Саҳро авангарди
ёки қум устидаги лувр
(Нукусдаги Игорь Савицкий музейида бир кун)
Қардош Қорақалпоғистоннинг Бош кенти — Нукус шаҳрининг марказига кириб бораркансиз, катта йўл ёқасида жойлашган уч қаватли кўркам бино ёнида йирик ҳарфларда “Нукус музейи” деб ёзилган лавҳага кўзингиз тушади. Бу бинодан ҳар куни юзлаб, ҳатто ундан-да кўп санъат мухлислари ва сайёҳларнинг қадами узилмайди. Нафақат Ўзбекистон, Марказий Осиё, бутун дунёга донғи кетган музейда бир марта бўлган киши, беихтиёр унга маҳлиё бўлиб қолиши табиий.
Музейлар аждодлардан мерос бўлган бойликларни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазина. Йиллар давомида бойиб, тўлиб бораверадиган бу хазина фақатгина маданий қадриятлар намойишигина бўлиб қолмай, узоқ тарих саҳифаларидан сўзловчи бебаҳо китоб ҳамдир.
Нукус шаҳридаги Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғистон санъат музейи… Бу ажойиб, ўзига хос санъат кошонаси залларида йиллар давомида катта меҳнатлар эвазига йиғилган қадимий осори-атиқалар, ажойиб санъат намуналари ҳақида кўп ёзилган, “Ўзбекистон гавҳари” номли ҳужжатли фильм ҳам яратилган музей ҳақида. Дунёда кўп минг сонли обуначиларига эга Буюк Британиянинг “The Telegraph” газетаси бу музейни дунёдаги “кучли ўнталиклар” сирасига киритган, ҳатто 2015 йилда 2-рақам остидаги музей сифатида тан олган. “The New Times” ва “International Herald Tribune” газеталари эса ўқувчиларига ҳаётларида бир марта бўлса-да, албатта, Нукусдаги И.Савицкий музейига боришларини маслаҳат берган ва ҳатто бу музейга “Нукус музейи” — “Қумдаги Лувр”, дея таъриф беришган.
Энг кўп коллекцияларга эга, катта меҳнатлар эвазига барпо этилган санъат музейининг қисқача тарихи шундай: музей 1966 йилда москвалик рассом Игорь Витальевич Савицкий (1915-1984)нинг ташаббуси билан ташкил этилган. Ҳозирги Марказий Осиё ҳудудидаги улкан музейда тўрт минг йиллик тарихга эга бўлган 100.000 номдаги осори-атиқалар сақланади.
Музейнинг пайдо бўлиши Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти ва Туркманистон ҳудудларида машҳур археология-этнографик экспедициясининг қадимий Хоразм цивилизациясини ўрганиш мақсадида олиб борилган қазишма ишлари билан боғлиқ. Экспедиция раҳбари, дунёда ном қозонган машҳур археолог олим С.П.Толстов бу қадимий замин, ундаги улкан қалъалар ва маданий ёдгорликларни “Ўрта Осий Мисри” деб атаган эди. Экспедиция таркибида фаолият юритган, ўзи ҳам мустақил тарзда қазишма ишларини олиб бориб, Қорақалпоғистоннинг овул, қишлоқларида яёв кезиб, жуда катта меҳнатлари эвазига музейни халқ амалий санъати намуналари билан тўлдирган, кейинчалик эса, Нукус музейининг директори бўлган И.Савицкий ҳам бор эди. Рассомнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ташкил топган Қорақалпоғистон санъат музейига Савицкийнинг номи берилган. У 2002 йили “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
Бу коллекциялар музейнинг асоси бўлиб қолди. Музейда бўлган киши антик ва ўрта асрлар даврида барпо этилган шаҳарларда олиб борилган қазишмаларнинг ҳосиласи — қадимий артефактлар, улкан зардуштийлик ассуарлари (дафн қилинганларнинг суяклари сақланган тобут), оромий ёзуви намуналари, куйдирилган тупроқдан тайёрланган маданий ҳайкалча, ўзида асрлар турли цивилизацияларининг дин ва эътиқод изини акс эттирган сопол ва бронзадан тайёрланган буюмларни кўриб, ҳайратга тушишади.
