Икки ўт ораси

У қўл берди. Қўл бериш лафз. Иш худди хамирдан қил суғургандай силлиқ битди. Оғзига сиққанини айтган эди, улар дарров рози бўлишди. “Хўп, ака, айтганингизни вақтида етказамиз”, деб қўлларини кўксига қўйишди. У бундай ишларга устаси фаранг эди. Мижозининг кўзига тик қаради. Ҳеч қандай бегона аломат йўқ. Демак, ҳаммаси жойида. Аммо уларнинг пул устида тортишмагани, айтганига дарров кўнгани унда шубҳа уйғотди. “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур… Бирор режаси бормикан? Ушлаб беришса-я! У кунимдан бу куним баттар бўлмасин тағин”.

Шу хаёллар унга тинчлик бермасди. Егани танасига ботмасди. Бир кўнглига шубҳа оралаб, қилган ишига пушаймон бўларди. Бир: “Улар ўзимиздан-ку, ишончли одамлар”, деб келадиган мўмай “кўки”ни нималарга ишлатиш ҳақида ширин хаёл сурарди. Шунда телефонига хабар келди: “Фалон идора раҳбари фалон доллар билан қўлга тушибди…” Юраги шув этди. Ширин хаёллари устига қора булутлар бостириб келди. Тундлашди. Бир гап кам, икки гап кўп. У нолий бошлади: “Замон ўзгарди, енг ичидаги ишлар тобора ошкор бўла бошлади, хуфиёна иш битириб бўлмай қолди, бу кетишда, бир нарса олиб ҳам бўлмайди, бериб ҳам бўлмайди. Аммо йўлини топса бўлади, йўли кўп. Улар шохида юрса, биз баргида юрамиз”.

У қўрқинчли тушдан чўчиб уйғонди. Хотини унинг бир аҳволда ўтирганини кўриб, қўрқиб кетди.

— Дадаси, сизга нима бўлди, тобингиз қочдими? Намунча хомушсиз? Ёки ёмон туш кўрдингизми?

— Ҳа, ёмон туш кўрдим, — деди у сир-бой бермай.

— Айтинг, айтинг, нимани кўрдингиз?

— Шу устимга қора кўланка бостириб келди, — деди бошини сарак-сарак қилиб. — У чирмовуқдай мени ўрай бошлади. Бақирай десам, овозим чиқмайди. Қўлим, оёғимни шундай ўраган эдики, қимир эта олмасдим. Юзим ва кўзимга парда тутилган. Одамлар менга: “Ҳей, садқаи одам кет-эй, элнинг юзини ерга қаратдинг”, дейишди. Ҳамма мендан ҳазар қилди…

— Вой, шўрим, шунақа бўлдими? Дадаси, қўрқманг, эркак кишининг туши тескари келади. Кўрасиз, қўлингизга катта бойлик тушади. Жарақ-жарақ пул. Тушингизнинг таъбири шу. Ҳеч ҳам хавотирланманг.

Хотинига туш кўрса айтмасди, нега айтди, ўзи ҳам билмайди. Агар ҳозир амалга оширишни мўлжаллаб қўйган режаси тагида тузоқ бўлса, албатта, ўзи тасвирлаган туш ҳақиқатга айланади. Уни ўзи ҳам яхши билади. Буни қаранг, тушда аниқ кўрди-я! Балки ҳақиқатан ҳам уни шундай кўргилик кутиб турибдимикан? Кўнглига шундай шубҳа оралаган экан, ташласин шу олди-бердини! Тинчгина борига барака қилиб яшайверса бўлмайдими? Ўз меҳнати билан топган луқмаси ўзига етади-ку! Шундоқ ҳам у очкўзлик қилиб, фалон жойдан бир отахоннинг ерини тортиб олди. Бир тадбиркор қурган иншоотни бузишга қўйиб, кейин ўзиники қилди. Шаҳарда нечта дом олганининг саноғи йўқ. Ҳатто қизининг бахтини ҳам пулга сотмоқчи бўлиб турибди. Қизи кўнгил қўйган йигитни яланг­оёқ деб, бир бойнинг ўғлига бермоқчи бўлиб юрибди. Келаётган пулларга қаноат қилмай, бугун ўн бармоғини оғзига тиқмоқчи бўлиб турибди. Битта лойиҳага имзо қўйиш учун ақл бовар қилмас “кўки”ни сўраб турибди. “Етар энди шунча ҳаромдан топганим, энди инсоф берсин менга” дегиси келмайди. Чунки пулнинг сеҳри бор, у жигардан бўлган дейишади.

