми бахтни билмас, ярмиси – ғамни.

Мен гарчи саҳройи эл фарзандиман,

Кўриб юрагимда қўпти довуллар:

Ўзбекистон деган гўзал юртимда:

Водий ва воҳалар, кентлар, овуллар.

Тарихнинг бобоси азим Самарқанд,

Бўйлашар Бухоро, Хивалар билан.

Бўйнида қўнғироқ сочаётир занг –

Ўтиб борар карвон тевалар билан.

Темур шавкатини тиклаган ўлка,

Уфқ ортин кўролган Беруний бобом.

Тарихи мозийга узайган кўлка,

Жадидлар уйғотган сабуҳий сабом.

Темур мақбарасин нилий гумбази:

Самодан узилган кўзёш томчиси.

Сир ила Амуни лойлатиб кечган,

Улоқчи қўлида ирғай қамчиси.

Тасвирлар барини қилмоқда кўз-кўз,

Бизга дўстлар керак йироқ-яқиндан.

Худойим ҳам ахир ҳазар қилармиш

Ҳазар қилмаслардан ўзга ҳақиндан.

Ўзбегим кўнглидай қўли очиқ халқ,

Яхши-ёмон кунда кифт тутган қўшни.

Бошда дўпписидан танийди дунё,

Офтобда қорайган мард ялангтўшни.

Таърифи Рустами достон бўлғуси

Танласам ҳам минг бор хасисдек сўзни.

Бу дунё жаннатга монанд бўларди,

Сени таниганча таниса ўзни!..

 

ТУҒ ИЛА ТУҒРО

Мустақиллик насиб этди, етишдик туғ-у туғрога,

Ярашдик бир-биримизга, ки ўхшаб Тоҳир-Зуҳрога.

Ватан қурбони бўлгандан, Ватан деҳқони бўлган соз:

Меҳр-ла парвариш қилсак, ўрин қолмасди саҳрога.

Герб-у байроққа муносиб чиройли бизда фармонлар,

Назоратни қилиб дастак, етишсак қатъий ижрога.

Эл ичига кириб борсин амалдор қавми ҳар жойда,

Улусга юзма-юз келсин, биқинмай хона-ҳужрога.

Илмсизлик жаҳолатдир, Ватан обод илм бирла.

Илмга ошино бўлдик, етишгач “Ўқи” – “Иқро!”га.

Ўзбекистон мисоли боғи жаннат дарёси Тўлқин,

Ким ўхшар Оби Кавсарга, ҳовуч тупроғи – нуқрога!

 

ЮРТГА МУҲАББАТ

 

“Қил мени жондин жудо, қилгунча жонондин жудо”.

Алишер НАВОИЙ

 

“Мен бўлай жондин жудо, бўлгунча жонондин жудо…”

Эркин ВОҲИДОВ

 

Бўлур баъзан шунингдек ҳол: қолурсан худдики жонсиз,

Тирик бўлиб тирикмас жон, магарким қолди жононсиз…

Ки, саҳролар эди тилсиз, то пайдо бўлмайин карвон,

Ўтур карвон, яна саҳро қолур бесас бу карвонсиз.

Бу лошнинг парвариши кўп олур вақтингни, руҳнинг ҳам

Самога йўл олиши айрумас зинаю нарвонсиз.

 

 

 

Яратганга эрур бирдек азиз беҳишту уқбоси,

Бу дунё ҳам бўлур бир кам, магарким, боғу зиндонсиз.

Тегирмон дўлига тушмай қачон нонга дўнар буғдой?

Жафо чекмай сира Ҳақ васлига етсам деган сонсиз.

Бир уммон бағрида жўшқин эрур минг битталар Тўлқин,

Яшар юртим менингсиз, мен яшолмам Ўзбекистонсиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + 18 =