Айтиш керак, Қорақалпоғистон халқ амалий санъати — бу ҳозирги Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудида истиқомат қилувчи, ўтмишда Қора денгиз орти чўллари, Поволжье ва Кавказда кўчиб юрган халқ маданияти ва ўзлигини сақлаган ўзига хос маданий генофондидир. Музей экспонатлари орасидаги қорақалпоқ аёлининг тўйларда киядиган бош кийими, костюмларининг баъзи турлари сизга беихтиёр қадимий амазон ҳарбий жангчиларини ёдга солади.
Музейнинг шаклланиш тарихига амалий санъат коллекциялари ёрқин саҳифа бўлиб кирди ва унинг дунёга машҳур бўлишига олиб келди. Бу ерда нафақат музейнинг бевосита таъсири остида шаклланган миллий мактаб, шунингдек, Ўзбекистон рассомларининг ХХ аср бошларидаги асарлари, “Туркистон авангарди” дея номланадиган миллий амалий санъатнинг туғилиш ва даврий шаклланиши тақдим қилинган.
Бу деярли тўлиқ ҳолда Нукусда шаклланган ва ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотадиган ажойиб рус ориенталистлари гуруҳидир. Масалан, А.Волков, Усто Мўмин, Н.Карахан, М.Курзин ва бошқа таниқли мўйқалам усталари миллионлаб мухлислар эътирофига сазовор бўлдилар ва жаҳон маданияти тарихига кирдилар.
Музейдаги асосий коллекциялар 1920-1930 йиллардаги Москва авангарди, шунингдек, 1960-1970 йиллардаги москвалик андеграунднинг нон-комформистик гуруҳига тегишли. Социалистик реализм ҳукм сурган, собиқ СССР маданий ҳаётида формализм ва халқ душмани тамғаси босилган бир даврда моҳир рассомлар расмий тарзда тан олинмадилар, уларнинг нафақат йўли тўсилди, балки юзлаб истеъдодлар қашшоқлик азоби ва қочқинликда ўлиб кетишди. Бундаги бебаҳо коллекциялар ҳақида фақат орқаворатдан эшитиб юришган, чет эллик тадқиқотчилар ва мутахассислар учун ёпиқ бўлган, совет ҳукуматининг аксарият зиёлиларини қаърига тортган қатағон замонларида бу иқтидорларни юзага чиқарган бирдан-бир расмий бадиий муассаса — узоқ Нукус бўла олди.
Шунингдек, музейда катта ҳажмдаги иконалар, қадимий манбалар, халқ амалиёти санъати намуналари сақланади. Бунда каттагина музей кутубхонаси бўлиб, таниқли олимлар Т.Жданко, А.Гудкова, рассомлардан Г.Сабанеева, Т.Гапоненко ва бошқа кўплаб муаллифларнинг китоблари бор.
Бир неча залда эса француз рассоми Фернана Лежининг беваси Нади Лежега совға қилинган коллекциялари намойиш этилади. Бу юқори даражада дунё миқёсида тан олинган шоҳ асарлар коллекцияси Париждаги Лувр моҳир рассомлари томонидан бажарилган.
Музей заллари бўйлаб саёҳат қиламиз.
Музейга ташриф буюрувчилар бу ерда санъат асарларининг ажойиб, бетакрор намуналари қўйилган залларни бирма-бир айланиб, томоша қилишмоқда. Таниқли рассомларнинг чиройли жиҳозланган, сариштали заллардан жой олган ажойиб ижод намуналари ҳар бир ташриф буюрувчида ҳавас уйғотади. Айниқса, музей экспонатлари қаторидаги қорақалпоқ халқининг миллий кийимлари, қадимий кашталари, сўзана, эркак, аёллар бош кийимлари, аёллар тақинчоқлари ва қадимий осори-атиқаларининг хилма-хиллигини айтмайсизми…
Мана, таниқли рассом Ж.Лепесов чизган “Қўшиқ” расмида мухлисларнинг қўшиқни мириқиб тинглаётганлари жонли тарзда акс этган. Рассом М.Недбайлонинг мато, мойбўёқда акс этган “Ёзги дам олиш куни” расми ҳам жуда ажойиб чиқибди, болалар оналари билан кўм-кўк ўтлоқ ва дарахтларнинг остида ўйнаб юришибди. Она табиатнинг гўзаллиги, жозибаси, таровати шундайлигича расмга кўчгандек. Рассомнинг маҳорати шундаки, бу санъат намунаси оддий ва жуда табиий чиққан. Ёки Ж.Тўлегеновнинг ёғочдан моҳирона ишланган “Бобо ва набира”, А.Сейтиметовнинг ҳам ёғочга ўйиб ишланган “Чанқоқ” асарлари томошабин ва санъат мухлисларининг эътиборида бўлиши табиий. Булардан ташқари, бизга машҳур рассом Ў.Тансиқбоевнинг мато, мойбўёқда ишланган “Чирчиқ”, “Бурчмулла водийси”, “Кураш”, “Карвон”, “Йўл”, “Ҳовли” асарлари табиийлиги, жозибадорлиги, тасвирнинг атроф-муҳит ва табиат билан ҳамоҳанглиги билан жуда маъқул бўлди.
