Ҳаётимга нур олиб кирган устозларим

Болалигимда тинмай орзу қилардим. Орзуларимни эшитиб, баъзида синфдошларим устимдан кулишарди. Негаки, яширмайман, менинг болалигим дадамнинг ишлари юришмай қолган даврларга тўғри келган… Лекин барибир жуда қувноқ, бахтиёр эдим! Ўша вақтлари мактабдан пахтага олиб чиқишарди, ҳаммадан кўп пахта терардим, “кўп пул йиғиб, Тошкентга кетаман, ўқийман” деган хаёл эди қалбимда. Машҳур санъаткорларнинг қўшиқларини баланд овозда куйлаб ўйнаб юрардим.

Мен туғилганда Санобар Раҳмонова жуда машҳур бўлган экан, дадам шу санъаткорга ҳавас қилиб исмимни Санобар қўйган эканлар. Юрагимга нимадир кириб олганди. Доим узоқларга кетгим келарди. Орзуларим шу қишлоқнинг чанг ва тор кўчаларига кўмилиб қолиб кетишидан жуда қўрқардим. Мақтанишмас, мактабда аълочи эдим, ҳали мактабга чиқмасдан ўқиш-ёзишни акамларнинг китобидан билиб олгандим. Тўрт ёшларимда газетани қўлимга олиб, ўқишни билмасам-да, газетага қараб худди ўқиётгандек ўзимдан ҳикоя тўқирканман. Буни кейинчалик опам айтиб берганди. Айниқса, “Феруза холанинг уйи” ҳикоям ҳанузгача ёдимда қолган. Холамнинг мен тенги қизлари ҳалигача буни айтиб кулишади.

Мактабда адабиёт устозим Ҳусан Ражабов мени жуда яхши кўрардилар. Ҳар гал иншо ёзганимизда, ҳамма синфдошларимнинг иншосини тарқатиб берардилар-да, менинг иншомни дарсда эринмасдан ўқиб берарди. 11-синфни битиришда адабиётдан эркин мавзуда келажак ҳаёт ҳақида иншо ёзиш топширилди. Мен охирги партага ўтириб олиб, ўша пайтда “Адабиёт — нурли ҳаёт” мавзусида иншо ёзганман. Балки, ўша пайтлари адабиёт ҳаётимга нур олиб келишини Аллоҳ кўнглимга солгандир… Имтиҳон жавобини билгани синфдошим Нигора билан кечикиброқ бориб қолдик. Синфга яқинлашсак, жимжит. Нигора: “Ҳамма кетиб бўлган, шекилли”, деди. Секин синф эшигини очиб мўраласам, устоз ниманидир ўқиб беряптилар, синфдошларим жим эшитяпти. Салом бериб синфга кирдик, устоз ўқишдан тўхтадилар-да, менга қараб: “Сен нима иш қилдинг?” деб жиддий туриб сўрадилар. Очиғи, жуда қўрқиб кетдим, ёмон ёзибманми деб. Кейин устоз жилмайиб, кўзларига ёш олдилар: “Санобар, сен албатта ўқигин, сени дуо қиламан”, дедилар-да, иншомни ўқишда давом этдилар. Ўқиб бўлгач: “Иншонгни ўзимда олиб қолсам майлими?” дедилар.

Эшитдим, ўша иншоим ҳалигача устозимда турган экан.

Мен мактабни битирган йилим бир неча йил оилавий шароит сабаб ўқишга топширолмадим. Кутилмаганда ҳаётимда синовли кунлар бошланди. Бир фалокат (бу алоҳида мавзу) сабаб етти йил тўшакка михланиб ётиб қолдим. Касал ётган пайтларим акам кўтариб кўчага олиб чиқардилар. Кўчада ўтирсам, ўша мен бир оиладек ўн бир йил бирга ўйнаб катта бўлган айрим дўстларим тескари қараб ўтиб кетишарди. Худди ўзимни бир гуноҳ иш қилганман-у, эвазига шу аҳволга тушгандек ҳис қилардим. Ўн йиллик синовли ҳаётим менга одамларнинг, ёнимдаги инсонларнинг, дўстларимнинг аслини кўрсатиб берганди. Мен эса секин-аста ҳаётдан, одамлардан узилиб, ўзимнинг дунёмга сингиб борардим. Оғриқлардан инграб ётган пайтларим менга бир шифокор: “Қизим, сен қандай яшашни хоҳлаган бўлсанг, шуни хаёл қилиб ётгин, “ҳеч қаерим оғримаяпти” деб тасаввур қилгин, “булар тушимда бўляпти деб ўйлагин”, деганди. Ўша гап сабабми, ҳар гал жонлантириш бўлимида оғир ётганимда кўз ўнгимда фақат бир манзара гавдаланар эди. У – бугунги кунларим! Мен учун қайта оёққа туриб кетиш бир туш эди. Секин-секин ўзимга, ўзлигимга сингиб, одамлардан, ҳаётдан узилиб, қоғозга меҳр қўйдим.

Касал ётган пайтларим конфет қутисининг устига қўйиб, биринчи бадиаларим — қалбимнинг қатраларини ёзиб, конвертга солиб қўярдим. Буларнинг манзили қаердалигини билмасам-да, мен учолмаган бўлсам ҳам қалбим учсин, деган ниятим бор эди. Шаҳардаги опам ҳар гал кўришга келганларида олиб кетардилар ва манзил ёзиб, почтадан газеталарга жўнатиб юборар эдилар. Ёзганларим газеталарда чиқарди. Бу менинг умидларимни улғайтира бошлади. Дадам ҳар гал машҳур шоирларнинг китобини олиб келиб, эринмасдан ўқиб берардилар. Қалбимда “Мен уларни ҳаётдаям кўрармиканман?” деган ўй-хаёллар ўтарди. 2010 йили баъзи шеърларим мен севган санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков томонидан машҳур қўшиққа айланди.

