Камбағал оиланинг биттаси ҳам кўп

Бугунги кунда юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ҳудудларда мавжуд муаммоларни илдизи билан ҳал этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу борада давлат бошқаруви тизими янги, халқ манфаатига йўналтирилган ёндашув асосида фаолият юритмоқда. Айниқса, муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш, аҳолининг дардини эшитиш ва уларни ҳал этиш бўйича тизимли механизм йўлга қўйилгани ижобий натижалар бермоқда. Шу мақсадда вазирлик ва идоралар томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аниқ ва манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, Тошкент вилоятида ҳам республика ишчи гуруҳи томонидан камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, миграцияда кам даромад топаётган фуқароларни қайтариш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари амалга оширилмоқда. Бунда ишчи гуруҳ томонидан Чирчиқ шаҳри, Юқори Чирчиқ, Бўстонлиқ, Қибрай, Тошкент ва Паркент туманларида манзилли чора-тадбирлар ташкил этилмоқда.

Бугунги кунда юқорида номлари келтирилган 6 та туман (шаҳар)да жами 353 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларнинг сони Чирчиқ шаҳрида 44 та, Юқори Чирчиқ туманида 50 та, Бўстонлиқ туманида 59 та, Қибрай туманида 68 та, Паркент туманида 62 та, Тошкент туманида 70 тани ташкил этади. Айни ҳудудларда жами 7 121 та камбағал оила мавжуд бўлиб, уларнинг 9 фоизи (659 та) — Юқори Чирчиқ туманига, энг кўп кўрсаткич Бўстонлиқ туманига (20 фоиз  — 1 444 та) тўғри келади.

Жамиятимизда камбағал оиланинг биттаси ҳам кўп. Улар билан тизимли ишлаш мақсадида камбағал оилалар раҳбарларга бириктирилган. 2 010 та оилага қонунчиликда белгиланган 7 та (бандлик ва даромад манбасини яратиш, таълим ва касб-ҳунарга ўргатиш, тиббий ва ижтимоий хизматларни кўрсатиш, хонадон инфратузилмаси ва яшаш шароитларини яхшилаш) йўналишда хизматлар кўрсатиш ишлари ташкиллаштирилди ҳамда 8 758 та оилага хизматлар кўрсатилди.

Ушбу ҳудудларда жами ишсизлар сони 2 390 нафарни ташкил этган бўлса, уларнинг 2 252 нафарининг бандлиги таъминланди. Режа-график асосида ишсизлик ва камбағаллик даражаси юқори ҳамда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир, чегара ва олис ҳудудларда жойлашган жами 30 та маҳаллада меҳнат ярмаркалари ўтказилди ва 259 нафар ишсиз фуқарога бўш иш ўринларига жойлашиш бўйича йўлланмалар берилди. Шунингдек, мазкур ҳудудларда жами 10 791 нафар фуқаро ишлаш мақсадида хорижий давлатларга кетган.

— Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 358 нафар фуқарога 5 158 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. “Сайхунобод” тажрибаси асосида 1 465 та лойиҳа ишга туширилиб, 3 069 та фуқаронинг бандлиги таъминланди.

“Уйчи” тажрибалари асосида банклар томонидан мижозбай ишлаш орқали 21 177 та доимий иш ўринларини яратиш режа қилиб олиниб, бугунги кун ҳолатига кўра 18 927 та янги иш ўринлари яратилди.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган танқидий материалларда кўрсатилган муаммолар ҳудудлар кесимида ўрганиб чиқилиб, ушбу муаммолар ҳал этилган.

Бунёдкорлик, тозалик ишлари халқни бирлаштиради. Ҳамжиҳатликда меҳнат қилишга, ўзлари яшаб турган заминни обод қилишга ундайди. Шу сабаб маҳаллаларда тез-тез ҳашарлар уюштирилиб, маҳалла кўчалари, чор-атроф ободлигига эришилмоқда. Ариқлар тозаланиб, дарахтлар ости юмшатилиб, оқланаётган бўлса, янги ниҳол ва кўчатлар қадалиб, уларнинг парваришига алоҳида эътибор қаратилган. Мактаб-у боғчалар, поликлиника-ю бошқа ташкилот ва идоралар доимий равишда ободонлаштирилиб, чиқиндилардан тозаланиб келинмоқда.

Шу билан бирга Тошкент вилоятидаги 25,08 километр ички йўллар асфальтланди, 53,7 километр таъмирланиб, 16,8 километрига эса шағал ётқизилди. Аҳолининг электр таъминоти ҳам тубдан яхшиланди. 338 та трансформатор таъмирланган бўлса, 17 та янгиси ўрнатилди. 892 та темир-бетон устунлар ўрнатилиб, 32,2 километр тармоққа ҳимояланган кабеллар тортилди, 695 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиб, маҳаллалар кўчалари тунда ҳам кундузгидек ёруғ ва нурафшон қиёфа касб этди.

Газ таъминотида ҳам ҳолат яхшиланди. Вилоятдаги 10 та газ тақсимлаш пункти (ГРП) янгиланди, 444 таси таъмирланди. 459,7 километр узунликдаги газ қувурлари таъмирланиб, 9 216 та суюлтирилган газ баллони тарқатилди.

