Барқарор ривожланиш ва минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичи

Юртимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, яхши қўшничилик муҳити бир-бири билан азалдан дўст-биродар, қон-қариндош, қуда-анда бўлиб яшаётган, қадриятлари, дини ва урф-одатлари бир, тили бир-бирига яқин халқларни яна қайтадан бирлаштирди, десак хато бўлмайди. Ўзаро меҳр-оқибат, ҳурмат ва яхши-ёмон кунларда ёрдамга келиш, бир-бирига кўмак бериш бош мақсадга айланди. Эндиликда Марказий Осиё давлатлари халқ фаровонлиги йўлида глобал муаммоларни ўзаро ҳамкорлик асосида ҳал қилмоқдалар.

Туркманистон Республикасининг Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” миллий туризм ҳудудида бўлиб ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси ана шундай олий даражадаги анжуманлардан бири бўлди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 4-5 август кунлари амалий ташриф билан Туркманистон Республикасида бўлиб, ушбу анжуманда иштирок этди.

Аваза шаҳрида ўтказилган мазкур нуфузли анжуманда транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, иқлим ўзгариши ва экологик хавф-хатарларга бардошлиликни ошириш, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масалалари муҳокама қилинди.

Президентимиз ўз нутқида денгизга чиқиш имкони йўқ давлатларнинг глобал иқтисодиётда тўлақонли иштирок этиши учун адолатли ва барқарор шарт-шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан инфратузилмани модернизация қилиш, ўзаро транзит ҳамкорлигини кенгайтириш ва халқаро тенгликни таъминлаш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, “Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон” ва “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўл лойиҳаларини уйғунлаштириш, Транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битим ишлаб чиқиш, логистика интеграциясига кўмаклашувчи жамғарма тузиш, Заифлик глобал индексини ишлаб чиқиш ва агротехнологияларга ихтисослашган инновацион хабни ташкил этиш каби аниқ ва амалий таклифлар билдирилди.

Жумладан, “Биз Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўлини қуриш лойиҳасини тайёрлаш ва амалга оширишни тезлаштириш тарафдоримиз. Ушбу истиқболли йўлакни қурилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл магистрали билан боғлаш кенг минтақамизда янги савдо-иқтисодий макон ва барқарор транспорт инфратузилмасини шакллантириш учун катта имкониятлар очади”, – деди Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясидаги нутқида.

Президентимиз туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан мулоқотда бўлди, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Ушбу халқаро анжуман Марказий Осиё давлатлари учун қанчалик муҳим экани тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Конференция доирасида Ўзбекистон — Туркманистон стратегик шериклик муносабатларида янги даврни бошлаб берган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ордени топширилди. Конференция якунида Аваза сиёсий декларацияси қабул қилинди.

Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Янги Марказий Осиё” ғояси минтақа мамлакатлари ўртасида яқин мулоқот, очиқ чегаралар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инсонпарварлик ва ўзаро ишончга асосланган алоқаларга пойдевор бўлмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар — Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Афғонистон билан муносабатлари сезиларли даражада яхшиланди, хусусан, чегара ва сув ресурслари каби долзарб масалалар бўйича эришилган келишувлар бу сиёсатнинг самарадорлигидан далолат беради.

Назаримизда мазкур ташрифнинг яна бир таъсирли ва рамзий жиҳати шунда бўлдики, Туркманистонда шаклланган юқори протокол қоидаларидан фарқли равишда туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат ­Мирзиёевни шахсан аэропортда кузатиб қўйди. Бу икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва самимий дўстона муносабатлар, халқларимиз ўртасидаги чинaкaм қардошлик алоқаларининг ёрқин намунасининг исботидир.

Ушбу конференцияда Ўзбекистон Республикасининг фаол иштироки мамлакатимизнинг глобал ва минтақавий масалаларда қатъий позицияга эгалигини, жаҳон ҳамжамияти билан самарали мулоқотга интилишини ва барқарор тараққиёт, тинчлик ҳамда ҳамкорликни таъминлашга қаратилган ташаббусларини яна бир бор намоён этди.

Рашид РУЗИБАЕВ,

Тошкент давлат тиббиёт университети Урганч филиали директори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − two =