Дарахт шохидаги сўнгги барг мисоли…

Муродхон НИЁЗХОНИЙ
Муаллиф ҳақида:
Муродхон НИЁЗХОНИЙ — 1960 йилда Иштихон туманининг Шайхлар қишлоғида туғилган. “Салом, бу – мен” номли китоби нашр этилган.
Шеърлари, таржималари ва мақолалари вақтли матбуот саҳифаларида эълон қилиниб турилади.
“Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
ОНАМГА МАКТУБ
Саволингиз қўйди мени шошириб,
“Фалончи қизини севармидинг сен?”
Нима ҳам қилардим асли яшириб,
“Йўқ”, дедим, “йўқ” дедим,
сохта кулдим мен.
“Нега айтмадинг?” деб қийнаманг мени.
Тола сочингизга арзимас дардим.
Онажон, дардингиз ошириб эмас,
Бахтингиз ошириб яшаш – истагим.
Мен мағрур туғилдим, мағрур ўламан,
Севгига ҳам эгмай бу қайсар бошни.
Лекин мен тиз чўкиб ўпа оламан
Оёғингиз теккан ҳар хасни, тошни.
Онажон, куйинманг, шундай кун келар,
Ўғлингизни шунда дунё билади.
Ўша, ўғлингизга тегмаган қизлар
Ҳали жуда қаттиқ афсус қилади.
ЎГИТ
Дўстни “дўст экан”, деб кўтарма бошга.
Ушбу насиҳатим англа, ол уқиб.
Оғринма бугунги дўстлар сафидан
Кимдир чиқса эрта, бўлиб зўр рақиб.
Рақибни “рақиб” деб калтаклама кўп.
Танти йигит учун, билгил, бу ордир.
Ким билар бугунги рақиблар ичра
Эртанги энг содиқ дўстларинг бордир.
КУЗ
Қулоғимни тешгудай бўлди
Хиёбонда, оёқ остидан
Эшитилган ўткир чинқириқ
Ва … танидим сарғайган баргни!
Гуноҳга ботирдинг мени, Куз,
Оёқ босдим яшиллигида
Ўзим севган баргнинг юзига.
Гуноҳга ботирдинг мени, Куз…
ЯНА КУЗ
Куз,
Менинг рафиқамга ўхшайсан.
Сочлари – олтин,
Юзларида офтоб кулгувчи.
Куз,
Ёз бўйи қўшиқлар куйлаб,
Қиш олдидан яланғоч қолган
Дарахтларинг менга ўхшайди…
* * *
Охирги илинжим
Дарахт шохидаги
Сўнгги барг мисол
Титраб турар
Юрагим бир буржида…
Сен чиқмадинг.
“Хайр!” дегандай бўлди
Оҳиста биров.
Етим илинж –
Узилган шул барг
Ерга бошин қўйгунича то
Сочларимни қоплади қиров…
ҚИШЛОҚ
Қишлоқ яхши,
Кўз юмсанг унда,
Эшитганлар йўлидан келади қайтиб.
Қариндошми, бегонами
Келиб йиғлайди,
Ҳеч бўлмаса … ўз дардин айтиб.
Кун келар,
Мени севишингни одамлар билар
Ва олам ҳаваси келади менга.
Ғийбат ботқоғида қурбақа ўлар.
Шунча йил яшадим, ишониб шунга.
Кун келар,
Ўларман, кўз ёшинг – дарё,
Куйиниб йиғлайсан ажални қарғаб.
Менга ҳавас қилар яна бу дунё,
Мен учун сен тўккан кўз ёшга қараб!