Фидойилик

Ҳамиша шундай бўлган: фидойилар, халқпарвар, ҳақиқатгўй ва ҳалол зотларнинг қадр-қиммати, ҳурмат-эътибори ўз уйи, қишлоғи, маҳалла-кўйида кўпинча билинмайди. Тинмайди чумолидай, ҳали у, ҳали бу одамнинг дарду ташвиши билан чопиб юради ўзини, оиласини унутиб. Кейин бир қараса, УМР ўтиб кетган бўлади ва… ортига қараса, САВОБ деган дарёга у ҳам баҳоли қудрат ўз улушини қўшгани ҳақида одамлар, беш-бегоналар самимий сўзларни айта бошлайди. Шунда…

Шу сўзларни ёзяпман-у беихтиёр хаёлимга қарийб ярим асрлик қиёматли дўстим, жигарим Рўзибой ҚЎЛДОШЕВ тушди! Униям тақдир сийлагани йўқ, ярим умри курашу талотумларда ўтиб кетди. Радиода ишлаб минг-минглаб одамлар кўнглидан муносиб жой олди. Телевидениеда ҳам кам бўлмади: энг шов-шувли, муаммоли, халқчил кўрсатувлар тайёрлаб, миллионлаб мухлислар орттирди.

Олтмишдан ошибам қўлидан микрофон тушгани йўқ, бир ой — 30 куннинг 22 куни сафарда ўтаётгандир, балки. Қачон телефон қилсам, “Тирикмисан, жўражон, йўлдаман, ўзим қўнғироқ қиламан”, дейди шоша-пиша.

Нега бу ёруғ сўзларни ёзаётганим сабабини англадингизми? Рўзибой Қўлдошев қўшни бовурларимиз, Қозоғистон Республикасида таъсис этилган улуғ бобомиз Аҳмад Яссавий номидаги медаль билан тақдирланибди!

“Туркий халқлар тарихи, миллий қадриятлари ва маданиятини муҳим тадқиқотлари билан ўрганиб, халқимизга ўргатиб келаётгани учун” деган эътирофни ўқиб… кўзларим ёшга тўлди!

Муборак бўлсин, бундай эҳтиром ва ҳурмат учун қондошларимизга минг раҳмат!

Норқобил ЖАЛИЛ,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − twelve =