Бир гапи бор одамлар

“Бугун фан яхши тилак инсоннинг генига таъсир қилишини ўрганди. Демак, халқимизнинг “олтин олма, дуо ол” деганларида бир гап бор…”

Шомирза ТУРДИМОВ

Ер айланади, йиллар ўтади, инсон ўзгаради. Фақат башарият эмас, ҳаёт нафасига эга организм борки, бари эврилишга маҳкум. Аммо одамзоднинг бошқа мавжудотлардан фарқи, у ўзидаги зоҳирий ва ботиний тусланишларни англайди, мушоҳада этади. Бу баҳона ортига — ўтган умрига назар ташлар экан, бир зум қўним топгандай, яшагандай бўлади ўз хотираларида. Шунинг учун хотира — биз баъзида бугундан қочиб беркинадиган хилватгоҳга ўхшайди. Ҳамма бой берганларимизни топадиган сеҳрли манзилга, термилиб ўзимиз ва ўзгаларга холис баҳо берадиган “ойнаи жаҳон”га ўхшаб кетади…

* * *

Уч йили кам бир аср умр кўрган Малика момомни эсларканман, кўз олдимга ҳассага таянган кампир эмас, желагининг шамол эрмаклаётган этакларини енги шимарилган қўллари билан йиғиштириб, тез-тез одимлаётган муштипар аёл келади. Болалигимда у кишини жуда яхши кўрганман, десам, алдаган бўламан. Сабаби, мен арзандани кўп койирди. Янги кийим кийсам, “Бунингни Кенжа “посон”га ўхшатиб кўпам синига қарайвермагин!” дея уқтирарди энамга. Тилим ечилган дамларда “Саъдулла калга ўхшамай камроқ гапир!” дея битта гап билан мум тишлатиб қўярди. Рости, камина на Кенжа “посон”ни, на Саъдулла кални танирдим, тахминимча, улар бири қизларга ўхшаб ўзига оро берадиган, иккинчиси тилли-жағли ҳамқишлоқларимиздан бўлишса керак.

Мен-ку мен, бошқалар, дейлик, опам ҳам бот-бот гап эшитиб турарди раҳматлидан. Каминанинг бийронлиги ёқмагани каби, опамнинг кулиши ёқмасди момомга. “Қиз бола деган ҳуда-беҳудага ҳиринглайверса, яхши бўлмайди! Лабингни жий, токи биров жоношолмасин!” дерди қовоқларини солиб.

Нафсиламрини айтганда, у кишининг биз болаларга маъқул одатлари ҳам йўқ эмасди. Масалан, нафақаси келса, ҳаммамизга пул улашар, қўй сўйсак, илигини бизга қоқиб берарди. Элдошларнинг қаттиқ ҳурмат қилишларини, у кишини кайвони, кўп нарсани тушунади, деб ҳисоблашларини ҳам баримиз яхши билар, бундан ғурурланардик.

Адабиётда “аёл — ҳамиша аёл” деган ибора бор. Ҳалокат туфайли бобомни эрта бой берган момомнинг фикри эса, бу борада нечукдир бошқача эди. “Аёл эри бўлса аёл, бўлмаса, у эркак!” дердилар. Мазкур масалада менинг бир нарса дейишим қийин. Момом раҳматли, балки, ўз умри, вазиятидан келиб чиқиб гапирган бўлса керак.

Дарвоқе, аёл дегандай…

Қандайдир сабаб билан уйимизга йиғилган жувонлар бир гал момомдан: “Эна, аял зоти нечида қарийкан?” дея сўраб қолишди. “Аял зоти жетмишидаям жилқидай бўлади. Саксандан ошқач, суяклари шовшайди”, деб жавоб берди момом раҳматли. У пайтлари камина юқоридаги фикрнинг маъноси ҳақида кўп бош қотирганим йўқ. Менга иборадаги сўзларнинг бир-бирига уйқашлиги ёқиб қолганди. Ҳозир эса бу гапни эслаб, демак, ул даврда одамлар биздан ҳақиқатда анча бақувват бўлишган экан-да, деган ўйлар кечада хаёлимдан. Ахир бугун қишлоғимизда етмишга кириб девдай бўлган зотлар йўқ. Аксинча, айримларимиз қирққа кирмай қариб қоляпмиз.

Яна латифа, матал, ривоят деганларига ҳам уста эди. Ўзи кам кулсаям, латифалари ҳаммани кулдирарди:

“Бир куни одамлар Афандидан “хотинингиз касалхонадан қайтдима?” деб сўрапти. “Қайтқани жўқ, — депти Афанди, — ҳалиям касалхона ҳақида гапириб жотибти…”.

