Маънавий юксакликка чорлов

Болалигидан газета-журнал, китоб ўқиб улғайган авлод ҳаётда муносиб ўрнини топган. Улар танлаган соҳалари бўйича касб-корли бўлиш билан бир қаторда бахтли оилалар соҳиби ва соҳибаларига айланган. Балки шу боисдан ҳам ҳозир 50-60 ёшдан ошган замондошларимиз орасида оилавий низолар гирдобида қолган, қўйди-чиқди ортидан бахтсиз бўлиб қолганлар йўқ ҳисоби… Улар ҳою ҳаваслар гирдобида ҳам қолмайди, қандайдир оқимлар, бузғунчи ғоялар ва бошқа хатарли йўллардан ҳам йироқ юришади. Бундай инсонлар эришган бахтига ҳавас қилса арзийди! Демак, оила тарбияси, мактаб таълими билан бир қаторда газета-журнал, китоб мутолаасини канда қилмаганлар ана шундай бахтга эришганлар!
Бутун аҳолимиз ёппасига газета-журнал, китоб мутолаа қилган пайтларда ёзувчи-шоирлар билан ижодий учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар самараси ҳам шунга яраша бўларди. Аввало, тадбир ўтказилиши ҳақида эълон берилгач, айтилган вақтдан илгарироқ катта-ю кичик ўзлари иштиёқ билан келишарди. Ҳеч ким бировни мажбурламасди, бирор кимса истар-истамас келмасди. Одамлар иштиёқ билан тўпланган давраларда шеърхонликлар, маънавий-маърифий тадбирлар шунга яраша юксак савияда ўтказиларди!
Афсуски, бугун интернет, мобиль телефонлар ўта оммалашиб кетаётган замонамизда газета-журнал, китоб мутолааси анчайин сустлашиб қолгани сир эмас. Хўш, бугун ҳар 100 та хонадондан нечтасига кунда-кунора газета-журнал кириб боряпти? 100 та хонадонни қўйинг, ҳар мингта хонадонда-чи, нечтасида оилавий кутубхона бор? Қайси ота-она ўғил-қизлари олдида газета-журнал, китоб ўқиб намуна кўрсатяпти? Минг афсуски, бу “оғриқли” саволларга жўяли жавоб айтиш амримаҳол. Бироқ, ҳаёт-мамотимизга айланган бу саволларни ҳар бир оила бошлиғи ўзига ўзи бериб турмоғи зарур. Ана шунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавият” деган пурмаъно сўзлари моҳиятини теранроқ англаш мумкин. Бу эзгу мақсадларга эришиш йўлида бугун Олмазор туманидаги 5 та олий таълим муассасаси, 35 та умумтаълим мактаби, 64 та маҳалла, 53 та давлат ва 29 та хусусий мактабгача таълим муассасалари, 20 дан ортиқ турли ташкилотлар, 5000 га яқин ишлаб чиқариш корхоналарида вақти-вақти билан шу мавзуда суҳбатлар ўтказилмоқда. Бу муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ҳам, аввало, ўз оиласида — ота-она! Таълим муассасаларида фаолият кўрсатишаётган ўқитувчилар ҳам, асосан, ота-оналар билан доимий алоқада. Улар билан юзма-юз суҳбатларда биз фарзандларимизни газета-журнал, китоб ўқишга ўргатиш, таъбир жоиз бўлса, мутолаага кўникма ҳосил қилиш учун энг аввало ота-оналарнинг ўзлари мутолаа бобида ўрнак кўрсатишлари лозим.
Туманимиздаги сўлим Сойбўйи соҳилида жойлашган Абдулла Қодирий ва Чўлпон номидаги иккита кутубхона ва ҳар бир таълим муассасаси ҳамда маҳаллалардаги нурхоналар ёш китобхонларга мунтазир. Бу кутубхоналар китобхонлар билан гавжум бўлиши ота-оналарнинг, устозларнинг саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Очиғи, инсон маънавий камолотга эришишида газета-журнал ва китоб мутолаасидан кучлироқ қудратга эга восита йўқ. Буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоий таъбири билан айтганда, китоб беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаидир.
Интернет, телефондан бош кўтармаётган авлоднинг келажагига ҳавас қилиб бўлмайди. Одамларнинг ақли-ҳушини эгаллаб, охир-оқибат тузатиб бўлмас дарду балоларга гирифтор қилади ана шу телефон деганлари. Бу мутахассисларнинг хулосаси. Интернет воситаларидан керагида ва ўз ўрнида фойдаланишни қачон ўрганамиз?
Шундай экан, кеч бўлмасидан маънавий сарчашма манбалари бўлган, бугун кимлардир “нимага керак, замони ўтди” деяётган бўлишса-да, неча асрлар давомида одамларга фақат яхшилик, эзгулик улашувчи манбалар — китоб, газета-журналлар мутолаасига қайтилмаса, кейин кеч бўлиши мумкин. “Сўнгги пушаймон, ўзингга душман” деганлари рост бўлмасин!
Ахир бугун газета-журнал, китоб ўқийман, деган одамга ҳамма имкониятлар мавжуд. Кутубхоналарда иккита алифбода чоп этилаётган нашрлар кам эмас! Шу билан бир қаторда ижтимоий тармоқлар орқали қанчадан-қанча аудиокитоблар тақдим этилмоқда. Энг муҳими, бугунги ёш авлодда ана шу нашрларга ва асарларга иштиёқ уйғотиб боришимиз зарур.
Муаззам АЛИБОЕВА,
Республика Маънавият ва
маърифат маркази
Тошкент шаҳар Олмазор туман бўлинмаси
раҳбари, Маънавият фидойиси.