Ҳеч ким касал бўлмасин, лекин…

Кундалик ҳаётда энг кўп ишлатиладиган сўз, менимча, соғлиқ билан боғлиқ бўлса керак. Уйда, кўча-кўйда, тўй-маъракаларда — ҳамма ерда сўз аввали салом-аликдан — “Ассалому алайкум”дан бошланади. Қандай яхши, ёқимли сўз: “Ассалому алайкум!”

Яхши ният, эзгу тилак бор, тинчлик-омонлик бор, фаровонлик бор ушбу сўз замирида. Донолар айтадиларки, “Соғлом одам табиатнинг энг бебаҳо асаридир” (Т.Карлейль, инглиз ёзувчиси). “Руҳни даволамай туриб, танани даволаб бўлмайди” (Суқрот, қадимги юнон файласуфи).

Энди рус физиолог-олими Иван Павловнинг мана бу сўзларига эътибор беринг: “Инсон 100 йил яшаши мумкин. Лекин биз ўзимизнинг тийиқсизлигимиз, пала-партишлигимиз, ўз организмимизга нисбатан шафқатсизлигимиз туфайли бу муддатни кўп йилларга қисқартириб юборамиз”. Изоҳга ҳожат йўқ. Очиқ ва аччиқ ҳақиқат бу!

Савол туғилади. Хўш, гап инсон саломатлиги ҳақида борар экан, бугунги кунда шаҳар ва қишлоқларимизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати қай даражада? Марказий шифохона, кўп тармоқли поликлиника, оилавий поликлиника (ОП), қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВП)нинг аҳволи қандай? Дори-дармон масалалари-чи? Энг муҳими, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдек ғоятда қийин, машаққатли, масъулиятли ва шарафли соҳа эгалари — врачлар, шифокорлар, ҳамширалар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари хизматидан одамлар розими ёки норозими? Сиз нима дейсиз?

Биз ана шу ва бошқа саволлар билан Ўзбекистон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Авазбек Усмоновга мурожаат қилдик.

— Авваламбор, ҳеч ким касал бўлмасин, — деди А.Усмонов. — Соғлиқ энг катта бойлик ҳисобланади. Соғлиққа нима етсин! Аммо на чора? Иссиқ жон иситмасиз бўлмас, деганларидек, ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз! Умри бино бўлиб касалхона юзини кўрмаганлар ҳам, дардига шифо истаб, дўхтирма-дўхтир, касалхонама-касалхона юрганлар ҳам бор, бисёр…

Бош шифокор Авазбек Усмоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистон туманида 250 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Жами тиббиёт ходимлари сони 2172 нафар: 258 нафар врач, 1429 нафар ҳамшира. Кичик тиббиёт ходимлари 385 нафар, техник ходимлар эса 77 нафарни ташкил этади. Ана шу врач ва ҳамшираларнинг 868 нафари камида 20 йиллик иш стажига эга. 30, 40 ва 50 йиллик иш стажига эга тиббиёт ходимлари ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Жумладан, даволаш ишлари бўйича бош врач ўринбосари Исломжон Маҳкамов, бош ҳамшира Ёқутхон Сиддиқова, бош терапевт Маҳбубахон Жўраева, невропатолог Мансуржон Раҳимов, кардиолог Шуҳратжон Аҳмедов каби шифокорлар нафақат бой иш тажрибаси, балки ўзларининг жонкуяр, фидойилиги, минг-минглаб беморларнинг дардига даво топиш, даволаш, даволашдаги энг самарали усулларни қўллашлари билан ҳам кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлишмоқда. Муҳсинахон Усмонова, Ҳавасхон Ҳасанова, Маъсумахон Отақўзиева, Гулираъно Ҳамидова каби олий тоифали ҳамширалар хизматидан ҳам аҳоли мамнун.

— Мен сизга айтсам, ҳар бир врач, ким ва қайси соҳа эгаси бўлишидан қатъи назар, тиббий хизмат сифати учун масъул шахс ҳисобланади, — деди бош врач Авазбек Усмонов. — Врачлик касби фидойиликни, қалб ва фикр софлигини талаб қилади. Шунинг учун ҳам антик медицина асосчиси, қадимги юнон мутафаккири Гиппократнинг ушбу сўзлари ҳаммамизга ёд бўлиб кетган: “Табобат ҳамма санъатлар ичида энг олийжаноб санъатдир”.

— Марказий шифохона ва поликлиникаларда аҳоли учун яратилган шароитлар ҳақида ҳам икки оғиз…

— Шароит ёмон эмас, — дея давом этади бош шифокор. — Жорий йилнинг май-июнь ойларида Яккатут қишлоғидаги 73- ҳамда “Шодлик” МФЙдаги 75-оилавий поликлиникалар ишга тушди. Ушбу объектларда 2 млрд 475 млн сўмлик кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишлари бажарилди. Айни кунларда Қоратепа ва Қайнарбулоқ қишлоқларидаги оилавий поликлиникаларда реконструкция ишлари давом этмоқда.

— Олдимизда куз-қиш ойлари турибди. “Қиш ғамини ёзда е”, деган мақол ҳам бор… Айтинг-чи, иситиш тизими билан боғлиқ қандай муаммо ва камчиликлар бор?

— Ҳеч қандай муаммо йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас! — деди А.Усмонов. — Негаки, Президентимизнинг 2023 йил 10 апрелдаги “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан, мана, икки-уч йилдирки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, хусусан, мактаб, боғча, шифохона, поликлиника, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида иситиш тизимлари ниҳоятда яхши йўлга қўйилмоқда. Туманимизда фаолият юритаётган “Фергана автомат расчёт” МЧЖ раҳбар-ходимлари (МЧЖ раҳбари М.Каримов) томонидан иситиш тизими бир меъёрда ва узлуксиз ишлаши таъминланмоқда. Раҳмат шуларга!

— Суҳбат учун сизга ҳам раҳмат, Авазбек! Демак, сиз раҳбарлик қилаётган тиббиёт бирлашмасида ҳеч бир муаммо йўқ, ҳаммаси яхши, жой-жойида. Шундай десак бўладими?

— Йўқ, ундай эмас, — деди А.Усмонов. — Дунё дунё бўлиб яралибдики, муаммо ҳамма ерда бор, бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Афсуски, бизда ҳам кадрлар билан боғлиқ муаммолар бор. Гап шундаки, акушерлик ва гинекология, болалар анестезиология ва реаниматологияси, травматология ва ортопедия, юқумли касалликлар ва ички касалликлар (терапия) каби 15 та йўналиш бўйича клиник ординатура мутахассислари етишмайди. Ана шу кадрлар масаласи ҳал этилса, ўйлайманки, туманимизда тиббий хизмат сифати янада яхши бўлади.

Қурбон Али ТЎРАҚУЛОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 13 =