Энг эътибор тортадигани нима, биласизми? Шу қочиримни уй тўла одам тушуниб, тушунмай гуриллаб кулар, гапни-гапга улашарди. Бироқ уни яқинда ижтимоий тармоққа қўйган эдим, негадир кўпчилик тушунмади. Фикрлари ўтлаб кетган улоқлардай ҳар ён тирақайлаб, эзиб муҳокама қилишди.

У киши гапириб берадиган ривоятлар менинг ҳеч эсимдан чиқмайди. Шундай ривоятлардан бирида айтилишича, илм талабидаги одам ўн йил мадрасада ўқиб, олим бўлибди. Сўнг уйга қайтаётган экан, кеч тушиб, йўл бўйидаги уйдан тунаб қолиш учун жой сўрабди. Уйга кирганида, бека унинг ёнига иккита яқинда ёпилган нон келтириб қўйибди.

— Олинг, меҳмон, — дебди манзират қилиб, — нонни янги ёпган эдик. Ўзингиз ҳаром-ҳалолини ажратиб енг.

Бека кетгач, унинг гапи олимни иккилантириб қўйибди. “Шошма, мезбоннинг аёли ҳаром-ҳалолини ажратиб енг, дедими? Бу билан нима демоқчи? Таваккал гапирдими, десам, оқила аёлга ўхшаяпти… Нондай азиз неъматнинг ҳароми бўладими? Агар ҳозир ноннинг ўша ҳаромини билмасдан еб қўйсам, олимлик шаънимга доғ туширмайманми?”

Хўп ўйга толибди. Эрталабгача ўйлаб ҳам жумбоқни ечолмабди. Тонгда кета туриб, охири уй бекасининг ўзидан сўрашга мажбур бўлибди:

— Синглим, кеча нон қўйганингизда ҳаром-ҳалолини ажратиб енг, дегандай бўлдингиз. Мен тушунолмадим, ноннинг ҳароми бўладими?

— Бўлади, мулла ака, — жавоб қайтарибди бека. — Эҳтиёт бўлмасак, ҳатто ноннинг ҳам ҳароми бўлиши мумкин, — кейин бироз сукут сақлаб, қўшиб қўйибди. — Мен сизга ноннинг тагига тандирдан кесак ёпишган бўлса, ўзингиз тозалаб енг, демоқчи эдим.

Буни эшитган олим ўз омилигидан хижолатга тушган, ҳали нондан кесагини ажратиб ейишни билмас эканман-ку, деб уйига эмас, йўлни яна мадрасага солган экан.

Момом гапириб берадиган тағин бир ҳикоятда айтилишича, Аллоҳ таоло ўлимни яратиб, уни тоғ-тошларнинг бошига солибди. Аммо тоғлар кўтаролмабди. Бири қулаши билан қолганлари зириллаб, тутдай тўкила бошлабди. Шунда Аллоҳ ўлимни уларнинг бошидан олиб, дарахтларга солибди. Дарахтлар ҳам кўтаролмабдилар: биттаси йиқилса, бошқалари қарсиллаб-чарсиллаб сина кетибди. Аллоҳ ҳатто ҳайвонларнинг бошига солганда ҳам кўтаришолмабди ўлимни. Бир-бирининг мусибатига куйибди, бўкириб дунёни ларзага келтирибди. Ниҳоят инсоннинг бошига солган экан, инсон бу мусибатни кўтарибди. Яъни, уларнинг бири бир ёқда қавмдошига куйса, иккинчиси бошқа тарафда қўшиқ айтиб, чилдирма чалаётган эмиш. Шундан ўлим, яъни ажали етиб жонни эгасига топшириш ҳукми айнан бандаларга мерос бўлиб қолган экан…

Албатта, мазкур ривоят тўқима, лекин ровий айтмоқчи маълум ҳаётий хулоса бор. Бироқ болаликда мол боқиб юрганда бирор жонлиқ нобуд бўлган жой чиқса, сигирларим ўша ерни ҳидлаб даҳшатга тушганини, бўкириб ер тимдалаганларини кўп кўрганман. Бандаларнинг ўзлари танимайдиган инсонлар ўлими учун бу қадар куюнганини эса рости, ҳеч кўрганим йўқ…

Топишмоқлари бундан-да ғаройиб эди Малика момомнинг. Уларни бизга, асосан, кечалари фонуснинг ёруғида пахтани чигитдан айириб ўтирганимизда айтарди:

“Тепдим тешик,

Миндим бешик.