Яна бошқа заллардан жой олган график рассом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Қорақалпоғистон халқ рассоми Игорь Савицкийнинг ижоди бадиий тасвир услубининг дадиллиги, бўёқ қатламининг дағал ётқизилиши билан ажралиб туради; оқиш ранглар уйғунлиги (жигарранг, қовоқ ҳамда сабзи ранг ва бошқалар)ни афзал кўрган рассом асарларида жануб табиати, Қорақалпоғистон манзаралари ўзининг ёрқин аксини топган. Рассомнинг “Хивадаги гумбазлар”, “Қават қалъа. Миноралар”, “Эски Хивадаги кўча” асарлари шулар жумласидандир.
Шунингдек, В.Уфимцевнинг “Орол денгизи”, “Ишга чиқиш”, Николай Караханнинг “Регистонда” расмлари ҳам мўйқалам усталари томонидан маҳорат билан чизилганлиги, жараённи ўзига хос, бетакрор тарзда акс эттирганликлари билан санъат мухлисларида жуда яхши таассурот қолдиргани, қониқиш ҳосил қилганини мамнун юз-кўзларидан сезиб олиш қийин эмас, албатта.
— Музейимизга ҳар куни дунёнинг турли бурчаклари, шунингдек, мамлакатимизнинг вилоят, шаҳар ва қишлоқларидан юзлаб сайёҳлар, турли ёшдаги аёл-эркаклар, талабалар ва мактаб ўқувчилари ташриф буюришади, — деди биз билан суҳбатда музей директори Гулбаҳор Изентаева. — Уларнинг чеҳраларида мамнунлик, юқори кайфият зоҳирлигини кўрасиз. Демак, булар музей ҳақидаги ажойиб, хуш таассуротлар белгисидан даракдир. Мактаб ўқувчилари эса кундалик меҳмонимиз, уларнинг музейдан жой олган турли даврларда ижод қилган маҳоратли рассомларнинг ажойиб ижод намуналарини кўриб, олам-олам таассуротлар олиб чиқаётганлари бизни ҳам қувонтиради, албатта. Давлат раҳбарлари, атоқли олим, фан намояндалари, таниқли шоир ва ёзувчилар, маданият вакиллари мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган зиёли, турли касб эгалари, ҳатто оддий фуқароларнинг музей ҳақидаги илиқ фикрлари дилнома дафтаримизда қайд этилган”.
Музейга киришдаги стол устида қўйилган салмоқли дафтарда музей залларида бўлиб, санъат намуналари билан обдан танишган мухлисларнинг турли тилларда битилган дил сўзлари ўз ифодасини топган. Музей, ундаги ноёб экспонатлар, моҳир мўйқалам усталари томонидан чизилган бетакрор расмлар ҳақидаги таассуротлар, ажойиб хотираларни ўқиб, кўнглингиз тоғдек кўтарилади. Беихтиёр мустақил давлатимизнинг беқиёс, юксак санъат масканлари, ҳақиқий рассомлик ижодининг ажойиб намуналари жам бўлган ана шундай ажойиб музейлари борлигидан фахр ва ғурур туясиз.
Юсуф ҲАМДАМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.
Тошкент – Нукус – Тошкент.