Машҳур санъаткор юксак маънавият ва меҳр билан мени саҳнага олиб чиқиб, шеър ёзган қўлимни кўзларига суртганларида, юрагимдаги бор алам-дардларим тарқаб кетган. Менга жуда катта куч, руҳий далда бўлди бу.

Қачонки яхшилик, эзгулик тимсоли сифатида кимнингдир қиёфасини қалбга чизиш керак бўлса, мен иккиланмай ана шу инсон тимсолини эзгулик тимсоли қилиб қалбимга чизиб қўйганман… Мени ҳамма ташлаб кетиб, эшик ёпган пайтлари менга қалб уйидан меҳр эшигини очган, “Машҳур юлдузман, менга нима?” демаган, дардларимга бурнини жийириб қарамаган шундай бир инсон сабаб, шу кишининг далдаси сабаб оёққа туриб кетдим. Мен буни ҳеч қачон унутмайман! Аксинча, улардан ўрнак, ибрат оламан. Аммо тан оғриғидан қалб оғриғи ёмон экан. Қалб оғриқлари нари кетиб, ўзимга кела бошладим, фақат шу инсоннинг фариштали қалби, меҳри сабаб. Шеърларим кўп-кўп чиқа бошлади, ҳаётга бўлган меҳрим, интилишим ошиб борди.

Кейин… кейин мен болалик орзуимдаги шаҳар — Тошкентга кетдим. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига опам билан бордик. Мени биринчи марта Мунаввара опа Усмонова кутиб олган. Бунда ҳам бир ҳикмат бор эди шекилли, мунаввар сўзининг маъноси — ёруғлик, нур дегани экан-да. Мен ўша довонлар ошиб, қаро кунларимни ташлаб келишим ва Мунаввара опамнинг пешвоз чиқишида катта ҳикмат бор деб билдим.

Кейинги ҳафтасига “Ёшлик” журналида “Орзу кўрпасида ухлайди кўнгил” сарлавҳаси остида бир туркум шеърларим босилди. Менинг орзуларимни, қалбимни шеърият давоси ва устозларимнинг далдаси уйғотди!

Биласизми, шундан сўнг мен ўша китобларини касал пайтларим ёстиғимнинг тагига қўйиб ухласам, оғриқларим чекинадиган, болалигимда кўришни орзу қилган севимли шоирим, устоз Сирожиддин Саййид билан учрашдим. Менга оталарча меҳр кўрсатди бу инсон. Устоз Иқбол Мирзо, Нодир Жонузоқ, Ғайрат Мажид, Ботиржон Эргашев, Фароғат Худойқуловалар сабаб кўп-кўп зиёли давраларга кирдим, кўп кўрсатувларга чиқдим.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси — менинг Тошкентдаги оиламга айланди! Устозларим отам, онам, акам, опам бўлиб, менинг шаклланишимда, ўсишимда катта меҳнатлари сингди. Қалби вайрон Санобарнинг қалби шоир Санобарга айланишида катта заҳмат чекди бу инсонлар. Беминнат меҳр, беҳисоб эътибор беришди менга. Ҳаётда нима ютуқларга эришаётган бўлсам, катта илми ва инсонийлиги билан менга катта меҳнати сингди шу инсонларнинг!

Йиллар сабримни синади! Ва мен енгилмадим! Давлат гранти билан ўқишга кирдим. Йил сўнгида тақдир менга шундай бир совға берди. Мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиндим! Аъзолик гувоҳномасини устоз Сирожиддин Саййиднинг қўлларидан олар эканман, икки кўзим гувоҳнома юзидаги китобнинг орасидан чиқиб келаётган қуёш суратида эди. Устознинг қўлларидан гувоҳномани олиб, юрагимнинг устига босиб ўтирдим! Адабиёт нурли ҳаёт бўлиб ҳаётимга кириб келганлигининг бир тимсоли эди бу қуёш!

Адабиётнинг моҳияти эзгулик! Адабиёт аҳлининг амали ҳам фақат яхшиликка олиб бориши керак. Бежизга Президентимиз адабиётга, китобга катта эътибор қаратмадилар.

Менинг ўксик қалбимга меҳри, эътибор берган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига, унинг раҳбари Халқ шоири, сенатор Сирожиддин Саййидга чексиз миннатдорчилигимни билдиришни истайман. Уюшма аъзоларига имтиёзли равишда берилган хонадонлардан бири менга ҳам берилди. Пойтахтда уйли бўлдим, ватанли бўлдим. Минг раҳмат, минг ташаккур, эй азиз инсонлар! Бу уйни бир ўксик синглимиз битта қўлда ижарама-ижара чамадон судраб юрмасин деб бердингиз. Адабиётнинг амали фақат яхшилик эканлигини, шу уйда шу юртнинг меҳрини, яхшиларнинг яхшилигини ҳис қилиб яшасин деб лозим топдингиз.

Менга меҳнати сингган барча устозларимга ва адабиётга, адабиётчиларга Ватан қуриб берган ва менга юксак ишонч билдирган Президентимизга ва ҳаётимда менга елка тутган, ишонган барча яхши инсонларга чин қалбимдан таъзим қиламан! Сизларни инсонлар орасидаги қуёшлардир дегим келади. Қалбимдаги қуёшларим, нурларингиз Ўзбекистон қалбини, Ўзбекистон қалбли инсонлар ҳаётини ва хаёлини ёритиб турсин, ҳамиша!

Санобар ҚУЛМИРЗАЕВА,

шоира, санъатшунос,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one − 1 =