Сунъий интеллект инқилобий кучми?

White robot woman on blurred background using digital sphere connection hologram 3D rendering

Ёки у хавф-хатарми, имкониятми?

Инсоният тарихидаги туб бурилишлар даврида яшаяпмиз. Электр токи, интернет, мобиль алоқа қандай инқилоб бўлган бўлса — сунъий интеллект ҳам замонамизнинг шундай улкан силжишидир. Аммо бу технология ҳақида ҳали саволлар кўп, тасаввур кам.

Сунъий интеллект нима? У бизни ўзгартирадими, бошқарадими? Бу янгилик хавфми ёки имконми?

Суҳбатдошимиз — Ўзбекистон Республикаси Нодавлат таълим муассасалари ассоциацияси Фарғона водийси бошқарма бошлиғи Муҳаммад Элёр ЙЎЛДОШЕВ.

— Суҳбатимизни кўпчилик ҳамюртларимиздан энг кўп берилаётган савол билан бошласак, сунъий интеллект аслида нима?

— Сунъий интеллект — СИ бу инсон ақлига хос бўлган фикрлаш, ўрганиш, муаммони ечиш, тилни тушуниш каби қобилиятларни технологик қурилмалар орқали юзага чиқариш тизимидир.

Оддий қилиб айтганда, бу компьютернинг фикрлаши, лекин инсонга хос эмас — ўз услубида, ўз тезлигида ишлайди. Биз доимо ақл фақат одамга хос, деб келганмиз. Лекин энди бу тушунча кенгайди. СИ бу — математика, дастурлаш ва эҳтимолликлар уйғунлигида яралган янги онг. У статистикани эслаб қолади, қарор қабул қилади ва ўз тажрибаси билан қайта фикр қилади. Сунъий интеллект нафақат робот, балки у сунъий онг ҳам. Унинг кўзлари камера, қулоқлари микрофон, аммо онги — алгоритм. Бу инқилобий куч — инсоният томонидан яратилган янги ҳамроҳ, десак бўлади.

— Айтинг-чи, СИ дунёга ва оддий одамлар ҳаётига қандай таъсир қилади?

— Бу технология ҳаётимизга яширинча кириб келгандай, лекин чуқур илдиз отган. Телефонингиздаги овозли ёрдамчи, интернетда сизга мос реклама, ҳатто “Netflix” сизга тавсия қилган фильм — буларнинг ҳаммаси сунъий интеллект. Тиббиётда СИ юрак уришидаги ноаниқликни аниқлаб, инсон ҳаётини сақлаб қолмоқда. Қишлоқ хўжалигида эса, ғўзанинг касаллигини сурат орқали аниқлаб, зараркунандаларни бартараф этмоқда. Оддий одам учун эса, бу — вақт, соғлик, энергия тежаш, аммо келажакда бу — янги имкониятлар, янги касблар ва янги ҳаёт сифати демакдир. Бугунги кунда СИ оддий инсоннинг кўринмас ёрдамчисига айланди.

— Бугунги технологиялар пойгасида СИ қандай ўрин тутмоқда?

— Сунъий интеллект — технологик пойганинг юраги. Ҳар бир давлат, ҳар бир корпорация ҳозир СИ орқали рақобат қилмоқда. АҚШ, Хитой, Европа — ҳар бири бу пойгада олдинда бўлишга интилмоқда. Чунки СИ бу — иқтисод, сиёсат ва ҳатто мудофаа кучидир. Ким бу технологияни эгалласа, эртанги кунни бошқаради. Дастурий таъминотдан тортиб — мудофаа тизимигача, банк тизимидан — таълимгача, қўйинг-чи, ҳамма жойда СИ бўлиши керак. Бу пойгада орқада қолиш — иқтисодий ва маданий мустақилликни йўқотиш билан баробар. СИ бугун — замонавий қурол, куч ва устунликдир.

— Демак, сизнингча биз сунъий интеллектни астойдил ўрганишимиз, амалиётга жорий этишимиз керак. Агар бу янгиликни чуқур ўрганмасак, ўзлаштирмасак…

— Оқибати жуда оғир бўлади. Биринчи навбатда, биз истеъмолчи жамиятга айланамиз. Ўзимиз яратмаган технологияни бошқалар бизга сотади ва биз унга қарам бўламиз. Инсон капитали эскиради, ёшларимиз ишсиз қолади. Иқтисодий мустақиллик заифлашади. Ҳар қандай хорижий технология бизнинг ижтимоий тузумимизга таъсир қилади. Бундай жамият пассив, тақлидчи ва вақт ўтиши билан йўналишсиз қолади. СИни ўзлаштирмаган давлат асрни бой берган давлатга айланади.

— Замонавий касблар СИга асосланади, усиз жамият ривожланишдан орқада қоладими?

— СИга эътибор қаратмаган жамият нафақат орқада қолади, бир вақтда бошқаларнинг технологик колониясига айланади. Тарих мисолида айтсак, индустриал инқилобни ўзлаштирмаган халқлар қандай ортда қолган бўлса, сунъий интеллектни вақтида ўзлаштирмаган эл ҳам таназзулга юз тутади. Соғлиқни сақлашда кеч қолади, таълимда ютқазади, саноатда самарасизликдан азоб чекади. Энг хавфлиси — мустақил фикрни йўқотиш. Агар биз ўз СИ моделимизни яратмасак, бошқалар биз учун қарор қабул қилади.