Олдим ажриқ,

Орқамда қамиш…

У нима?”

Ёки:

“Оппон-оппонни кўрдим,

Қора чопонни кўрдим.

Суяклари тарам-тарам,

Одам жутқанни кўрдим”.

Биз болалар бу топишмоқларга жавоб топгунча хаёлан минг битта кўчага кириб чиқар, бир-биримиз билан кенгашар, обдан бош қотирардик. Орада ҳамишагидай ҳамма ўз камчилиги учун: мен кўп гапирганим, опам кулгани, акам муғомбирлик қилаётгани учун дакки эшитарди.

Бизга шеърлар, айтимлар ҳам ёдлатарди момомиз.

“Ҳалин-о, намата,

Қариндооош, келақооол.

Муштдай қорнинг тўймаймааа,

Энанг қурғур қўймаймааа…”

Рост, фольклордаги рамзларни унутган замонавий авлод учун мазкур айтимлар у қадар маъноли туйилмаслиги мумкин. Аммо бугунги кунда, айниқса, ёшлар орасида кўп учрайдиган хотира сустлиги билан боғлиқ муаммоларнинг бир учи фарзандларимизнинг шу каби айтимлардан, шеърдан, топишмоқ-жумбоқлардан олислашиб кетганига бориб тақалмасмикин?

Момом билан боғлиқ бу хотираларда менга таълим ва тарбияни бир-бирига эш билган донишманд элнинг умумий қарашлари, ҳаёт фалсафаси акс этгандай туйилаверади…

Дастлаб сўз очганимдек, баъзида қочиб беркинадиган хилватгоҳим — ёд уйимдаги мунаввар инсонлар орасида “Биргад бобом”, яъни оилада етти оға-ини бўлишган отамнинг энг катта акаси Жўра бобо ҳам бор. У киши илгари колхозда бригадирлик қилган, шундан ҳамма элдошларимиз “Биргад бобо” деб чақирарди. Лекин ҳозир сизга айтиб бермоқчи бўлаётган воқеа бригадирлик йиллари билан эмас, бобомнинг анча кексайган, етмишга яқинлашган нуроний даврлари билан боғлиқ.

Ҳамқишлоқларнинг тўй-ҳашамларда эслаб ўтишича, бобом эллик ёшгача от чопган, яъни чавандоз бўлган экан. Биз эсимизни таниган вақтларга келиб чавандозликни йиғиштирган бўлсалар ҳам, у киши доимо оқ-оппоқ улоқчи отини миниб юрарди. Мен эса айнан шу тулпорга жуда ҳавасманд эдим. “Болажоним Миё” фильмида бўлгани каби, унга “Мерамес” дея ном ҳам қўйган эдим. У пайтлари отларга ном бериш унчалик расм бўлмагани учун, бобом бундан куларди. Ўзлари биясини оддийгина қилиб, “оғот” (оқ от) деб атарди.

Қачон, ким Биргад бобомларникига борадиган бўлса, чавандозликка ҳавасманд камина дум бўлиб эргашар, раҳматли шунда уйга қайтишимизда отига миндириб, мени ҳовлимиз остонасига тушириб кетарди.

Ўша кун ҳам шундай бўлди. Энамнинг Биргад бобомларникига бормоқчилигини эшитдим-у, менам бораман, дея туриб олдим. Уйдагилар ул дейишди, бул дейишди, кўндиришолмади. Шўхлик қилмаслик шарти билан, охири, боришимга рози бўлишди.

Энам бир қўлига товуқ шўрва солинган термосни кўтарган, иккинчи қўли билан билагимдан тутган — иккимиз узун-қисқа бўлиб Биргад бобомларникига кириб бордик. Ичкарига кирганимизда, бобом оёқларини адёлга ўраб, уйнинг тўрида ётган экан. Мен энамдан яшириб шунча имо-ишоралар қилдим, неча бор ташқарига чиқиб кирдим, бўлмади. Одатда, имлашимни тушуниб, “Қани, оғотдан хабар олайлик-чи!” деб ташқарилайдиган одам бу сафар унамади. Ишораларимни ҳам кўриб-кўрмасликка олди. Шу орада сафаримиз қариди. “Қайтсак, янаям соз, — фикр кечди хаёлимдан.  — Энди аниқ отга минаман!”

— Биргад бова, қамчингизни топиб чиқайми?

— Ҳали уйда нима девдинг?!  — жаҳли чиқди энамнинг. — Қани, сесингни (сасингни) чиқармай тез олдимга туш!

