Энг яхши эксперт — бу китобхон

Биласизми, бу оқ қоғозни қоралашни унчалик истамагандим. Лекин бир инсоннинг қистови билан ёзишга қарор қилдим. Шунақа яхши нарсаларни, фикрларни, тасаввурларни, таассуротларни ёзиш керак, билдириш керак, тарғиб қилиш керак, дедилар…
Узоқ йиллардан бери кутубхоначилик касбида фаолият юритиб келаман. Шу йиллар мобайнида кўплаб китобхонлар билан юзма-юз бўлдим. Уларга ёрдам бериш, яъни излаган адабиётлари ва манбаларини топишда кўмаклашиш, керакли тавсия ва маслаҳатларимни беришда қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Биласизми, мен уларга озми-кўпми ёрдам беряпман, савоб иш қиляпман — бу мажбурият ёки вазифа эмас, ишим ва мен уни чин қалбдан виждонан бажараман. Ўзим ҳам бундан манфаат кўраман. Қанақа манфаат дейсизми?
Аввало, ҳар бир китобхоннинг кўзларидаги шодликни кўриш — энг катта саодат. Қачонки улар излаган китобларини қўлларига олганда, кўзларидаги қувонч ва ҳаракатларини кузатиб, дилим яйрайди. Китобни қўллари билан қучоқлаб, қайта-қайта саҳифаларини варақлаб, тезроқ тинчгина ошёнда ўқиш учун шошилаётганларини ҳис қиламан. Бу дақиқаларда уларнинг қалби шодлик ва билимга бўлган иштиёқ билан тўлади. Унда янги оламларни, одамларни кашф этишга ошиқишади. Китобхон мақсадига эришди — у излаган китобини ўзи билан олиб кетди…
Мен-чи? Мен нима қиламан, биласизми? Саволлар қуршовида қоламан: нима учун у бу китобни излади? Унинг нима хусусияти бор? Кичик ҳажмда бўлса-да, нима учун китобхон уни қўлига олганида қимматбаҳо машинани ёки катта уйнинг калитини олгандай хурсанд бўлди?
Дарҳол шу китобни топиб, ўқишга бўлган қизиқиш мени ҳайратга солади. Тезда топиб, ўқийман. Ва яна бир карра эмас, 1000 карра китобхон энг яхши эксперт эканлигига ишонч ҳосил қиламан. Ҳа, айнан китобхонлар энг яхши сара асарларни, қиссалар ва романларни сараловчи-рецензентлардир.
Мушоҳада қилсам, мен ўқиган ва ўқийдиган китобларимнинг аксарияти китобхонлар томонидан қизиқиш билан сўралганлари экан. Мен уларни тезда топиб ўқиб, хулосалаб, иш фаолиятим мобайнида китобхонларимга тавсия қиламан. Аксарият китобхонлар нимани ўқиш кераклигини яхши билади, шунинг учун энг яхши танловни улардан билиб оламан ва уларга ўқиб чиққанларим асосида тавсия бераман, тарғиб қиламан. Уларнинг ҳам мен туйган мазадан баҳраманд бўлишларини, йиғлаб, кулиб, ҳайратга тушиб, ҳиссиётлар жангида ўзларини кўришларини хоҳлайман.
Айни мутолаа жараёнида ҳар бир инсон қалбида бир неча хил ҳиссиётлар бир вақтнинг ўзида кураш олиб боради. Бу ички жанг — ҳаётнинг ажралмас қисми. Бу жангда соғлом ақл, маъқуллик ва сабр-қатъият бир-бири билан тўқнашади.
Инсон шунақа қилиб пишади, билим олади, ҳаётга тайёрланади. Бунинг учун албатта мутолаа қилиш керак! Албатта!!!
Фотима РЎЗИЕВА,
Қашқадарё вилояти Ғузор туман
ахборот-кутубхона маркази мутахассиси.