Бунёдкорлик шашти сўнмайди…

Бор жойдан йўқ қилиш осон, аммо йўқ жойдан бор қилиш — ҳалол меҳнатнинг, матонат ва садоқатнинг энг ёрқин намунасидир. Қурилиш — фақат бино ёки иншоот эмас, балки инсоннинг ҳаёти, муҳити, келажаги барпо этиладиган соҳа. Бино қураётган ҳар бир қўл ҳаракати ортида ҳаётга ишонч, юртга муҳаббат ва меҳнатга садоқат ётади. Ана шундай инсонлардан бири — бутун умрини қурилиш соҳасига бағишлаган, бугунги кунда Зарафшон қурилиш бошқармасида участка бошлиғи вазифасида самарали фаолият олиб бораётган Давлат Бобоқуловдир.

Навоий шаҳрида таваллуд топган Д.Бобоқуловнинг меҳнаткаш ва жонкуярлиги болалигидан бошланган. Отаси Явқоч Бобоқулов шофёр — автобус ҳайдаб, онаси Гулсанам Қосимова эса бухгалтер сифатида фидойилик билан ишлаб, оила тебратишган. Қаҳрамонимиз катта фарзанд бўлиб, икки синглиси ва икки укасига бош бўлиб улғайди. Илк таълимни Навоий шаҳридаги 2-мактабда олгач, ўрта таълимдан сўнг ўқишни техника билим юртида давом эттириб, қурилиш соҳаси бўйича мутахассислик дипломига эга бўлди. Катта ҳаётга дадил қадам ташлаган бўлажак бунёдкор ҳарбий хизматни Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида, разведка бўлинмасида ўтади.

— Бу касбни нега танлаганман? Бу шундай касбки, йўқдан бор қиласиз, — дейди Д.Бобоқулов биз билан суҳбатда. — Тўлиқ жараённи ўз кўзингиз билан кўрасиз, пойдевордан бошлаб, аста-секин бино тикланади, ички-ташқи фасад ишлари… Бино тайёр бўлганда эса меҳнатингиз самарасини кўриб, кўзингиз қувнайди! Бобом Алиакбар Қосимов ҳам қурилиш соҳасида ишлаган. Мен, аслида, бобомнинг касбларини давом эттирдим. Бобом “Жанубсаноатмонтаж” трести раҳбари ёнига олиб бордилар ва муддаони у кишига айтиб: “Гўшти саники, суяги маники”, дедилар-да, мени илк меҳнат жамоам сари йўллаб қўйдилар…

Шундай қилиб, меҳнат фаолиятини мазкур трестда монтажчи вазифасида бошлаган фидойи қурувчи ўз касбини сидқидилдан адо этиб, ташаббускорлиги билан ҳам кўпчиликнинг назарига тушди. Бир муддат “Навоийазот” корхонасида ҳам фаолият олиб борди. Аммо қурилиш ташкилоти уни яна ўз бағрига олди. 1995 йилда Зарафшон шаҳридаги қурилиш ишларига юборилиб, бир неча йил шу ерда қолиб кетди. Натижада 2001 йилда Зарафшон қурилиш бошқармасидан таклиф тушиб, Д.Бобоқулов ўзи бошқараётган бригада билан бирга янги корхонага келиб қўшилди. Шу тариқа унинг тақдир йўли Зарафшон билан чамбарчас боғланди.

Қарийб 40 йиллик фаолияти давомида “Қизилқумцемент” заводининг 3-навбати қурилишида иш бошлаган забардаст бунёдкор “Навоий ИЭС”даги қурилиш ишларида ҳамда қишлоқларга тоза ичимлик суви қувурлари тортиш каби йирик лойиҳаларда иштирок этди. Зарафшондаги фаолиятининг асосий қисми эса 2-гидрометаллургия заводининг қурилиши билан чамбарчас боғлиқ бўлди. Бундан ташқари, 3-, 7-гидрометаллургия заводлари қурилишларида ҳам самарали фаолият олиб борди ҳамда Қизилқум фосфорит комплекси, Суграли, Қоқпатасдаги янги цехлар қурилишларида фаол иштирок этди.

— Бугунги кунда ана шу объектларни бориб кўрсам, у ерда жадал давом этаётган фаолият, инсонларнинг саъй-ҳаракатини кузатиб, қалбимнинг туб-тубида ифтихор туйғуси пайдо бўлади, — дейди қурувчи. — Шунча оила, шунча халқ бундан манфаат кўрмоқда ва айни шу ишларда ўзимнинг ҳам ҳиссам борлигидан беҳад қувонаман. Қурувчиликнинг жозибаси ҳам шунда, чамамда…

Д.Бобоқулов фаолияти давомида бугунги кунда нафақа гаштини сураётган Нариман Авезов, Саноқул Искандаров, раҳматли Валерий Қуёнов каби бир қатор фидойи устозлардан тажриба ўрганган, уларнинг маслак ҳамда маслаҳатларига қулоқ тутган. Ҳозирда ўзи ҳам кўплаб шогирдларга устозлик қилмоқда. Давлат аканинг қўл остида ҳозирда 115 нафар ишчи меҳнат қиляпти, асосан, монтажчилар, пайвандловчилар, темир конструкция усталари.

— Агар қайтиб яна дунёга келсам ҳам яна қурувчи бўлардим. Бошқа касбда менга жой йўқ! Кабинетда ўтириб ишлолмайман, — дея суҳбатимиз якунида ўз ҳаёт ҳақиқатини билдираркан, Давлат ака қалбидаги орзу-умидларини ҳам баён қилди: — Келгусида комбинатимизда бунёд этиладиган заводлар, конлар ва ижтимоий объектлар қурилишида пойдеворидан то охиригача оддий қурувчи сифатида бўлса-да иштирок этиш ниятим бор! Халқимиз учун, мамлакатимиз учун ушбу лойиҳаларнинг жуда муҳим аҳамиятли эканини теран ҳис қиламан…

Бундай одамлар бор экан, Қизилқум сарҳадларида бунёдкорлик шашти сўнмайди.

Азамат ЗАРИПОВ

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 20 =