Энг ёмони — виждон қийноғи. Одамни адойи тамом қилади. У шундай қийноққа маҳкум этилган. Икки ўт орасида жизғанак бўлиб борарди. Ҳаммасига қўл силтаб юборай деса, қила олмайди. Кўзи қиймайди. Ўзи келиб турган шунча пулдан воз кечсинми? Қандай қилиб, ахир? Бу мансабга эришиш учун нималар қилмади? Ору номус, виждон, дўст, қавму қариндошни сотди. Ўзиникини тўғри деб тураверди. Унинг юзига кимлар нима демади: “Юзсиз экансан, виждон йўқ экан сенда, пул учун виждонини сотган муттаҳам!”. Бу гапларни эшитганида заҳарханда кулар, юзи кулгани билан ичидан зил кетар эди. Кейин ўзига таскин берарди: “Ялангоёқ, ўзинг емайсан, еганни кўра олмайсан”.

Демак, у қилган ишидан пушаймон эмас. Бировни алдади, борни йўқ деди, йўқни бор деди, ишқилиб, қандай бўлса-да, чўнтагини қаппайтирди-да! Чайнагани гумон, ютгани ўзиники. Тўплаган бойликлари унга роҳат бахш этарди. Қанчадан-қанча одам унга эгилиб салом беради, туфлиси чангини артади. Егани олдида, емагани кетида. Шундай экан, нега икки ўт орасида юраги жизғанак бўляпти? Кўнгли ниманидир сезяптики, шундай бўляпти. Нимадан қўрқади, уни қўллаб турадиган “акахон”лари бор-ку! Уларни ҳам “боқиб” юрибди-ку! Еган оғиз уялади-ку! Унинг қўлга тушиб қолишига йўл қўймас ахир!

У на китоб ўқиди, на бир театрга тушди. Юзлаб хориж давлатларига борган, қўша-қўша автомобиллару данғиллама уйлари бор бу бойвачча ўз отаси ёки онаси қабрини қачон зиёрат қилганини эслай олмайди. Ўзи туғилиб ўсган қишлоғига бормаганига-ку анча бўлган. Икки синглиси қўнғироқ қилганида: “Ҳа, пул керакми?” деб жавоб беради. Пул эмас, меҳр керак, оқибат керак деса, у бу туйғу нима эканини ҳам билмайди. “Ўша нарса ҳам пулга сотиладими?” дейди. Грузинларда бир қадаҳ сўзи бор: “Пулга сотиб олиб бўлмайдиган нарса учун ичайлик!” Бугун нимани пулга сотиб олиб бўлмайди? Ҳамма нарса сотилиб кетдими? Ҳеч нарса қолмадими? У: “Ҳамма нарсани пул билан ҳал қилса бўлади”, деб ўйлайди. Шу пайтгача кўп нарсани пул билан ҳал қилиб келди ҳам. Хўш, унда айтинг, нима қолди пулга сотиб олиб бўлмайдиган? Виждонми? У аллақачон виждонни пуллаб юборган. Меҳр-оқибатми? У ҳам ҳозир юм-юм йиғлаб турибди. Ориятми? Агар унда орият бўлса, ўз қизининг бахтини ҳам мол-дунё билан ўлчармиди?

Букрини гўр тўғрилайди, деган нақл тўғри экан. У ўзига келди. “Нимадан қўрқаман, ўша мени ушлаб бермоқчи бўлганларнинг оғзини пул билан ёпаман, шунга шунчами, ҳозир қўнғироқ қилиб пулни олиб келинглар дейман”. У дадиллашди. Қулочларини ёйиб керишди ва худди энди ширин уйқудан уйғонгандек кўнгли ёришди. Демак, ҳаёт давом этади, ҳаммаси рисоладагидек. “Ҳамма шотирлар менга ялтоқланади, этагимни ўпади, соямга салом беради. Мен доим ғолибман. Ўзини ҳалол ва тўғрисўз деб юрган гадойваччаларга йўл бўлсин! Улар китобини ўқиб юраверсин. Мен эса…”

Телефони устма-уст жиринглади. Олди. Айнан улар экан. “Ўша гапми?” деди. “Ҳа, ҳаммаси рисоладагидек”, дейишди улар. “Уйга олиб келинг”, деди. “Хўп”, дейишди улар. Хотинини чақирди.

— Дугоналаринг билан Дубайга ўйнаб келмоқчиман, дегандингми? Бор, рухсат бераман. Ҳамма харажат мендан. Бир жияним ижарама-ижара юрибди, деганмидинг? Айт, бўш турган уйимизга кўчиб киришсин, мендан ҳадя!

— Дадаси, сизни сўраб келишибди…

— Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас, қўлимга кишан солманглар. Йўқ, йўқ, ундай қилманглар, оғзингизга сиққанини айтинг… мени-я, мени олиб кетасизларми? Онажон!!!

Кўз ўнгида юм-юм йиғлаётган онаси. Сингиллари ёдига тушди. “Улар сўраган нарса нима эди, оқибатмиди, меҳрмиди?” — хаёллари чувалашиб кетди. Дарғазаб бўлиб, қовоғидан қор ёғаётган отаси гавдаланди: “Пора олмагин, охиринг вой бўлади”. “Пора олманглар, охири вой бўлади”.

Фахриддин БОЗОРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × one =