Бувимнинг эртаклари

Ҳар бир қиз бола — келажакдаги она, тарбиячи, жамият устуни. Унинг қандай руҳда, қандай муҳаббатда вояга етгани бутун ҳаёти давомида унинг қарорларига, феъл-атворига ва дунёқарашига таъсир қилади. Айниқса, қиз боланинг ҳаётида бувисининг борлиги — беқиёс мактаб, тарбия ўчоғи саналади.

Бувиси билан улғайган қиз меҳр нималигини эрта англайди. Чунки буви меҳрни фақат берибгина қолмайди, уни қандай асраш, қандай сақлаш кераклигини ҳам ўргатади. Нонни икки қўл билан синдириш, катталарга салом бериш, ҳар бир сўзда мулоҳаза билан гапириш — булар буви таълимининг кундалик қисмларидир.

Буви эртаклари, буви дуолари, буви кўнгли — қиз боланинг қалбида бир умрга из қолдиради. Буви сабрни ўргатади, жим бўлиб тинглашни, кўз билан гапиришни, юрак билан кечиришни ўргатади. Шунинг учун бувиси билан улғайган қизларда сокинлик, меҳрибонлик, сабр-тоқат кўпроқ бўлади.

Бувисиз улғайган қиз — замонавий, аммо… баъзан ёлғиз.

Бугунги замонавий оилаларда кўп ҳолларда бувилар, момолар бироз четда қолаётгандек. Қиз бола онанинг тарбиясида улғаяди, лекин бувиси берган ҳаётий донишмандликдан, қадрият сабоқларидан бебаҳра қолади. Бу эса баъзида кўринмас бўлса-да, қиз боланинг феъл-атворида, ҳаётга муносабатида сезилади.

Эҳтимол, бувисиз улғайган қиз кўпроқ мустақил, замонавий фикрли бўлиши мумкин. У кўпроқ ахборот воситалари, мактаб ва интернет орқали шаклланади. Бироқ бу йўлда унга етишмайдиган жиҳатлар бор — юракдан чиққан насиҳатлар, муқаддас сабр ва қадимий хотиралар асосида қурилган тушунчалар.

Буви — ўтмиш билан бугунни боғловчи кўприк.

Буви — тарих, урф-одат, миллий қадриятлар тимсоли. Қиз бола бувиси орқали ўз илдизларини ҳис қилади. Ўзбекчилик, ор-номус, ҳаёли муомала, босиқлик каби хислатлар айнан бувижониси орқали юракка сингади. Бувисиз улғайган қиз бу қадриятларни атайлаб ўрганмаса, улар аста-секин унутилиб боради.

Ҳар бир қиз алоҳида олам. У бувиси билан улғайдими ёки йўқми, муҳим жиҳат — унга меҳр бериш, қадриятни ўргатиш, уни жамиятга фойдали шахс сифатида вояга етказишдир. Аммо бувининг ўрни — ажралмас, ўрнини ҳеч нарса боса олмайдиган маскан. Ҳар бир буви хазинадир. Бу хазинани қиз болага эрта очиш — энг гўзал тарбия сабоғидир.

Мафтуна ЗУЛФИҚОРОВА,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 1 =