Албатта, инсон қадри улуғланган давлатда барча имконият ва шарт-шароитлар яратилиб, одамларнинг розилигига эришиш, эртанги кунига умид ва ишончни уйғотиш мақсади мужассам. Газ таъминоти деймизми, электр энергияси, шу билан бир қаторда ичимлик сувида ҳам бир қатор ўзгариш ва янгиланишлар амалга оширилдики, бу кўзланган мақсадга эришишга хизмат қилаётир. Вилоятда 106 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғи таъмирланди, 12,7 километр тармоқ янгиланди. 14 та янги ичимлик суви иншооти ўрнатилиб (қудуқ, минора, ҳовуз, насос станцияси), 56 та ичимлик суви иншооти, 42,7 километр оқова сув тармоғи таъмирланди.

Ҳудудда кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган аҳоли учун ҳам кенг имкониятлар яратиш, турмуш шароитларини яхшилаш ҳам эътибор марказида бўлди. Хусусан, 16 та кўп қаватли уйнинг томи, 15 та кўп қаватли уйнинг фасад қисмлари, ертўлаларидаги муҳандислик коммуникация тармоқлари, кириш йўлаклари таъмирланди. 30 та болалар майдончаси ҳолати яхшиланди, 5 та янги қурилди.

Албатта, фарзандларимизнинг бўш вақти мазмунли ўтиши, соғлом ва бақувват бўлишлари учун улар мунтазам спорт билан машғул бўлишлари шарт. Маҳаллаларда спорт майдонлари бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун энг қулай жой саналади. Бундай жойлар доимий назоратни, таъмирлашни талаб этади. Носоз анжомлар ёшлар соғлиғи учун хавфли эканини унутмаслик керак. Шу жиҳатдан маҳаллалардаги 3 та спорт майдончаси таъмирланди, 3 та янги қурилиб, фойдаланишга топширилди. 5 та мини-стадион янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Замонавий технологиялар амалиётга татбиқ этилиб, бугун одамлар хонадонида қуёш панелларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилмоқда. Бу солиқ, кредит имтиёзларидан фойдаланишга кенг йўл очса, электр энергиясида узилишларсиз, текин фойдаланиш имконини бераётгани билан аҳамиятли. Шу нуқтаи назардан қуёш панелларидан фойдаланиш оммалашиб бораётир. Паркент туманида “Яшил Энергия Сервис” МЧЖ томонидан жами 16 та хонадонга 95 кВт қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди ва қолган молиявий барқарор бўлган хонадонларга ҳам ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

Қуёш панеллари ўрнатиш ишларини жадаллаштириш ва энергия тежамкорлигига эришиш мақсадида туман ҳокимлиги, соҳавий ташкилотлар, маҳалла еттилиги, депутатлар, нуронийлар, зиёлилар ва бошқа фаоллар иштирокида ишчи гуруҳлар ташкил этган ҳолда, Паркент туманининг 62 та маҳалласида кенг кўламли тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Вилоятда барча соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳудудда тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, уларга кенг имкониятлар яратиш ҳам эътибор марказида. Ўз навбатида бу оилаларни камбағалликдан чиқариб, фаровонлик сари юз тутишларига хизмат қилаётир. Қаерда ишбилармонлик муҳити яратилса, тадбиркорлик субъектлари кўпайса, лойиҳалар амалиётга жорий этилса, ўша ерда ўсиш, ривожланиш кузатилади. Янги иш ўринлари яратилади, аҳолининг товар ва хизмат кўрсатишга бўлган эҳтиёжи қондирилади. Айни жиҳатларни инобатга олган ҳолда тизимли равишда тадбиркорлар билан учрашувлар бўлиб туради. Ушбу учрашувларда тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоли масалалар ўртага ташланади, ўрганилади, ижроси таъминланади.

Албатта, бир жойда ўтириб, ҳеч бир иш қилмай, камбағалликдан чиқиб бўлмайди. Ҳаракат эса ҳар томонлама бўлмоғи лозим. Қарсак бир қўлдан чиқмаганидек, одамларнинг ўзида турмушини, ҳаётини яхшилаш учун иштиёқ ва истак бўлса, давлат муносиб таклиф ва ташаббус билан ёрдам қўлини чўзиши ўз натижасини беради. Юртимизда амалга оширилган ишлар, ютуқлар билан кифояланиб қолинмайди, балки янада яхшироқ имкониятлар яратишга, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиб, уни рўёбга чиқаришга, тажрибаларни амалиётга жорий этишга ҳаракат қилинади. Шу маънода, ҳудудларда турган бўш бино ва ерларни аниқлаш ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш, муаммолар юзасидан масъуллар бириктириш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Доимий равишда ўтказилаётган маънавий-маърифий, спорт ва маданий концерт тадбирларини янада кўпайтириш ва ушбу тадбирларга оғир ҳудудлардаги ва ижтимоий ҳимоя реестри ҳамда камбағаллик реестрида турувчи оилалар фарзандларини кўпроқ жалб этиш лозим.

Шу билан бирга, аҳоли ўртасида касалликларни эрта аниқлаш, уларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудларда, айниқса, олис манзилларда ҳамда танлаб олинган оғир маҳаллаларда мақсадли тиббий кўрикларни кўпайтириш мўлжалланган.

Қолаверса, туман (шаҳар)ларда аҳоли томорқаларида такрорий экинлар экилишини оммалаштириш ва уйма-уй юриб, тарғиботни кучайтириш лозим. Шу орқали аҳоли томорқасида йилига камида 3 марта ҳосил олишига эришиш ва хонадон даромадини орттириш жуда муҳим омил.

Фозилбек ФАРҲОДОВ,

Республика ишчи гуруҳи аъзоси,

Олий таълим, фан ва инновациялар

вазирлиги масъул ходими,

педагогика фанлари бўйича

фалсафа доктори (PhD).

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × four =