Нажот кутиб, Биргад бобом билан Ёрқиной момомга қарасам, улар энамнинг гапини сассизгина маъқуллаб турар, фақат бобомнинг кўк соқолли оппоқ юзида аллақандай умидбахш табассум бордай эди. Мен буни илғадим-у, тихирликни авжига чиқардим. Ва бу иш берди. Биргад бобом аввал эмаклади, сўнг тиззаларига қўл тиради, охири қарияларга хос ҳарсиллаб қад ростлади — ўрнидан турди. Ёрқиной момомнинг ҳайҳайлашига қарамай, полвон келбатини лапанглатганча, отхонага — отини эгарлашга жўнади…

Шундай қилиб, бироздан кейин иккаламиз “оғот” — “Мерамес”га олдинма-кетин мингашиб, кўчада секин-аста кетиб борардик. От нима учундир одатдагидан тинчиб қолган, туёғини ерга авайлабгина босаётганга ўхшар, ичим қизиб, оёқларим билан ниқтасам, сал тезлашгандай туюларди. Шу вақт бўйнимга ёмғир томчисига ўхшаш алланарсанинг — қайноқ бир томчининг ситилиб тушганини ҳис этдим. Тезгина тепамга қарадим-у, Биргад бобомнинг нечукдир қорайиб кетган, азбаройи буришиб, кучли азоб зуҳур топган юз-кўзларига нигоҳим тушди. Нимага бунча секин юряпмиз, десам, ҳалигача сезмаган эканман: у киши отнинг устида тишини-тишига босиб, зўрға келаётган эканлар. Бунинг сабабини эса, ҳовлимизга боргач, бобом кетганидан озгина ўтиб етиб келган энамдан гап эшитганда тушундим. Маълум бўлишича, ўшанда бобом отдан йиқилиб, беланги бўлиб ётган, хархаша қилаверганимдан кейин ноилож туриб, мени отига миндиришга мажбур бўлган экан раҳматли. Энам билан Ёрқиной момом эса у кишининг ўз олдиларида: “Бобонг ҳозир касал, ўринларидан туролмайди” дейишга истиҳола қилибди…

Бўйнимнинг бобом кўзларидан ёш томган шу ери худди бирор жароҳатдан қолган издай ҳали-ҳамон безиллаб туради. Айниқса, қариндош-уруғга меҳрсиз одамлар ёки соппа-соғ бўла туриб, ўзига касаллиги тўғрисида ҳужжат тўғрилатишга ҳаракат қилиб юрган ориятсиз кимсаларни эшитсам, ўша жойимга игна санчилгандай бўлаверади…

* * *

Мен фақат Малика момом ёки Биргад бобомни эмас, умуман, ўша одамлар, ўша болалигимнинг беғубор, масрур дамларини гоҳида қаттиқ соғинаман. Меҳрини-да маълум пардаларга ўрайдиган, бир уй бўлиб ривоят айтишиб, топишмоқ топиб ўтирган, дардмандлигини, жони оғриганини бировга сездиришни ор санаган зотларни бугун-да кўргим келади. Ҳозир битта уйда яшаётганлардан кўра ўша пайтлар битта қишлоқда яшайдиган одамлар бир-бири билан яқинроқ бўлганидай, ҳозирги одамлардан кўра эскининг одамлари ғужурлироқ, тантироқ бўлгандай туйилаверади…

Тўғри, ҳар бир авлод тириклик саҳнига ўз одатлари, тажрибаси, тафаккур шакли билан кириб келади. Кечадан бугуннинг, бугундан кечанинг ҳаёт тарзини талаб қилиш нотўғри бўлар, эҳтимол. Фақат мени ҳайрон қолдирадигани: ўша пайтлари оқибат ҳақида китоблар жуда кўп чоп этилмаган, бола тарбиялашнинг японча ё оврупача усули деган гаплар йўқ бўлган. Лекин улар меҳр ва тарбия борасида биз мансуб авлоддан кўпроқ нарсага қандай эришган эди?

Улар мотивация, аффирмация ва яна алламбалолар ҳақида ҳам ҳеч нарса билмаган. Лекин бизнинг авлодга қараганда анча иродали, қатъиятли эмасмиди?

Ҳа, бир гап бор эди ўша одамларда, бир гап бор эди…

Байрам АЛИ

Муаллиф ҳақида:

Байрам АЛИ — 1991 йил Қамаши туманига қарашли Чим қишлоғида туғилган. Асарлари рус, инглиз, тожик тилларига таржима қилинган. “Болангман, дунё”, “Куз ёмғирлари”, “Босириқ” каби насрий китоблар муаллифи. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Шарқ юлдузи” журналида ишлайди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 4 =