— СИ технологиялари ҳозирда таълим тизимига қандай кириб келмоқда, бу борадаги интилишлар етарлими?

— Ҳозир бу жараён бизда фақат бошланғич босқичда. Баъзи мактаблар сунъий интеллект ёрдамида баҳолаш, тил ўрганиш, шахсий ўқув йўналишини белгилашда фойдаланмоқда. Аммо бу етарли эмас. Ҳали кўп ўқитувчиларимиз бу технологияни ўзлаштиришмаган, инфраструктурамиз эса бу даражага ҳали тўлиқ етмаган. Бизга СИ-лаблар, СИ-саводхонлик дарслари, СИ билан ишлаш бўйича малакали педагоглар керак. СИ таълимда ўқитувчи ўрнини эгалламайди, унинг имкониятини кенгайтиради. Биз ўқувчиларни робот қилмаслигимиз, балки уларни роботдан ақллироқ қилишимиз керак.

— Ёшларимизни СИ соҳасига жалб қилиш учун қандай дарслар, муҳит ва имкониятлар яратиш зарур?

— Аввало, бу ёшларнинг қизиқишини уйғотишдан бошланади. Сунъий интеллектни фақат кодлаш эмас, балки ижод, дизайн, муаммо ечиш сифатида кўрсатиш керак. Мактабларда СИ лабораториялари, СИ мусобақалари, лойиҳа асосидаги дарслар жорий этилиши зарур. Ҳар бир бола алгоритмни тушунмаса ҳам, сунъий интеллект билан ишлаш маданиятини ўзлаштириши шарт.

— Сунъий интеллект ривожланиши билан иш ўринлари ва айрим касблар йўқолади, дедингиз. Бу янглиш тушунча эмасми?

— Йўқ, классик, такрорланувчи касблар — масалан, бухгалтер, оператор, таржимон, ҳатто баъзи шифокорлик йўналишлари автоматлаштирилади. Бунинг ўрнига янги касблар пайдо бўлади: СИ муҳандиси, Дата этикаси мутахассиси, робот менежери, виртуал дунё дизайнери, СИ-терапевт ва бошқалар. Касбга қараб эмас, муаммога қараб таълим олиш даври бошланади. Шахсий бренд, кўникма, креативлик ва сунъий интеллект билан ишлаш қобилияти — булар янги даврнинг меҳнат визаси бўлади. Биз касб номини эмас, функциясини ўзгартиришга тайёр бўлишимиз керак.

— Сунъий интеллект инсоният ахлоқи ва қадриятларига таҳдид солмайдими?

— Бу энг долзарб саволлардан бири. СИнинг ахлоқийлиги — уни яратган одамларнинг ниятига боғлиқ. Бугун бизга керак бўлган нарса — СИ этикаси. Ёлғон хабарлар, юзни таниш, сохта видеолар — булар СИ орқали манипуляция қилинадиган хавфли жиҳатлар. Шунинг учун СИни ўргатишдан аввал уни бошқаришни ўргатиш лозим. Ахлоқни технологияга эмас, технологияни ахлоққа хизмат қилдиришимиз шарт. Этика — келажак алгоритмларининг юраги бўлиши керак.

— Сунъий интеллект ва миллий хавфсизлик: бу технологиянинг қудрати бизни ҳимоя қиладими ёки хавфга қўядими?

— СИ технологиясининг қудрати — икки қиррали қиличга ўхшайди. Агар биз уни ўзимиз ишлаб чиқсак, у бизни ҳимоя қилади. Аммо бошқалар ишлаб чиқарган СИга тўлиқ боғлиқ бўлсак, бу технология бизни назорат қилиш воситасига айланиши мумкин. СИ орқали интернет трафигимиз, фикрларимиз, ҳатто юзимиз ва овозимиз ҳам мониторинг остида бўлади. Миллий хавфсизлик эндиликда нафақат ҳарбий қудратга эга бўлиш, балки рақамли мустақиллик, алгоритмик суверенитет ҳамдир. Ўзининг сунъий интеллект платформасига эга бўлмаган давлат — бошқа давлатлар СИлари томонидан бошқарилади. Демак, СИ нафақат иқтисод, балки миллий ҳимоя воситаси ҳамдир.

— Сизнингча, келажакка бўлган энг катта умидимиз нима?

— Келажакка бўлган энг катта умидимиз — бу фикрлай оладиган, яратишга интиладиган, ўз халқини севувчи ёшлар. Технология фақат восита. Унинг бошида эса қалб, эътиқод ва иймон туриши керак. Агар сунъий интеллектни инсоний қалб билан бошқарсак, биз нафақат кучли давлат, балки эзгу жамият қурамиз. Ва бу орзулар бугун бошланиши керак. Чунки келажак — аллақачон шу ерда.

— Мазмунли суҳбат учун катта раҳмат.

Носиржон ДЕҲҚОНОВ суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − 1 =